А у д и т тошкент 2008 «Аудит» (дарслик). Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, 2008 й. Муаллифлар жамоаси
Download 0.58 Mb.
|
2 5300977159324569876
4.6. Асосий воситаларга эскириш ҳисоблаш тўғрилигини текшириш
Эскириш – бу асосий воситалар қийматини, ҳисобот даври давомида тизимлашган услубда, босқичма – босқич ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) қийматига ўтказишдир. Асосий воситаларга эскириш ҳисоблашни аудит текширувидан ўтказаётганда аудиторнинг вазифаси асосий воситаларга нисбатан эскиришни ҳисоблаш усуллари тўғри қўлланилганини текшириш ва тасдиқланган меъёрларига риоя қилинаётганини назорат қилишдан иборат. Асосий воситалар объектлари бўйича ҳар ойда эскириш ҳисобланишининг тўғри амалга оширилганлиги катта аҳамиятга эга. Чунки эскириш меъёрларининг билмаган ҳолда ёки атайин белгиланган нормадан ошириш ёки камайтириш маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини нотўғри аниқлашга, бинобарин, олинган фойда ва бюджетга тўловлар миқдорларини нотўғри ҳисоблашга олиб келади. Натижада мижоз молиявий ҳисоботнинг бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботларида корхона молиявий ҳолати ва молиявий фаолияти натижаларига доир маълумотлар БҲМС талабларига мос бўлмаган тартибда келтирилади. Амортизация ажратмаларининг меъёрлари ҳар бир инвентар объектнинг дастлабки қийматига нисбатан белгиланган фоиз ҳисобида аниқланади. Уларнинг бир ойлик меъёри бир йиллик меъёрнинг 1/12 миқдорида белгиланади. Асосий воситаларнинг янгиланишида корхоналар ва ташкилотларнинг манфаатларини ошириш мақсадида уларнинг фаол қисми (машина, ускуна, транспорт воситалари) бўйича тезлаштирилган эскириш меъёрлари қўлланилади, яъни, ушбу маблағларнинг дастлабки қиймати ишлаб чиқариш ва муомала харажатларига, эскириш бўйича кўзда тутилган меъёрлардан ташқари қисқароқ вақтда тўлиқ ўтказилиши мумкин. Бунинг учун корхоналарга эскириш меъёрларини кўпи билан икки маротаба ошириш рухсат этилган. Эскириш ҳисобланишини текширганда аудитор фойдаланиш муддатларини ўтаб бўлган ва эскириш тўлиқ ҳисобланиб бўлган асосий воситалар бўйича ҳисобланган эскиришни ҳам текширади. Аудитор танлаш усулида ҳисобланган эскириш бўйича қайдномаларни текширади. Бунинг учун у Бош китобдаги асосий воситалар эскириши бўйича счетлардан ҳисобланган эскириш бўйича энг кўп фарқлар бўлган ойни танлаб олади. Аудитор бунинг асосланганлигини текширади. Агар эскириш нотўғри ҳисобланганлиги ҳоллари мавжуд бўлса, айбдор шахслар ва сабаблари, шунингдек, ушбу омиллар харажатларга ва фойдага таъсири аниқланади. Агар корхонада тезлаштирилган эскириш қўлланилса, аудитор у тўғри ҳисобланганлиги ва қўлланилганлигини текширади, чунки тезлаштирилган эскириш асосий воситаларнинг фақат фаол қисми учун қўлланилиши мумкин, бунда меъёр икки баробардан юқори кўтарилиши мумкин эмас. Жорий ижарага берилган асосий воситалар бўйича эскириш ижарага берувчи томонидан ҳисобланади. Асосий воситалар бўйича ҳисобланган эскириш суммаси уларнинг ишлатиш жараёнида эскирганлигини кўрсатади, шунинг учун, бухгалтерияда асосий воситалар эскириши кўпайганлиги ва шу вақтнинг ўзида корхона харажатлари кўпайганлиги тўғрисида ёзув амалга оширилади. Аудит ўтказиш жараёнида эскиришни ҳисоблашда асосий воситаларнинг барча объектлари ҳисобга олинганлиги, асосий воситалар ҳаракати ҳисобга олинган ҳолда эскириш ҳисоболанганлиги, эскириш меъёрлари тўғри қўлланилганлиги текширилади. Ер участкаларига амортизация ҳисобланмайди. Шунингдек қуйидаги асосий воситалар бўйича амортизация ҳисобланмайди: а) маҳсулдор қорамоллар; б) кутубхона фондлари; в) ҳокимиятларга бўйсунадиган ободонлаштириш иншоотлари; г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган фондлар; д) музей қимматликлари; е) архитектура ва санъат ёдгорликлари; ж) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари; з) тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар. Асосий воситалар объектлари бўйича эскириш, ушбу объект бухгалтерия ҳисобига олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисобланади ва ушбу объектнинг қиймати тўлиқ қоплангани ёки хусусий эгалик қилиш ҳуқуқи ёки бошқа мулк ҳуқуқи тугатилгани муносабати билан бухгалтерия ҳисобидан чиқарилгунгача қадар давом этади. Асосий воситалар объектлари бўйича эскиришни ҳисоблаш ушбу объект бўйича эскириш тўлиқ қопланган ёки у бухгалтерия ҳисобидан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи куни тўхтатилади. Асосий воситалар объектлари бўйича ҳисобланган эскириш бухгалтерия ҳисобида у тегишли бўлган ҳисобот даври бўйича акс этилади ва корхона ушбу ҳисобот даврида фаолият натижалари қандай бўлганлигидан қатъи назар ҳисобланади. Асосий воситалар объектлари бўйича ҳисобланган эскириш бухгалтерия ҳисобида акс этилиши тегишли суммалар алоҳида счетда жамлаш йўли билан амалга оширилади. 2004 йил 30 январдан бошлаб 2003 йил 09 октябрда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 2004 йил 20 январда 1299 сон билан рўйхатдан ўтган 5-сонли “Асосий воситалар” Ўзбекистон Республикаси БҲМСсига мувофиқ эскиришни ҳисоблаш тартиби ўзгартирилган. Стандарт кучга киритилгунга қадар фақат бир хил, яъни тўғри чизиқли усул қўлланилар эди. 1999 йил 1 январдан бошлаб эскиришни ҳисоблаш бўйича қўшимча равишда қуйидаги усуллар жорий этилган: 1) эскириш ҳисобланишининг бир текисда (тўғри чизиқли) усули; 2) эскиришни ишлаб чиқарилган маҳсулот, бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб ҳолда ҳисоблаш усули (ишлаб чиқариш); 3) ҳисобдан чиқаришнинг тезлаштирилган усули; а) камайиб борувчи қолдиқ усули; б) фойдали ишлатилган йиллар йиғиндиси бўйича қийматни ҳисобдан чиқариш (кумулятив усули); Ҳисобланган эскириш суммаси эскириш ажратмалари кўринишида мунтазам равишда бутун фойдали ишлатиш ёки меъёрий хизмат қилиш муддати давомида субъект харажатларига тақсимланади. Эскириш ҳисобланишининг бир текисда (тўғри чизиқли) усули шундан иборатки, бунда эскириш (амортизация) бир маромда, тенг бўлган улушларда, асосий воситалардан фойдали ишлатилиши муддати давомида уларнинг қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Эскиришни ишлаб чиқариш усули бўйича ҳисоблаш асосий воситалар фойдали хизмат муддатларида ишлаб чиқариш бирликларини ҳисобга олишга асосланган. Ушбу усул бўйича ҳар йилги эскириш миқдорини аниқлаш учун объектнинг бутун фойдали ишлатиш муддати бўйича умумий баҳоланадиган жамланган иш маҳсули ва ушбу аниқ йилдаги иш маҳсулини билиш лозим. Иш маҳсули сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлиги, ишлатилган соатлар миқдори ва бошқалар бўлиши мумкин. Асосий воситалар жадаллик билан ишлатилганда ҳамда илмий-техникавий тараққиётнинг таъсири катта бўлганда, асосий воситаларнинг эскириши тезлаштирилган йўл билан ифодаланади ва улар қуйидаги усуллар билан ҳисобланади: эскириш меъёрлари икки баробар оширилган ҳолда камайиб борувчи қолдиқ усули ва йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул). Камайиб борувчи қолдиқ усул активнинг фойдали ишлатиш даври бўйича эскириш суммаси камайиб боришлигини англатади. Ушбу усулнинг маъноси шундан иборатки, бунда бир текисда (тўғри чизиқли) усулида қўлланиладиган эскириш меъёрлари икки баробарга кўпайтирилади ва асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати нисбатан қўлланилади. Йиллар йиғиндиси (кумулятив) усул – бунда ҳар бир йилда эскириш меъёрлари эскиришнинг охиригача қолган эскириш қийматининг улуши сифатида аниқланади. Улуш эскириш ажратмалари тугалланишигача қолган тўлиқ йиллар миқдорини эскириш муддатини ташкил этувчи йиллар йиғиндисига бўлиш йўли билан аниқланади. Турли хил асосий воситалар учун эскириш ҳисоблашнинг турли хил усулларини қўллаш мумкин. Бунда асосий воситаларнинг бир турига фақат бир хил эскириш ҳисоблаш усулини қўллашга йўл қўйилади. Эскиришни ҳисоблаш учун танлаб олинган усул ҳисоб сиёсатида белгиланиши ва бир ҳисобот давридан иккинчи ҳисобот давригача қўлланилиши ҳамда йил давомида ўзгартирилмаслиги лозим. Қўлланиладиган эскиришни ҳисоблаш усулидан қатъи назар, ҳисобот йили давомида асосий воситалар объектлари бўйича эскириш ажратмалари ҳар ойда йиллик сумманинг 1/12 миқдорида ҳисобланади. Асосий воситаларни эскириш ажратмаларининг тегишли гуруҳлари бўйича тўғри ажратиш муҳим аҳамиятга эгадир. Эскириш харажатлар счетлари ёки бошқа манбалар бўйича тўғри ўтказилганлигини текшириш учун асосий воситалар ишлаб чиқариш турларга мансуб ёки мансуб эмаслигини аниқлаш лозим. Эскириш ҳисобланишини текшираётганда аудитор асосий воситалар бўйича эскириш ҳисобланишига, масалан, ижтимоий-маданий объектлар бўйича эскириш маҳсулот таннархига киритилаётганлигига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Ҳозирги пайтда кўпчилик корхоналар фаолият кўрсатмасдан туриб қолишлиги ёки икки сменадан кам ишлаётганликлари муносабати билан, асосий воситалар заҳирада сақланмоқда ёки консервация қилинган. Эскириш ҳисобланиши бир текисда тўхтатилиши ёки амалдаги меъёрларга камайтирувчи коэффициентларни қўллаш текширув ўтказишнинг муҳим элементи ҳисобланади (эскиришни ҳисоблаш бўйича кўпчилик меъёрлар ускуналарнинг икки сменада ишлатилиши асосида белгиланганлигини унутмаслик керак). Тўлиқ эскириб бўлган асосий воситалар бўйича эскириш ажратмалари ҳисобланиб борилаётганлигини текшириш муҳим аҳамиятга эгадир. Эскириш меъёрларини белгилашда, айниқса ҳужжатларда шифрлар қайд этилмаган асосий воситалар объектлари бўйича хатоликларга йўл қўйилмаётганлигини текшириш лозим. Корхонанинг БҲМС талаблари асосида ҳисобланган эскириш (амортизация) ажратмалари суммаси солиқ талабларидан фарқли чиқмаслиги мақсадида Солиқ Кодексида асосий воситаларнинг асосий турлари бўйича эскириш меъёрлари белгиланган. Улар қуйидагича: 1. Енгил автомобиллар, такси, йўлларда фойдаланиш учун қўлланиладиган автотрактор техникаси, махсус асбоб-ускуналар. Компьютерлар, периферия қурилмалари ва маълумотларни қайта ишлаш ускуналари – 20%; 2. Юк автомобиллари, автобуслар, махсус автомобиллар ва автотиркамалар; саноатнинг барча тармоқлари, ишлаб чиқариш учун машиналар ва ускуналар; темирчилик-пресслаш ускуналари; қурилиш ускуналари; қишлоқ хўжалик машиналари ва ускуналари; офис учун мебел – 15%; 3. Темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти воситалари; кучланиш машина ва ускуналари; иссиқлик техникавий ускуналари, турбина ускуналари, электрдвигател ва дизел-генераторлар; электр қувватини узатиш ва алоқа қурилмалари; қувурлар – 8%; 4. Бинолар, иншоотлар ва қурилмалар – 5%; 5. Бошқа гуруҳларга киритилмаган эскириш ҳисобланадиган объектлар – 10%. Асосий воситалар бўйича амортизация суммалари солиқ ва бухгалтерия стандартлари талаблари бўйича турлича чиқмаслигини таъминлаш барча ривожланган давлатлар солиқ ва бухгалтерия ташкилотларининг диққат марказидаги масаладир. Хусусан, АҚШда корхоналар US GAAP талаблари бўйича акс эттирилган асосий воситалар ва улар бўйича эскириш суммаларини даромад солиғи ҳисоблаш мақсадида АҚШ Солиқ Қўмитаси (Internal Revenue Service) томонидан ишлаб чиқилган ACRS (Accelerated cost recovery system / 1986 йилдан MACRS) тизими бўйича ҳисоблайдилар. Ушбу тизим Республикамиз Солиқ Кодексида келтирилгани сингари асосий воситаларнинг асосий гуруҳлари бўйича йиллик эскириш фоизларини, фойдали муддати ва эскириш ҳисоблаш услубини белгилайди. Мисол учун, асбоб – ускуналар еттинчи гуруҳда туради ва улар бўйича эскириш камайиб борувчи қолдиқ усули бўйича ҳисобланиши шарт. Эскириш ҳисобланиши назорат қилинганда айрим корхоналарга (масалан, кичик корхоналар ва бошқалар) ишлаб чиқариш фондларининг фаол қисми бўйича эскириш ҳисоблашининг тезлаштирилган усулини қўллаш рухсат этилганлигини унутмаслик керак. Эскириш ҳисоблашнинг тезлаштирилган усули корхона томонидан ҳисоб сиёсатининг элементи тариқасида қўлланилади ва расмийлаштирилади. Аудитор томонидан хатолар ва камчиликлар аниқланганда, улар мижозга маълумот учун тақдим этилиши, уларни тўғрилаш, регистрлар ва ҳисобот шаклларига тегишли тузатишлар киритиш бўйича тавсиялар берилиши лозим. Эскиришни ҳисоблашда йўл қўйилган барча хатоликлар ва камчиликлар бўйича кўп ёки кам ҳисобланган эскириш суммалари аниқланади. Улар маҳсулот қиймати ва молиявий натижаларга қандай таъсир кўрсатганлиги, хатолар ва камчиликларга йўл қўйган шахслар ва сабаблари аниқланади, келажакда бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун чора-тадбирлар белгиланади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling