А у д и т тошкент 2008 «Аудит» (дарслик). Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, 2008 й. Муаллифлар жамоаси
Асосий воситалар ижара муносабатларини текшириш
Download 0.58 Mb.
|
2 5300977159324569876
4.9 Асосий воситалар ижара муносабатларини текшириш.
Корхонадаги асосий воситалар ўзиники, ижарага ва лизинг шартномаси асосида олинган бўлиши мумкин. Ўз асосий воситалари корхонага тегишли бўлиб, лизинга олинганлари эса қисқа муддатли (оператив) ижара, узоқ муддатли ижара ва лизинг шарти билан олинган бўлади. Лизинг олувчи ва лизинг берувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар Фуқаролик Кодекси, Лизинг тўғрисидаги қонун ва бошқа тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилинган ҳолда, ёзма равишда тузилган ижара (лизинг) шартномасига мувофиқ тартибга солиб турилади. Оператив ижара бўйича олинган асосий воситаларни текширишда, аввало, ижара шартномаларининг мавжудлиги, тўғри тузилганлиги, асосий воситани қабул қилиб олиш ҳисоби ва корхонада ҳисоб юритиш тартибига жиддий эътибор бериш зарур. Оператив ижара бўйича олинган асосий воситалар ҳисоби ижарага олувчи хўжалик юритувчи субъектнинг балансдан ташқари 001 “Оператив ижара бўйича олинган асосий воситалар” счётда юритилиши лозим. Лизинг олувчи корхонанинг бухгалтериясида лизингга олинган ҳар бир объектнинг лизинг берувчи корхонадаги инвентар карточкаси (АВ-6 шакл) дан олинган нусха 6ўлиши керак. Асосий воситани лизинга қабул қилиш хам АВ-1 шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилган бўлиши лозим. Лизинг (молиявий ижара) ижара муносабатларининг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизингга олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан, ишлаб чиқарувчидан) лизинг шартномасида кўрсатилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизингга олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради. Аудитор лизинг шартномаси қуйидаги шартлардан бирига жавоб берилганлигини текшириши керак: лизинг шартномасининг муддати тугагач, лизинг объекти лизингга олувчининг мулки бўлиб ўтиши; лизинг шартномасининг муддати лизинг объекти хизмат муддатининг 75 фоизидан ортиқ бўлиши ёки лизинг объектининг лизинг шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20 фоизидан кам бўлиши; лизинг шартномасининг муддати тугагач, лизингга олувчи лизинг объектини унинг бозор қийматидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, бунда ана шу ҳуқуқни амалга ошириш кунидаги лизинг объекти қиймати асос бўлиши; лизинг шартномаси амал қиладиган давр учун лизинг тўловларининг умумий суммаси лизинг объекти қийматининг 90 фоизидан ортиқ бўлиши. Лизинг субъекти бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: а) лизингга берувчи лизинг шартномаси бўйича лизингга олувчига келгусида топшириш мақсадида лизинг объектини мулк қилиб олувчи шахс; б) лизингга олувчи эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг шартномаси бўйича лизинг объектини олаётган шахс; в) сотувчи лизингга берувчига лизинг объектини сотаётган шахс. Узоқ муддатли ва қисқа муддатли ижаранинг субъектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: а) ижарага берувчи мол-мулк эгаси ёки қонунчилик ёки мулк эгаси томонидан мол-мулкни ижарага бериш ҳуқуқи берилган ваколатли шахс; б) ижарачи ижара шартномасига мувофиқ мол-мулкни ижарага олувчи юридик ва жисмоний шахс. Қисқа муддатли ижарада ижара объектига эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча таваккалчиликлар ижарачига ўтмайди ва шунинг учун қисқа муддатли ижара шартномаси бўйича олинган ижара объектлари ижарачининг балансида ҳисобга олинмаслиги керак. Қисқа муддатли ижарада ижарачи томонидан ҳисобланган ва тўланадиган ижара тўловлари, уларни фойдаланиш жойига (мақсадига) қараб маҳсулот (иш, хизмат) ларнинг ишлаб чиқариш таннархига ва (ёки) давр харажатларига олиб борилиши аудитор томонидан синчиклаб текширилади. Агар шартномада ижара объектини сотиб олиш кўрсатилмаган бўлса, у томонларнинг қўшимча келишуви билан ўрнатилиши мумкин, унда ижара объектидан фойдаланиш учун олдин тўланган тўловлар сотиб олиш баҳосида ҳисобга олиниши ҳақида келишиш ҳуқуқига эга. Ижара муддатининг тугаши ёки унинг тугагунига қадар шартномада кўзда тутилган сотиб олиш нархини ижарачи томонидан тўлиқ киритилган ҳолда ва ижара объектига эгалик қилиш ҳуқуқи унга ўтганда, у бухгалтерия ҳисобида ижарачининг мулки сифатида ҳисобга олиниши шарт. Аудитор ижарачининг ижара объектини яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқа) харажатлари ижара объекти қийматини кўпайтирувчи капитал қуйилмалар сифатида акс эттирилишига эътибор қаратиши лозим. Агар ижара объекти ижарага берувчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, агарда ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса. Ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган ижара объектини яхшилашга сарфланган харажатлар (қуйилмалар) ва уларни ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имкони бўлмаса, ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, ижарага берувчига текинга ўтади. Бироқ, агарда уларни ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва агар ижарага берувчи уларнинг қийматини тўлашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарачи уларни ўзига ажратиб олиши мумкин. Аудитор молиявий ҳисоботларда ва унга тушунтириш хатида қуйидагилар очиб берилганлигига эътибор қаратиши лозим: молиявий ҳисоботни тақдим қилиш санасида ижара (лизинг) объектлари ҳисобланган активлар қиймати тўғрисида маълумотлар. Мазкур ижара мулклари билан боғлиқ бўлган қарзлар (дебиторлик ёки кредиторлик) қисқа муддатли ва узоқ муддатлига ажратилган ҳолда бошқа қарзлардан алоҳида тан олиниши керак; умумлаштирилган шаклда лизинг бўйича лизинг тўловларига тааллуқли мажбуриятлар суммаси ва уларни тўлаш даври тўғрисидаги маълумотлар; салмоқли молиявий чекловлар, лизингни қайта тиклаш ҳуқуқлари, лизинг объектларини харид қилиш ва лизинг билан боғлиқ бўлган бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар бўйича маълумотлар; ҳар бир молиявий ҳисоботни тузиш санасига лизинг тўловларининг қолдиқ суммаси ва лизингга берувчининг даромади, шунингдек лизинг объектининг кафолатланган қолдиқ қиймати; лизинг даври учун қопланмаган мажбурият қолдиғига доимий фоиз ставкасини олиш учун лизингга берувчининг даромади (лизинг бўйича фоизлар) ни тақсимлашда фойдаланиладиган усул; молиявий ҳисобот тузиш санасида иккиламчи ижара (иккиламчи лизинг) дан олиниши кутилаётган келгуси ижара (лизинг) тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотлар. Асосий воситалар ҳисоби бўйича одатда содир этиладиган хатоликлар қуйидагилардан иборат: 1) корхона ҳисоб сиёсатида асосий воситаларнинг таҳлилий ҳисоби инвентар варақаларида (АС-6 шакли) олиб борилиши кўрсатилади. Лекин, корхонада инвентар варақаларини юритиш шарт эмас деб ушбу кўрсатмани бажармайдилар, бунда бухгалтерияда инвентар рўйхатларининг нусхалари мавжудлигига асосланадилар, инвентар варақалари юритиладиган корхоналарда эса, ҳар доим ҳам барча реквизитларни қайд этиш талабларига риоя қилинмайди; 2) моддий жавобгарлик фақат асосий воситалар ҳисоби счетларида ҳисобга олинган хусусий маблағлар бўйича ташкил этилади; 3) Бош китоб бўйича асосий воситалар мавжудлиги тўғрисидаги маълумот инвентар варақаларидаги асосий воситалар бўйича қолдиқларига номувофиқлиги кўпчилик ҳолатларда эскириш нотўғри ҳисобланишига олиб келади; 4) асосий воситалар сотиб олинган нархлари бўйича кирим қилинмайди; 5) қарзга олинган маблағлар бўйича тўланган фоизлар харажатлари дастлабки қиймат таркибига киритилиши; 6) жисмоний шахслардан асосий воситаларни сотиб олишда ҳар доим ҳам даромад солиғи ушлаб қолинмайди; 7) асосий воситалар бўйича эскиришни ҳисоблаш чоракда бир маротаба амалга оширилади; 8) корхонада меъёрий фойдаланиш муддати тугаган объектлар бўйича эскириш ҳисобланиши давом этади; 9) қонунга хилоф равишда асосий воситалар бўйича тезлаштирилган эскириш ҳисобланади; 10) асосий воситалар ишга туширилгандан кейин эскириш йил бўйича бир текисда ҳисобламасдан, биринчи ойда ёки биринчи чоракда уларнинг 50% баланс қиймати ҳисобдан чиқарилади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling