Ҳазм қилиш тизими. Ҳазм аъзоларининг тараққиёти. Ҳазм аъзоларининг тузилиши хусусиятлари. Нафас аъзоларининг функционал анатомияси соат
Download 1.48 Mb. Pdf ko'rish
|
2.-azm-ilish-tizimi.-azm-azolarining-tara-iyoti.-azm-azolarining-tuzilishi-hususiyatlari.-Nafas-azolarining-funktsional-anatomiyasi.-2-soat.
2.3. Оғиз бўшлиғи.
Оғиз бўшлиғи (cavitas oris) ҳазм аъзолари тизимининг бошланиш қисми, овқат дастлаб шу бўшлиқда қабул қилиниб, тишлар воситасида майдаланади ва сўлак ёрдамида намланади ва кимёвий парчаланиш бошланиб, меъдага ўтказиш учун тайёрланади. Оғиз бўшлиғи оғизнинг кириш қисми – даҳлизи (vestibulum oris) ва хусусий оғиз бўшлиғи (cavitas oris propria) дан иборат. Оғиз даҳлизи олд томондан юқори ва пастки лаблар, ён томондан лунжлар, орқа томондан юқори ва пастки жағ тишлар ҳамда милклар билан чегараланади. Лаблар (labia oris) ташқи томондан тери, ички томондан шиллиқ парда билан қопланиб, унинг асосини лабларнинг айланма жойлашган мимика мушаги (m. orbucularis oris) ташкил этади. Тепа ва пастки лаблар ўртасидаги ёриқ оғизга кириш тешиги (rima oris) деб аталади. Лабларнинг шиллиқ қаватида жуда кўп безлар жойлашган. Лабларнинг шиллиқ қавати тишларни ўраган милкларгача (gingiva) давом этиб, марказий қисмида юқори ва пастки бурмалар (frenulum labii superior et inferioris) ни ҳосил қилади. Лунж (buccae) лабларнинг бевосита давоми бўлиб, унинг чуқур қатламида ёғ қаватлари, шиллиқ пардасида эса майда безчалар жойлашган. Оғиз даҳлизи лунж воситасида (озиқ тиш орқасида) хусусий оғиз бўшлиғига қўшилади. Хусусий оғиз бўшлиғи –cavitas oris propria ни берк турганда икки ён ва олд томондан тишлар чегаралайди. Юқори деворини қаттиқ ва юмшоқ танглай ҳосил қилади ҳамда бурун бўшлиғини оғиз бўшлиғидан ажратиб туради. Оғиз бўшлиғи (туби)ни пастки жағ диафрагмаси (diaphragma oris), бир жуфт m. mylohyoideus беркитиб туради. Оғиз бўшлиғининг шиллиқ пардасида майда безлар кўп жойлашган. Танглай (palatum) икки қисм (қаттиқ ва юмшоқ танглай)дан иборат: қаттиқ танглай – palatum durum юқори жағнинг танглай ўсиғи билан танглай суягининг кўндаланг (горизонтал) ўсиқ билан бирлашишидан ҳосил бўлган. Уни ўраб турган шиллиқ пардасида безлар кўп учрайди. Юмшоқ танглай (palatum molle) мушаклардан иборат бўлиб, орқа томони ҳалқумга осилиб туради. Унинг ўртасида тилча – uvula жойлашган. Қаттиқ танглай шиллиқ пардаси юмшоқ танглайга бевосита давом этади. Юмшоқ танглайдан олдинда тил танглай равоғи – arcus palatoglossus, орқада танглай ҳалқум равоғи – arcus palatopharyngeus бўлади. Бу равоқлар орасида муртак бўшлиғи бўлиб, танглай муртаги – tonsilla palatina жойлашган. Муртак анатомик тузилиши жиҳатидан лимфо-эпителиал тўқима, унинг катталиги вертикал йўналишда 20–25 мм, олд-орқа йўналишда 15–20 мм, кўндалангига 12–15 мм ни ташкил қилади. Юмшоқ танглай таркибига қуйидаги мушаклар киради: 1. Танглай- ҳалқум мушаги – m. palatopharyngeus юмшоқ танглай ва қанотсимон ўсиқ илгагидан бошланиб, шу номли равоқ таркибида жойлашади ҳамда қалқонсимон тоғай ва ҳалқум деворига бирикади. Бу мушак танглай чодирини пастга тортади. 2. Танглай-тил мушаги (m. palatoglossus) юмшоқ танглайнинг пастки сиртидан бошланиб, шу номли равоқ таркибида, тилнинг ён томонларига бириккан ҳолда тил кўндаланг мушаклари толаларига қўшилиб кетади. Бу мушак қисқарганда танглай чодири пастга тортилади ва ҳалқумга ўтиш тешиги кичраяди. 3. Танглай чодирини кўтарувчи мушак – m. levator veli palatini бош суякнинг асоси, эшитув найидан бошланиб, юмшоқ танглайга йўналади ва танглай чодирини кўтаради. 4. Танглай чодирини тарангловчи мушак – m. tensor veli palatini эшитув найидан бошланиб, вертикал йўналади ва hamulus processus pterygoidei ни айланиб ўтиб, юмшоқ танглай апоневрозига бирикиб кетади. Бу мушак кўндаланг йўналишда танглай чодирини таранглайди. 5. Тилча мушаги –m. uvulaе танглай суягининг spina nasalis posterior идан бошланиб, тилчани катталаштиради. Оғиз бўшлиғидан ҳалқумга ўтиш жойида – бўғиз тешик (томоқ) – fauces бўлиб, юқоридан юмшоқ танглай чодири, икки ён томондан танглай равоқлари, пастдан тилнинг орқа юзаси ва тил илдизи билан чегараланиб туради. Тишлар (dens, dentes) овқатни тишлаб узиб олиш, чайнаб майдалаш, сўзларни тўғри талаффуз этишда фаол иштирок этади. Тишлар юқори ва пастки жағлардаги махсус катакчалар (alveoli dentales) да жойлашган бўлиб, оғиз бўшлиғининг даҳлизи билан хусусий оғиз бўшлиғи ўртасида чегара бўлиб жойлашган. Шиллиқ парданинг суякланган сўрғичлари ҳисобланган тишлар эпителий ва мезенхимадан ривожланади ва жағ суякларининг махсус тиш катакчаларида мих каби (gomphosis) жойлашади. Одамларда тишлар икки марта (баъзида уч марта) алмашинади. Болаларда сут тишлари – dentes decidui 6–7 ойлигидан бошлаб бирин-кетин чиқа бошлайди ва бола 2–2,5 ёшга тўлганда (баъзида бундан ҳам кечроқ) бутунлай чиқиб бўлади. Сут тиши 20 та бўлиб, 6–7 ёшга қадар туради. Марказдан четга қараб саналганда иккита курак (dentes incizivi) тиш 6– 9 ойликда чиқади. Битта қозиқ тиш (dentes canini) 16–20 ойликда чиқади, иккита катта озиқ тишлар (dentes molares) 15–30 ойда чиқади. Сут тишлари нозик ва кичик бўлиб, унчалик мустаҳкам жойлашмаган. Ёш болаларда кичик озиқ тишлар (dentes преmolares) бўлмайди, 6–7 ёшдан бошлаб доимий тишлар чиқа бошлайди. Иккита кесувчи – курак (dentes incizivi) тиш –8–9 ёшда чиқади, битта қозиқ тиш (dentes caninus) 11–13 ёшда чиқади, иккита кичик озиқ тиш (dentes premolares) 10–15 ёшда чиқади, учта катта озиқ тиш – булардан биринчиси ва иккинчиси (dentes molares) 7–13 ёшда, учинчиси (ақл тишлар) dens serotinus 18–25 ёшда чиқади. Ақл тиши баъзида кўрсатилган вақтдан кечроқ чиқиши ёки бутунлай чиқмаслиги ҳам мумкиn. Оғиз юмилганда юқори ва пастки жағдаги тишларнинг чайнов юзалари бир-бирига яқинлашади. Жумладан катта ва кичик озиқ тишларнинг чайнов юзалари бир-бирига тегиб турса, юқори тишлар (юқори жағ суягининг равоғи кенгроқ бўлгандан) пастки жағдаги курак тишларнинг олдига ўтади. Бундан ташқари, юқори жағдаги олдинги тишлар тил томонга қараб йўналган бўлади. Ҳар бир тиш уч қисмдан иборат: унинг оғиз бўшлиғига ўсиб чиққан тож қисми (corona dentis), жағ суякларининг тиш катакчаларига жойлашиб турган тиш илдизи (radix dentis) ва бу икки қисм ўртасида бир оз торайган (чегара) жойи – тиш бўйинчаси (collum dentis) мавжуд. Тишлар кимёвий таркибига кўра суякка яқин, лекин жуда зич тузилган. Тиш тож қисмининг асоси дентин (dentineum) моддадан тузилган бўлиб, устини энг мустаҳкам модда – эмал (enamelum) ўраб туради. Эмалнинг уст томони жуда юпқа, шохсимон кутикула пардаси билан қопланган. Бу парда эмални емирилишдан сақлайди. Тишнинг бўйинчаси ва илдизи цемент (cementum) моддасидан тузилган. Тиш илдизининг учидаги тешик орқали тиш илдизи каналига ва тож қисмида жойлашган бўшлиқ (cavitas dentis pulposus)га ўтилади. Бўшлиқда тишнинг бириктирувчи тўқимадан тузилган юмшоқ қисми – пулпа (pulpa dentis) жойлашган. Тиш бўшлиғи ва канали (canalis radicis dentis) тиш тешиги (foramen apicis dentis) билан тугайди. Бу тешик ва канал орқали қон томир ва нервлар пулпага боради. Тишларнинг илдиз қисмлари милк билан ўралиб мустаҳкамланади. Тишнинг тож қисми милк устида жойлашган бўлиб, унинг бўйин қисмини милк ўраб туради. Тишларнинг илдизи алвеоляр чуқурликда жойлашган, уларнинг учида кичик тешик – foramen apicis radicis борлигини кўриш мумкиn. Тишнинг илдизи алвеоляр чуқурчаларни ҳосил қилувчи суяк билан маҳкам боғланган, бу фиброз толалар периодонт (periodontium) деб аталади. Тиш, периодонт, алвеола девори ва милк биргаликда тиш аъзоси дейилади. Тишни ташкил қилувчи қаттиқ ва юмшоқ тўқималарга қуйидагилар киради: 1) қаттиқ тўқималар – эмал, дентин ва цемент; 2) юмшоқ тўқималар – пулпа ва периодонт. Эмал (enamelium) тишнинг энг қаттиқ тўқимаси бўлиб, призмалардан иборат, у тишнинг тож қисмини қоплаб туради. Дентин (dentinum) тузилиши бўйича суякка яқин турса ҳам ундан бирмунча қаттиқ, аммо эмалдан юмшоқроқ бўлиб, тишнинг ҳамма қисмларида учрайди. Цемент (cementum) тишнинг фақат илдиз қисмида бўлиб, қон томирлари бўлмаган суяк тўқимасига ўхшаб тузилган. Периодонт – periodontum пишиқ коллаген толалардан иборат бўлиб, тиш илдизини алвеоляр чуқурчага маҳкамлайди. Тишлар жағларда ўз қисмлари билан ёнма-ён жойлашиб, юқори ва пастки тиш қаторларини юзага келтиради. Ҳар бир тиш қатори 16 тишдан иборат бўлиб, тиш равоқларини ҳосил қилади. Ҳар бир тишда 5 та юза тафовут қилинади: 1) оғиз даҳлизига қараган юзаси – (fasciea vestibularis) олдинги тишлар лабларга, орқадагилари лунжларнинг шиллиқ пардасига тегиб туради; 2) тилга қараган юзаси – facies lingualis; 3) ва 4) қўшни тишларга ёпишиб турувчи юзаси – facies contactus. Тиш равоғининг марказга қараган юзаси facies mesialis (юнонча meso – орасида), қарама-қарши юзаси эса дистал юза (facies distalis) дейилади; 5) чайнов юзаси – facies ossyalis – қарама-қарши қатордаги тишларнинг бир-бирига тегиб турувчи юзасидир. Тил (lingua, юнонча – glossa) мушаклардан тузилган бўлиб, оғиз бўшлиғида жойлашган. Тил фақат ҳазм аъзоларига мансуб бўлмасдан, сўзлашда, талаффузда бевосита фаол қатнашади. Тилнинг олдида тил учи – apex linguaе, ўртасида тил танаси – corpus linguaе ва орқа кенгайган қисмида тил илдизи – radix linguaе бўлади. Тилнинг учи ва ён томонлари (margo linguaе) тишларга тегиб туради. Тилнинг устки юзасининг орқа қисми (dorsum linguaе) бўртган бўлиб, танглайга қараган. Пастки юзаси (facies inferior) тилнинг фақат олд қисмида бўлади. Тилнинг устки юзасининг ўртасида (dorsum linguaе) жойлашган эгатча (sulcus medianus linguaе), орқада кўр тешик (foramen caecum) бўлиб тугайди (бу тешик эмбрионал даврдаги қалқонсимон без найининг ўрни) кўр тешикдан ҳар икки томон бўйлаб унча чуқур бўлмаган “V” рақамга ўхшаш чегараловчи эгатча (sulcus terminalis) жойлашган. Тилнинг бу қисмлари эмбрионал даврда турли куртаклардан ривожланиши ва кейинчалик қўшилиб кетишдан дарак берувчи қолдиқдир. Тилнинг шиллиқ пардаси I II, III ва IV жабра чўнтакларидан ривожланганлиги сабабли ушбу равоқларни иннервация қилувчи V, VII, IХ ва Х жуфт бош мия нервлари иштирок этади. Тилнинг устки юзасида тўрт хил сўрғич (papillae linguales) мавжуд. Ипсимон сўрғичлар – papillae filiformes et conicae тилнинг уст юзасида духобасимон тус бериб жойлашган. Бу сўрғичлар овқатни қабул қилишда, чайнашда ва ҳалқумга йўналтиришда ҳамда овқат луқмасининг юмшоқлиги ва унинг механик хусусиятларини сезишда қатнашади. Замбуруғсимон сўрғичлар – papillae fungiformes тилнинг учи ва ёнларида жойлашган бўлиб, таъм билишда хизмат қилади. Ҳалқа билан ўралган (тарновсимон) сўрғичлар – papillae vallatae 7–12 та бўлиб, тилнинг илдизи ва тана чегарасида, кўр тешикнинг икки ёнбошида римча “V” рақами шаклида жойлашган. Уларда таъм билиш сўғонлари жуда кўп. Варақсимон ёки баргсимон сўрғичлар – papillae foliate китоб варақлари каби тилнинг ёнларида жойлашиб, таъм билишда қатнашади. Тил муртаги – tonsilla lingualis тилнинг шиллиқ қаватида яккама-якка ёки тўпланиб жойлашган лимфоид тўқимадан иборат. Муртаклар кўпроқ тил илдизи соҳасида учрайди. Тил мушаклари хусусий ва скелет мушакларидан иборат. Уч жуфт скелет мушаклари скелетнинг бирор жойидан бошланиб, тилга туташади. Энгак-тил ости мушаги – m. genioglossus пастки жағ суягининг энгак ўсимтасидан бошланиб, тилга туташади. Мушак қисқариб тилни пастга ва орқага тортади. Тил ости-тил мушаги – m. hyoglossus тил ости суягидан бошланиб, тилнинг ён томонларига туташади. Тилни пастга ва орқага тортади. Бигиз-тил мушаги – m. styloglossus чакка суягининг бигизсимон ўсиғидан бошланиб, тилнинг ёнбошига туташади. Мушак қисқариб, тилни юқорига ва орқага тортади. Тилнинг хусусий мушак толалари турли томонга йўналган. Бу ҳолат тилда устки ва пастки бўйлама мушак m. longitudinalis superior et inferior, кўндаланг (m. transversus) ва тикка йўналган (m. verticalis) мушаклар борлигини кўрсатади. Бу мушак толалари ўзаро туташиб, чирмашиб кетган. Бунинг натижасида тил турли томонга бурилиб, ўз шаклини ўзгартириш хусусиятига эга. Тилнинг мушаклари энса миотомларидан ривожланганлиги сабабли битта – тил ости нерви – n. hyoglossus (ХII жуфт) ҳисобига иннервация қилинади. Оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватида турли ҳажмда жуда кўп сўлак безлари жойлашган. Улар тил, лаб, лунж ва танглай безлари номи билан аталади. Шунингдек, катта ҳажмдаги уч жуфт сўлак безлари оғиз бўшлиғи атрофида жойлашган. Қулоқ олди бези (glandulae parotidea) юз териси остида, ташқи қулоқ пастида ва қисман m. masseter устида жойлашади ва орқа томондаги пастки жағ суяги чуқурчаси m. sternocleidomastoideus гача боради. Без алоҳида- алоҳида бўлакчалардан иборат бўлиб, уларнинг найчалари марказий найга қўшилади. Безнинг оғирлиги 25-30 г, фиброз парда билан ўралган. Без найчаси (ductus parotideus) чайнов мушагидан кўндаланг ўтиб, лунж мушаги орқали оғиз бўшлиғининг даҳлизига, юқори жағнинг иккинчи озиқ тишлар соҳасига очилади. Қулоқ олди бези оқсилга бой тиниқ сўлак ажратади. Пастки жағ ости бези (glandulae submandibularis) 15 г бўлиб, пастки жағ суяги ости чуқурлигида жойлашган. Бу без яхши тараққий этган парда билан ўралган. Унинг чиқарув найи – ductus submandibularis тил остидаги сўрғичлар – caruncula sublingualis га очилади. Жағ ости бези оқсил аралашган шиллиқ суюқлик ажратади. Тил ости бези (glandulae sublingualis) нинг оғирлиги 5 г бўлиб, пастки жағ суяги ички юзасидаги шу номли чуқурчада, m. mylohyoideus устида жойлашган. Без устини тил ости шиллиқ қавати бурмаси қоплаб туради. Бу без бошқа безлар каби бўлакчалардан тузилган. Уларнинг найлари (ductus sublingualis major et minores) алоҳида ёки ўзаро қўшилиб, битта най ҳосил қилади. Бу найлар тил остидаги шиллиқ бурмалар – plica sublingualis га очилади. Без оқсил аралаш шиллиқ сўлак ажратади. Download 1.48 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling