Иш вақтининг кунлик ҳисоби барча ходимлар учун кунлик иш вақти бир хил миқдорда белгиланганда қўлланилади. Бу усулда ходимларнинг ҳафта (ой) мабойнида ишлаган кунлари сони уларнинг шу ҳисобот даврларида ҳақиқатда ишлаган кунлари йиғиндисидан иборат бўлади.
Иш вақтининг ҳафталик ҳисоби корхонада ҳафталик иш вақти қонунда белгиланган соатлар (масалан, 40 соат, 36 соат, 24 соат, 12 соат) асосида ҳисобга олинганда қўлланилади. Бу усулда ходимларнинг ҳафта (ой) мабойнидаги иш вақти соати шу ҳисобот даврларида ҳақиқатда ишлаган соатлари йиғиндисидан иборат бўлади.
Иш вақтининг жамлама усули корхонадаги иш шароити ходимларнинг алоҳида категориялари учун қонунда белгиланган кунлик ёки ҳафталик иш вақти меъёрларини қўллаш имкониятлари бўлмаганда қўлланилади. Бу усулда ходимларнинг ҳафта (ой) мабойнидаги иш вақти шу ҳисобот даврларида ҳақиқатда ишлаган соатлари йиғиндисидан иборат бўлади. Ушбу усул қўлланилган ҳолда корхонада ҳисобот даврларида ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган вақти белгиланган ҳафталик 40 соатлик, ойлик 160 соатлик меъёрдан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Ходимлар томонидан ҳақиқатда қилинган меҳнат уларнинг бажарган иш ҳажми (миқдори) билан ўлчанганда ҳисобот даврларида ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган вақти жами меҳнат ҳақини иш ёки хизматларни бажарган бригада аъзолари ўртасида меҳнатда қатнашиш коэффициентига (МҚК) асосан адолатли тақсимлаш мақсадида ҳисобга олинади.
Кадрлар бўлими ва бухгалтерия ходимлар сонининг ҳолати ва ҳаракати, улар меҳнати тўғрисидаги статистик ҳисоботларни корхона раҳбариятига тақдим этади. Ушбу ҳисоботлар корхона ва ташкилотларда ходимлар турғунлиги ва қўнимсизлиги ҳолатларини таҳлил қилиш ва тегишли қарорларни қабул қилишга асос бўлади. Раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланган статистик ҳисоботлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.
2.ХОДИМЛАР МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШНИНГ ТИЗИМЛАРИ ВА ШАКЛЛАРИ
Корхона ва ташкилотларда амалга ошириладиган молиявий муносабатларда ходимлар билан улар меҳнатига ҳақ тўлашга оид ҳисоб-китоблар муҳим ўрин эгаллайди.
Ходимлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг иккита бир-биридан фарқланувчи тизимлари мавжуд (3.5-чизма).
Do'stlaringiz bilan baham: |