Электр хавфсизлиги - кишиларни электр токи, электр ёйи, электромагнит майдонининг зарарли ҳамда хавфли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминлайдиган ташкилий ва техник чора-тадбирлар системаси.
Шикастланиш - ишлаб чиқаришдаги зарарли ёки хавфли таъсир натижасида инсон органлари ёки тери қоплами физиологик бир бутунлигининг бузилиши.
Меҳнат шароити - меҳнат жараёнида инсоннинг саломатлиги ва иш қобилиятига таъсир этадиган омиллар мажмуи.
Шахсий ҳимояланиш воситалари - бир ходимни муҳофаза қилиш учун хизмат қиладиган воситалар. Шахсий ҳимояланиш воситаларига - иш кийими, пойабзал, газ ниқоблар, респираторлар, ниқоблар, шлемлар, ҳимоя кўзойнаклари, қулоқчин ва бошқалар киради.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса - иш вақтида юз берадиган фавқулотда ҳодиса.
Касб касаллиги - киши организмига иш шароитларининг зарарли таъсири натижасида келиб чиққан (сурункали, чангли бронхит, титраш касаллиги, ҳар ҳил кимёвий газлар билан заҳарланиш) касалликдир.
Иш жараёнида ҳаво таркибидаги зарарли моддаларнинг йўл қўйса бўладиган концентрацияси - ишчилар ҳар куни 7-8 соатдан (ёки бошқа иш куни, умуман ҳафтасига 40-41соатдан ортиқ бўлмаган) ишлаганда нафақа ёшига етгунча касаллик ёхуд соғлиғида ўзгаришлар келтириб чиқармайдиган миқдор.
Инсон фаолияти хавфсизлиги фани мутахассисликка тегишли асосий назарий билимларни беради.
Меҳнат муҳофазасининг ривожланишида улуғ бобокалонларимиз - Абу Али Ибн Сино, Беруний ва рус олимларидан Ломоносов М.В., замондошларимиздан Золотницкий Н.Д., Соловьев Н.В., Кельберт Д.А., Гинтилло В.Л., Гримитлин М.И., Набиев М.Н., Участкин П.В., Искандаров Т.И., Бульда Б.В., Ғойипов Х.Э., Ёрматов Ғ.Ё., Қудратов А., Ғаниев Т., ва бошқаларнинг ҳиссалари каттадир.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида ўлкан сиёсий воқеа бўлди. Бу конституциянинг 18, 19, 20, 37, 38, 39-моддаларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари баён этилган.
Меҳнат шароитининг яхшиланиши ижтимоий натижаларга - яъни меҳнаткашларнинг соғлиғини яхшилаш, ўз ишидан мамнунлик даражасини ошириш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш ва жамоат фаолиятини оширишга олиб келади.
Меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб бермайдиган бирон бир янги машина ёки механизм ишлаб чиқаришга қабул қилинмаслиги керак. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб бермайдиган бирор бир цех ёки корхона эксплуатацияга туширилмаслиги керак.
Иш ва дам олиш жараёнининг тўғри такрорланиб туриши шикастланишлар олдини олишнинг бирдан бир асосий шартидир. Агар киши кун мобайнида меъёрда кўрсатилган вақтдан ортиқча ишласа, унда жисмоний чарчаш билан бир қаторда руҳий чарчаш ҳам пайдо бўлиши мумкин.
ТАЯНЧ ИБОРАЛАР:
Меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришдаги хавфли омил, ишлаб чиқаришдаги зарарли омил, электр хавфсизлиги, шикастланиш, меҳнат шароити, шахсий ҳимояланиш воситалари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касаллиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |