Нефть ва газ конлари геологиясининг методологик масалалари вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1. Нефть ва газ конлари геологиясининг аниқ илмий масалаларини ечишда қўлланиладиган турли методларнинг самарадорлигини баҳолаш; моделлаштириш ва системали-структуравий ёндашиш каби янги методларни қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги ва имкониятларини аниқлаш; уларни нефть ва газ конлари геологияси фанининг анъанавий тушунчалари билан боғлиқлигини таҳлил қилиш.
2. Конда бажариладиган геологик тадқиқотларнинг мазмуни ва моҳиятини таҳлил қилиш, бир-бирига боғлиқ фанлар орасида нефть ва газ конлари геологияси фанининг ўрнини белгилаш.
3. Конда бажариладиган геологик тадқиқот ишларини бажарищда, аниқ-илмий, методик ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда геология, техника ва иқтисодиёт фанларининг ўзаро ҳамкорлиги моҳиятини ва уларни ҳар бирининг амалиётга қўллаш имкониятларини таҳлил қилиш. Кейинги ўн йилликда методологик тадқиқотларнинг илмни ривожланишидаги ўрни яққол кўзга кўриниб қолди, шу сабабли унга аҳамият берилмоқда.
ФАННИНГ МАЪЛУМОТ ОЛИШ МЕТОДЛАРИ
Нефть ва газ конлари геологиясида ўрганилаётган объект тўғрисидаги бирламчи маълумотлар турли тадқиқот методлари ёрдамида бажарилган кузатувлар орқали олинади. Кузатувлар қудуқлардан жинс намуналарини, қатламларни тўйинтириб турган суюқлик ва газ намуналарини минералогик, геокимёвий ва бошқа методлар ёрдамида таҳлил қилиш билан бошланади. Булардан ташқари, қудуқларда гидродинамик ва кон геофизикаси методлари билан ҳам тадқиқотлар бажарилади. Айниқса, конни ишлатиш чоғида қудуқнинг иш режимини кузатиш муҳим аҳамиятга эга.
Керн, шлам, нефть, газ ва сув намуналари лаборатория шароитида махсус асбоб-анжомлар ёрдамида таҳлил қилинади. Бунда тоғ жинслари, флюидлар, газлар ва қатлам сувларининг моддий таркиби ва физик-кимёвий хусусиятлари ўрганилади ва улар тўғрисида бирламчи маълумотлар олинади. Бундай маълумотларни тўплаш жуда мураккаб иш саналади, чунки флюид ва жинс намуналарининг лаборатория ва қатлам шароитларида аниқланган хусусиятлари бир-биридан кескин фарқланади. Қатлам шароитини сақлаган ҳолда намуналар олишнинг имкони деярли йўқ. Ҳозирги пайтда қатламдаги нефть ва сувдан герметик тузилган намуна олгич ёрдамида намуна олиш мумкин. Қатлам шароитида олинган жинс, газ ва сув намуналарининг лабораторияда аниқланган натижалари махсус тадқиқотлар маълумотлари асосида тузилган ёрдамчи графиклардан фойдаланиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |