Қарши давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи phd 03


Тадқиқот натижаларининг апробацияси


Download 167.54 Kb.
bet7/22
Sana11.03.2023
Hajmi167.54 Kb.
#1259668
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   22
Bog'liq
АВТОРЕФ ОТМ ХАЛҚАРО 28.02.2023(3)

Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Диссертация натижалари илмий мақола ва тезис шаклида 3 та халқаро ва 6 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 9 та илмий иш чоп этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий натижаларини чоп этиш тавсия этилган нашрларда 3 та ҳамда 3 та хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Тадқиқот кириш, учта боб, хулоса ва фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловалардан иборат. Диссертациянинг тадқиқот қисми 143 бетни ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Диссертациянинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва зарурияти асосланиб, ишнинг мақсад ва вазифалари, объекти ва предмети белгилаб олинган. Ишнинг Ўзбекистон Республикаси фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги, илмий янгилиги ва амалий натижалари асослаб берилади. Шунингдек, олинган натижаларнинг ишончлилиги асосланиб, унинг назарий ва амалий аҳамияти очиб берилган. Тадқиқот натижаларини амалиётга жорий қилиниши, ишнинг апробацияси, эълон қилинган ишлар ва диссертациянинг тузилиши бўйича маълумотлар берилган.


Диссертациянинг “Ўзбекистоннинг халқаро нуфузли ташкилотлар билан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги” деб номланган биринчи бобининг биринчи параграфи олий таълим тизимида халқаро алоқаларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини таҳлил этишга бағишланади.
Mустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб олий таълим соҳасида халқаро алоқаларни йўлга қўйишда тизимнинг ҳуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро олий таълим муассасасида халқаро алоқаларни йўлга қўйиш стратегияси пост-индустриялашган жамият шароитида олий таълимни модернизация қилиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича фундаментал ҳужжатларни ишлаб чиқишда Халқаро ҳуқуқий нормативлар, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий нормативлари ва ОТМларнинг ички низомларига алоҳида аҳамият қаратилди.
Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги халқаро алоқаларга доир ислоҳотлар 1992 йил 2 июлдаги “Таълим тўғрисида”ги қабул қилинган Қонунда ўз аксини топди. Ушбу Қонуннинг 7-боби халқаро ҳамкорлик алоқаларига бағишланган бўлиб, ҳужжатнинг 44-моддасида “…таълим муассасалари ва таълим тизимидаги корхоналар қонунларда белгиланган тартибда таълимга доир муаммолар юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, хорижий мамлакатларнинг ўқув юртлари ва илмий муассасалари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, улар билан биргаликдаги ўқув юртлари очиш ҳуқуқига эгалар’’5 деб таъкидланган.
Ўзбекистон олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликда ислоҳотчилик жараёнларини халқаро миқёсда ва мамлакатимизда тўпланган тажрибага таянган ҳолда амалга оширишга ҳаракат қилди. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликда йўлга қўйишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, жумладан, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг 4-банди 4.15-бўлими6 “Таълим ва кадрлар таёрлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик” деб номланди.
Олий таълим тизимида халқаро алоқаларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган халқаро талабалар алмашуви ҳисобланиб ушбу йўналишни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 4 августда Вазирлар Маҳкамасининг 169-сонли қарори “Хорижий давлатлар фуқароларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги7 қарори қабул қилинди.
2016 йилдан бошлаб барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида ҳам туб бурилиш даври бўлди. Таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида таълим ва олий таълим соҳасига доир қонун ва қарорларлар қайта кўриб чиқилди ва қўшимча чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинди. Таълим тизимининг барча бўғинлари, шу жумладан, олий таълим муассасалари фаолиятини тубдан ўзгартириш, олий таълим муассасаларини халқаролаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тўғрисидаги Фармонининг 3-боби 9-бандида Олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш ҳақида фикр билдирилади: “…хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолиятини кенгайтириш, ҳамкорликда ўтказиладиган илмий конференциялар ва семинарлар сонини кўпайтириш, халқаро илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш.”8 каби қатор вазифаларни қўяди.
Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда Олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорлика катта урғу берилди. Жумладан, Қонуннинг 10-боби “Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик” деб номланиб, унинг 67-68-69-моддаларда9 таълим муассасалари қандай ҳолатда тегишли хорижий мамлакатларнинг таълим муассасалари ва ташкилотлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириши, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик қандай халқаро шартномалари ва қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролар қандай тартибда халқаро шартномаларга мувофиқ ёки якка тартибда хорижда таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги бўйича бандлар киритилди.
Биринчи бобнинг иккинчи параграфида Ўзбекистон олий таълим тизимини ривожлантиришда нуфузли халқаро ташкилотларининг ўрни масаласи таҳлил этилади.
Олий таълим соҳаси Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан биридир. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 1995 йилда “Ипак йўлларини яхлит ўрганиш – Ўзбекистон йўллари” Ўн йиллик дастури якуни сифатида ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтининг минтақавий филиали очилди10. Шунингдек, 1996 йилда Самарқанд давлат университети илмий кутубхонасига БМТ ваколат хонаси томонидан 3 мингга яқин китоб тақдим қилинди11. Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорлик давомида мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда таълим тизими учун малакали ўқитувчилар ва замонавий дарсликлар тайёрлаш учун 215 минг АҚШ доллар миқдорида грант ажратди12. 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 46 та ўқув муассасалари ЮНЕСКОнинг Бирлашган таълим тармоғига аъзо сифатида фаолият юритди13. ЮНЕСКО кўмагида илмий тадқиқот ишлари юзасидан ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, илмий кадрлар ва талабаларнинг илм-фан соҳасидаги изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг бир нечта олий ўқув юртларида ЮНЕСКО кафедралари ташкил этилди. Хусусан, 1998 йил 6 ноябрда Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида ЮНЕСКО кафедраси очилди. Мазкур кафедра астраномия ва физика фани назарий муаммолари устида изланишлар олиб борди14.
Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида ЮНЕСКО томонидан “1998-2000 йиллар олий таълим бўйича халқаро дастур ва тавсияномалар” ишлаб чиқилди. БМТ томонидан “Саводхонлик ўн йиллиги” (2002-2012 йй), “Барқарор тараққиёт таълими ўн йиллиги” (2004-2014 йй), “Таълим барча учун” (2005-2015 йй) каби таълим соҳасига оид асосий дастурлар қабул қилинди15. Мазкур дастурларни амалга ошириш бўйича ЮНЕСКО етакчи ташкилот сифатида эътироф этилди. Ушбу дастурлар асосида Республикада янги типдаги Давлат таълим стандартлари қабул қилинди.
2014 йил 20 июнда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида учрашув бўлиб ўтди16. 2015 йил 27 январда ҳам мазкур ташкилот билан таълим тизимини такомиллаштириш соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди17.
ЮНЕСКОнинг “Миллий биологик хилма-хиллик стратегияси ва ҳаракатлар (НБСАП), уларни амалга ошириш ва таъминлаш биологик хилма-хиллик масалалари” доирасида Ўзбекистон Республикасида Таълим ва тарғибот ишлари олиб борилди. Ҳамкорликда “Ўзбекистонда экологик таълимни ривожлантириш, экология бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш; шунингдек, республикада малака ошириш тизимини такомиллаштириш истиқболлари” лойиҳаси тайёрланди ва амалиётга жорий этилди18.
2020 йили БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва ЮНЕСКО билан биргаликда Ўзбекистоннинг илм-фан, инновация ва технологик ривожланиши сиёсатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича меморандум имзоланди19. Натижада 2020 йил 27 февралда “Ангрй Бирдс” ўйини асосчиси П.Вестербака иштирокида Илғор технологиялар марказида ўзбекистонлик ёшлар учун стартап лойиҳалар билан ишлашда Финляндия тажрибаси бўйича мастер класс ўтказилди, унда 70 нафарга яқин талаба-ёшлар, стартапчилар иштирок этди ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан ҳамкорликда 250 минг Евро қийматидаги «Замонавий инновацион марказлар - 2022» техник ёрдам лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди.
Хуллас, Ўзбекистонда мустақиллик йиллари олий таълим тизимидаги ислоҳотлар халқаро нуфузли ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда олиб борилиши, соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу борада тўла ҳуқуқий асослар яратилди. Айниқса, ЮНЕСКО билан турли олий таълим муассасаларининг ҳамкорлиги йилдан-йилга ривожланиб, қатор ижобий натижаларга эришилди.
Диссертациянинг иккинчи боби “Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ташкилоти ва хорижий давлатлар билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги” деб номланиб, унинг биринчи параграфида Европа Иттифоқи ташкилотининг халқаро лойиҳаларида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг иштироки масаласи ёритиб берилади.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигида таълим, айниқса, олий таълим соҳаси етакчи ўринда турди. Ўзбекистон ОТМларини Европа Иттифоқи билан илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари TEMPUS, ТАСИС ва Erasmus+ дастурлари доирасида ривожланди. 1994 йилдаёқ «TEMPUS» ва «Erasmus Mundus» лойиҳалари доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари Европа давлатлари илмий тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари билан қизғин ҳамкорлик қилди20.
TEMPUS (инглизчада Trans-European Mobility Programme for University Studies) – халқаро грант дастури – бу Шарқий Европа, Ғарбий Болқон минтақаси, Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги ҳамкор-давлатларда олий таълимни ислоҳ этишга қаратилган ва асосан университетлараро ҳамкорлик лойиҳалари орқали кўмаклашувчи Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган дастурлардан бири ҳисобланади. TEMPUS халқаро дастури доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари 1994-2004 йил давомида 80 дан зиёд халқаро ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилган бўлиб, мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун Европа Комиссияси томонидан жами 34 миллион евродан зиёд маблағ ажратилди21. Жумладан, TEMPUS II 6.14 миллион евро (1994-2000), TEMPUS III 11.3 миллион евро (2000-2006), TEMPUS IV: 16.6 миллион евро (2007-2013) 22. Ўзбекистонда TEMPUS халқаро дастури билан ҳамкорликни биринчилардан бўлиб, Тошкент кимё технологиялари институти бошлади. Европа давлатларининг машҳур олий ўқув юртлари билан мазкур институт ўртасида халқаро муносабатларнинг ўрнатилиши натижасида 1995 йили TEMPUS-TASIS p-SEP-02188-95 лойиҳаси имзоланди23. TEMPUS лойиҳаларида Ўзбекистондаги 40 дан зиёд ОТМ қатнашди. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг 96 та университетлари Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан лойиҳавий консорциумларда иштирок этди24.
1997-2001 йиллар давомида ТАСИС дастури билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Миллий университетнинг 9 та аспирант ва 2 та докторанти Англия, Франция ва Испанияда амалиёт ўтади 25. Дастур доирасида Тошкент иқтисодиёт университетида илмий-педагог кадрларни тайёрлаш лойиҳаси бўйича иш олиб борилди. 1998 йил 16 сентябрида Қарши давлат университетида Европа экспортларининг ТАСИС дастури бўйича илмий семинар ўтказилди26.
1999 йили Тошкент Давлат иқтисодиёт университети TEMPUS дастури асосидаги 1 КОТА5 (300,0 минг АҚШ доллари) лойиҳаси бўйича Бельгия университети ва Италиянинг Милан политехника университети билан ҳамкорликни ўрнатди27.
TEMPUS дастурининг тўртинчи босқичидаги 6 та танлов доирасида амалга оширилган 30 та лойиҳаларда Ўзбекистон олий таълим муассасалари фаол иштирок этди. Ушбу лойиҳалардан 14 таси ўқув дастурини ислоҳ этиш бўйича қўшма лойиҳалар эди. Биргина 2013 йили ушбу йўналишда 11 лойиҳа (INOCAST, MACH, HIGHVEC, UNIWORK, DeTEL, SAMUz, PROMIS, MATcHES, UZDOC, UZHELTH) бўйича ҳамкорлик қилинди28. Умуман, TEMPUS лойиҳалари ёрдамида Ўзбекистон вилоятларида жойлашган 58 та ОТМда Европа университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди29.
2008-2015 йиллар давомида жаҳоннинг бир нечта давлатлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ОТМлари ўртасида грант лойиҳалар амалга оширилиб келинди. Мисол учун, 46 та Ўзбекистон ОТМлари, шунингдек,
10 та ҳамкор ва 22 та Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан жами 150 ОТМ иштирок этган 30 та TEMPUS лойиҳаларининг 20 таси кўп давлатли лойиҳалар эди30.
TEMPUS дастурининг 24 йиллик муваффақиятли фаолияти туфайли бевосита лойиҳанинг давоми сифатида Erasmus Мундус дастури эълон қилинди. Бу лойиҳа 2014-2020 йилларга мўлжалланди31.
Erasmus+ дастури бўйича Марказий Осиё давлатлари иштирокида 23 та лойиҳа молиялаштириш учун танлаб олинган ва бунда 12 та лойиҳада Ўзбекистон ОТМлари қатнашди. Лойиҳа гуруҳлари 27 ОТМлар, яъни Тошкент шаҳрининг 13та ОТМлари ва 8та вилоятнинг 14 та ОТМлари – 8та минтақавий ва 4та миллий лойиҳаларда Европа Иттифоқига аъзо 14та давлатларнинг 42 та университетлари билан ҳамкорликни Erasmus+ дастури доирасида бошлади32.
Умуман олганда, Erasmus+ дастури доирасида, 2015-2020 йиллардаги танловлар натижасида республикамизнинг 45 дан ортиқ олий ўқув юртлари Европа университетлари билан 432 та ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бўлиб, бу билан 1423 нафар талаба, докторант ва ўқитувчиларнинг Ўзбекистондан Европага мобиллиги таъминланди ва 644 нафар иштирокчи, шу жумладан, Европа университетлари докторантлари ва профессорлари Ўзбекистонга ташриф буюрди33.
Иккинчи бобнинг иккинчи параграфида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлиги масаласи таҳлил этилади.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида мустақилликнинг дастлабки йилларидан Япония, Жанубий Корея, Греция, Миср, Италия, Польша ва бошқа хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатдилар34. Ўзбекистон олий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Корея Республикасининг (KOICA), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Германия Академик алмашинув хизмати (DAAD), АҚШнинг таълим ва тил ўрганиш ҳамкорлиги ташкилоти (AKSELES, AYREKS,) Тинчлик корпуси каби халқаро ташкилотларнинг таълим дастурлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйди35.
1995-1997 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бевосита
20 дан ортиқ мамлакатлар билан таълим соҳасида ўзаро алоқалар олиб бориб, ҳамкорлик қилди. Шу йилларда Ўзбекитоннинг 1960 фуқароси, яъни 1683 талаба, 115 аспирант, 162 та тадқиқотчи ўқитувчи хорижий давлатларда таълим олди36.
Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2014 йилда Синология факультети очилди. Ушбу факультетда иккита ихтисослаштирилган “Хитой филологияси” ва “Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти” кафедралари фаолияти йўлга қўйилди37.
Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон Республикаси билан олий таълим соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик қилиб келаётган давлатлардан яна бири - бу Корея Республикаси бўлди38. Ўзбекистон Олий таълим муассасалари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (“KOИCA”) дастури асосида олиб борилди39.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
2000 йили Чумбук университети (Жанубий Корея) ҳамкорлик шартномаларини тузди40. Шунингдек, 2003 йил 25 сентябрда Корея Республикаси Миллий Чун Бук университети президенти, жаноб Шин Банг Унг ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги “Таълим маркази” директорининг ўринбосари, жаноб Пак Чанга алоҳида хизматлари учун “ТДПУ фахрий профессори” унвони берилди41.
2013-йили Тошкент давлат шарқшунослик университети Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) ташкилоти томонидан барча ўқув хоналари янги таъмирдан чиқарилди, замонавий техника билан жиҳозланиб, электрон кутубхона ташкил этилди42. Университетга 2014 йилда хориждан 4 нафар профессор-ўқитувчилар таклиф этилиб, дарс машғулотларини олиб боришга жалб этилди. Хусусан, Ким Хундук, Ким Ен Хе, Ли Жионлар Жанубий Кореядан, 1 нафар талаба (А.Тян) Кореянинг Сунчунхянг университетидан стажировкага келди43.
Ўзбекистон Япония билан ҳам бу борада кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Ўзбекистон ва Япониянинг Фукусима жамияти ўртасида 1996-1997 йилларга мўлжалланган битимга мувофиқ япониялик талабалар Ўзбекистонга ташриф буюрди44.
Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлигида Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) дастури муҳим аҳамият касб этди. Ушбу DAAD дастури стипендиялари хорижлик докторантлар ва ёш олимларга Германияда тадқиқот олиб бориш ва таълимни давом эттириш имкониятини бериб келди45. 1992 йили 19 нафар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университети (ЎзДЖТУ) ўқитувчилари тилни такомиллаштириш мақсадида Германияда малака оширди46.
Самарқанд давлат университети Немис филологияси факультети профессор-ўқитувчилари Германиянинг Гёте университетда,47 Урганч давлат университети Германиянинг Берлин, Лейпциг университетлари ҳамда Саксония академияси билан илмий соҳада алоқаларни йўлга қўйди48.
Қарши давлат университетнинг немис тили кафедраси Германиянинг Dart-MURT университети билан доимий илмий алоқа ўрнатди ва икки университет ўртасида илмий мақолалар чиқариш, адабиётлар алмашиш доирасида ҳамкорлик қилинди49.
1996 йилда Самарқанд давлат университети билан Германиянинг Бамберг университети ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик ҳақида шартнома тузилди. Бу шартнома бўйича университетда компьютер маркази тузиш, қўлёзмалар фондининг автоматик каталогини тузиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашиш ҳамда илмий ишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилди50. УрДУда германиялик мутахассис Хайдрук Вагнер Физаули 1998–2000 йилларда немис тили бўлими 2–4 курс талабаларига маъруза ва амалий машғулотлар олиб борди51.
DAAD фонди доирасида Ўзбекистон Миллий университети ва Фарғона давлат университетида германиялик мутахассислар маърузалар ўқидилар. Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) ва Жаҳон тиллари университети қошида жойлашган лингафон факультетларида германиялик ўқитувчилар тил бўйича ассистентлик қилди. 2019 йилнинг ўзида DAAD дастури доирасида Германия университетлари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бешта лойиҳани молиялаштирди52.
Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида имзоланган битимга асосан АҚШнинг Тинчлик корпуси ташкилотининг кўнгиллилари Ўзбекистоннинг турли ОТМларида талабаларга инглиз тилидан дарс бериб, беғараз ёрдам кўрсата бошлади53. Шунингдек, 1996 йили Самарқанд давлат унверситетининг Иқтисод кафедраси ҳузурида Америка Менежер мактаби ташкил қилинди54.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Ўзбекистон олий таълим сохасида МДҲ давлатлари билан ҳам таълимнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириб борди55. Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Дубна, Новосибирск шаҳарларида ўзбекистонлик тадқиқотчилар диссертация ишларини ҳимоя қилди56. Ўзбекистонда Россиянинг 15 та етакчи олий ўқув юрти филиаллари ташкил этилди. Улардан 12 таси 2018-2021 йилларда очилган57.
Хуллас, Ўзбекистондаги деярли барча олий таълим муассасалари таълимни такомиллаштириш бўйича хорижий давлатлар билан таълим соҳасидаги давлат дастурларини дунёнинг ривожланган мамлакатлари Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия, АҚШ, Германия билан ҳамкорлиги юксак натижалар бермоқда.
Диссертациянинг учинчи боби “Ўзбекистоннинг Марказий осиё давлатлари билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги” деб номланиб, унинг биринчи параграфида Ўзбекистоннинг олий таълим соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари масаласи очиб берилади.
Республикадаги олий таълим муассасалари ташаббуслари билан Марказий Осиё давлатлари университетлари тўғридан-тўғри Халқаро ҳамкорлик доирасида профессор-ўқитувчилар, аспирантлар, стажёрлар, илмий тадқиқот, ўқув-услубий ишланмалар ҳамда дарсликлар айирбошлаш соҳасида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.
Таълим соҳасидаги ўзбек–қозоқ ҳамкорлиги учун 1992 йил 24 июнда Туркистон шаҳрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома” икки давлат ўртасидаги фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди58. 1993 йил Тошкент давлат университети Физиология ва биокимё кафедраси профессор-ўқитувчилари ва Қозоғистон ФАнинг “Аҳолининг рационал овқатланиши” илмий-текшириш институти билан ҳамкорликда ушбу йўналишда илмий изланишлар олиб борди59. Самарқанд давлат университети ва Қозоғистон зоология институти ўртасида 1996 йили “Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг қуруқликдаги ва сувли экотизимларидаги турли молюск-эндемикларни сақлаб қолиш” мавзусида ўзаро ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар ташкил этилди60.
1997–2000 йилларда Қорақалпоқ давлат университети Қозоғистон ФАнинг Овқатланиш муаммолари минтақавий институти билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда илмий тадқиқот ишларини олиб борди61.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги таълим, фан ва кадрлар тайёрлаш масаласидаги ҳамкорлик ҳам йилдан йилга ривожланиб борди62. Масалан, Қарши давлат университети Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Туркманистон Фанлар академиясининг “Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилди63. 1997–1998 йилларда Туркманистон ҚХФАнинг Қуёш энергиясидан фойдаланиш илмий тадқиқот институти Қорақалпоқ давлат университети билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда илмий тадқиқот ишларини олиб борди64.
1993 йил 14-15 декабр кунлари Қирғизистон Республикаси олимларининг таклифига мувофиқ Андижон давлат университети табиатшунос олимларининг устувор экологик муаммолар бўйича Ўш давлат университетида ўтказилган илмий анжуманда ўзларининг Фарғона водийси экологиясига оид илмий изланишларининг натижалари билан қатнашди (конференция материаллари эълон қилинди)65. 1999 йилда бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида олий таълим соҳасида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу соҳада Фарғона давлат университети ва Қирғизистон Республикасининг Ўзбек-қирғиз университети ўртасида ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этди66.
2020-2021 ўқув йили якуни бўйича Ўзбекистон олий ўқув юртларида Марказий Осиё мамлакатлари талабалари умумий сонининг 82 фоизини ташкил этди. Жумладан, Туркманистондан 2341 нафар, Қозоғистондан 245 нафар, Қирғизистондан 134 нафар, Тожикистондан 123 нафар, Афғонистондан 364 нафар талабалар таҳсил олди. Ўзбекистонда 2021 йилда 4,9 мингга яқин хорижлик талаба таълим олди. Улардан 2,9 мингга яқини Марказий Осиё давлатларидан келган фуқаролар эди67.
Ушбу бобнинг иккинчи параграфида Ўзбекистонда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва уларнинг натижаси ёритиб берилади.
Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг хорижий мамлакатлар олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга оширди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 22 та хорижий давлатлар (АҚШ, Германия, Россия, Беларусь, Голландия, Исроил, Италия, Финляндия, Франция, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва б.) нинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кўшма таълим дастурлари доирасида 83 та таълим йўналишлари ва 64 та мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга кўйилди68.
2018/2019 ўқув йилидан Ўзбекистоннинг 16 та ОТМда 10 та хорижий давлатларнинг етакчи ОТМлари билан ҳамкорликда 33 та таълим йўналишлари ва 14 та мутахассисликлар бўйича қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 2019 йилнинг биринчи чорагида хорижий ОТМнинг 238 нафар малакали профессор-ўқитувчилари Ўзбекистонинг 38 та ОТМда дарс беришга жалб қилинди69.
Ўзбекистон ОТМлари ва хорижий университетлар билан ҳамкорликда 2018-2021 йиллар давомида 26 та таълим соҳалари ва йўналишлари бўйича 387 қўшма таълим дастурлари амалга оширилди70.
2019 йилга келиб хорижий давлатларнинг ОТМлари билан ҳамкорликнинг кенг йўлга қўйилиши натижасида 19 та нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон ОТМларида 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди71.
2020 йилга келиб Ўзбекистон ОТМларида МДҲ ва Европанинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги (double degree) таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгайди. 2019-2020 - ўқув йилининг ўзида АҚШ, Германия, Франция, Италия, Финляндия, Нидерландия, Туркия, Индонезия, Исроил ва бошқа 22 та давлатнинг 104 та етакчи университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриатнинг 83 та таълим йўналиши ва магистратуранинг 64 та мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди72.
2021 йил август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 26 та хорижий университетларнинг филиаллари фаолият кўрсатди73.Бугунги кунга келиб, қўшма таълим дастурларида 60 дан ортиқ янги мутахассисликлар бўйича янги дастурлар, улар учун 8124 та квота ажратилган, бу 2018 йилга нисбатан етти баробар кўпдир. Ўзбекистон ҳукумати Германия, Франция, Италия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа Осиё мамлакатлари, шунингдек, ЮНЕСКО, ШҲТ каби халқаро ташкилотлар билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл хариталарини тасдиқлади74.
Хуллас, Ўзбекистонда олий таълим тизимида тўпланган амалий тажриба натижасида хорижий университетлар билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма таълим ва икки томонлама диплом (double degree) доирасида ишлаб чиқилган таълим дастурлари Ўзбекистон олий ўқув юртларининг малакали кадрлар тайёрлаш йўлида эришган жиддий ютуғидан бири десак, адашмаган бўламиз.

Download 167.54 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   22




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling