Бу асарлар ислом оламида машҳур ва шофеъий мазҳаби ва уламоларининг энг зарур асосий манбаси ҳисобланади. Шофеъийлик мазҳаби фиқҳий ҳукм чиқаришда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсга суянади. Улар ҳанафийлар ва моликийларда мавжуд бўлган «истеҳсон»ни рад қиладилар. Айни дамда, бу мазҳабда “Масолиҳул Мурсала” ва мадиналикларнинг амали ҳам далил сифатида қабул қилинмайди. Учинчи–тўртинчи ҳижрий асрларда Марказий Осиёда Шофеъий мазҳаби Ҳанафий мазҳаби билан рақобат қиларди. Унинг йирик вакили тошкентлик буюк олим Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал–Қаффол аш–Шоший (291–365 ҳ.й) эди. У киши фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврларининг машҳур олимларидан эди. Усулул фиқҳ бўйича унинг асарлари машҳурдир. Тошкентда вафот этиб, қабри Ҳастимом (Ҳазрати Имом) мадрасаси ёнида жойлашган. Ҳанбалий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалнинг онаси Ўрта Осиёнинг Марв шаҳридан ва отаси Сарахсдан бўлиб, ҳижрий 164 (780 м) йил Бағдод шаҳрида туғилган ва ҳижрий 241 (855 м) йил Бағдод шаҳрида ҳаётдан кўз юмган. Аҳли сунна ва жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчиси Аҳмад ибн Ҳанбалдир. Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бўлган Абу Юсуфдан дарс олган. Кейинчалик, Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир ал–Воситийда тўрт йил мунтазам ўқиб, у кишидан уч мингта ҳадис ёзиб олган. Илм талабида Яман, Куфа, Басра, Мадина, Макка ва бошқа жойларга сафар қилган. Маккаи Мукаррамада имом Шофеъийдан дарс олган. Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис илмида жуда ҳам илгари кетган аллома бўлган. Кўпчилик уламолар у кишининг ҳадисдаги “Муснад” китобини энг мўътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритадилар. Кейинги даврда пайдо бўлган «ваҳҳобийлик», «ҳизбут таҳрир» каби йўналишларни фиқҳий мазҳабларга тенглаштириб бўлмайди. Чунки улар шаръий масалаларда ўз мустақил ечимларини берган тизимга эга эмас. Уларга диний–сиёсий ҳаракат ва ноқонуний сиёсий партиялар сифатида қараш мумкин. 2. Қуръон – ислом динининг муқаддас китоби. Қуръони карим – Аллоҳ тамонидан 23 йилга яқин муддат давомида оятма-оят, сурамасура тарзида нозил қилинган китоб бўлиб, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали нозил бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |