Алижон турдалиев к о м п о з и ц и я
IX-боб. МАҲОБАТЛИ САНЪАТ КОМПОЗИЦИЯСИ
Download 0.87 Mb.
|
kompozitsiya
IX-боб. МАҲОБАТЛИ САНЪАТ КОМПОЗИЦИЯСИМаҳобатли санъат-тасвирий санъат тури бўлиб, улуғвор умумхалқ ғояларини ўз ичига олувчи, оммавий тарзда идрок ятишга мўлжалланган архитектура билан боғлиқ ёки архитектура ансамбли ичида намоён бўлувчи санъатдир. Бунга хайкал-монументлар, тарихий воқеа ва шахсларга оид ёдгорликлар, асрий оламшумул ўзгаришларга бағишланган мемориал ансамбллар, архитектура қуришлишларидаги ҳайкаллар ва безакли рангтасвирлар киради. Маҳобатли санъатнинг дастгоҳли рангли тасвирдан фарқи, у музей, кўргазма, хусусий бинолар учун эмас, балки майдонлар, кўчалар, парк ва хиёбонлар учун ишланади. У маъмурий биноларнинг маълум бир таркибий қисми ҳисобланади. Табиий ва меъморий ансаблда эса алоҳида ўз образли якуни билан қатнашади. Маҳобатли санъат тарихий жараёнлар ва халқ ҳаётидаги муҳим воқеалар билан ҳамнафас бўлади. Шу ўринда «маҳобатли санъат» ва «маҳобатлилик» тушунчаларини фарқлаб олиш ҳам зарур. Маҳобатлилик бу масштаблилик, аҳамиятлилик, образларнинг улуғворлиги, катта ғоявий мазмунга эгаликдир. У эстетиканинг улуғворлик категориясига таалуқли бўлиб, фақат маҳобатли санъатдагина эмас, барча санъат турларида, жумладан тасвирий санъатнинг бошқа турларида қўлланилади. Ўз навбатида маҳобатли санъат асарлари баъзи бир ҳолларда маҳобатлилик сифатларига эга бўлмаслиги, лирик ёки маиший жанр характерида бўлиши мумкин. Маҳобатли санъат тушунчаси декоратив санъат тушунчасига жуда яқин туради. Ваҳоланки, сўнгги пайтларда биринчи навбатида маҳобатли санъатда архитектурани безатиш вазифаси туради ёки функционал-конструктив жиҳатдан ранг, чизма, безаклар билан кўрсатилади, демак шунда маҳобатли санъат нафақат безаш ва балки алоҳида равишда ғоявий акс эттириш аҳамиятига ҳам эгадир. Шу сабабли, бу турлари бўйича ўртада чегара бўлмайди, декоратив-маҳобатли ёки маҳобатли-декоратив санъати деб қўлласа ҳам бўлаверади. Маҳобатли санъатнинг архитектура ансаблидаги у ёки бу санъатнинг роли ва ўрнига қараб қуйидагича турга ҳам ажратилади: бинонинг фасади ёки интерьер ҳайкаллари; деворий ёки потолок безак суратлари. Шунингдек, ишлатиладиган материал ва бажариладиган техникасига қараб панно, фреска, мазаика, витраж, сграфитто ва бошқа турларига бўлинади. Панно - деярли холстда бажарилади, одатда рангтасвир техникасида бажарилади, экспозицияга тугатилган ҳолда олиб чиқилади ва бино интерьерини безатишда ишлатилади. Панно ҳайкал-рельеф шаклида бўлиши ҳам мумкин. Фреска - италянча сўз бўлиб, янги, қуримаган деган маънони билдиради. У қадимги санъат тури ҳисобланади. У деворга чизилади. Рангларни сув билан аралаштириб хўл сувоқ қатламига ишланади. Юза казеин-охакли бўлиши мумкин. У кўпроқ рангтасвир услубида ишланади. Мазаика - смальта, мармар, сопол плитка (кошин), табиий рангли тошлардан материал сифатида текис юзга ёпиштириб ишланадиган тасвир. Мазаика тасвирнинг рангли парчалари ўша жойнинг ўзида терилади. Баъзан рангли тошларни юзи билан махсус юзага вақтинчалик ёпиштириб олиб, сўнг ҳақиқий жойига ўрнатиб олиш усулидан ҳам фойдаланилади. Витраж - ўзидан ёруғ ўтказувчи рангли шишалардан ясалган нақш ёки мавзули композиция ҳисобланади. Витраж асосан эшик, дераза, фойедаги ёруғлиқ ўтадиган жойларга жойлаштирилади. У хона ва залларга рангли тасвир орқали ёруғлик ўтказади ва ўзида маълум рангли композицияни мужассам этади. Маҳобатли санъатнинг специфик белгилари ва унинг композицион жиҳатлари мазмунан ва умумий композиция қонунлари иштирокида тасвирий санъат воситаларини реализация қилишдан келиб чиқади. Хатто айтиш мумкин, маҳобатли санъатда яхлитлик ва контрастлар қонуни декоратив маҳобатли санъатни специфик жиҳатларини намоён этади. Бу соҳа рассоми доимо ўзига ҳисоб бериб туриши керак, қайсики унинг олдида катта маъсулият турибди, у энг ноёб, қимматбаҳо материаллар билан ишлайди, катта хажмда ишлайди, абадий даҳлдор бўлган ижодий асар яратади. Унинг бу асарини неча асрлар, неча минлаб томошабинлар баҳолайди. Бу ишга катта маъсулият юклайди. Масалан, ҳайкалтарошликда бронза одамнинг ҳайкал-обра-зини, инсоннинг ҳиссиётли кечинмаларини бўрттириб кўрсатиб беради. Шу билан бирга бронза композициянинг барча пластик ечимларини, нюансларни ифодавий кўрсатиб беришга имкон яратади. Мрамор, аксинча, майда деталлаштиришга тоқати йўқ, бу материал аъло даражада одам танасини иссиқлиқ тафтини, нозиклигини, юзнинг тўлқинланган ифодасини мато ва кийимларини юмшоқлигини, ҳис килишга имкон беради, бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиш жойлари пластикасини яхши ифодалайди. Маҳобатли санъат асарлари улкан, беқиёс таъсир кучига эга бўлиб, мавзунинг улуғворлиги, ўзининг катта хажмлилиги билан характерланади. Композициянинг яхлитлик қонуни маҳобатли санъатда алоҳида зарур, наинки у, асарнинг узоқ масофадан ҳам аниқ, тушунарли бўлиши талаб этилади. Узоқ масофадан эса майда шакллар кўринмайди, бу санъат учун деталлар сони аҳамиятли ҳам эмас, ёрдамчи деталлар умумлаштирилади, шакли ҳам бирмуча яхлитлаштирилади. Маҳобатли композициянинг конструктив ғоясида силуэтлар контрасти жо этилиш зарурки, турли фигура ва предметларни узоқ масофадан таниб бўладиган даражада, табиат фонида куринувчи силуэтнинг аниқлиги монумент учун зарурдир. Хуллас, композициянинг асосий қонунлари маҳобатли санъатнинг моҳиятан вазифалари ва шартларига кўра, шу санъат спецификасини ҳисобга олган холда ҳаракатда бўлади. Бу шарт-шароитларнинг ҳусусиятлари шу билан хулосаланадики, маҳобатли санъат фақат меъморий ва табиий фазо-муҳит билан тўлалигича намоён бўлади. Маҳобатли санъат қадимги Миср ва Қадимги Грецияда кенг ривожланган. Унинг машҳур образларини Византия (Равенна мазаикалари) ва қадимги рус санъати (Киев, Новгород, Псков, Владимир, Москва) да ҳам учратилади. Маҳобатли санъат Уйғониш даврида гуркираб ривож топди. Сикстин капелласидаги Микеланджелонинг суратлари, Ватикан саройидаги Рафаэл фрескалари, Веронезе деворий рангтасвирлари, Донателло, Вероккоъо, Микеланджело ва бошқаларнинг ҳайкал-монументалари ўша даврнинг энг нодир монументал асарлари бўлиб қолди. Маҳобатли санъатни ҳам ўз ичига олувчи пластик санъатларнинг синтези сифатида борокко, рококо, классицизм услублари характерлидир. Маҳобатли санъат кенг маънодаги инсон жасоратини, гўзаллигини ифодалаш билан бирга, у инсонларни яшаш, ҳаракат қилиш, фаолият кўрсатиш муҳитини гўзаллаштиради, омманинг эстетик дидларини тарбиялайди. Download 0.87 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling