Атини тузиш асослари


Тадқиқот натижаларининг апробaцияси


Download 396 Kb.
bet7/13
Sana17.06.2023
Hajmi396 Kb.
#1543873
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   13
Bog'liq
S.Raximova avtoreferat ТАХРИР 13.06.22

Тадқиқот натижаларининг апробaцияси. 3 та халқаро конференция, 3 та республика илмий-амалий анжуманларида маърузалар қилинди.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертaциянинг асосий мазмуни муаллиф томонидан чоп этилган 12 та илмий мақола (уларнинг 4 таси Ўзбекистон Республикаси ОАК тасарруф этган илмий журналларда, 1 таси хорижий журналда) ва тезисларда ўз ифодасини топди.
Диссертaциянинг ҳажми ва тузилиши. Диссертaция кириш, уч асосий боб, умумий хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати, иловадан иборат. Диссертaциянинг умумий ҳажми 135 саҳифани ташкил этади.
ДИССЕРТAЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги асосланган, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, объекти ва предмети тавсифланган, республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги кўрсатилган, илмий янгилиги ва амалий натижалари баён қилинган, олинган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти очиб берилган, натижаларни амалиётга жорий қилиш, нашр этилган ишлар ҳамда диссертaция тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертaциянинг “Тилшуносликда даражаланиш қонуниятининг илмий талқини ва луғатларда сўзлараро маъновий даражаланиш хусусиятлари” деб номланувчи биринчи бобида тилшуносликда градуонимия ҳодисасининг намоён бўлиши, унинг академик ҳамда ўқув луғатлардаги лексикографик талқини масаласига қаратилган.
“Тилшуносликда даражаланиш қонуниятининг илмий талқини” деб номланган биринчи фаслда тилшуносликда градуонимия ҳодисасининг вужудга келиши, ушбу ҳодиса доирасидаги тушунчалар тадқиқи масаласига эътибор қаратилган. Рус тилшунослигида Н.С.Трубецкой ва Р.Якобсон ўз ишларида фонемаларнинг градуал (даражали) оппозиция (зиддият)лари маълум бир белгининг озлик, кўплик даражаси асосида турли вазиятларда ўзаро зидланиши ҳақида муҳим маълумотлар бериб ўтган67. Яна бир рус тилшуноси О.Есперсен ўз асарида контрар тушунчалар орасида оралиқ ҳолатларнинг ҳам мавжуд бўла олиши ва улар лексик бирликлар орқали ифодаланиши (доим – баъзан – ҳеч қачон; кўп – бир қанча – оз каби) ҳақиқат эканлигини68 айтиб ўтади. Орадан бир неча йиллар ўтиб шундай фикрлар С.Д.Кацнельсоннинг ишида ҳам қайд қилинади. Унинг фикрича, бир рангдан иккинчи рангга ўтиш жараёнида оралиқ ҳолатлар мавжуд бўлади ва улар ҳам тилда сўзлар орқали ифодаланади (қизғиш - қизил - қирмизи каби).
Даражаланиш ҳодисаси ва унинг намоён бўлишини Алишер Навоийнинг “Муҳокамат-ул луғатайн” асарида ҳам учратамиз. Буюк мутафаккир ўзбек тилининг ифода имкониятлари кенглигини далиллаш жараёнида йиғламоқ феълининг ва бошқа сўзларнинг синонимларини таҳлил қилади, форс-тожик тили сўзлари билан қиёслайди. Бу ҳолат даражаланиш ҳодисаси ижод аҳлларининг ҳам эътиборини тортганлигидан далолат беради. Навоий йиғи ҳолатини ифодаловчи лексик бирликларнинг қуйидаги даражаланиш қаторини ажратади:
инграмоқ~синграмоқ~йиғламсинмоқ~сиқтамоқ~йиғламоқ~ўкурмак~ҳой-ҳой йиғламоқ.
Навоий бу сўзларнинг барчасини бир умумий маъно – изтироб чекиб, уни ифодалаш маъноси атрофига бирлашишини ва инграмоқдан (яъни изтироб чекиб жуда паст овоз чиқариб, ич-ичидан йиғламоқ) ҳой-ҳой йиғламоқ (баланд овоз билан ошкора ва узоқ йиғламоқ) сўзига томон белги даражасининг ўсиб боришини таъкидлайди69. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Aлишер Навоий онгли равишда сўзларни маъно даражаланиш асосида бирлашишини кўрсатади.
Даражаланиш ҳодисаси ўзбек тилшунослигида тадқиқот объекти сифатида 1989 йилда сўзлараро маъновий муносабатларнинг бир кўриниши сифатида талқин этилиб, унга градуонимия ҳодисаси деб ном берилди, яъни ўзбек тилшунослигида лисоний маъновий муносабатни акс эттирувчи синонимия, омонимия, антонимия кабиларнинг умумий таркибий қисми бўлган – онимия қисмини лотинча gradu (даража, босқич) сўзи билан бириктириш асосида сунъий равишда ясалди70. Бу ҳодиса 1990 йилда тилшунос Р.Сафарованинг номзодлик ишида илмий фараз сифатида берилган бўлса71, луғавий даражаланиш олима Ш.Орифжонованинг номзодлик диссертaциясида атрофлича тадқиқ этилди72.
1997 йилда О.Базаров докторлик диссертaциясида градуонимия нафақат сўзлараро муносабатлар тизимида, балки фонетика ва фонология, морфология ва синтаксис ҳамда стилистика соҳаларида ҳам намоён бўлувчи умумий муносабат тури эканлиги ҳақидаги фаразни илгари сурди. У фанда илк марта лисоний даражаланишнинг лингвистик қонуният эканлигини исботлаб, даражаланиш механизми ва ҳодисасининг табиий-онтологик моҳиятини очиб берди73.
Тилшунос олима Ж.Джумабаева томонидан градуонимия ҳодисаси ўзбек ва инглиз тиллари материаллари қиёси асосида тадқиқ этилган. У градуонимияни умумлингвистик ҳодиса сифатида тавсифлади; ўзбек ва инглиз тилларидаги лексик градуонимик қаторларнинг ҳосил қилиш йўлларини аниқлади; ўзбек ва инглиз тилларидаги лексик градуонимиянинг семантик контекстуал хусусиятларини очиб берди; ўзбек ва инглиз тилларидаги стилистик градуонимияни тадқиқ этди ва фарқли хусусиятларини аниқлади.
“Академик луғатлар изоҳларида маъновий даражаланиш қонуниятининг намоён бўлиши” деб номланган ишнинг иккинчи фаслида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ва “Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати”даги даражаланиш лексемаларининг лексикографик талқини масаласи ёритилган. Сўнгги даврларда сўзлараро маъновий муносабатлар доираси кенгайиб, маънодошлик (синонимия) ва зид маънолилик (антонимия) ҳодисаларини ўрганиш билан чекланиб қолмай, маъновий даражаланиш (градуонимия) каби маъновий муносабат ҳам лисоний-луғавий тизимда мавжудлиги қайд этилди. “Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғатида маъноси даражаланувчи сўзлар кўп ҳолларда синонимлар сирасида берилар эди. Албатта, градуонимия ҳодисаси махсус ажратилмагач, маъноси даражалаб кўрсатувчи сўзлар кўп ҳолатда турли синонимик уялар ичига тарқатилиб юборилган. Бунинг ҳаққоний сабаблари ҳам мавжуд эди. Чунки синонимлар маъноси бир-бирига яқин бўлган сўзларни ўз ичига олади”74.
Градуонимия ва синонимия ҳодисаларининг ўзаро муносабати ҳақида О.Базаров ўз илмий ишида айрим маълумотларни беради, жумладан, у И.Г.Павловнинг фикрини қувватлаб, қуйидагича ёзади: “Градуонимия ва синонимия ҳодисалари асос белгиларига кўра кескин фарқланади. Зеро, синонимия икки ва ундан ортиқ лексема ва фраземалар семемаларининг айнанлигига асосланса, градуонимия семемалар асосий семалардаги градaцияли фарқланувчига таянади. Бундан синонимларда асосий маъноларнинг тенглиги, градуонимияда эса тенг эмаслиги маълум бўлади”75.
Ўзбек тилининг изоҳли луғати (ЎТИЛ)да берилган гўдак – бола – ўспирин – йигит сўзларини асосан “ёш” семаси орқали градуонимик қатор асосида бирлаштириш мумкин. Лекин ушбу бирлаштирувчи “ёш” семаси ушбу қатордаги ҳар бир сўз учун турли даража ифодасидир. Демак, мазкур қаторни умумий “ёш” маъно жиҳатидан бирлаштиради ва “ёш”нинг даражаланувчи тизимдаги маъно қирралари (1 ёш (гўдак) – 7 ёш (бола) – 15 ёш (ўспирин) – 20 ёш (йигит)) уларни фарқлайди. Сўнгги йилларда бу каби лексик қаторлар (муносабатлар) градуонимик (даражали) қаторлар (муносабатлар) сифатида қабул қилинмоқда76. Аслида бу таснифнинг илдизини А.Навоийнинг асарларидан излаш тўғри бўлади.
Алишер Навоийнинг “Хазойин-ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) номли асарида инсон ёшига тегишли мантиқли фикрларни учратиш мумкин. Адиб умрнинг ҳар бир фаслларини девонига ном сифатида қабул қилган. Жумладан 7-8 ёшдан 20 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг баҳори деб атади ва куллиётнинг биринчи девонини “Ғаройибу-с-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”) деб номлади. 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг ёзи деб белгилади ва “Наводиру-ш-шабоб” (“Йигитлик нодирликлари”) деб атади. 35-45 ёшни умрнинг кузига қиёс этди ва “Бадоеъу-л-васат” (“Ўрта ёш гўзалликлари”) деб номлади. 45-60 ёшни умрнинг қишига ўхшатиб, “Фавойиду-л-кибар” (“Кексалик фойдалари”) деб атади77. Кўринадики юқорида (ЎТИЛ) да берилган ёш семасига алоқадор градуонимик қатор билан А.Навоий асаридаги ёш хусусиятига тегишли фикрлар мантиқан бир-бирини тўлдиради.
Градуонимик қатор аъзоларини синонимик қатор бирликларидан ажратишдаги асосий белги маъно ва мазмун жиҳатидан даражаларда фарқланишидир. Аммо ҳозирги кунгача кўпгина тиллардаги синонимлар луғатларида улар аралаш ҳолда келтирилиши градуонимияни тушунишга, ажратишга тўсқинлик қилмоқда. Сўзлар градуонимик луғатларининг яратилиши синонимлар ва градуонимларни ажратишга ёрдам беради.
“Ўқув луғатларида сўзларни беришда даражаланиш қонуниятининг намоён бўлиши” фаслида ўқув луғатчилиги ва сўнгги йилларда мактаб ўқувчилари учун яратилган ўқув луғатларида даражаланиш сўзларининг берилиши ва қўлланиши билан боғлиқ назариялар таҳлил қилинган. Ўқув луғатини илмий асосда ўрганиш XVII асрда биринчи инглиз лексикографи С.Жонсон78, XIX асрда француз тилшунослари Ж.Дюбуа, К.Дюбуа79, Г.Маторе80, Б.Кюмада81, Америка тилшунослигида К.Д.Бак82, испан тилшунослигида Ж.Малкил83, рус тилшунослигида П.Н.Денисов84, Л.А.Новиков85, В.В.Морковкин86, В.Г.Гак87 ишларидан бошланади. ХХ аср бошларида умумий лексикографиядан ўқув луғатчилиги ажралиб чиқди ва ўқув луғатларининг замонавий авлодларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тилшунослик ва педагогика фанлари оралиғидаги лингводидактик йўналиш – ўқув луғатчилиги тармоғининг махсус соҳа сифатида ривожланаётганлиги муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда ўқув луғатлари миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, онги етук, мустақил фикрли, оғзаки ва ёзма нутқи равон авлодни тарбиялашда муҳим ижтимой-сиёсий ва маданий вазифани бажарадиган мактаб дарсликларига ёрдамчи восита сифатида таълим тизимида ўзига хос ўрин эгаллайди.
Луғатчиликнинг тадрижий тараққиёти ҳақида гап кетар экан, кўп ўринларда таржима луғати – лингвистик луғат – қомусий луғат – таълимий (ўқув) луғат – электрон луғат кетма-кетлиги келтирилади. Жаҳон тилшунослигида луғатчилик тарихи юзасидан олиб борилган тадқиқотлар луғатнинг илк кўринишлари таълимий мақсадда яратилгани ‒ илк луғат намуналари аслида мактаб учун яратилган ибтидоий ўқув қўлланмалари бўлгани, аниқроғи, ибтидоий мактабда луғат дарслик вазифасини ўтаганини кўрсатмоқда”88.
ЎҚУВ ЛУҒАТИ – лексикографияда луғатнинг мустақил кўриниши; таълимий йўналганлиги ва ўқув воситаси ҳисобланиши билан характерланади. Сўзликнинг тузилиши, сўз танлаш мезони, луғат материалининг жойлаштирилиши, лингвистик маълумотни тақдим этиш ва изоҳлаш усули, материални тақдим этиш тили, ҳажми, дизайни ва бошқа белгиларига кўра характерланади”89. Демак, сўзлиги маълум бир мезон асосида тартибланган, ўқув-услубий талабга жавоб берадиган, таълим олувчининг коммуникатив компетенциясини шакллантириш учун хизмат қиладиган, маълумотни тезкор ва қулай тақдим этиш воситасига ўқув луғати дейилади.
Ўзбек тилида мактаб ўқувчилари учун тузилган Ш.Бобожонов ва И.Исломовнинг “Ўзбек тилининг сўзлар даражаланиши ўқув луғати”да кириш “Сўз боши” мавзуси остида берилиб, унда луғатни тузиш зарурати хусусида сўз борган. “Ушбу қўлланма ўзбек тилининг сўзлар даражаланиши ўқув луғати бўлиб, унда сўзлар даражаланиши алифбо тартибида нутқий мисолларсиз, луғат белгиларисиз, фақат сўзликдан иборат бўлиб, градуонимик қатор ҳолида берилган. Жумладан:

Download 396 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling