16-мавзу. Давлатнинг минтақавий сиёсати ва ҳудудлар ривожланишининг истиқболлари


Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳудудий дастурлардан фойдаланиш


Download 126.88 Kb.
bet3/5
Sana24.03.2023
Hajmi126.88 Kb.
#1291326
1   2   3   4   5
Bog'liq
2 5433769048376610755

Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳудудий дастурлардан фойдаланиш


Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ҳудудий дастурлар минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсатининг асосий инструментларидан бири вазифасини ўтайди. Ривожланган давлатларда ҳудудий ривожланиш дастурларидан кўп йиллардан бери кенг миқёсда фойдаланиб келинади. Айрим давлатларда ҳудудий дастурлар минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни тартибга солиш механизмининг асосини ташкил этади.
Ҳудудий дастурлар давлат иштирокида ёки унинг ташаббуси билан амалга ошириладиган, танланган ҳудудда муайян ижтимоий-иқтисодий вазифани ҳал этишга қаратилган ташкилий-хўжалик тадбирлари ва лойиҳаларини ўз ичига олувчи ҳужжат ҳисобланади. Одатда ҳудудий дастурларда уларни бажаришга масъул ижрочилар, яъни давлат ва хўжалик фаолияти юритувчи ташкилотлар, молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари аниқ белгилаб қўйилади.
Ҳудудий дастурларга бўлган эътибор ва эҳтиёжнинг ошиб бориши, биринчи навбатда, уларнинг қўллаш осонлиги ва юқори самарадорлиги билан боғлиқ. Дастурлар, моддий ва молиявий ресурслар чекланган шароитларда уларни минтақа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор соҳаларига йўналтиришни таъминлаш, муайян ҳудудларни алоҳида ривожлантириш орқали бошқа ҳудудларни ривожига туртки берадиган мультипликатив самара яратиш, ҳудудлар иқтисодиётининг айрим соҳаларини инвестицион лойиҳалар воситасида ривожлантириш каби вазифаларни ҳал этишда деярли муқобилсиз инструмент ҳисобланади.
Мустақиллик йилларида республикамизда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш бўйича етарлича тажриба тўпланди. Амалга оширилган ва ҳозирда амалда бўлган дастурлар асосан қуйидаги мақсад ва вазифаларни ҳал этишга қаратилган:
– минтақалар иқтисодиёти ривожининг устувор вазифаларини амалга оширишни таъминлаш;
– ижтимоий-иқтисодий ривожланиши даражаси бўйича минтақалараро дифференциялашувнинг ўта чуқурлашиб кетишини олдини олиш;
– объектив иқтисодий, табиий-географик ва бошқа омиллар оқибатида ижтимоий ривожланишнинг мақсадга мувофиқ даражасини таъминлай олмайдиган ҳудудларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
– иқтисодиётнинг айрим тармоқларини устувор равишда ривожлантиришга туртки бериш, шу жумладан, кўп меҳнат талаб қиладиган ва мос равишда кўплаб янги иш ўринлари яратишга омил бўладиган ишлаб чиқариш соҳаларини алоҳида қўллаб-қувватлаш;
– ҳудудларга киритилаётган давлат инвестицияларини самарадорлигини ошириш ва миллий манфаатларга мослигини таъминлаш;
– ўзига хос мақомга эга бўлган ҳудудларни ривожланишини тартибга солиш ва бошқариш механизмини такомиллаштириш ва ҳ.к.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатни 2012 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йил учун иқтисодий дастурнинг устувор йўналишларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар ривожланишида узвийликни таъминлаш муҳим вазифа сифатида эътироф этилди. Мазкур вазифани амалга оширишнинг асосий инструментларидан бири тармоқлар кўмагида амалга ошириладиган ҳудудий дастурларни амалга ошириш белгиланди. Шундан келиб чиққан ҳолда бир қатор ҳудудий дастурлар қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.
Республикада амалга оширилаётган ҳудудий дастурларни шартли равишда қуйидагича гуруҳлаш мумкин:
1) Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари. Бу турдаги дастурларга мисол тариқасида турли даврларда амалга оширилган Сурхондарё, Наманган, Навоий вилоятларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва уларда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш дастурларини келтириш мумкин. Бу турдаги дастурлар ҳудудий дастурлар орасида энг аҳамиятлиси ҳисобланиб, одатда кенг қамровлилиги ҳамда молиявий таъминоти салмоғи билан ажралиб туради.
Шунингдек, республикамиз туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар қабул қилинган. Аксарият ҳолларда туман дастурлари ривожланиш даражаси пастроқ бўлган ёки ўзига хос давлат аҳамиятига молик лойиҳалар амалга оширилаётган туманлар учун ишлаб чиқилади. Турли йилларда амалга оширилган Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Сирдарё вилоятининг Ховос, Навоий вилоятининг Томди туманлари дастурлари ҳамда ҳозирда амалга оширилаётган Қашқадарё вилоятининг Миришкор ва Чироқчи туманлари, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Каттақўрғон туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари шулар жумласидандир.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан аҳоли бандлигини, биринчи навбатда, турли ўқув юртлари битирувчиларини барқарор иш жойлари билан таъминлаш бўйича ишлар кўламини янада кенгайтириш вазифасини бажаришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида янги иш ўринларини яратишни кўзда тутувчи инвестицион лойиҳаларни ўз ичига олган ҳудудий дастурларини амалга ошириш белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан вилоятлар ҳокимиятлари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган 2013-2015 йиллар учун мўлжалланган мазкур дастурларга асосан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар киритилган. Уларни амалга оширишда вазирликлар, жойлардаги ҳокимиятлар, тижорат банклари томонидан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилиши, лойиҳаларнинг бажарилишини мониторинги қилиб боришда замонавий ахборот технологияларини самарали қўлланиши, юзага келадиган муаммоларни ҳал этиб бориш механизмлари яхши йўлга қўйилганлиги мазкур ҳудудий дастурларни муваффақиятли амалга оширилишига омил бўлмоқда.
Мазкур дастурларнинг яна бир аҳамиятли томони уларда лойиҳаларни амалга ошираётган кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмининг йўлга қўйилганидир.
2) Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш дастурлари. Мустақиллик йилларида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган қатор дастурлар амалга оширилди. 2009 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида 2009-2012 йилларда ҳудудларда саноат салоҳиятини ошириш бўйича дастурлар тасдиқланди. Бу республиканинг барча йирик ҳудудлари бўйича алоҳида саноат дастурлари қабул қилиш бўйича биринчи тажриба бўлди. Гарчи мазкур дастурлардаги лойиҳаларнинг сони, уларни амалга ошириш натижасида ўзлаштирилган маблағлар миқдори кейинчалик қабул қилинган ҳудудий саноат дастурларига нисбатан камроқ бўлсада, республика ҳукумати, маҳаллий ҳокимиятларнинг улардаги ҳар бир лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишни таъминлашга қаратилган ҳаракатлари эвазига ҳудудларда саноатни ривожлантириш учун жиддий туртки бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги 1442-сонли қарори билан республиканинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри саноат салоҳиятини ошириш дастурлари тасдиқланди.[1] Бу қарор республика саноатини барқарор ва юқори суръатларда ривожлантириш, диверсификация қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, саноат корхоналарининг модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш мақсадларини кўзда тутади. Ҳозирга қадар мазкур қарор доирасида кўплаб инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши натижасида янги ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилди, мавжудлари кенгайтирилди, модернизация қилинди, янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, мазкур ҳудудий дастурларни амалга ошириш натижасида кўплаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан Хоразм, Қашқадарё, Тошкент вилоятларининг саноат салоҳиятини ошириш дастурлари тасдиқланди. Хоразм ва Тошкент вилоят дастурлари 2013-2015 йилларга, Қашқадарё вилояти дастури 2013-2016 йилларга мўлжалланган. Мазкур дастурлар қуйидаги мақсадларни амалга оширишга қаратилган:[2,3].
– саноатнинг барқарор ривожланиши учун қулай шароитлар яратиб бериш;
– замонавий, юқори технологияга асосланган, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
– вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан янада самарали ва комплекс фойдаланишни таъминлаш;
– вилоятда ишлаб чиқариладиган пахта толасини қайта ишлаш даражасини ошириш, юқори сифатли енгил саноат ва бошқа турдаги истеъмол моллари ишлаб чиқаришга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни ривожлантириш;
– бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг негизида ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш.
Бундан ташқари, дастурлар доирасида катта миқдорда хорижий инвестициялар, илғор хорижий технологияларни жалб этиш кўзда тутилган.
Юқорида қайд этилган учта вилоят ҳудудий саноат дастурларидан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 7 та вилоятлар саноат салоҳиятини ошириш дастурлари ишлаб чиқилди.
Бевосита саноатни ривожлантиришга қаратилган ҳудудий дастурлар билан бир қаторда ушбу соҳага алоқадор ёки унинг муайян аспектларини ўз ичига оладиган бошқа ҳудудий дастурлар ҳам қабул қилинган. Мазкур гуруҳга “2009-2012 йилларда Наманган вилоятида кичик бизнес, тадбиркорлик ва касаначиликнинг ривожлантириш дастури”, “2003-2007 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури”, “Қўқон шаҳрининг 2010-2012 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саноат салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури”ни мисол қилиш мумкин;
3) Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган дастурлар. Уларга “2008-2012 йилларда Фарғона ва Қўқон шаҳарларини ижтимоий инфратузилмасини реконструкция қилиш, ривожлантириш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари дастури”, “2009-2012 йилларда Наманган шаҳрини ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари дастури”, “2011-2015 йилларда Андижон вилояти шаҳар ва туманларининг уй-жой массивларида коммунал инфратузилмани ривожлантириш дастури”, “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир чора-тадбирлар дастури” кабидир.
Булардан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий соҳаларини ривожлантиришга қаратилган дастурларни алоҳида гуруҳга ажратиш мумкин.
Умуман олганда, республикамизда минтақавий ривожланишни тартибга солишда ҳудудий дастурларнинг фойдаланиш тажрибаси ўзининг юқори самарасини кўрсатиб берди. Шунга қарамасдан мазкур тизимни тобора такомиллаштириб бориш зарурати мавжуд. Бу зарурат, биринчи навбатда, ҳудудий дастурларга киритиш учун таклиф этилаётган инвестицион лойиҳаларнинг салоҳиятини маҳаллий ҳокимиятлар, тижорат банклари томонидан объектив баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича масъулиятини кучайтириш, лойиҳалар доирасида ташкил этиладиган корхоналарнинг келгусидаги барқарорлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири бўлган маркетинг стратегиясини кучайтириш билан боғлиқ.
Ҳозирга қадар амалга оширилган ва амалда бўлган ҳудудий дастурларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, дастурларга киритилган инвестицион лойиҳаларни бажарилишида юзага келадиган муаммолар асосан лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағлар ажратиш, шу жумладан, тижорат банклари кредитларини олиш, ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун бино ёки ер олиш, ишлаб чиқаришни хом ашё билан барқарор таъминлаш билан боғлиқ.
Булардан ташқари, дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишининг мониторингини юритиш жараёнларини услубий такомиллаштириш масалалари долзарблигича қолмоқда.

Download 126.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling