2-мавзу. Давлат қарзининг назарий асослари. Асосий саволлар Давлат қарзи тўғрисида


“Соғлом молия” ва “функционал молия”


Download 395.28 Kb.
bet13/15
Sana08.02.2023
Hajmi395.28 Kb.
#1177991
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
2-мавзу

7.“Соғлом молия” ва “функционал молия”
Қарз олувчи фуқаро, фирма ёки давлат бўладими – ким бўлишидан қатъи назар, пулдорни ҳамиша топишни хоҳласа муайян “одоб қоидаларига” риоя қилиши лозим. Биз бу қоидалар билан танишишдан олдин назариянинг позитив (ижобий) ва норматив (меъёрий) назарияларга бўлинишини эсга оламиз. Позитив назария қарзни борича қандай бўлса, шундай кўрсатади, уни ёқламайди ҳам, қораламайди ҳам. Норматив назария қандай бўлмоғи лозимлигини кўрсатиб беради. Масалан, қуйидаги гап норматив ҳисобланади: “Агар давлат ўз инвестицияларининг фақат қарзлар ҳисобига молиялаштирганда одамлар яхшироқ яшаган бўлар эди”. Бу фикрда қарзни бошқариш билан шуғулланадиганлар учун норма (меъёр), қоида, йўл-йўриқ, маслаҳат бор. Агар назария давлатга қандай наф келтира олишини билишни хоҳласак, биз назариядан норматив қоидаларни ажратиб олишимиз зарур. Масалан, “бюджет сиёсати” атамаси қандай маънони англатади. Бу – принциплар, қоидалар ва уларга асосланган давлат харажатлари ва уларни молиялаштириш манбалари тўғрисида қарорлар. Ундан кейин давлат мансабдорлари бу нормаларга амал қилиш-қилмасликларини билиш зарур. Агар амал қилсалар, демак, назария фойдали, акс ҳолда норма ё сохта ёки мансабдорлар пухта билимдон эмаслар.
Мустақил масъул қарз олувчининг классик “одоб қоидалари” “соғлом молия” деб аталади. АҚШ президенти Вудро Уилсон сўзлари билан айтганда, “Молия – бу оддий арфметика эмас. Молия – бу буюк сиёсат. Соғлом молиясиз соғлом ҳукуматнинг бўлиши мумкин эмас; соғлом ҳукуматсиз соғлом молия бўлмайди”.
“Соғлом молия”нинг 1-қоидаси – мувозанатланган бюджет. “Жуда катта профитситларга эга бўлган давлат худди дефицитлари жуда катта бўлган давлат сингари ёмон бошқарилади. Энг тўғри амалий қоида – дефицитга имконият қолдирмаслик учун даромадларнинг харажатлардан бир қадар ортиқ бўлишига ҳаракат қилишдир” – деган эди Бастебл21.
2-қоида – бюджет ортиқчалиги (профитсит)ни урушлар ва офатлар шароитларида фойдаланиш учун махсус фондларда сақлаб қўйиш (“Сақлов фонди”). Маълумки, урушлар қарзни жуда тез ўсишга олиб келади. Урушдан кейин “Сақлов фонди” эшикларини очиб қарзларни тўлаш лозим бўлади. “Даромадларнинг харажатлардан ортиқ бўлиши жамият қарзларини қайтаришнинг ягона реал фондидир” деб ёзган эди биринчи АҚШ Сақлов фонди асосчиси Александр Гамилтон. Қарзга хизмат кўрсатиш учун фонд орқали солиқларни харажатлар билан қоидага мувофиқ боғлаш профитситдан мақсадсиз фойдаланиш хавфини камайтиради.
3-қоида – харажатлар давомийлиги ва ҳажмини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш манбаларини олдиндан тайин қилиш. “Фавқулодда юз берадиган харажатларнинг давомийлиги эҳтимоли уларни қай тарзда молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда муҳим унсурдир, – деб ёзади Бастебл, – мазкур йилда кутилмаган йирик талабни қарзлар билан бемалол таъминлаш мумкин, яъни бунинг учун бутун солиқ тизимини безовта қилишнинг ҳожати йўқ. Аммо, агар истиқболда кенг миқёсдаги узоқ муддатли харажатлар юзаки келганда, энг мақбул йўл – аввал бошданоқ солиқларни кўтариш ҳисобланади”22. Бу қоида 1970-йилларда Барро, Роберт Лукас ва Ненси Стокларнинг солиқлар ставкаларини равонлаштириш тўғрисидаги машҳур ғояларига манба бўлди.
4-қоида – Молиялаштириш манбаларини харажатларнинг жорий ва капитал харажатларга бўлинишини ҳисобга олган ҳолда тайин қилиш. “Давлат сиёсати йирик жамоат бинолари, мудофаа иншоотлари, темир йўллар ва каналлар қурилишини назарда тутиши мумкин. Бундай харажатлар даромадларга эмас, капиталга дахлдор ва албатта фавқулодда, ғайриодатий харажатлар ҳисобланади. Бундай ҳолда ягона қоида – фавқулодда харажатларни фавқулодда даромадлар билан қоплаш лозим. Масалан, қарз ҳисобига даромадлар шундай даромад ҳисобланади, бошқача айтганда бу йилдаги фавқулодда харажатларни кейинги йилда қарз бўйича оддий фоиз тўловларига айлантириш лозим*”. Вақтлар ўтиши билан бу қоида давлат молиясининг “олтин қоидаси”га айланди: жорий харажатларни солиқлар билан, капитал харажатларни қарзлар билан ёпмоқ керак.
Бастеблдан кейин Бюкенен фавқулодда ҳолат ёки табиий офатлар ёки йирик инвестиция лойиҳалари сабабли харажатлар вақтга нисбатан “тиғизлашиб”, “ғужлашиб” қолган ҳоллардагина қарз олишни маслаҳат беради. Қарзлар қисқа муддатли, “истеъмолчилик” лойиҳаларини молиялаштиришнинг манбаи тарзида мутлақо номақбул. Бу ҳолда харажатларнинг нафи бутунлай ҳозирги авлодга тегади, қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини келажак авлод тўлаши керак бўлади. Ва аксинча, харажатларни фақат солиқлар ҳисобига қоплаш давлатнинг инвестицияларга эътиборини сусайтирадиган қарорлар қабул қилишига сабаб бўлади.
Ҳар бир қарз учун амортизация графиги тузилиши лозим. Қарз асосий капиталга инвестициялар натижасида пайдо бўлганда амортизация вақт бўйича асосий капитал элементларининг хизмат муддати (унумли фойдаланиш) билан мос тушиши, яъни инвестиция лойиҳалари ўзини-ўзи қоплайдиган бўлиши лозим. Масалан, давлат тезюрар автомагистраль қуриш учун қарз олиши мумкин, фақат шарт шуки, қарзлар автомагистраль қурилиб, мамлакат аҳолисига фойда ёки давлатга даромад келтирганидан кейин амортизация қилинади. Бундай “мақсадли” инвестиция лойиҳаси капитал харажатлар қарзлар билан мувозанатланадиган, солиқлари йўқ бўлган махсус бюджетни ярашиш тўғрисида ўйлаб кўришга даъват этади. 4-қоида фақат харажатлар давридан кейинги даврларда фойда олиш истиқболи харажатларни қоплаш учун пул топиш чиқимларини келажакка ўтказиш мақбул эканлигини оқлайди. Бу қоидада кўриладиган нафлар келажак авлодга насиб этиши сабабли харажатлар бирон-бир тарзда ғойиб бўлади деб ўйлашга асос берадиган ҳеч нарса йўқ.
Давлатнинг урушлар вақтидаги харажатлари ҳам фавқулодда харажатлар ҳисобланади. Бу ўринда икки ҳолат ҳақида гапириш мумкин. Биринчи ҳолат (классик) – ресурсларни давлатга фойдаланиш учун ихтиёрий бериш. Бу ҳолда 1- ва 2-қоидалар амал қилади: тинчлик даврида бюджет мувозанатланган, сақлов фондини яратиш учун қисман профитситли; урушлар вақтида фавқулодда харажатлар қарзлар билан молиялаштирилади.
Иккинчиси – ноклассик ҳолат, фавқулодда харажатларни тижорат банклари томонидан мажбурий молиялаштирилиши. Давлат қимматли қоғозларини банк тизимида жойлаштириш яширин пул эмиссияси ҳисобланади. Ресурсларни хусусий сектордан давлат секторига ўтказиш рўй бермайди ва “ҳарбий” қарзлар (заёмлар) бўйича фоиз тўловлари мутлақо мажбурий эмас. Классик назария, агар давлат қарзни даромадларни қайта тақсимлаш йўлида ишлатмайдиган ҳоллардагина пул беришни давом эттириш ва номинал давлат қимматли қоғозларини чиқармасликни маслаҳат беради. Бу 5-қоидадир.
Классик назарияда барқарорлаштириш мазмунидаги маслаҳат, йўл-йўриқлар ҳам бор. Бу йўриқлар “сўнгги” классиклар томонидан ХИХ асрнинг ўрталарида ифодалаб берилган ва “соғлом молия”нинг “илк классиклар” тадқиқ этмаган томонларини тўлдиради. Улар ишсизлик, инфляция каби ноклассик муаммоларга тегишлидир.
Классик назарияга кўра депрессиялар вақтида харажатларни молиялаштиришнинг идеал манбаи пул эмиссиясидир. Бу 6-қоида. Янги пул ҳисобига “ишсиз” ресурсларни жалб этиб, давлат қарзга хизмат кўрсатиш харажатларига ўхшаган фискал юкини яратмайди. Пулни босиб чиқариш қиймати уларни тижорат банкларига сотишдан олинадиган тушумлардан жуда ҳам паст, яъни харажатлар сенораж – пул ишлаб чиқаришга давлат монополиясидан олинадиган фойда билан қопланади.
Қарзлар пул эмиссиясининг муқобили бўлиши керак, улар пулнинг ёмон сунъий намунасига айланмаслиги лозим. Инфляция юқори бўлган вақтда қарзнинг ягона мақсади банк секторидаги ортиқча ликвидликни “юқумсизлантириш”, кўпаймайдиган қилиш. Агар барқарорлаштириш мезонлари хусусий секторнинг харид қобилиятини қисқартириш мақсадга мувофиқлигидан дарак берса, классик назария давлат қимматли қоғозларини мусбат даромаддорлик билан сотишни маслаҳат беради. Бу 7-қоида.
Қарзлардан инфляцияга қарши курашда фойдаланиладиган бўлса “қарзлар – харажатлар” классик операцияси ярим йўлда қолиб кетади. Қимматли қоғозларни сотишдан олинган пул давлат томонидан харжланмайди, давлат назорат қиладиган ресурсларни кўпайтирмайди, нобанк секторидан марказий банкка муомаладан чиқариш учун қайтарилади. Натижа – дефляция (ҳеч бўлмаганда қарзлар бўлмаган ҳолатга нисбатан) билан якунланади. “Антинфляцион” қарзларга хизмат кўрсатиш чиқимлари келажак авлод зиммасига тушади.
Қарздор хусусий шахс, фирма бўлмай, балки давлат бўлса масъулиятсиз ҳаракатлар эҳтимоли юқори бўлади. Чунки фақат давлат солиқ йиғади ва пул босиб чиқаради. Фақат давлатгина дефолт юз берганда кредиторлар “босқини”га дош бериши мумкин. Мана, нима сабабдан классик назария давлат қарзига жуда қаттиқ чекловлар қўйишни талаб этади. Классик назария қатъий чекловлар бўлмаса, давлат активлари ўсиши қарз ўсишига тенг қийматли бўлмай қолади деб таълим беради. Активлар ўрнига қарз ҳисобига меҳнатга қобилиятли аҳолининг келажак даромадлари шакллантирилади. Бундай сценарияда келажак авлод фискал юки билан тўқнаш келади, бу юк эса фақат ўтган авлодларнинг ва уларнинг бошида турган сиёсатчиларнинг исрофгарчилиги ва беҳуда сарфлари орқасида пайдо бўлади.
Энди барқарорлаштирувчи дефицит назариясининг норматив қоидаларини кўриб ўтамиз. Кейнснинг кўпгина сафдошлари, шу жумладан Элвин Хансен ҳам, давомли дефицитга қарши бўлганлар ва унинг тугатилишини “соғлом молия” руҳидаги мақтовга лойиқ сиёсий мақсад деб ҳисоблаганлар. Аммо Лернер фикрича, бюджет сиёсати “соғлом молия”га эмас, балки “функционал молия”га таяниши лозим. У “функционал молия”нинг уч асосий тамойилини таклиф этади:
1. Солиқларни шундай йиғмоқ ва сарфламоқ керакки, ишлаб чиқариш тўлиқ бандлик ҳолида ва инфляцияга ўрин бўлмайдиган шароитларда ривожлансин (“даромадларни кўтариш” ёки “инфляцияни тугатиш” мақсадларида эмас).
2. Фақат кишиларнинг қўлида бўлган пул ва давлат қимматли қоғозлари нисбатини ўзгартириш учун қарзга пул олиш ва пул бериш (“маблағларни жалб этиш” ёки “қарзни узиш” мақсадларида эмас).
3. 1- ва 2-тамойилларни фақат ўзаро боғлаш мақсадларида пул босиб чиқариш ва уни йўқотиш.
Лернер “соғлом молия” ёрдамида бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар ё ҳақиқатдан йироқ, ҳаёлий ёки “функционал молия” ёрдамида аллақачон бартараф этилганлигини кўрсатиб берди. Қарз юкини ёқлайдиган далиллар ишонарли эмас ва қарз юки – хом хаёл. Дефицит ресурсларни авлодлар ўртасида тақсимламайди, балки харид қобилиятини авлодлар ичида қайта тақсимлайди. 1-тамойилга амал қилиш қарз ёрдамида молиялаштириш ва/ёки пул таклифининг ўсиши инфляцияни кучайтиради деган қўрқув-хавотирларни йўқотади. Ниҳоят 2-тамойилга амал қилиш давлат хусусий қарз олувчиларни кредит бозоридан сиқиб чиқаради деган хавотирларга чек қўяди.
Лернерда давлатнинг солиқ ва харажатлари, қарз ва ссудалари, харидлари ва савдолари иқтисодиётга таъсир кўрсатиш дастакларидир. Энг муҳими, иложи борича манфаатли ва самарали бўлиши учун бу таъсирни қандай амалга ошириш давлатни ташвишга солиши керак. Давлат сиёсатини баҳолаш мезонлари фақат унинг функционал жиҳатларини акс эттириши лозим. Қарз кўпаймоқдами ёки камаймоқдами – бу муҳим эмас, аммо бу – қарз иқтисодиётга таъсир кўрсатмайди дегани эмас. Қарз даромадни солиқ тўловчилардан давлат қимматли қоғозлари эгаларига ўтказади, аммо бюджет салдоси ўзича давлатни безовта қилмаслиги ва сиёсий мунозаралар предметига айланмаслиги керак.
Лернер давлат фаолиятининг тузилмаси ва миқёси тўғридан-тўғри ёки мавжуд рағбатлар воситасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва таркибини ўзгартиришга қодир, деб ҳисоблаган. Давлат ўзининг шу мавқеидан ҳозирги замон капитализмининг энг даҳшатли кулфати бўлган ишсизлик ва ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ ишламаслигига қарши курашда фойдаланиши керак. Дефицит ва қарз эса иқтисодиёт учун жорий ёки келажакда кўриладиган зарарларсиз ортиб бориши мумкин. “Функционал молия” тамойилларига амал қилинадиган бўлса, узоқ истиқболда бюджетнинг мувозанатлашуви тенденцияси ўз-ўзидан ҳаракатга келади. Энг муҳими – харажатларни солиқлар ёрдамида молиялаштирмаслик. Солиқлардан фақат инфляция юз берган даврларда харажатларни қисқартириш учун фойдаланиш мумкин23.
“Функционал молия” бюджетни катта дефицитга йўлиқтирмасликни талаб қилмайди. У фақат бюджет сиёсати ва қарзни бошқаришни иқтисодий юксалишга эришиш воситаларига айлантиришни таклиф қилади ва шу сабабли олдиндан (априари) харажатларни даромадлар билан ёки абсолют ва нисбий ифодада мақбул қарзлар билан бирон-бир тарзда боғлашни ёқламайди.
Асосий нарса – харажатлар, солиқлар, қарзлар ва пул эмиссияси тўғрисида “соғлом молия” каби анъанавий доктриналар нуқтаи назаридан эмас, балки улар иқтисодиётда қандай амал қилаётганига, қандай натижа бераётганига қараб хулоса чиқариш керак. Харажатлар ва солиқлар шундай бўлиши лозимки, ЯИМни тўлиқ бандликда жорий нархларда тўла реализация қилиш (сотиш) мумкин бўлсин. Агар бунинг учун қарз олиш ёки пул эмиссияси зарур бўлса, бу ҳолда уларни яхши ёки ёмон деб бўлмайди; улар фақат бандликни ошириш ва нархларни барқарорлаштириш воситаси, холос.
Шундай қилиб “функционал молия” иқтисодий таҳлилга қадар бюджет тўғрисида “оғиз очмайди”. Агар иқтисодий таҳлил ушбу вазиятда мувозанатланган бюджет иқтисодий гуллаб-яшнашнинг энг яхши воситаси эканлигини кўрсатадиган бўлса, ҳатто мувозанатланган бюджет ҳам давлат молиясига функционал ёндашувга зид келмайди.
“Соғлом молия” тарафдорлари “функционал молия”чилар билан ягона бир масалада келиша олмайди: “функционал молия” мувозанатланган бюджетни мақсадга эришиш воситаси эмас, балки бирдан бир мақсад деб билади. Очиқ-ойдин кўриниб турган, салбий иқтисодий натижаларда ҳам мувозанатланган бюджетга ёпишиб олиш (ёки қарзни узиш мақсадларида профитситни кўзлаб) энди бу “функционал” эмас, балки “диффункционал молия”дир. Бундай ёндашувда, – дейди Лернер, – солиқлар ва қарзлар харажатларни молиялаштириш манбаи бўлишдан тўхтайди. Давлат солиқ йиғиш ва қарз олишни хусусий секторга тўлаш учун пул зарурлигидан амалга оширмайди. Пулни босиб чиқариш мумкин экан, солиқлар ва қарзлар давлатга пул келтиришининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Солиқларнинг ягона вазифаси – фуқаролар ва хусусий фирмалар фаолиятига таъсир кўрсатиши қарзларнинг ягона вазифаси, мақсади – дефицит бюджет шароитида банк резервларини ва пул бозорининг фоиз ставкаларини бошқаришдир.
Лернер қарз юки ва дефицитнинг зарари тўғрисидаги мунозараларни четлаб ўта олмади. У “кескин” нуқта назарни ҳам (дефицит фоиз даражасини кўтариб юборади, инфляцияни кучайтиради, фискал сиқиб чиқаришни юзага келтиради ва қарз юкини келажак авлод зиммасига ўтказади), “мулойим” нуқтаи назарни ҳам (агар давлат капитал бюджетни жорий бюджетдан ажратиб олиб, дефицит ва қарзни бошқача усулда ҳисоблаганда муаммо бу қадар жиддий тус олмаган бўлар эди) ёқламаган. Унинг нуқтаи назари уларнинг ҳар иккаласидан фарқ қилади. Масалан, лернерча “темир” мантиққа кўра, қарзлар харажатлардан олдин эмас, уларнинг изидан, кейин юриши керак (шунда “қарз олиш” атамасининг тўғрилигига ва бу атаманинг давлат қимматли қоғозларини сотишда қўлланилишига шубҳа билдириш мумкин), дефицит эса фоиз ставкаларини юқорига силжитмайди (ҳозирги тасаввурлардаги каби), балки пастга туширади. “Функционал молия” ҳатто Кейнсни ҳам лол қолдирган. Собиқ марксистнинг бу қадар писандсиз назарияси кўпгина иқтисодчиларни ғазабга келтирди. Аммо Кейнс ва унинг “лашкари” тезда тинчланди ва Лернерни қўллаб-қувватлаш томонига ўтдилар. Чунки унинг таклифлари қарз олиб молиялаштириш йўлидаги икки асосий интеллектуал тўсиқни – “соғлом молия”нинг 1-қоидасини ва фискал сиқиб чиқариш оқибатларини бартараф этар эди. Қарз юкининг келажак авлодга ўтишини инкор этиш эса (бу ўринда қарзларнинг харажатларни молиялаштириш манбаи тарзида мақбул ёки мақбул эмаслиги масаласига дахл қилмасдан) мустақил қарз олувчининг масъулиятсиз фаолиятига йўл йўқлигини билдиради. Ҳаммаси мантиқли.

Download 395.28 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling