Автомобилнинг бошқарилувчанлиги — бу унинг бошқарилувчи ғилдираклари ҳолатига кўра ҳаракат йўналишини ўзгартира олиш хусусияти. Автомобилнинг бошқарилувчанлиги унинг ҳаракат хавфсизлиги даражасига кўп жиҳатдан таъсир этади. Автомобилнинг тургунлиги дейилганда унинг сирғалиб кетиш, сирпаниш ва ағдарилишга қарши тура олиши тушунилади. Автомобилнинг турғунлиги унинг тормозланиш динамикаси ва бошқарилувчанлиги билан бир қаторда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. Автомобилнинг турғунлиги, айниқса, сирғанчиқ йўл шароитлари ва юқори тезлик билан ҳаракатланишда катта аҳамиятга эга. Автомобилнинг ўтагонлиги унинг оғир йўл шароитлари ва йўлдан ташқарида (қорли ёки қумли қриқларда, балчиқ жойларда) ҳаракатлана олиш хусусиятидир. Ўтағонликнинг аҳамияти экинзор, ўрмонзор, конлар ва бошқа йўлсизлик шароитларида ёки йўл шароити оғир бўлган жойларда ишловчи автомобиллар учун ниҳоятда каттадир. Автомобилнинг ҳаракатланиш равонлиги дейилганда унинг нотекис йўлларда катта тезлик билан ҳаракатланишида кузови (салони)нинг тебранмаслиги тушунилади. Ўртача ҳаракат тезлиги даражасига, ташилаётган юклар сифатини бузилмаслигига, ҳайдовчи ва йўловчилар толиқиб қолмаслигини ҳисобга олганда ҳаракатланиш равонлигининг аҳамияти каттадир. Автомобилнинг сиғдира олиш хусусияти ундаги бир вақтда ташиладиган юклар миқдори ёки йўловчилар сони тушунилади. Юк автомобилининг сиғдира олиш хусусияти унинг юк кўтарувчанлиги ва кузовининг ички ҳажм ўлчовлари билан боғлиқ. Йўловчи автомобилларининг сиғдира олиши дейилганда бир вақтда ҳаракатланувчи йўловчилар сони тушунилади. Автомобилнинг мустаҳкамлик хусусияти унинг тузатиш учун зарур бўлган вақг талаб этувчи синишлар ва бузилишларсиз ишлаш хусусиятидир. Автомобилнинг чидамлилиги бу унинг тузатиш учун эксплуатациядан тўхтатишни талаб этувчи қисмларининг жадал эскиришсиз ишлаш хусусиятидир. Автомобилнинг техник хизмат кўрсатиш ва таьмирлашга мослиги унинг конструкцияси билан боғлиқ бўлиб, бундай ишларни енгил ва осонлик билан ҳамда қисқа вақтда бажаришдан иборатдир. Бундай ишларни бажаришга кўп вақт талаб этилса, ташиш таннархи қимматлашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |