Меҳнат тарбияси. Меҳнат тарбияси ўқувчиларга меҳнатнинг моҳиятини чуқур англатиш, уларда меҳнатга онгли муносабат, шунингдек, муайян ижтимоий-фойдали ҳаракат ёки касбий кўникма ва малакаларини шакллантиришга йўналтирилган педагогик фаолият жараёни бўлиб, ижтимоий тарбиянинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Меҳнат тарбиясини шундай ташкил этиш керакки, инсон меҳнат жараёни ва унинг натижасидан қаноатланишини таркиб топтиришга кўмаклашсин. Меҳнат тарбиясининг провард мақсади шахс характерининг асосий хислати сифатида унинг меҳнатга бўлган эҳтиёжини шакллантиришдир.
Жисмоний тарбия. Жисмоний тарбия, шу жумладан мунтазам равишдаги жисмоний машқлар киши организмининг ҳар қандай муҳитга чидамлилигини оширишга, соғлиғини мустаҳкамлашга, онгли равишда узоқ умр кўриш имкониятларини кучайтиришга қаратилган фаолиятдир.
Нафосат тарбияси. Нафосат тарбияси (эстетик тарбия - лотинча «естезио» гўзалликни ҳис қиламан) - ўқувчиларни воқелик, табиат, ижтимоий ва меҳнат муносабатлари ва турмуш гўзалликларини англаш, идрок этиш ва тўғри тушунишга ўргатиш, уларнинг бадиий дидини ўстириш, уларда гўзалликка муҳаббат ўйғотиш, улар томонидан гўзалликни яратиш қобилиятларини тарбиялашга йўналтирилган педагогик жараён.
Нафосат тарбияси «бадиий тарбия» сифатида ҳам қўлланилади. Умуман, нафосат тарбияси кенг маънога эга бўлиб, фақат санъат воситасидагина эмас, балки, ҳаёт, меҳнат, ижтимоий муносабатлар, табиат ва бошқалар воситасида гўзалликни ҳис қилишга йўналтирилган педагогик фаолиятни ўз ичига олади. Бадиий тарбия эса санъат (адабиёт, мусиқа, қўшиқ, тасвирий санъатнинг бошқа йўналишлари) воситасида шахсда эстетик ҳис-туйуларни шакллантиришни назарда тутади.
1. Миллий тарбия тушунчасининг моҳияти. Қадим замонларда ҳам тарихчилар, сайёҳлар, қомусий билимга эга мутафаккирлар (Ибн Батута, Страбон, Абу Райҳон Беруний, Миклухо Маклай, Луи Гонсалес де Клавихо, Ҳерман Вамбери ва бошқалар) қолдирган асарлар, ижтимоий-фалсафий, ахлоқий таълимотларда ҳам бошқа халқлар ҳаётини қиёсий ўрганиш йўналиши мавжуд эди.
Миллий тарбиянинг этнопедагогик қирраларини илк бор кашф этган олимлардан бири – културантрополог М. Мид бўлди. Унинг тадқиқотлари нафақат гетеростереотип (бир халқнинг бошқа халқлар ҳақидаги билимлари йиғиндиси)нинг, балки осиёлик ва африкаликларда автостереотип (ўз халқи ҳақидаги билимлар йиғиндиси)нинг шаклланишига, бошқача қилиб айтганда, ўзлигини англашга ҳам туртки бўлди. Биз учун ушбу тадқиқотнинг педагогик жиҳати муҳимдир. Зеро, М. Мид томонидан 1927 йили нашр эттирилган «Самоада улғайиш» китоби тарбиянинг миллийлигига асосланган илк илмий-тадқиқот натижасидир. Шунингдек, Ал-Хусрий араб тилининг илмий атамаларини яратишга чақириб, «миллий тарбия» тушунчасини илк бор илмий-педагогик муомалага киритди. Шу тариқа миллий тарбия, бир томондан, мулкдор бойлар орасида мавжуд «ўз манфаатларини миллат манфаатидан юқори қўйиш ва очкўзликка, иккинчи томондан, мутаасиб руҳонийларнинг «тараққиётга элтувчи илғор ғояларга душманлиги»га қарши курашда самарали қурол бўлиб хизмат қилди.
Миллий тарбиянинг манбаи – миллийлик! «Миллат», «миллийлик», «миллий ғурур», «миллий одоб», «миллатлараро мулоқот маданияти» тушунчаларининг ўзагини арабча «мил» сўзи ташкил қилади. Бу сўз арабчада «ўзак», «туб моҳият», «негиз» маъноларини англатади. «Миллат» сўзи эса бир неча маънони: 1) дин: мазҳаб; 2) уммат: бир мазҳабга мансуб аҳоли; 3) халқ маъноларини англатади.
«Тарбия» сўзи «миллий тарбия» тушунчасининг таркибий қисми бўлганлиги туфайли бу тушунчага ҳам янгича ёндошган ҳолда, холис илмий-педагогик таъриф бермоқ керак. Арабча «тарбия», «тарбият» сўзлари 1) парвариш қилмоқ; таълим бермоқ; ўргатиш; одоб ўргатиш; 2) навозиш, меҳрибонлик кўрсатиш: кўз-қулоқ бўлиш; ҳимоя қилиш каби кўп қиррали мазмунга эга. «Тарбиячи» эса шу кўп қиррали тарбиявий фаолиятни амалга оширувчи одам, демакдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |