944 йил март куни мартен печида биринчи пўлат эритмаси олинди. Шу сана "Ўзметкомбинат"нинг туғилган куни сифатида нишонланадиган кун бўлиб қолди
ЎЗБЕКИСТОН МЕТАЛЛУРГИЯ ЗАВОДИНИНГ ҚУРИЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ
Download 40.47 Kb.
|
Kombinat tarixi material
ЎЗБЕКИСТОН МЕТАЛЛУРГИЯ ЗАВОДИНИНГ ҚУРИЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ
Мамлакат ҳукумати 1941 йил 18 июнда темир парчаларини қайта ишлаш ва маҳаллий саноатнинг навли прокатга ва том тунукасига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш учун завод қуриш тўғрисида қарор қабул қилди. 1942 йил Ўзбекистон Ҳукумати ва Қора металлургия халқ комиссариати томонидан Тошкент, Чирчиқ, Янгийўл, ва Беговот атрофларида корхона қуриш учун мўлжалланган ҳудудларни текшириб чиқилди ва Иттифоқ ҳукумати қарори билан Беговот қўрғончаси атрофида майдонча тасдиқдан ўтди. Мамлакатнинг етакчи металлургларидан бири академик И.П.Бардин томонидан бу жойнинг танланиши бежиз эмас эди: сув сероблиги, маҳаллий қурилиш ашёларининг етарлиги, темирйўл, кейинчалик ГЭС қурилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. 1942 йилнинг кузида “Далварзин” даштлари ва Сирдарё соҳили бўйида, афсонавий Фарҳод қояларига ёнида Беговот қишлоғида қурувчиларнинг дастлабки гуруҳи иш бошлади. Кўплар қатори ўзбекистонликлар бошига ҳам бу уруш кўп кулфатлар ёғдирди. Не-не ўғлонлар ўз юртларини, ота-онасини, суюкли ёрини ва фарзандларини ўйлаб фронтга кетдилар, жанггоҳларда қон тўкдилар. Бу ёқда, фронт ортида қолган халқ эса ўз бор-будларини жангчилар учун йўллаб туришди. Самолёт, танк ясаб урушга киритиш учун пулларини юборган ўзбек хонадонлари сон мингта эди. Шунингдек, фронт ичкарисидан ота-онаси ҳалок бўлган болаларнинг кўп қисми Ўзбекистонга юбориларди. Болажон халқ уларни ўз фарзандларидек бағрига олиб, емай едирдилар, киймай кийдирдилар. Бу улкан қурилиш осонликча бўлмади, унга маблағ ҳам етмасди. Қурилиш бошланган тақдирда ҳам аксарият ишлар ҳашар йўли билан адо этилди. Қурувчилар ертўла ва чодирларда яшаб, уйқуга тўймасаларда, фидокорона меҳнат қилишарди. Бир неча минг қурувчилар ихтиёрида иккита эски, камқувватли экскаватор ва бешта бетон қорғич бор эди, холос. Кенг ҳажмли, оғир ер қазиш ишлари асосан чўкич ва белкуракларда бажариларди. Мартен цехининг пойдеворига биринчи тамал тоши 1943 йил 3 февраль куни қўйилди. Усмон Юсуповдай жасур ва забардаст давлат раҳбарлари турганда ҳар қандай бошланган иш охирига етказилмай қолармиди!? Катта Фарғона магистрал каналини қуриш қандай бўлган эди...? Халқ оч бўлса ҳам, юпун бўлса ҳам жонини жабборга бериб ишламаган эдими!? Қақроқ ерларга бир дарё сувича келадиган оби-ҳаёт суви 41 кун деганда лиммо-лим қилиб оқизилмаганмиди? Фото 003
Фото 004
Ўшанда халқ ўзининг ҳар қандай ишларга қодир эканлигини яна бир бор кўрсатган эди. Бу тажриба такрорланса иродаси мустаҳкам халқ яна ўзини кўрсатишга қодир бўлмасмикан? Қолаверса, Бекободдан ўтган Фарҳод канали қурилиши ҳам халқ ҳашари йўли билан қурилгани кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган эди. Қарорларнинг ижросини таъминлаш учун Республика раҳбарияти “Бекобод ҳудудида металлургия заводи қурилиши бўйича тадбир”ни тасдиқлади. Бу тадбир бўйича иш жуда жадаллашиб кетди. Мамлакатнинг ҳамма вилоятларидан юзлаб, минглаб ёшлар ҳашарга кела бошладилар. Қурилиш майдони ёғоч ва тахталардан бунёд этилган кўп қаватли уйларга ўхшарди. Шу ёғочларга тахталар михланиб бетон қоришмалари қуйиларди. Икки йиллик оғир меҳнат ўз самарасини кўрсатиб, 1944 йил 5 март - мартен печидан биринчи пўлат эритмаси олинди. Шу куни Ўзбекистон металлургия заводи дунёга келган санага айланди ҳамда у корхона тарихи битилган китобга ўчмас зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Бир йилдан кейин, 1945 йил 7 майда Ўзбекистон ССР Олий Совети Фармонига биноан Беговот қўрғончаси Бекобод шаҳрига айлантирилди. Ўзбек металлургларига рус ва украин миллатига мансуб муҳандис ва техник ходимлар устозлик қилдилар. Улар билан елкама-елка ишлаган ёш маҳаллий ишчилар тез орада ишлаб чиқариш жараёнларини ўзлаштириб олдилар. Комбинат маҳсулотлари Ўзбекистонни оёққа турғазишда, халқ хўжалигини тиклашда асқотди. Унга талаб жуда катта эди. Мартен печи дастлаб 50 минг тонна соф пўлат эритиш қувватига эга бўлганди. Кейинчалик 80 минг, 100 минг тонналик марралар ҳам эгалланди. Йилдан йилга корхонада янгиликлар сони ортиб борар, бу тўғрида Тошкент радиоси, корхона ва республика газеталари тинимсиз хабарномалар тарқатарди. Орадан бир йил ўтмай мартен цехининг иккинчи печи ишга туширилди. Ундан бир оз ўтиб биринчи навли прокат цехи маҳсулот бера бошлади. Кейинги йил охирига бориб эса мартен цехининг учинчи печи ишга туширилди. Фото 005 Фото 006
Ишчиларнинг ижтимоий ҳаётида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди. 1950 йилда корхона ҳисобидан болалар боғчаси қуриб ишга туширилгани катта воқеага айланди. Жамоанинг меҳнат ютуқлари кўпайган сари турмуш тарзида ҳам ўсиш бўлаётгани металлургларнинг меҳнат фаоллигини ошириб, кайфиятини яхшиларди. Корхона аҳли турдош меҳнат жамоалари орасида ташкил этилган мусобақаларда кўп бор ғолиб чиққан эди. Корхона номи “Республика меҳнат шуҳрати” китобига киритилди. Уч металлург – мартен цехи усталари Ҳофиз Ғаниев, Асад Эргашев, прокат цехи устаси Саид Нуриддиновга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони олий унвони берилиб, улар “Олтин юлдуз” медали билан мукофотландилар. Ёшлар ўз қаҳрамонларига эргашардилар. Фото 007 Биринчи ўзбек пўлати эритмаси олишда қатнашганлар “Ўзметкомбинат” АЖнинг тарих музейидан муносиб жой олди, номлари комбинат тарихига доир китоблар саҳифаларида битилган. Костяной, Гилязетдинов, Шелованов, Жиляев, Майшев, Тимонин, Штиров, Петров, Аверкова, Лукьянченко, Грудинин, Гордеев каби рус ва украин пўлат эритувчиларининг хизматларини бекободлик металлурглар унутмайдилар. Юзларидан куч-ғайрати, шижоати сезилиб турувчи азамат йигитлардан Ҳофиз Ғаниев, Анвар Тошпўлатов, Йигитали Мавлянов, Иброҳим Ҳуснитдинов, Абдураҳим Ортиқов, Тожиали Акбаров, Чингиз Маҳмудов, Аҳмед Атауллин, Обид Ҳожиматов, Олим Мирзаев, Алексей Ким кабилар Ўзбекистоннинг дастлабки пўлатини эритишда иштирок этиш шарафига муяссар бўлган эдилар. Корхона бир маромда ишлар, ишчиларнинг малака кўникмаларини ошириш борасида раҳбарият ёшларнинг ўқиши ва малакасини ошириш тўғрисида ғамхўрлик қилар, ижтимоий ҳаёт жабҳаларида ҳам ўзгаришлар ясаларди. Етмишинчи йилларга келиб Ўзбекистон металлургия заводида ўн йил давом этган бунёдкорлик, қайта қуриш, реконструкция ишлари натижасида жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Корхона катта ҳудудни эгаллаган замонавий шаҳарчани эслатарди. 2,5 минг нафар атрофидаги ишчилар сони тўрт бараварга ошган ва 10 минг кишига етган эди. 1974 йилнинг август ойидан бошлаб корхонада уй-рўзғор учун истеъмол моллари ишлаб чиқарила бошланди. Бундай зарур молларни ўзбек металлурглари ишлаб чиқариб, мамлакатимиз аҳолисига етказиб бера бошлагани хориж матбуоти диққатини ўзига жалб қилди. Уларнинг нархи ҳеч кимни ранжитмас, ҳамма хурсанд бўлиб харид қилар эди. Фото 008 1974 йилнинг иккинчи ярмида электрда пўлат эритиш мажмуаси қурилиши бошланди. Электрда пўлат эритиш цехи асосий корпусининг биринчи пойдеворига бетон қуйилиши маросими бўлди. Унда Республиканинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Шароф Рашидов қатнашди. Республиканинг қурилишга даҳлдор раҳбарлари, Тошкент вилояти, шаҳар, туман раҳбарлари, қурувчилар, завод ишчилари қурилиш кўламини оширишга ҳисса қўшиш учун ваъда бердилар. Қурилишга 1,5 мингдан зиёд одамлар жалб этилди. Фото 009 1978 йилнинг 17 августида ЭПЭЦнинг йилига 250 минг тонна пўлат эритиш қувватига эга бўлган биринчи навбати ишга туширилди. Биринчи рақамли электр печи тайёрланаётган маҳсулотни узлуксиз қуйиш қурилмаси, подстанция ва кислород-копрессор цехи мажмуаси билан бирга фойдаланишга топширилди. 1979 йилнинг сентябрь ойигача яна иккита печь узлуксиз пўлат қуйиш машиналари билан бирга ишга тушди. 1984 йил 30 июлда 2-навли прокат цехи фойдаланишга топширилди. Металлургия комбинати бу даврга келиб ўзини анча тиклаб олган эди. Корхона раҳбарияти ўз ходимлари учун турар-жойлар, болалар боғчалари, шифохона мажмуаси, поликлиника, санаторий-профилакторийси, 100 ўринли меҳмонхона каби муассаса ва иншоотларни қуриб фойдаланишга топширган, бу билан ўз жамоа аъзоларининг турмуш тарзига ижобий таъсир этган эди. Корхонада пўлат эритиш ва прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ошди. 1978 йили заводда 336,8 минг тонна пўлат эритилиб, 366,7 минг тонна прокат маҳсулотлари, 17,7 миллион сўмлик сирланган идишлар ишлаб чиқарилди. 1985 йилда эса 839,3 минг тонна пўлат эритилди, 755,2 минг тонна прокат маҳсулотлари, 47,7 миллион сўмлик сирланган идишлар тайёрланди. Фото 010 Кейинги йилларда комбинат ўзгача бир шароитда ривожланиш, янгиланиб бориш йўлига ўтиб олди. Мустақиллик йилларида янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш тизимида ўзгаришлар, янгиликлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Йиллар давомида йўлга қўйилган, синалган хўжалик алоқалари кутилмаганда узилиб қолиши туфайли юзага келган бир қанча муаммолар ечимини топиш йўллари изланди ва ечилди. Бундай шароитда комбинат ўз фаолиятини тўхтатмади, аксинча олдинга қараб интилди. Корхона раҳбарлари ва мутахассисларининг ташаббускорлиги, тадбиркорлиги, металлургларнинг матонатли, фидокорона меҳнати ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. 2005-2006 йилларда ишлаб чиқариш суръатларини ошириш, цехлар ва асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва модернизациялаш давом эттирилди. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича прокатнинг янги йўналишлари - №10 пўлат арматура, 75х75 пўлат бурчак, №12 ва №14 пўлат квадрат, №8 ва №10 швеллер, диаметри 10 ва 36 мм иссиқ ҳолатда тайёрланган айлана, диаметри 40 мм бўлган пўлат золдирлар, мис ва унинг қотишмаларидан прокат ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Сирланган пўлат идишлар сиртини кислотасиз тайёрлаш технологияси жорий этилди. 2,5 литрли сферасимон чойнак ва кастрюл ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди. 2005 йилда рангли металлар ишлаб чиқариш цехи қурилиши бошланиб, 2006 йилда у фойдаланишга топширилди. Фото 011 2007 йилда маҳаллийлаштириш дастури бўйича диаметри 2 мм - 8 мм гача бўлган симлар, УОНИ -13/55 маркали пайвандлаш электродлари, 6,5 литрли сирланган пўлат тоғора ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Худди шу йили 2-навли прокат цехида қаттиқ қотишмали валкларда арматура профиллари прокати ҳам ташкил этилди. Фото 012 2008 йилда пўлат эритиш ишлаб чиқаришидаги шлак уюмларини қайта ишлаш фабрикаси қуриш лойиҳаси амалга оширилди. Шунингдек печь трансформаторини алмаштирган ҳолда 4-сонли ДСП-100 электрда пўлат эритиш печи модернизация қилинди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида механик-энергетик асбоб-ускуналарни, жумладан қуввати 80 МВА бўлган трансформаторни «TAMINI» (Италия) компаниясининг қуввати 95МВА бўлган печь трансформаторига алмаштирилди. Асосий асбоб-ускуналар “НКМЗ” (Украина) компанияси томонидан тайёрланди ва етказиб берилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши пўлат ишлаб чиқаришни 100 минг тоннага оширишга, графитланган электродлар, ўтга чидамли материаллар ва электр энергия сарфларини камайтиришга имкон яратди. 2002 йилда “ДСП-100-УМК” замонавий электр печи ишга туширилиши билан мавжуд газ тозалаш ускуналарини алмаштириб, чанг ва газни ҳайдаб чиқариш тизимини реконструкция қилиш масаласи юзага келди. 2008 йилда ЭПЭЦда “ДСП-100-УМК” газ тозалаш қурилмаси ва ундан газ чиқиб кетадиган тракти реконструкция қилинди. Бу ишларнинг амалга оширилиши минтақада экологик вазиятни яхшилашга, атмосферага чанг чиқариб юборишни 12-15 мг/куб.м.гачакамайтиришга имкон берди, бу кўрсаткич ЕС стандартларига мос келади. Фото 013 2008 йилда пўлат золдирларни ишлаб чиқаришни 160 минг тоннага етказиш билан золдирларни прокатлаш станини модернизация қилиш ниҳоясига етказилди. Асбоб-ускуналарни модернизациялаш жараёнида транспорт рольгангларга конструктив ўзгартиришлар киритилди, янги технологик жиҳозлар ўрнатилди. Бу эса пўлат золдирларни прокатлаш унумдорлигини 30% оширди. Ўша йили 2-навли прокат цехининг бўш майдонларида сим ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан бирга сим чўзиш участкаси кенгайтирилди. Ўнта сим чўзиш стани ва тайёр пўлатни юмшатиш учун олтита шахта печи ўрнатилиши йилига 6000 тонна сим ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятини берди. 2009 йилда 2 навли прокат цехининг печи “ENCE” (Швейцария) компаниясининг технологик ускуналарини ўрнатиш билан реконструкция қилиниши амалга оширилди. Ана шу иш бажарилиши тайёрламаларни қиздириш сифатини яхшилашга, стан унумдорлигини оширишга, табиий газ сарфи ва тўпон вужудга келишини сезиларли равишда камайтиришга имкон берди. Фото 014 2009 йилда ёй қуввати регуляторини алмаштириш билан НАС-ДСП-100нинг реконструкция қилиниши электр энергияси ва графитланган электродлар сарфланишини анча камайтириш имконини берди. 2009 йил 2-навли прокат цехида ПКК-75/24 қозон утилизаторининг реконструкция қилиниши 2-печнинг барқарор ишлашини таъминлади ва табиий газ сарфини камайтирди. Жаҳондаги етакчи техникалар ишлаб чиқарувчиларнинг асбоб- ускуналари ўрнатилиши билан “Печь” подстанцияси электр асбоб-ускуналари модернизация қилинди. Бу унинг ишончли ишлашини янада яхшилаб, таъмирлаш харажатларни камайтирди, электр энергияси тежалиши таъминланди. 2010 йилда 2-навли прокат цехида “300” стан электр жиҳозлари ва автоматик бошқарув тизимлари модернизацияси амалга оширилди. Бу эса ишлаб чиқаришни янада оширишга, иккинчи навлар чиқишини камайтиришга имкон берди. 2012 йилда кислород-компрессор цехида эскирган КА-5 2-сон блоки замонавий ҳаво тақсимлаш қурилмасига алмаштирилди.Ана шу инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли маънан ва жисмонан эскирган ҳаво тақсимлаш қурилмаси олиб ташланди. Янги қурилманинг ишга тушиши билан пўлат эритишда электр энергияси, ўтга чидамли материаллар, графитланган электродлар сарфи камайди. Техник мақсаддаги газлар ишлаб чиқариш хавфсизлиги янада ортди. Шунингдек, печдан ташқарида пўлатга азот ўрнига аргон билан ишлов бериш технологияси жорий этилиши туфайли эритилаётган пўлат маркалари таркиби кенгайди, тайёр прокатнинг физик-кимёвий характеристикасти яхшиланди. Республика корхоналарининг техникавий газларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қаноатлантирилди. 2011-2012 йилларда биринчи сонли навли прокат цехида методик қиздириш печининг реконструкцияси амалга оширилди. Печнинг ишчи оралиғи ўзгариши, ўтга чидамли ғиштлар алмаштирилиши, ҳаво узатиб бериш ва қиздириш тизимининг модернизацияланиши, замонавий автоматлаштириш тизими ўрнатилиши натижасида печнинг маҳсулдорлиги ортди, табиий газ сарфи камайди, металлнинг ис ва тўпонга айланиб қолиши қисқарди, электр энергияси тежаладиган бўлди, печнинг ўтга чидамли ғиштларининг хизмат муддати уч баробар ортди, атмосферага азот оксидлари ва ис газлари чиқиши ҳам камайди. Фото 015 2012 йилда рангли металлар ишлаб чиқариш цехида мис ва латундан фольга ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 – 2013 йилларда тайёрламаларни узлуксиз қуйиш машинасини реконструкция қилиш учун кенг кўламли лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши машина унумдорлигини 370 минг тонна қуйма тайёрламани 850 минг тоннагача ошириш имконини берди. Шунингдек, табиий газ, электр энергия ва технологик йўқотишлар ҳам сезиларли камайди. “Пўлатга комплекс ишлов бериш агрегатини (АКОС) реконструкция қилиш, суюқ пўлатни вакуумлаш қурилмасини барпо этиш билан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” деб номланган лойиҳа ҳам амалга оширилди. Бу лойиҳа туфайли АКОСнинг қуввати йилига 700 минг тоннадан 850 минг тоннагача ортди. Электр энергия, графитланган электродлар, оксидлагич ва легирловчи материаллар сарфи ҳам камайди. 2012-2013 йилларда 1-навли прокат цехининг методик қиздириш печи реконструкция қилинди. Бу пўлат қуймалар олинишини 160 минг тоннадан 200 минг тоннагача оширди. Қуймани тайёрлашда юқори самарали энергия тежовчи қиздириш технологияси ва технологик жараёнларни бошқариш замонавий автоматик тизимини қўллаш туфайли электр энергия, таббий газ тежамкорлигигига, ис гази ва тўпонларнинг камайишига эришилди. 2012-2013 йилларда темир парчаларни қайта ишлаш цехи модернизация қилиниб, янги асбоб-ускуналар ўрнатилди. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида хом ашёни қайта ишлаш ҳажми 670 минг тоннагача оширилиб, меҳнат унумдорлиги ошди. Қайчиларда кесиб майдалаш ҳисобига темир парчаларининг ифлосланиши 10% камайди, металл шихтасининг сочма зичлиги ортди. “ДСП-100-УМК” электрда пўлат эритиш печида электр энергия сарфи,оловда иккиламчи металлар ажратилишидаги технологик талофатлар камайди. 2012-2014 йилларда комбинатда “Базалът асосида иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш” лойиҳаси амалга оширилди. Унинг амалга оширилиши туфайли қурилиш, энергетика ва машинасозлик тармоқлари йилига 10 минг тонна базалът асосидаги иссиқлик ўтказмайдиган материаллар билан таъминланмоқда, уларнинг республикага импорт қилиниши қисқартирилди, базальт маҳсулотлар номенклатураси кенгайтирилиши билан бирга валюта маблағлари тежалмоқда. Мустақиллик йилларида комбинат прокат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бошқа турдош корхоналар ўртасида ўз мавқеини тиклаб олди ва мустаҳкамлади. Кўп ва сифатли прокат ишлаб чиқариш, техник қайта қуролланиш, импорт ўрнини боса олувчи маҳсулотлар тайёрлаш масалалари муваффақиятли ҳал этилаётгани бутун жамоа руҳини кўтармоқда. 2018 - фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида корхона ўз фаолиятида тубдан бурилиш ясашга ҳаракат қилди. Бир қанча инновацион ғоялар ишлаб чиқаришга йўналтирилиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқаришда, сифат кўрсаткичида самарали ўзгаришлар кузатилди. Президентимизнинг ҳар бир ўтказган йиғилишларида, видео селекторларида инновацион ғоялар асосида ишлаган корхона бўладими, ташкилот, муассаса бўладими, албатта ўсиш учун имконият топишини, зафар қучишини, даромад олишда силжишга эришишини таъкидлардилар. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018–2020 йилларда “Ўзметкомбинат” АЖни ривожлантириш дастури тўғрисида”ги 2018 йил 9 январдаги 3468-сонли қарори асосида комбинатда кенг ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда. Download 40.47 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling