Атини тузиш асослари


Download 396 Kb.
bet10/13
Sana17.06.2023
Hajmi396 Kb.
#1543873
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
S.Raximova avtoreferat ТАХРИР 13.06.22

Луғат иллюстрaцияси – сўзнинг семантик ва грамматик хусусиятига қўшимча тавсиф берадиган, унинг қўлланилиш доирасини аниқлаштирадиган визуал восита93.
Луғат мақоласининг сўнгги компоненти изоҳланувчи бирлик маъноси изоҳидан кейин бериладиган иллюстратив (мисоллар). Иллюстратив мисол, гарчи ҳар бир маънонинг изоҳидан сўнг берилишига қарамай луғат мақоласи луғат талаблари асосида шакллантирилганлиги, ишлатилган грамматик ва услубий (грамматик маълумотдан бошқа барча маълумотлар шу шартли ном остида берилган) белгиларнинг ўринлилиги, бирликнинг маъноси аниқ белгиланганлиги, ҳар бир маънога берилган изоҳнинг тўғри эканлигини тасдиқлаш учун келтирилиши қайд этилган. Шу боисдан ҳам иллюстратив мисоллар луғат мақоласида муҳим ўринга эга. Лекин луғатнинг кириш қисмида таъкидланганидек, мисол, мисол-цитаталар талаб нуқтаи назаридан, зарурат мавжуд бўлган ҳолларда келтирилган. Бу эса қуйидагича изоҳланади: “Маcалан, бошқа сўз билан бутунлай алмаштирилган сўзлар учун (маъноси, маънолари қайд этилмаслиги туфайли) уларнинг тилда қўлланганлигини тасдиқлаш учунгина мисол берилади.
Сўзлар даражаланиши ўқув луғати учун иллюстратив мисолларнинг роли муҳим. Ҳар қандай ўқув луғатида бўлгани каби даражаланиш ўқув луғатининг иллюстратив материали ҳам адабиёт дарсларида ижоди ўрганилаётган ёзувчи ва шоирларнинг асарларидан ҳамда илмий-оммабоп мақола ёки нашрлардан танлаб олинади ва одатда, ўқув луғатлари аннотaциясида бунга алоҳида урғу берилади. Изоҳ характеридаги барча луғатлар каби даражаланиш ўқув луғати ҳам доимо иллюстратив изоҳга эга бўлади.
Тарихий сўзнинг нутқий реаллашгани, қачондир шу тилда истеъмолда бўлганига иллюстратив материал бўлмаса, уни градуонимик қатор таркибига киритиш шарт эмас. Агар, ҳақиқаттан ҳам, ўзбек тили лексикасида ушбу историзм мавжуд бўлса, у академик луғатлар, хусусан, изоҳли ёки бошқа тарихий қатламлар луғатидан жой олиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда даражаланиш қаторидан бундай сўзларнинг жой олиши қаторни кенгайтириш учунгина хизмат қилади.
Учинчи бобнинг “Сўзлараро даражаланиш ўқув луғатларида луғат белгилари тизими” деб номланган учинчи фаслида даражаланиш луғати учун луғавий белгиларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритилган. Сарлавҳали бирликларни тавсифлашда лексикографик (луғавий) белгилар муҳим роль ўйнайди. Белги – луғатнинг кириш кисмида (одатда қисқартирилган сўз ёки сўз бирикмаси шаклида) қўлланиб, унинг ёрдамида ўқувчиларга тегишли лингвистик бирлик (ёки лингвистик ҳодиса) муайян тўпламга киришини англатади94.
Луғатда энциклопедик маълумотномаларни қўшиш тўлиқ мантиқий оперaция сифатида қабул қилинади ва луғатнинг ихчамлигини таъминлайди. Лексикографияда маълумотнома сўз ёки сўз бирикмаси сифатида тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда тушунилади (масалан, қаранг, худди шундай ва ҳоказо), унинг ёрдамида маълум луғат элементлари ўртасида, одатда сарлавҳа бирликлари ўртасида боғланиш ўрнатилади.
Ҳозирги ўзбек адабий тилида муайян сабабларга кўра қўлланиш доираси чекланган сўз ва ибораларни, уларнинг айрим маъноларини характерлаш учун махсус стилистик белгилар системаси қабул қилинган бўлиб, бу белгилар айрим сўзлар, иборалар ёки маъноларнинг қўлланилиш доирасини, қандай лексик қатламга хослигини, уларнинг жанрий-услубий ва экспрессив –эмоционал хусусиятларини кўрсатади.
Градуонимик луғатларда луғат белгиларидан фойдаланиш юқори самарадорлик касб этади. Луғатлар учун энг кўп қўлланадиган белгилардан бири бу – услубий белги. “Услубий белги” деганда, “услубий” сўзи кенгроқ маънода бўлиб, яъни грамматик белгидан бошқа характеристикаларни қайд этувчи белгилар маъносида ҳам қўлланади. Улар: бол. (болалар нутқига оид), махс. (касб-ҳунарга оид), поэт. (поэтикага, поэзияга оид), кт. (китобий сўз), с.т. (сўзлашув тилига оид), фольк. (фольклорга оид), х.-қ. (хотин-қизлар нутқига оид), шв. (шевага оид), эск. (эскирган сўз), ҳақр. (ҳақорат сўзи)95.
Даражаланиш луғатида ҳар бир лексеманинг изоҳи билан бирга уларнинг ёшга кўра хосланиши, қўлланиш доираси чегараланганлиги (эскирган сўз, тарихий сўз), фольклорга оид, қайси услубга мансублиги, сўз туркуми каби белгилари ифодаланиши луғат мукаммаллигини таъминлайди.

Луғатларда белгилар тизимини шакллантириш орқали луғатнинг қўлланилиш даражаси ҳамда талаби ошишига хизмат қилади. Услубий ёки ҳавола қилувчи турли ишоралар, белгилар луғатдан фойдаланишда қулайликни таъминлайди. Белгилар тизими такрорларни ва луғат ҳажмини сунъий ошишини олдини олувчи муҳим восита ҳисобланади. Яратилган услубий белгилар мукаммал бўлмаслиги табиий ҳодиса, чунки тилда мукаммал ҳодисанинг ўзини учратиш мумкин эмас. Шу сабабли, даражаланиш ўқув луғати учун танланган белгилар тизимини таклиф сифатида киритишни маъқул кўрдик.
ХУЛОСА

  1. Кейинги даврда ўзбек субстанционал (формал-функционал) тилшунослиги томонидан градуонимик муносабат лексик, морфологик, синтактик ва стилистик сатҳ бирликлари орасидаги муносабатларнинг кенг тарқалган турларидан бири эканлиги илмий жиҳатдан асосланди. Градуонимия айнан лисоний бирликлар белгиларининг грамматик йўл билан эмас, балки лексик ва семантик хусусиятлари орқали ўзаро фарқланишини ифодаловчи лексик-семантик ҳодисадир.

  2. Белги (ҳодиса) миқдорининг маълум бир йўналишда озайиши ёки кўпайиши даражаланиш ҳодисасининг туб мазмунини ташкил қилади, белгининг кучли/кучсизлиги, оз/кўплиги даражаланишни баҳолашнинг бош мезонидир. Даражаланишнинг фалсафий асослари ва ундаги шаклланиш кўлами шуни кўрсатадики, бу ҳодиса тилларнинг типлари орасида, тиллар оиласи ва бир тил шевалари ўртасидаги боғланишларда, умуман, тилнинг барча сатҳлари, уларнинг бирликлари, умумий ва хусусий тизимларда ўз ифодасини топади. Синонимик муносабат билан боғланган сўзлар парадигмасининг аъзолари айни бир денотат, айни бир воқеликни турлича атаб, ифодалаб, номлаб келади. Градуонимик муносабат асосидаги парадигма аъзолари эса турли денотатларда айни бир белгининг турли миқдорда ўсиб бориш ёки камайиш муносабатлари билан боғланган бўлади.

  3. Сўзлар градуонимик луғатларининг яратилиши синонимлар ва градуонимларни ажратишга ёрдам беради. Cўзлар даражаланиши ўқув луғати мегақурилиши қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши керак: 1) кириш; 2) ўқув-методик таъминот (луғатдан фойдаланиш бўйича кўрсатма); 3) даражаланиш қаторидан ташкил топган корпус; 4) даражаланиш сўзларининг алифбо тартибидаги рўйхати – кўрсаткичлардан ташкил топади.

  4. Мактабгача таълим муассасасидаги луғат иши – бу болаларнинг фаол луғатини нотаниш ёки улар учун қийин бўлган сўзлар билан режа асосида бойитиб боришдан иборат. Болалар нутқини саноқ сўзлар билан бойитиш асосан, уларда математик тасаввурларни шакллантиришга доир машғулотларда рўй беради, ушбу сўзларни фаоллаштириш ва мустаҳкамлаш она тили машғулотларида луғат ишининг махсус мавзуси бўлиши лозим. Мактабгача ёшдаги болага ўз тенгдошлари ва катталар билан мулоқот қилиш, мактабда муваффақиятли таълим олиш, адабиётни, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар кабиларни тез, тўғри ва тўлиқ тушуниш имконини берадиган луғатлар тақдим қилиш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун тарбиячи ўз нутқига маъноси болаларга муайян вазиятларда тушунарли бўладиган ёки тегишли тушунтириш натижасида англашиладиган ифодаларни ҳам киритиши лозим.

  5. Жамият тафаккурини юксалтиришда луғатларнинг роли беқиёслиги жаҳон тажрибаси ва амалда ўзини тўла оқлаган ҳақиқатдир. Инсоннинг мустақил фикрлаш, онг маҳсулини тўғри ва равон баён қилиш қобилияти, ижодий тафаккурини ўстириш ҳаракатлари, одатда, ёшликдан бошланади. Ўқувчилар учун зарур луғатлар яратилмас экан, ижодий тафаккурни ривожлантириш, оғзаки ва ёзма нутқни ўстириш воситаси бўлган жорий дарсликлар ўз вазифасини тўла бажара олмайди. Бу эса ўзбек миллий ўқув луғатчилиги олдига таълим бўғинининг барча босқичлари учун изоҳли, мавзувий ўқув луғатлари ва уларнинг янги авлод намуналарини яратиш тамойилларини ишлаб чиқиш ва тузишни тақозо қилади.

  6. Бошланғич синф ўқувчилари учун сўзлар даражаланиши ўқув луғати учун даражаланадиган сўзлар қаторидаги барча сўзларни гуруҳлаб чиқиш ва даражаланишга асос бўлувчи белгининг табиатига мос лексикографик изоҳ ва тавсифларни яратиш лозим. Фақат сўзлар даражаланиши луғатига сўз танлашда сўз маъноларининг содда/мураккаблик даражасига асосий эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Боғча тарбияланувчилари учун маъноси энг содда бўлган сўзларни, бошланғич синф ўқувчилари учун маъноси сал мураккаб бўлган сўзларни ва таянч синфлар учун эса даражаланиш қаторидаги барча сўзларни киритиш ва луғат учун тартиблаштириш лозим.

  7. Тилда мавжуд даражаланувчи лексемаларни даражаланиш қатори бўйича тартиблаштириш, контекстуал даражаланувчи лексемаларни муайян белгининг ортиб ёки камайиб боришига кўра тизимга жойлаштириш даражаланиш луғатининг асосий моҳиятини ташкил қилади. Сўзлар даражаланиши ёки градуонимик қаторлар луғати нафақат тил ўрганувчилар, балки филологик соҳа тадқиқотчилари, ижодкор шахслар учун ҳам муайян сўзнинг маъноси, услубий белгиси, ишлатилиш кўлами, фикр таъсирчанлигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти, маънодош ёки қатордош сўзлараро фарқли белгилар юзасидан билим ҳосил қилиш, кўникмаларни ривожлантириш имкониятларини тақдим қилувчи муҳим лингводидактик восита саналади.

  8. Градуонимик луғавий қаторни ажратишда икки лисоний омил ҳал қилувчи аҳамиятга эга саналади: 1) маъновий омил; 2) сўзлараро парадигматик муносабат. Градуонимик қаторни ажратишдаги маъновий омилнинг моҳияти шундаки, бир қатор лексемалар семемасида маълум бир белгининг оз-кўплигига, турли хил даражаларига ишора мавжуд. Даражаланиш қаторларининг умумий хусусиятларидан яна бири коннотатив асосли даражаланиш қаторида белгининг оз/кўплиги, кучли/кучсизлигига нисбатан бетараф аъзо мавжуд бўлиб, уни бош (марказий, доминант) лексема сифатида белгилаш мумкин.

  9. Сўз бойлигини ўз вақтида ривожлантириш мактабга тайёрлашнинг муҳим омилларидан биридир. Сўз бойлиги етарли бўлмаган болалар ўз фикрларини ифодалаш учун тўғри сўзларни топа олмай, ўрганишда катта қийинчиликларга дуч келишади. Болалар боғчасида луғат ишлари дастлаб ономасиологик жиҳатдан, кейин нутқнинг мазмуний томони, сўзнинг семантикаси, яъни семасиологик хусусиятлари бўйича амалга оширилади. Шунингдек, боғча ёшидаги болаларнинг сўзларни маънога мос ҳолда ўзаро боғлаш, сўз ва ибораларнинг маъноларини ҳис қилиш кўникмаларини ҳам шакллантириш ўқув луғатларининг жараёнга фаол татбиқ этилишини тақозо қилади.

  10. Боғча тарбияланувчилари учун сўзлар даражаланиш луғатини тузишда қуйидагиларни инобатга олиш лозим: 1) боғча тарбияланувчилари учун сўзлар даражаланиши луғатига сўз танлашда уларнинг кўп қўлланадиган вариантини танлаш; 2) боланинг ёшини инобатга олиш; 3) болалар боғчаси дастурида тавсия этилган мавзуларга мос сўзлар даражаланишини танлаш; 4) бола учун олам ҳақида дастлабки тасаввурни ҳосил қиладиган тушунчалар рўйхатини шакллантириб, даражаланиш қаторини тузиш.

  11. Сўзлар даражаланиши ўқув луғатида иллюстратив мисоллар ҳам алоҳида лингводидактик аҳамият касб этади. Ҳар қандай ўқув луғатида бўлгани каби даражаланиш ўқув луғатининг иллюстратив материали ҳам адабиёт дарсларида ижоди ўрганилаётган ёзувчи ва шоирларнинг асарларидан ҳамда илмий-оммабоп мақола ёки нашрлардан танлаб олинади, одатда, ўқув луғатлари аннотaциясида бунга алоҳида урғу берилади. Ўқув луғатида лексикографик расм – иллюстрaциянинг ҳам роли ниҳоятда муҳим. Ўқув луғатлари учун танланган иллюстратив асос қуйидаги мезонларга жавоб бериши лозим: 1) даражаланиш қаторидаги сўзларнинг ўзбек адабий тилида мавжудлиги; 2) парадигма аъзоларининг хусусий изоҳларини тўлдириши, грамматик ва стилистик хусусиятлари, қўлланиш соҳасини кўрсатишда ёрдамчи восита бўлиши; 3) даражаланиш парадигмасидаги ҳар бир сўзнинг бошқа сўзлар билан бирикиш имкониятини кўрсатиши; 4) миллий мафкурамиз манфаатларига, тарихий ҳақиқатга мос бўлиши, урф-одат, миллий қадриятларни акс эттириши; 5) педагогик, психологик, дидактик талабларга мос бўлиши; 6) манзилли бўлиши – фойдаланувчи мансуб бўлган миллат адабий нутқида мавжуд бўлиши.


Download 396 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling