1 – мавзу: Топонимика фанига кириш, мақсад ва вазифалар, унинг тарихи ҳамда уларнинг пайдо бўлиши. (6 соат) Режа


-мавзу. Бухоро шаҳри тарихий топонимлари (6 соат)


Download 146.08 Kb.
bet6/19
Sana06.11.2023
Hajmi146.08 Kb.
#1752439
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
Bog'liq
ma\'ruza

2-мавзу. Бухоро шаҳри тарихий топонимлари (6 соат)
Режа:

  1. Бухоро топоними.

  2. Бухоро шаҳри, унинг вужудга келиши, тарихий динамикаси тўғрисида умумий маълумот.

Мустақиллик йўлидан дадил олға бораётган юртимиз Ўзбекистонда жаҳонга машҳур шаҳарлар, тарихий обидалар жуда кўп. Дунё эътироф этган ана шундай қадимий шаҳарлардан бири Бухородир. Президент И.Каримов қайд қилганидек: “Бухоро эзгулик шаҳри – қадимги аждодларимиз, уни шундай аташган, жаҳон маданиятининг ёрқин ва қадимий ўчоғи бўлган бу шаҳарни биз, авлодлар ҳам шундай атаймиз”1. Ҳа, эзгулик, маънавият, маданият маскани бўлган бу шаҳарни бутун жаҳон билади. Ана шу қутлуғ шаҳарнинг номлари ва уларнинг маъноси, яъни топонимияси, табиийки, барчада қизиқиш уйғотади.
Бухоро шаҳри тарихининг зукко билимдони, академик А.Муҳаммаджоновнинг асарларида шаҳар топонимияси ҳақида анча чуқур ва батафсил маълумот берилган. Шаҳар ҳудудида, Зарафшон воҳасида жуда кўп археологик тадқиқотлар ўтказган олим шаҳар номлари ҳақида фикр юритар экан, уларни дастлаб икки гуруҳга бўлади. Араб тарихчилари келтирган номларнинг бир тоифаси унинг маҳаллий аҳолиси томонидан, иккинчи тоифаси – четдан келганлар томонидан берилганлигини қайд этади.
Шаҳарнинг маҳаллий номлари Нумижкат, Бумискат, Навмичкат, Бухоро тарзида аталган. Жумладан, Навмичкат - уч сўздан иборат бўлиб, маъноси “Нав” - тожикча, форсча - янги, “мич” – суғдий - “қалъа”, “истеҳком”, “Кат” - қишлоқ демакдир. Демак, Навмичкат – “янги қалъа”, “янги шаҳар”, “янги мустаҳкамланган қишлоқ” маъносини беради2.
Шаҳарнинг бундай номланиши бежиз эмас, чунки у дастлаб учта қишлоқ, қалъа тарзида вужудга келган. Қадимги Бухоро ҳозирги Мири Араб, Масжиди Калон ва арк оралиғидан ўтган кўча ўрнида ўтган Зарируд дарёси соҳилида 3 та қалъа тарзида вужудга келган. Зарируд Зарафшон дарёсининг қуйи оқимларидан бири бўлиб, унинг кенглиги 100 – 120 метр бўлган ва сувлари Пойкандгача етиб борган. Ана шу ўзаннинг ўнг соҳилида ҳозирги арк турган ерда бир қалъа, шаҳристон ва Мири Араб мадрасалари ўрнида бир-бирига рўпара яна иккита қалъа бўлган3. Кейинча ана шу учта қалъа, яъни Фаробдиз, Бухор, Навмичкат қўшилиб кетган. Қадимги қалъаларнинг номланиши ҳам тарихий шароитни ўзида мужассам этган. Жумладан, академик А.Муҳаммаджоновнинг изоҳлашича, “Фароб” - сўғдча – “соҳилбўйи” ва “диз – қалъадир” ки, Фаробдиз – “сув ёқасидаги қалъа” ёки “соҳилбўйи қўрғони”, “соҳилбўйи шаҳри” каби маънони англатади4.
Олимнинг бу хулосаси Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асаридаги фикрларга мос келади. Наршахийнинг ёзишича, ҳозирги Бухоро шаҳри жойлашган ер илгари ботқоқлик бўлган. Унинг бир қисми дарахт, чангаллар билан қопланган бўлиб, ундан ҳатто бирор ҳайвон ҳам ўта олмаган. Самарқанд томонидаги тоғларда эриган қор сувлари катта майдондаги ерларни ювиб, ўзи билан лойқани Фаробга қадар олиб борган. Кейинчалик дарёнинг (Наршахий уни Мосаф деб атайди) тошиши тўхтаб, Бухоро жойлашган ер аста-секин тўлиб шу жойни шаҳар эгаллайди5.
Кейинча шаҳар ёшини аниқлаш мақсадида 2,5 минг кв.м. ни эгаллаган ва Мири Араб мадрасаси билан Тоқи Заргарон оралиғида олиб борилган археологик қазишмалар 17,5 метр чуқурликкача етиб борди ва юқорида Наршахийнинг китобида келтирилган фикрларни илмий далиллар билан тасдиқлади.
Мири Араб мадрасаси ёнида 4,5 метр чуқурликдан шаҳарнинг қадимги мудофаа деворлари қолдиқлари топилган. Унинг баландлиги 5-6 метр бўлиб, қалинлиги 17,5 метрни ташкил этган.
Қадимги Бухоронинг номлари орасида энг машҳури “Бухоро”дир. Бу топонимнинг маъноси хусусида ҳам хилма-хил фикрлар мавжуд. Жумладан, машҳур шарқшунос олим, академик В.Бартольд бу атамани қадимий ҳинд тили, санскритча “Вихара” - монастир, ёки будда дини роҳиблари йиғиладиган жой, ибодатхона тарзида изоҳлайди. А.Мухаммаджонов эса уни сўғдча “Буғ” - тангри, “оро” - “жамоли”, яъни “Тангри жамоли” тарзида изоҳлайди6.
Биз изланиш жараёнида бошқа манбаларга ҳам мурожаат қилдик. Жумладан, Муҳаммад Ғиёсиддиннинг “Ғиёс ул-луғоти”да “Бухоро” атамасига изоҳ берилиб, Турондаги қадимги шаҳарнинг номи эканлиги, унинг маъноси “илм, илм макони” демакдир дейилади7. Ушбу тавсиф Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асаридаги фикрларга мос келиши эътиборга моликдир. Наршахийнинг бу шаҳардаги олиму уламоларнинг руйхати бир неча қоғозга сиғмайди деб таъкидлагани бунинг далилидир. Бундан ташқари “Бухоро” сўзининг яна бир маъноси ҳам берилган бўлиб, у “буғ”, яъни иссиқ таъсирида ҳавога кўтариладиган пар тарзида изоҳланади8.
Шунингдек, тожик тилининг изоҳли луғати “Фарҳанг”да ҳам “Бухоро” сўзининг маъноси “сув зарраси”, иссиқ таъсирида буғланадиган дарё, денгиз суви тарзида изоҳланадики, бунда ҳам чуқур маъно, мантиқий, илмий мушоҳада мавжуддир9.
“Бухоро” топоними хусусида яна бир мулоҳазани ҳурматли китобхонлар билан баҳам кўришни лозим билдик. 1963 йилда марҳум академик шоир, тарихимизнинг зукко билимдони Ғафур Ғулом таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан шаҳримизга ташриф буюрган эди. Ана шу тадбирда ўша пайтда биз – Бухоро Давлат педагогика институти тарих–филология факультетининг 4-курс талабалари ҳам иштирок этган эдик. Ўшанда Бухоро ва бухороликлар ҳақида жўшиб гапирган шоир Бухоро тарихининг ҳам чуқур билимдони эканлигини намойиш этиб шаҳар номи хусусида ўз мулоҳазаларини айтиб, “Бухоро” сўзининг яна бир - “Буғ оро”, яъни “буғ орасидаги шаҳар” маъноси ҳам бор деган эди. Академик шоирнинг илмий мушоҳадасида чуқур мантиқ бордир. Қадимги Бухоронинг Зарируд бўйида пайдо бўлганлиги ҳақидаги юқорида келтирилган хулосаларимиз бунга далилдир. Сув сероб жойда баҳор ва кузда ҳавога енгил, ок буғ – пар кўтарилади Ғафур Ғуломнинг Бухоро топоними ҳақидаги бу мулоҳазасида асос борлиги шубҳасиздир.
Хуллас, Бухоронинг маҳаллий номлари маъноси ҳақидаги хулосалар ўзининг асосига эгадир.
Шаҳарнинг хорижликлар томонидан берилган номлари хусусида шуни қайд этиш лозимки, дастлабки номлар илк ўрта асрлардаги Хитой манбаларида келтирилади. Улар 10 дан ортиқ бўлиб, Ан, Анси, Анго, Нюми, Бухо, Бухэ, Бухаэр, Фухо Пухало, Бухало ва бошқалар тарзида берилади10. Бундай хилма-хил номлар хитойча талаффуз оқибатида пайдо бўлган. Уларнинг баъзилари нафақат шаҳар, балки ҳукмдор номини ҳам англатган. Жумладан, Ан ёки Бухо мулки ўрта асрларда Нюми номи билан юритилган. Нюми Бухоро шаҳрининг маҳаллий номи Нумижкатнинг хитойча айтилишидир.
Кейинча ўлкамиз ва шаҳримизнинг араблар томонидан истило қилиниши оқибатида улар ҳам юртимизни ўзларича номладилар. Қадимги Туронни улар “Мовароуннаҳр” деб атаган бўлсалар, анча юксалган Бухоро шаҳрига “Мадинат ас-Суфрия”, яъни “Мис қўрғон, Мис шаҳри” деб ном бердилар.
Шаҳарнинг бундай номланиши унинг мустаҳкам мудофаа қўрғонига, босқинчилик юришларидан ўзини ҳимоя воситаларига эгалигини назарда тутади, яъни мустаҳкам қўрғон эканлиги эътироф этилади.
Шаҳар ҳали миллоддан аввалги IV-III асрлардаёқ баландлиги 2-2,5 м ли мустаҳкам пахса девор билан ўралган11. Бизнингча, араблар нафақат шаҳарнинг мудофаа иншоотларини, балки бухороликларнинг ўз она шаҳарларини ҳимоя қилишда метиндек иродасини ҳам назарда тутиб шундай ном берган бўлса ажаб эмас.
Араблар томонидан Бухорога берилган сифатлардан бири “Фохира”дир. Унинг маъноси “Фахрли шаҳар” бўлиб, ислом динини тарғиб қилишда шаҳид кетганлар шарафига шу ном билан аташган деган фикр мавжуд.
Муҳаммад Пайғамбарнинг саҳобаларидан бўлган Салмон Форсийнинг айтишича, пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳазрати Жаброилдан сўраган эканлар: Эй, Жаброил нега бу шаҳар Фохира дейилади? Шунда Жаброил: - Қиёмат кунида бу шаҳар барча шаҳарлар орасида фахрли мавқеда бўлади, - деб жавоб берган эканлар.
Халқаро савдо-сотиқ ривожланган, кўплаб карвон саройларида дунёнинг турли мамлакатларидан келган савдогарларни кўриб, араблар шаҳарни “Мадинат ат-тужжор”, яъни “Савдогарлар шаҳри” деб аташган. Ҳақиқатан ҳам Буюк Ипак йўли устида жойлашган бу шаҳарни деярли хориж савдогарлари четлаб ўтмас, унда фойдали савдо-сотиқ амалга оширилар эди. Бухоронинг хорижликлар берган номларидан ташқари унинг сифатларини ўзида акс эттирган номлари ҳам учрайди. Жумладан, қадимги тангаларни ўрганган нумизмат олим А.Наймарк Бухоро - Хитой тангаларидаги ёзувларни “Прн кнд”ни ўқиб, улар “Муҳташам шаҳар”, “Фаровон шаҳар, номдор шаҳар” деган маънони англатади деб изоҳлайдики12, бу Бухоронинг ўрта асрлардаги мавқеига мос келади.
Ўрта асрларда Бухорога берилган номлардан бири “Бухорои шариф”дир. Ушбу ном “Шарафли Бухоро”, “Муқаддас шаҳар” деган маънони беради. Ўрта асрларда, айниқса, араб истилосидан сўнг Бухоро ислом динининг йирик марказларидан бирига айланди. Наршахийнинг таърифича, Бухоро бу номга ёки сифатга ислом динини қарор топтириш, уни доимий равишда тарғиб қилишдаги хизматлари ҳамда ислом оламида бағоят катта ўрин тутган муҳаддис Имом Исмоил Бухорий ва бошқа қатор пиру комилларнинг етишиб чиққанлиги эга бўлган. Ўрта асрлардаги 7 та шариф шаҳарлар қаторида Бухоронинг бўлиши унинг мусулмон оламида бағоят юқори мавқега эга эканлигига далолатдир.
Муҳтарам Президентимиз шаҳримизнинг 2500 йиллик тантаналарида: “Бухоро ўлкамизнинг минг йиллар давомида жаҳон тафаккури, маънавий, маданий ва диний қадриятлари тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган шарифлик номига сазовор бўлган муқаддас жойлардан биридир13” – деганда ана шу тарихий ҳақиқатни қайд этган эди.
Бухородаги кўпгина олиму уламоларнинг хизмати туфайли шаҳар номига янги сифатлар қўшилаверган. Жумладан, Наршахийнинг маълумотларига қараганда Бухоро IX асрдаёқ “Қуббат ул-ислом” – “Ислом динининг гумбази” номига эга бўлган. Бундай шарафли ном Бухоронинг ислом дини, мусулмон ахлоқи ва ҳуқуқшунослигининг шарқдаги кучли марказларидан бирига айланганини билдирар эди. Қолаверса, бу сифат Бухорода туғилиб фаолият кўрсатган имом Абу Ҳафси Кабир Бухорий туфайли берилган эди. Бухорода турли даврларда бино қилинган 200 дан ортиқ мадрасаларда таҳсил олган кишилар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни тарғиб қилганлар. Ўрта асрларда Бухорода (1417 йил) мадраса қурдирган Мирзо Улуғбек “Илм олмоққа интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун қарзу фарздир” деган сўзларни айнан шу шаҳардаги мадраса пештоқига беҳуда ёздирмаган бўлса керак. Бу юқорида қайд қилинган сифатнинг бежиз эмаслигини кўрсатади.
“Бухоро “Қуббат ул-ислом”, яъни “Ислом динининг гумбази” ва буюк уламолар сўзи билан айтганда, “Қуввати дини ислом” деб тан олиниши ҳам Бухоронинг жаҳонда, бугунги Шарқ минтақасида мусулмон дунёсининг мўътабар марказларидан бири бўлишидан эътирофдир14”.
Шундай қилиб, юқоридаги фикрлардан шундай хулосага келиш мумкинки, қадимий шаҳримиз қатор ном ва сифатларга эга бўлиб, улардан “Бухоро” атамаси сақланиб қолган. Бу атама V асрда Бухорхудот ҳукмдорлар чиқарган тангаларда учрайди ва кейинги даврлардаги ҳужжатларда мустаҳкамланиб қолган. Кейинги йилларда нафақат шаҳар, балки вилоят ҳам шу ном билан аталган.
Табиийки, ҳар қандай топонимик объект, яъни шаҳар ёки қишлоқ, жой номлари уларнинг тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Бухоро шаҳри тарихи ҳақида кўплаб монография, рисола, мақола ва бошқа тадқиқотлар эълон қилинган. Шунинг учун биз Бухоро шаҳри тарихига батафсил тўхталмасдан, топонимик таҳлил талаблари асосида баъзи фикрларни келтиришни лозим топдик. Бухоро ва унинг қадим даври ҳақида дастлабки маълумотлар юнон тарихчилари Арриан, Флавий асарларида келтирилади. Муаррих Э.Ртвеладзенинг таъкидлашича, бу маълумотларда Искандарга қарши курашда Спитамен иттифоқчилар излаб Баги ёки Габи, яъни Сўғд ерлари ҳамда скиф-массагетлар ўртасидаги чегарага борган. Бу сўғд ерларининг чеккасида бўлиб, Бухоро жойлашган ҳудудга тўғри келади15.
Миллоддан аввалги II аср ўрталарида Бухоро воҳаси мустақил бўлади. Милодий II-IV асрларда зарб қилинган тангалардан сўғд ёзувида Бухоро ҳукмдорининг тасвири берилган16. Шунингдек, дастлабки ёзма манба бўлган “Авесто”да, ҳамда Эрон шоҳи Доро I нинг Беҳистун қоятош ёзувларида бизнинг юртимиз, жумладан, Бухоро воҳаси Суғуда, Суғдиёна тарзида тилга олинган.
Бухорода милодий VI-VIII асрларда Бухорхудотлар сулоласи ҳукмдорлик қилган. Ана шу даврдан бошлаб Бухоро сиёсий марказ – пойтахт шаҳарга айланди. 709 йилда Бухорони араблар истило қилишади. Қутайба ибн Муслим Бухоро аркида биринчи Жоме масжидини қурдиради. 782 йилда Муқанна қўзғолонини қўллаб-қувватлагани учун сўнгги Бухорохудот Буниёт ўлдирилади ва Бухорохудотлар ҳукмронлиги ўз ниҳоясига етади17. 874 йилда Бухорога келган Сомонхудотнинг эвараси Исмоил шаҳарнинг шухратини янада кўтарди. У 992 йилда бутун Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори бўлгач, Бухоро Сомонийлар давлатининг пойтахтига айланди. Шаҳарнинг Регистон майдонида 10 та девон учун бино қурдирилган Давлат бошқармалари - девонхона биноси олдида жуда чиройли ва ҳашаматли сарой қурилган. Х аср охирларида Бухорога келган араб тарихчиси Муқаддасий мусулмон оламида бундан муҳташамроқ саройни кўрмаганлигини ёзиб қолдирган эди. Бухоро пойтахт шаҳар сифатида беқиёс даражада гуллаб – яшнайди. Муаррих Муқаддасий шу даврдаги Бухоро ҳақида: “Ким интилса унинг учун мақбул, ким унда яшаётган бўлса унинг учун ҳаётбахш, ким унда истиқомат қилаётган бўлса, унинг учун сахий. Ундаги таомлар лаззатли ва ҳаммомлари покиза, кўчалари кенг, сувлари чучук, йўллари кўркам… Оддий халқ фиқҳ, адабиётда билимдон”18, - деб ёзган эди. Сомоний амирлар илм-фан ривожига эътибор қилдилар. Сомоний ҳукмдорлар давридаги вазирлар, Балъамий, Муҳаммад Жайҳонийлар бевосита илм-фан билан шуғулланганлар. Кўпгина мулкдорлар ҳукмдорлардан ибрат олиб, илм аҳлига ғамхўрлик қилдилар. Оқибатда Бухорога бу даврда дунёнинг турли шаҳар ва мамлакатлардан олим ва уламолар оқиб кела бошладилар.
Жумладан, асли испаниялик ҳуқуқшунос ва ҳадислар билимдони Муҳаммад ибн Солиҳ ал Кахтоний ўнлаб шаҳарларда ўқиб, охири Бухорога келиб ислом борасидаги билимлар хазинасига дуч келиб, ундан баҳраманд бўлганини таъкидлаган эди19. Сомонийлар даврида Бухорода қурилган кўплаб бинолардан фақат Исмоил Сомоний мақбараси бизнинг кунларимизгача етиб келган. Аммо ана шу биргина бинонинг ўзи ҳам жаҳон меъморчилигининг дурдоналардан бири сифатида эътироф этилган. Абу Мансур Саолибий “Йатимат ул-даҳр” тазкирасида қайд қиладики: “Бухоро Сомонийлар ҳукмронлиги даврида шон-шухрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган жой эди20”.
Кейинги йилларда Бухоро Қорахонийларнинг босқинчилик юришини ва энг даҳшатли мўғул истилосини ўз бошидан кечирди. Мўғулларнинг ваҳшийлиги, аёвсиз талаш ва ёндириши Бухоронинг тараққиётига жиддий салбий таъсир кўрсатди.
XIV – XV аср Амир Темур ва темурийлар даврида Бухоро аста-секин мўғуллар келтирган оғир вайроналикдан қутилиб, ривожланиш сари йул тутди. Амир Темур Бухорони ўз онасининг ватани сифатида юксак қадрлади. Бу даврда Намозгоҳ масжиди қайта таъмирланди. 1383–1384 йилларда Чашмаи Аюб қурилди. Соҳибқирон вафот этгач Самарқанд тахтига Халил султон келгач, Шоҳруҳнинг ўғиллари Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султон Бухорога келиб, аркда жойлашади. Аркдаги ишлаб турган шарқий дарвозани Мирзо Улуғбек, ғарбий дарвозани Иброҳим Султон эгаллашади. Шу даврдан кейин аркнинг шарқий дарвозаси беркитиб ташланган бўлса керакки, у бошқа бирор манбада эслатилмайди. Шаҳардаги лашкарлар Халил Султон томонига ўтишгач, Мирзо Улуғбек ва Ироҳим Султон Бухорони тарк этишади.
Шайбонийлар даври Бухоро тарихида янги саҳифа очди. 1533 йилда ҳокимиятга келган Убайдуллохон Самарқандга бормади ва Бухоро пойтахт вазифасини бажара бошлади. Жуйборий шайхлардан бўлган Хожа Ислом Искандархоннинг ўғли Абдулла Султонни қувватлаб турди. 1560 йилда Искандархон хон деб эълон қилинди аммо амалда ҳокимиятни унинг серғайрат ўғли Абдуллахон бошқарар эди. Шу даврдан бошлаб Бухоро узил-кесил хонлик пойтахтига айланди. 1583 йилда Искандархон вафот этиб, тахтга унинг ўғли Абдуллахон ўтиргач, пойтахт шаҳар Бухоро жуда гуллаб-яшнади, маданий ҳаёт равнақ топди.
Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” асарида XVI асрда фақат Бухоро шаҳрининг ўзида яшаб ижод қилган 110 шоир ва тарихчиларнинг номлари келтирилган21.
Кейинги даврда Бухоро аштархонийларнинг, сўнг амирликнинг пойтахти (1920 йил сентябргача), амир ағдарилгач, Бухоро халқ совет республикаси (БХСР) (1920-24 йиллар) пойтахти бўлган. Бухоро шаҳри ва вилояти ҳудудида турли асрлар қаъридан бизгача 997 та тарихий ёдгорлик етиб келган22. Ўзбекистон ҳукумати, шаҳар ва вилоят раҳбарларининг саъйи-ҳаракатлари билан уларнинг катта қисми таъмирланди, дастлабки ҳолатига келтирилди. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Бухоро ноёб обидалар ва санъат асарларининг ижодкори бўлган меъмору қурувчилар, халқ усталарию рассомлар неча-неча авлодлари ёрқин ижодий ғояларининг ўзига хос мажмуасидир23”.
Ҳа, тарихи минг йилликларга бориб тақаладиган, бетакрор шариф шаҳар Бухоро мустақиллик берган имкониятлардан фойдаланиб тобора яшармоқда ва гуллаб-яшнамоқда.



Download 146.08 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling