Биринчи боб. Концепт терминининг когнитив тилшуносликда ва лингвомаданятшуносликдаги ўрни ва аҳамяти
Download 1.73 Mb.
|
Антиплиагат
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1.2. Концепт терминининг лингвомаданиятшуносликдаги ўрни ва аҳамияти
БИРИНЧИ БОБ. КОНЦЕПТ ТЕРМИНИНИНГ КОГНИТИВ ТИЛШУНОСЛИКДА ВА ЛИНГВОМАДАНЯТШУНОСЛИКДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМЯТИ Дунё тилшунослигида “концепт” терминининг қўлланишига доир назарий қарашлар Кейинги ўн йилликларда тил ҳақидаги фан икки катта илмий тадқиқот йўналишига ажралди: 1) анъанавий структур тилшунослик: 2) когнитив тилшунослик.Структур тилшунослик – бу тилшуносликнинг шундай бўлимики, у ўзининг илмий таҳлил предметини тил тизими ичидаги ўзаро муносабатлар ва алоқаларни тилнинг белгилар тизими эканлиги хусусиятидан келиб чиқиб, тадқиқ қилади, яъни структур тилшуносликни белги мақомига эга бўлган тил бирликларининг структур таркиби, яъни конструктив (қурилиш) жиҳатлари, шунингдек уларнинг тил тизимидаги мақоми, ўзаро бирикиши, дисстрибутив жиҳатлари каби масалаларни ўрганадиган йўналишдир. Жаҳон когнитив тилшунослигининг кўзга кўринган йирик намоёндаларидан бири, рус олимаси Е.С.Кубрякованинг фикрича “Когнитив тилшунослик тил ҳақидаги фаннинг нисбатан янги, истиқболли бир йўналиши бўлиб, унинг таҳлил марказида тил, яъни маълумотни воқелантириш ва трансформация қилиш, яъни узатишда муҳим роль ўйновчи белгилар тизимини уларнинг когнитив асоси билан узвий боғлиқликда олиб тадқиқ қилади”1. Бундан келиб чиқадики, когнитив тилшунослик тил ҳодисаларини тафаккур жараёнлари билан узвий боғлиқликда тадқиқ қилади, шунингдек инсон томонидан тилнинг ўрганилиш механизмлари ва концептуаллашиш ҳамда категориялашиш жараёнлари орқали бизни ўраб турган объектив борлиқ ҳақидаги билимларимизнинг таркиб топиш тамойилларини очиб берилиши, тушунтирилиши ва ёритилишига кенг имкон беради2. Когнитив тилшуносликка ўзининг муносабатини билдирар экан, рус тадқиқотчиси Л.В.Правикова шундай деб ёзади: “Агар когнитив тилшуносликка унинг пайдо бўлиши (тафаккур, инъикос фаолияти ва когнициянинг ўрганилиши, тадқиқ қилиниши)га нима туртки бўлгани нуқтаи назаридан эмас, балки тил сатҳлари тизимида унинг тадқиқот предметининг ўрни нуқтаи назаридан олиб қаралса, тилшуносликнинг бу йўналиши умуман олганда тилнинг мазмуний параметрларини тадқиқ қилиш билан шуғулланади. Бу эса когнитив семантика, фазовий семантика, фрейм семантикаси каби йўналишлар бўлиб, улар ўз навбатида категориялар ва категориялаштириш, концептлар ва концептуаллаштириш, метафоралар ва метафоралаштириш, референция ва идрокий тилдаги нутқ фаолиятининг информацион аспектларини ўрганиш, мушоҳада қилиш демакдир”3. Муаллиф бу ҳақдаги ўз фикрига янада аниқлик киритиб, уни рус когнитив тилшунослигини чет элдаги бошқа турдош йўналишлардан қуйидагича фарқлайди: “Ватанимиз (рус) тилшунослигида когнитив тилшунослик ўзининг аниқ ривожланиш йўналишига эга. Агар чет эл тилшунослигида когнитив йўналиш турлича одатий семантикаларни ўрганиш билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган бўлса, мамлакатимизда когнитив ғоялар, бизнинг фикримизга кўра, номинация (аташ, номлаш) соҳасидаги изланишлар билан боғлиқ ҳолда ўртага ташланган эди. Бу назарияда тилдаги шакл ва мазмун ўртасидаги ўзаро боғлиқлик семасиологик ва ономасиологик сатҳларда олиб талқин қилинган эди”. Шундай килиб, когнитив тилшуносликда биринчи бор маъно, яъни концептуал семантиканинг шаклланиши, ривожланиши, уни вербал воситалар орқали воқелантирилиши ва мулоқотда қўлланилиши қонуниятларини тадқиқ қилувчи истиқболли фандир4. Когнитив тилшуносликнинг мақомига, унинг предмети, методлари, мақсад ва вазифалари ҳамда тадқиқ объектига салбий муносабат билдирган олимлар ҳам йўқ эмас. Масалан, когнитив тилшуносликнинг замонавий тилшуносликка қўшган ҳиссаси ҳақида гапирар экан, В.Б.Касевич ўз таҳлилларининг хулосаси сифатида шундай дейди: “бу соҳада ишлаб чиқилган тилга ёндашишлар ва уларнинг натижалари тилшуносликни бойитгани билан, улар тадқиқотнинг на янги объекти (тўғрироғи, предмети)ни, на янги методини яратади, шунинг учун ҳам “когнитив лингвистика” йўқ деб айтиш тўғри бўларди, чунки когнитив бўлмаган (психо)лингвистиканинг ўзи йўқ-да”5. Е.С.Кубрякова В.Б.Касевичнинг фикрини тўлиқ рад этган ҳолда унинг фикрига қарши ўзининг қуйидаги тўғри ғоясини олға суради: “Когнитив тилшунослик, албатта, мавжуд, (чунки структур тилшунослик каби нокогнитив тилшунослик мавжуд), унинг қобиғида бизни қизиқтираётган атаманинг ўзига хос тушунилиши ҳам шаклланади, ваҳоланки у кўп маъноли атамага айланиб улгурмади, лекин қандай бўлмасин, ватанимизда ва ҳорижда когнитив тилшуносликка берилган у ёки бу баҳоларга эьтиборни қаратиш лозим”6. Шундай қилиб, ХХ аср охири тилшунослигидаги назария ва методларни “исён ва тўнтаришлар”дан гувоҳлик берувчи воситалар сифатида тавсифлар экан, П.Б.Паршин уларнинг (энг эътиборга молик турининг) бири сифатида айнан когнитив тилшуносликни мисол қилиб кўрсатади. “Унда” - деб таъкидлайди муаллиф, – “модель конструктлари” сифатида худди “фрейм”га ўхшаган когнитив структуралар ва жараёнлар7 (ваҳоланки бу тушунча эҳтиёжга кўра тилшуносликка Ч.Филлмор томонидан мослаштирилган эди), мақтовларга сазовор бўлган (идеаллаштирилган) “когнитив модель”8 ёки “ментал муҳит”9, “ўлчов чизмаси”10, “конфигурацион струкутура”га ўхшаш семантик-грамматик суперкатегориялар, кучлар диамикаси, таъсирнинг тақсимланиши, “цепция” ва бошқалар11, “мураккаб кўпаспектли конструкциялар”12 (Ч.Филлмор ва П. Кейлар томонидан тавсия қилинган атамалар маъносида), концептуал хулосалар қоидалари қабилидаги “когнитив операция”лар13, ёки А. Ньюэлл томонидан эътироф этилган “билимларнинг символли сатҳи”дан фарқланадиган “интеллектуал тизимларни ўрганишнинг махсус сатҳи”14 каби структуралар ва жараёнлар олдинга чиқмоқда. Мен бу узундан узун фикрлар мажмуасини когнитив тилшуносликнинг нафақат реал мавжудлигини кўрсатиш учун, балки унинг бир хил назарий қарашлар ва ёндашувлар миқёсида олиб ўрганиладиган ва талқин қилинадиган турли муаммоларнинг катта қамровга эга эканлиги билан тавсифланишини кўрсатиш учун ҳам атайлаб келтирдим”15. Когнитив тилшуносликнинг ўрни, аҳамияти ва унинг ёндош тилшуносликлардан асосий фарқларини “Cognitive Linguistics Research” номли когнитив тилшунослик бўйича илмий изланишларга бағишланган кўпжилдли нашрнинг “Cognitive Linguistics: Foundations, Scope and Methodology” (1999) деб номланган махсус китобида жаҳоннинг кўзга кўринган когнитив тилшуносларининг мазкур соҳанинг замонавий тилшуносликдаги мустақил ва мустаҳкам мақоми бўйича қимматли хулосавий фикр-мулоҳазалари билдирилган, энг муҳими - у ерда тилнинг қандай ҳодисаси ўрганилмасин, формал таҳлилдан кўра уларга когнитив-функционал ёндашиш афзал эканлиги эътироф этилган16. Моҳиятан олганда, таниқли типолог олим В.Крофт ҳам шу ҳақда ёзар экан, у тилни типологик тадқиқ қилишда когнитив тилшуносликнинг бетакрор аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлайди17. Когнитив тилшуносликка юқори баҳо берган олим бу Ж.Фоконье бўлиб, у бу ҳақда шундай ёзади: ”Когнитив тилшуносликнинг ҳайрон қоларли даражада муваффақиятга эришиши, афтидан унда биринчи бор маъно шаклланиши ҳакидаги фанни унинг динамикаси (ривожланиши) билан боғлай бошладилар, лекин қадимги замонлардан қолган тилга маънони шакллантирувчи ва ифодаловчи қурол сифатида ёндашиш когнитив тилшуносликда ҳам бўлишига қарамай, унинг барча тадқиқот методлари ва натижалари бутунлай янгидир18. Когнитив тилшуносликдаги мушоҳада қилишнинг муҳим жараёнлари, яъни концептуаллаштириш ва категориялашиштириш жараёнлари ҳақида гапирар экан, Е.С. Кубрякова шундай дейди: “Концептуаллаштириш жараёни инсон тажрибаси - билимлари таркиби (мажмуаси)сининг майда (кичик, минимал) мазмундор бирликларини ажратиш (фарқлаш)га қаратилган бўлса, категориялаштириш жараёни ўхшаш ва айният бирликларини бир биридан фарқлаб, турлаштириб ва хиллаштириб, уларни нисбатан йирикроқ бўлган туркумларга, тўғрироғи категорияларга бирлаштиришга қаратилгандир”19. Бунда тилда сўзловчи/ёзувчи объектив борлиқни қандай ҳис қилади, уни қандай идрок қилади, маълум тил эгаси бўлмиш бир этносда дунёнинг объектив (ҳаққоний) манзарасининг шаклланишида қандай объектив ва субъектив факторлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, шунингдек тилда мулоқот олиб борувчи мазкур этнос мавжуд объектив борлиқни қандай тил воситалари, яъни вербал воситалар орқали шу тилга хос тил манзараси орқали воқелантирилиш усуллари ва лисоний ифодалаш техникаларини ўрганиш ҳамда тадқиқ қилиши муҳим роль ўйнайди20. Табиийки, бошқа барча когнитив фанлардаги каби, когнитив тилшуносликда ҳам унинг асосий категорияси бўлиб “концепт” хизмат қилади, ваҳоланки у кўп қиррали ақлий - идрокий ҳодиссадир. Концептни бевосита ташкил этувчилари мавжуд бўлиб, улар уни тадқиқ қилишнинг тушунчавий, идрокий, тасвирий- маданий (культурологик) ва прагматик қирраларини ташкил этади. Е.С.Кубрякованинг фикрига кўра” концепт – ментал тузилма бўлиб, у турли таркибдаги ва кўринишдаги билимлар кванти ёки умумлашмасидир”21. Тилга лингвокогнитив ёндашиш, жумладан дунё ҳақидаги билимларнинг концептуаллашуви ва мазкур билимларнинг категориялашуви жараёнлари, пировардида уларнинг вербал структураларга йўғрилиши, яъни улар орқали воқелантирилиши юзасидан олиб борган кузатишларимиз замонавий инглиз, ўзбек, рус ва бошқа тиллар тизимидаги мавжуд лингвокогнитив моделлардаги етишмаётган, бир томондан, таркибий бўғинлар (звенолар), категориялар (микрокатегориялар, макрокатегориялар), иккинчи томондан, бир қатор (микроконцептлар, макроконцептлар, якка ва жуфт концептлар, умумий ва хусусий концептлар)ни, шу билан бирга “концептуал лакуна”ларни ҳам аниқлашга имкон берувчи қўшимча асос, далил-исботларни келтиришга пухта замин яратади22. Шуни таъкидлаш лозимки, айрим олимларнинг объектив борлиқни идрокий ва лисоний концептуаллаштириш ҳамда категориялаштириш ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлиги, қолаверса дунёнинг сўзловчилар/ёзувчилар томонидан ҳар икки муҳим жараёнлар орқали тил воситасида мушоҳада этилиши ва пировардида вербал воситалар орқали манзаралаштирилиши глобал қамровга эга эканлиги, шунингдек бу мураккаб жараёнлар барчаси мавжуд когнитив-семантик категорияларни тилда воқелантириш учун хизмат қилишга йўналтирилганлиги, ўз навбатида уларнинг иерархик (поғонама-поғона), шу йўсинда кўп сатҳли воситалар орқали воқелантирилиш моҳиятига эга эканлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ўринли ва тўғридир23. Шунингдек, Ватанимиз тилшунос олимларининг ҳам концепт ҳақидаги қарашларини таҳлилга тортидик. Юртимиз тилшунос олимлари (А.Абдуазизов, Д.Ашурова, Ў.Юсупов, Ш.Сафаров, М.Д.Джусупов, А. Маматов, Ғ. Хошимов, Ж.Ёқубов ва бошқалар.) когнитив тилшуносликнинг таянч тушунчаларидан бири бўлган концепт муаммоларига қаратилган тадқиқотлари билан лингвомаданиятшунослик соҳасига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Ў.Қ.Юсупов концептни шундай таърифлайди: “Концепт - бу онгимизда мавжуд ташқи ёки ички дунёдаги бирор нарса ёки ҳодиса ҳақидаги билимлар мажмуаси, у ҳақидаги образлар ва унга бўлган ижобий, салбий ёки нейтрал муносабатдир”24. Д.У.Ашурованинг концептга бўлган нуқтаи назари қуйидагича: концепт — бу уйғун бирлик ҳосил қилувчи ментал тузилма бўлиб, у олам тасвирининг ядровий компоненти сифатида лингвомаданий аҳамиятга эга бўлган алоҳида шахсга ва бутун жамиятга тегишли бўлади”25. Бу борада таниқли когнитив тилшунос олим Ш.Сафаровнинг концептларнинг шаклланиши ҳақида, яъни “предмет – ҳодиссаларнинг онгли идрок этилиши ва уларнинг тасаввурда образ ҳосил бўлиш йўли билан жамланадиган билим турлича шаклланади ва ҳар хил характерга эга бўлади” деган фикри асосли эканлигини таъкидлаймиз, чунки бу бевосита турли гуруҳдаги ва тузилишдаги концептлар шаклланишига сабаб бўлади26. “Концептларнинг гуруҳланишида уларнинг лисоний ифодаланиш услубларига таянилади”27. Шу боис когнитив тадқиқотчилар фонологик, морфонологик, морфологик, лексик, фразеологик концептлар билан бир қаторда, грамматик (аниқроғи, синтактик) концептлар гуруҳларини ҳам ажратишни таклиф қилишган28. Бу гуруҳлар сирасига ҳар бир соҳанинг, шу жумладан стилистика, текстология (дискурсология)га оид концептлар гуруҳлари ҳам киради десак, хато бўлмайди. Зеро стилистик концептлар ҳам ўзига хос бир махсус тизимга эга бўлиб, унда стилистик воситалар билан узвий боғлиқ бўлган кўплаб концептлар турларини ажратиш мумкин, масалан, “метафора”, “метонимия”, “гипербола (гипербола)”, “синекдоха”, эпитет, персонификация (шахслаштириш, жонлантириш), оксюморон, литота, ирония (киноя), хиазм, антитеза ва шу каби бир қатор стилистик воситалар борки, уларнинг когнитив асосини, табиийки, стилистик концептлар ташкил этади, ваҳоланки улар (стилистик воситалар) ўз навбатида маълум “когнитив/концептуал семантика”ларни воқелантириш учун махсуслашган вербал воситалардир. Бугунги кунда уларни когнитив нуқтаи назардан олиб таҳлил қилиш когнитив стилистиканинг долзарб муаммолари сирасига киради29. Семантик муносабатлар тизимини қолиплаштиришда когнитив грамматика анъанавий усулда ҳам умумий (универсал) концептларга (масалан,“вақт/темпораллик/, шахс-персон/персоналлик/, субъект/субъектлик/, предикат/ предикатлик/, объект /объектлик/, адвербиал /адвербиаллик”), ҳам махсуслашган (хусусий) концептлар (масалан, “жинс (гендер), сон-миқдор, тоифа, жонли/аниматлик/, жонсиз /инаниматлик/ диатеза/нисбат/” ва бошқа концептлар)га таяниб иш кўради. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, концептларни қуйидаги яна бошқа икки таркибий турга ажратиш мақсадга мувофиқ: 1) содда концептлар; 2) қўшма концептлар30. Қолаверса, қандай вербал воситалар орқали воқелантирилишига боғлиқ ҳолда концептлар яна икки катта турга бўлиниши мумкин: 1) вазият, ҳолатни ифодаловчи концептлар (бундай концептлар маълум мураккаб ҳодисани, воқеани, аниқроғи, маълум пропозицияни ифодалайдилар (шу боис улар иккинчи тоифа концептлар деб аталадилар), 2) воқеа, ҳолатни ифодаламайдиган концептлар (яъни улар маълум нарса ёки номинатив содда ҳодисани, аташ номлаш, аниқроғи номинация орқали ифодалайдилар (шу боис улар биринчи тоифа концептлар деб юритиладилар)31. Бундай ҳолатларда иккинчи тоифа (вазиатни, ҳолатни ифодаловчи) концептлар одатда камида сўз бирикмаси ёки гап (жумла) каби катта вербал воситалар орқали ифодаланади. Шуниси муҳимки, уларнинг кейинги тури (яъни гап, жумла)лар айнан махсуслашган воқелантирувчи воситалар бўлиб саналадилар. Иккинчи тоифа концептлар (яъни воқеа, ҳолатни ифодаламайдиган концептлар) одатда лексик сатҳнинг номинатив бирлиги саналадиган – лексема (сўз)лар орқали ифодаланади32. Инсоннинг тафаккуридаги концептлар ҳақидаги билимлар мажмуаси “концептуалитет”га келсак, у тилда сўзловчи инсоннинг объектив борлиқ ҳақидаги барча билимлари йиғиндисини ифодалашга хизмат қилади. Шу боис “концептуалитет” тилда сўзловчи/ёзувчиларнинг объектив борлиқ ҳақида умр бўйи олган билимларининг даражаси, чўғига боғлиқ ҳолда фарқланиши мумкин. Шунингдек, “концептуалитет” ментилитет каби миллий табиатга эга бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда тилда сўзловчи /ёзувчи бир тил ва у билан узвий боғлиқ бир миллий маданият эгасидир, шу билан бир вақтда у интернационал характерга эга бўлиши ҳам мумкин, ваҳоланки бундай ҳолатда тилда сўзловчи/ёзувчи икки ёки ундан ортиқ тил ва улар билан узвий боғлиқ бирдан ортиқ миллий маданият соҳибидир33. А.Э. Маматов концепт структурасига ва унинг моҳиятига эътибор қаратиб, шундай ёзади: “Концепт мураккаб стуктурага эга бўлиб, бир томондан, тушунчанинг барча қирраларини қамраб олса, бошқа тарафдан уни маданиятнинг бир кўриниши сифатида ифода этувчи дастлабки омиллар, яъни у ёки бу тушунчанинг этимологияси, тарихи, ҳозирги кундаги ассоциативлиги, қадр- қимматлилиги, коннотацияларини қамраб олади. Концепт — бу маълум социумнинг маънавий ёки моддий маданиятини тил белгилари билан боғлаб турадиган ҳодиса ҳақидаги билимдир. Концептни бундай тушуниш этномаданий мақсадга қаратилганлик характерига эга бўлиб, концептни гўё ментал, фалсафий ва психологик соҳадан қадриятли-маданий соҳага ўтказади”34. Юқоридаги олимларнинг фикрича, “маъно”, “тушунча” ва “концепт” бу ҳар хил терминлардир. Шундай бўлса-да, Ў. Юсупов “тушунча” ва “концепт”нинг бир-бири билан дастлаб узвий боғлиқ терминлар эканини эътироф этади: “Тушунча” энди пайдо бўлганда у билан “концепт” ўртасида фарқ бўлмайди, шу сабабдан бундай пайтларди “тушунча” атамасини бемалол қўллаш мумкин. “Тушунча” акс эттирган предмет ёки ҳодисанинг янги белги-хусусиятлари очилиши билан ёки ўша предмет-ҳодисага нисбатан муносабат (баҳолаш) ёки образ ҳосил бўлиши билан “концепт” пайдо бўлади. Бунда, концепт ўша тушунча асосида пайдо бўлади ва уни ўз ичига олади”35. Ж. Якубов таъкидлашича, “Концепт” терминининг “тушунча” атамасидан асосий фарқи шундаки, “тушунча” - бу бирор объект ҳақида билим ва маълумотлар йиғиндисининг онгда акс этиши бўлса, “концепт” эса, ментал тузилма бўлиши билан бирга, мана шу объектга нисбатан барча билимлар йиғиндисининг миллий-маданий хусусиятларини акс эттирган ҳолда тил турли лисоний бирликлари орқали ифодаланишидир36. Концептни бевосита ташкил этувчилари ҳақида кўп илмий рисолалар ёзилган ва ёзилмоқда. Бу ҳакда кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилган, лекин шунга қарамасдан концептнинг ички табиати ҳанузгача қониқарли даражада очиб берилган эмас. Биз концептни мураккаб идрокий воқелик, яъни тилда вербал (ва керак ҳолларда новербал) воситалар орқали воқелантирилувчи ҳодиса сифатида мураккаб ички ташкил этувчилар37 дан иборат деб ҳисоблаймиз. У, бизнингча, ўзига хос ташкил этувчиларни ўз ичига олган шажаравий таркибга эга ва тилда гапирувчилар ўртасида барча сўзловчилар томонидан белги(лар) орқали моддийлаштирилади ҳамда барчага умумий бўлган бир маъно сифатида қабул қилинади. Шундай қилиб маъно вербал белги орқали воқелантирилади, калитлаштирилади, кодлаштирилади, пароллаштирилади, меъёраштирилади38. Демак, концептнинг тафаккур маҳсули, идрокий ҳодиса сифатида тўлақонли шаклланишида ва унинг вербал воситалар ёрдамида воқелантирилишида ўзига хос қатъий кетма-кетликка асосланган босқичлар мавжуд бўлиб, улар ҳар бир концепт шаклланишининг умумлисоний қонуниятини ташкил этади. Шундай қилиб, Ғ.М.Хошимовнинг фикрига қўшилган ҳолда биз ўз изланишимизда концептни қуйидагича тушунамиз: “Концепт бу тафаккурда кечувчи бири-бири билан чамбарчас боғлиқ нафақат икки муҳим жараён (концептуализация (концептуаллаштириш) ва категоризация (категориялаштириш)нинг пировард натижаси бўлиб саналади, балки унга қўшимча яна бир қатор муҳим (психологизация, концептуализация, категоризация, когнитизация, социологизация, (лингво) семантизация, социолектизация, стилизация (диалектизация, вариантизация ва идиолектизация) каби жараёнларнинг пировард натижаси бўлиб, у яхлит концептуал/когнитив семантика сифатида лингвистик семантиканинг когнитив асосини ташкил этади ва унда тил бирлиги ўзининг семантик сиғими билан боғлиқ ҳолда маълум даражада (қисман) акс этади”39. Концептлар таснифи конитив тилшуносликнинг энг долзарб муаммоси сифатида бугунгача кун тартибининг бош масаласи бўлиб турибди. Когнитив тилшуносликда концептлар таснифига турлича ёндашилган, лекин уларнинг биронтаси ҳам когнитив тилшунослар томонидан якдиллик билан қабул қилинмаган ва ҳанузгача мунозарали масала сифатида қолиб келмоқда40. Концептлар ҳақида ўз фикрини давом эттирар экан, Ғ.М.Хошимов қуйидагиларни таъкидлайди “Концептлар ҳар бир мавжуд фан қобиғида (миқёсида) ажратилиши керак, чунки фақатгина у ёки бу фан қобиғидагина концептларнининг номенклатураси ва таснифини ишлаб чиқиш мумкин, акс ҳолда дунё билан боғлиқ билимларимиз концептлар сифатида бизни ўз домига тортиб, ютиб юбориши ҳам мумкин, яъни когнитолог тадқиқотчи бундай катта эмпирик концептлар мажъмуасини инъикосэта олмайди, у оддий маънода бунга ожиздир. Биз когнитив тилшунослар концептлар таснифига ёндашар эканмиз, уларнинг икки муҳим тури мавжуд эканлигини эътироф этишимиз керак, у ҳам бўлса қуйидагилар: 1) лингвистик концептлар ва 2) нолингвистик концептлар. Масалан, иктисодиётчилар учун концептларнинг қуйидаги асосий иккита тури бўлиши мумкин, масалан:1) иқтисодиёт концептлари; 2) ноиқтисодиёт концептлари. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир фанда тушунчалар, концептлар обдон ўрганилади, улар имконият даражасида қамраб олинади, таҳлил қилинади ва илмий-амалий жиҳатдан ёритилади ҳам”41. Демак, ҳар бир фан соҳаси мутахасссислари у ёки бу соҳадаги мавжуд концептлар конгломератини ишлаб чиқса, концептология фани ўз ўзидан бойийди ва ривожланади. Шу маънода концептологиянинг фанлар билан боғлиқ йўналишларини ҳам ажратиш мумкин: Масалан, лингвистик концептология, адабий концептология, диний концептология, сиёсий концептология, юридик концептология, кимёвий концептология, физикавий концептология, математик концептология, астрономик концептология, биологик концептология, зоологик концептология, маданият концептологияси, спорт концептологияси, жисмоний тарбиявий концептология, тарихий концептология, фалсафий концептология ва ҳ.к.”42. Шунингдек, концепт ва концептосфераларни ўрганган Д.Бахронованинг фикрича, концепт ва концептуал метафоралар турли тиллар лисоний манзарасини таҳлил қилишда ва миллий-маданий хусусиятларни аниқлашда муҳим аҳамиятга молик. Оламнинг лисоний манзараси марказида инсон туради, инсоннинг фаолияти рамзий бўлиши билан бирга универсал ва миллий хусусиятга эгадир43. Концептни бевосита ташкил этувчи омиллар ҳақида кўп илмий рисолалар ёзилган ва ёзилмоқда. Бу ҳакда кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилган, лекин шунга қарамасдан концептнинг ички табиати ҳанузгача қониқарли даражада очиб берилган эмас. Бизнингча, концепт мураккаб идрокий воқелик, яъни тилда вербал воситалар орқали воқеланувчи ҳодисадир44. Концепт - бу тафаккур маҳсули, идрокий ҳодисадир. Унинг тўла шаклланишида ва унинг вербал воситалар ёрдамида воқелантирилишида ўзига хос қатъий кетма-кетликка асосланган босқичлар мавжуд. Концепт бу киши онг ва тафаккурида кечувчи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ концептуаллаштириш ва категориялаштиришнинг натижасидир45. Шундай қилиб, биз “концепт”, “тушунча”, “маъно” атамаларини бир хил мақом ва ҳусусиятларга эга ҳодисалар деб ҳисоблаймиз. Маънолар дунё ҳақидаги билимимизнинг фақат маълум бир қисмини беради, бу билимларнинг асосий ёки ҳатто бир қисми бизнинг онгимизда тушунчалар шаклида сақланади, уларнинг мазмуни янги хусусиятларни ўз ичига олиши мумкин. 1.2. Концепт терминининг лингвомаданиятшуносликдаги ўрни ва аҳамияти ХХ аср фанининг белгиловчи хусусиятларидан бири бу, илмий билим турли соҳаларининг бир-бирига ўтиш тенденциясидир. Гуманитар фанлар соҳасида маданиятшунослик бўйича тадқиқотларнинг, яъни инсон фаолиятининг барча ўзига хос томонларини ҳамда унинг олдиндан белгилаб қўйилган натижаларини ўз ичига оладиган маданият феноменини синтез қилишга интилишнинг ифодаси бўлди. Ҳозирги кунда лингвомаданиятшунослик соҳасида бажарилаётган тадқиқотлар асосан “тил ва маданият мослигини синхрон тарзда ўрганиш ва тасвирлашга бағишланган”46. Лингвомаданиятшунослик - бир томондан тилдаги инсондаги маданий омилга, иккинчи томондан инсондаги тил омилига йўналтирилган. Лингвомаданиятшунослик - инсон ҳақидаги фаннинг бир қисмидир, унинг тортиш маркази эса маданият феноменидир47. Лингвомаданиятшуносликнинг пайдо бўлиши — ХIХ -ХХ асрларнинг фалсафий ва лингвистик назариялари тараққиётининг қонуний натижасидир. XXI-асрнинг биринчи ва иккинчи ўн йилликларини лингвокультурологиянинг фаол ривожланиш даври деб ҳисоблаш мумкин. Чунки ушбу асрда Россияда бу фанга назарий ва амалий масалаларига бағишланган қатор ишлар нашр қилинди. В.А. Маслованинг дарслиги (Маслова: Лингвокултурология. М.: Академия 2001) лингвомаданиятшунослик соҳасида энг оммабоп иш ҳисобланади. Унда бу фаннинг методологик асоси келтирилади, Россиядаги лингвомаданий тадқиқотларнинг замонавий йўналишлари баён қилинади. Муаллиф уни “лингвистика ва маданиятшуносликнинг туташган жойида вужудга келган тилшуносликнинг соҳаси” дея таърифлаб, лингвомаданиятшуносликнинг фанлараро хусусияларини таъкидлайди48. Унинг таърифига кўра, “лингвомаданиятшунослик — миллий жонли тилни ўзида мужассамлантирган ва тил жараёнларидан намоён бўладиган моддий ва маънавий маданиятни ўрганадигани жтимоий фан, ёки маданиятшунослик ва тилшунослик, этнолингвистика ва антропологияга оид тадқиқотлар натижасини ўз ичига оладиган билимларнинг интегратив соҳасидир”49. Инсон фаолиятининг ўзига хос барча томонларини ўз ичига оладиган маданият феноменининг тилда ифодаланиши лингвомаданиятшунослик бўйича амалга оширилган тадқиқотларда етакчи рол ўйнайди. Ҳозирги кунда тил ва маданият уйғунлигини синхрон боғланишда ўрганишга бағишланган бу фаннинг жадал шаклланиши ва ривожланиши кузатилмоқда. Бир томондан, лингвомаданиятшунослик тилда мавжуд инсоннинг маданий омилига, иккинчи томондан, инсондаги лисоний омилга йўналтирилган50. Дарҳақиқат, “ҳар бир шахснинг лисоний қобилияти ва мулоқот малакаси маълум маданият ҳудудида, маданий муҳитда шаклланади ва фаоллашади. Шундай экан, инсоннинг тафаккур ва лисоний фаолияти жараёнида юзага келадиган бирликларнинг структуравий ва мазмуний сатҳларида маданий элементларнинг акс топиши табиийдир”51. Демак, лингвомаданиятшунослик инсон ҳақидаги фаннинг бир қисмидир, унинг ўзига жалб қилувчи маркази маданият феноменидир. Лингвомаданиятшунослик ўзига хосликни аниқлаш учун коммуникацияга лингво-когнитив ёндашувни қўллаш тавсия қилинади, чунки бу ёндашув уни ҳам умумлингвистик аспект, ҳам миллий аниқланган компонент сифатида таҳлил қилиш имконини беради. Инсон ҳаёти давомида ривожланиб борадиган дунё ҳақидаги ғоялар тизими аста-секин янги тушунчалар билан бойитилиб, улар умумий тушунчаларга айланади. Улар концептлардан иборат, чунки фаолият ва алоқа жараёнида инсон маълум белгилар ва хусусиятларга эга бўлган тушунчалар дунёсида ўйлайди ва ишлайди. Концепт когнитив тилшунослик, маданиятшунослик, тилшунослик ва маданиятшунослик, сиёсатшунослик, социология ва этнопсихология каби бир қатор фанлар учун тадқиқот объекти ҳисобланади. Лингвомаданиятшунослик бир тилда маданиятнинг намоён бўлишини тавсифловчи ва ривожланишида тилнинг маданият билан алоқасини таҳлил қилишга имкон берадиган асосий тушунчалар тўпламини ўрганувчи фандир. Ҳозирги пайтда концепт лингвомаданиятшуносликнинг асосий тушунчаларидан бири сифатида кўрилади52. Вилгельм фон Хумболдт давридан бери тадқиқотчилар тил ва маданият ўртасидаги боғлиқлик ҳақида, у ёки бу нарсанинг устуворлиги, шунингдек онг, алоқа, хулқ-атвор, қадриятлар, тилнинг ўзаро боғлиқлиги масаласини ҳал қилишга уринишган. Бундай муаммолар И. Ҳердер, А.А Потебня, Ф.И. Буслаев, Э. Сепир, Г.О. Винокур, К. Фосслер, Ю.М. Лотман, В.Н. Телия каби олимлар томонидан ўрганилган ва ўрганилмоқда53. Биз, ўз навбатида, В.Н.Телия томонидан аниқ шакллантирилган тил ва маданиятнинг ўзаро таъсири ва ўзаро боғлиқлиги ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Жумладан, В.Телия шундай ёзади: - “Маданият ва тил ўзаро мулоқотда мавжуд”54. Бундан ташқари, олима “маданият халқнинг тарихий хотирасининг ўзига хос туридир. Тил ўзининг кумулятив функцияси туфайли уни ўзида сақлайди, нафақат ўтмишдан то ҳозирги кунгача, балки келажак авлодлар учун ҳам мулоқотни таъминлайди” дея таъкидлайди. Масалан, Э. Сепир ва Ф.И.Буслаев каби олимлар ҳам кумулятив функция ҳақида яхши фикрларни баён қилганлар55. Тил ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлигини кўриб чиқиш баробарида, тадқиқотчилар инсоннинг ушбу тизимдаги ўрнини ўзгартира олмадилар56. Биз, В.Н.Телиянинг тил тузилишининг бошқа икки таркибий қисми – “маданият - одам учун генератив тамойил сифатида инсоннинг устувор мавқеига эришиш: “маданият, тил каби, инсоннинг дунёқарашини акс эттирувчи онг шаклидир” деган назарияларига амал қиламиз.57 Тилшуносликда концептни ўрганиш бугунги кунда кўплаб тадқиқотчиларни ўзига жалб қилмоқда, чунки бу воқеликни тил билан англаш усулларини аниқлаш ва оламнинг жамоавий ва индивидуал манзараларида устувор қадриятларни аниқлаш имконини беради. Тилшунослик оламни концептуал билиш, фалсафий таҳлил қилиш, воқеликни когнитив моделлаштириш, дунёқарашнинг этник ва ижтимоий-гуруҳ хусусиятларини культурологик тавсифлаш, воқеликни семантик тузиш ғояларини ўзида жамлайди. В. И. Карасик, И. А. Стернин каби рус тилшуносларининг илмий ишларида лингвоконцептнинг ютуқлари ва муаммолари муҳокама қилинади58. Бугунги кунга келиб, "концепт" тушунчасини ўрганишда иккита асосий ёндашув замонавий тилшунослик фанида ажратиб кўрсатилди: когнитив ва лингвомаданиятшунослик. Ушбу ёндашувлар учун умумий бўлган нарса - бу тил ва маданият ўртасидаги шубҳасиз боғлиқликни тасдиқлаш; тафовут тушунчани шакллантиришда тилнинг роли ҳақида турлича қарашга боғлиқ. Лингвомаданиятшунослик замонавий билимлар тизимида нисбатан янги йўналишдир. У тил, маданият ва бу маданиятни тилдан фойдаланган ҳолда яратадиган одамнинг ўзаро таъсирини ўрганади59. Когнитив лингвистикада концепт тил бирликларининг маъноси билан боғлиқ ҳолда ўрганилади ва шунга биноан тафаккур бирлиги сифатида қаралаётган концептни қолиплаштиришда тил бирликларига таянилади.Лингвомаданиятшуносликнинг марказий тушунчаларидан бири бўлган концепт кўплаб талқин ва таърифларга эга. Концепт ушбу маъно ва қадрият авлодининг маъноси ва шаклини бирлаштиради. Мулоқотда концепт ҳам оғзаки, ҳам ёзма бўлиши мумкин. Ички шакл, ядро ва оқим қатлами концепт тузилишини ташкил қилади60. Ҳозирги вақтда концепт когнитив тилшуносликнинг асосий тушунчаларидан биридир. Таърифга кўра, В.Г. Зинченко ва В.Г. Зусман, когнитив тилшуносликда тил муаммоларини "билиш призмаси орқали" кўриб чиқадилар. "Таълим" деганда: 1. билиш; 2. Инсон онги ва тафаккурини ўрганиш фани; 3. "инсоннинг билим фаолияти" каби тушунчалар тушунилади.61 Юқоридаги фикрни таҳлил қилиш билан бирга, биз ўз ишимизда концепт (маданий концепт) атамасини тушунишда лингвомаданий ёндашувга амал қиламиз. Жумладан, Ю.С.Степанов “концепт- маданиятнинг асосий бирлиги сифатида тан олиниши керак”, деб ёзади. “Концептнинг структурасига – илк шакл (этимология), тарихи, замонавий ассоциациялар киради. Концепт – олимнинг фикрича инсон онгидаги маданият жамламасидир”62. Ҳозирги вақтда маданий концепт лингвомаданиятшунослик фанининг асосий қисмларидан бири ҳисобланади. Бироқ тадқиқотчиларнинг ушбу атама ҳақидаги фикрлари турлича. Жумладан С.Г.Воркачев ўзининг илмий тадқиқот ишида “Агар тушунча ва концепт асосида аниқланадиган нуқтаи назарни ҳисобга олмасангиз, тилшуносликда концептни тушуниш учун мавжуд ёндашувлар ушбу ҳодисаларни лингвокогнитив ва лингвомаданий изоҳлашга киришади” деб таъкидлайди.63 В.И.Карасикнинг фикрига кўра, концептни тушунишда лингвкогнитив ва лингвомаданиятшунослик ёндашувлар бир-бирига зид эмас, чунки бу ёндашувлар шахсга нисбатан векторларда фарқ қилади, яъни лингвокогнитив концепт – индивидуал онгдан маданиятга йўналтирилган бўлса, лингвомаданиятшунослик концепт эса – маданиятдан индивидуал онгга йўналтирилган бўлади64. Концепт маркази ҳар доим аниқ ва муайян тушунчадан ташкил топади, чунки концепт маданиятни тадқиқ қилишга хизмат қилади, маданият асосида эса айнан қадриятлар тамойили ётади65. Когнитив концепт, ўз ўрнида, инсон тафаккурининг маҳсули ҳисобланади. Муҳим жиҳат шундаки, концепт нутқда тўлиқ ифодаланиши мумкин эмас, чунки: 1) концепт индивидуал билишнинг натижасидир ва шахс уни ифода этиши учун ундан мураккаб воситаларни қўллаш талаб этилади; 2) концепт оддий тузилишга эга эмас, у катта ҳажмга эга ва шунинг учун уни тўлиқ ифодалаш мумкин эмас; 3) концептни ифодалаш учун барча тил воситаларини қайд этиш мумкин эмас.66 Муайян жамият учун маълум бир воқелик соҳасининг долзарблигининг объектив кўрсаткичларидан бири - бу концептни нутқда ифодалашдир. В.Карасикнинг сўзларига кўра, бундай кўрсаткич номинатив зичлик тушунчасидир, яъни воқеликнинг белгиланган қисмини, кўп вариацион белгини ва мураккаб семантик нуансларни батафсил тавсифлайди. Номинатив зичликнинг кўрсаткичи, хусусан, битта тушунчани битта тилда ёки бошқа тилларда концептни бир хил сўз (маъно)да бўлмаган бошқа бир белгига солиштиришдир67. Бундан ташқари, "миллий маданий концептлар" деб номланувчи В.П. Нерознак атамаси алоҳида ажралиб туради. Бунда муаллиф жумладан шундай дейди: “биз миллий маданий концепт ҳақида қачон гапира оламиз, қачонки агар бирор концептнинг бошқа тилга таржима қилинганида, унинг ўрнини босувчи муқобил сўз бўлмаса, яъни таржимада мазкур концептнинг сўзма-сўз эквиваленти бўлмагандагина гапириш мумкин. Ана шундай сўзлар (лексикон)нинг миллий маданий концептлари рўйхатини тузиш керак бўлади”.68 Юқоридаги фикрдан келиб чиқиб биз бирор концептнинг турли тиллар доирасида таҳлил этганимизда шуни унутмаслигимиз керакки, биз таҳлил этмоқчи бўлган ҳар қандай концепт таҳлил этилаётган тилларнинг барчасига тааллуқли бўлади. Биз фақат концептларнинг айрим тилларда ўзига хос хусусиятлари доирасида бир-биридан фарқлашимиз мумкин холос ёки биз фақат концептнинг маълум бир маданият учун қанчалик муҳимлигини таҳлил этишимиз мумкин бўлади холос. "Концепт" атамаси ўтган асрнинг 90-йиллари бошларидан Д. С. Лихачев ва Ю.С.Степановларнинг илмий асарлари туфайли тил адабиётида кенг тарқалган. Д. С. Лихачев С. А. Асколдовнинг инновацион мақоласи ҳақида ижобий гапиради, аммо концептнинг моҳиятини белгилаб, ундан фарқли ўлароқ, у концепт сўз учун мавжуд эмаслигини, лекин ҳар бир луғат, сўзнинг алоҳида маъноси борлигини ва алоҳида кўриб чиқишни таклиф қилади. Олимнинг фикрига кўра, инсон бир пайтнинг ўзида сўзнинг тўлиқ маъносини ифода этиш имконига эга эмас, баъзан ижтимоий хусусиятлар ва шароитларга қараб уни ўзича тушунади ва талқин этади69. Ю.С.Степанов концептни маданий-ақлий-лингвистик таълим, инсон онгида маданиятнинг бир кўриниши сифатида тавсифлайди. Тадқиқотчи концептни сўз билан бирга келадиган ғоялар, тушунчалар, билимлар ва тасаввурларнинг "тўплами" деб ҳисоблайди. Олимнинг фикрига кўра, тушунча шаклида маданият инсон томонидан ақлий идрок қилинади. Бошқа томондан, Ю.С.Степановнинг фикрича, инсон тушунчаси орқали маданиятга кириб боради ва баъзан унга таъсир қилади70. Лингвомаданиятшуносликда Н.Д. Арутюнова, З.Х.Бизхева, А. Вежбицкая, С. Г. Воркачев, В. И. Карасик, В. А. Маслова, Г. Г. Слышкина, Ю. С. Степанов, В.Н. Телия, Г.В. Токарева, Р.М. Фрумкина ва бошқалар концептни кўплаб омиллар таъсири остида инсон онгида шаклланган ақлий бирлик сифатида кўриб чиққанлар. Айтиш жоизки, Ю.С.Степанов концепт терминини жонлантиради ва унга тўлиқ изоҳ беради. Ушбу терминнинг когнитив тилшуносликда, лингвистик концептуализм парадигмасида ва лингвомаданиятшуносликда фаол қўлланилиши уларнинг категория аппаратида етишмаётган когнитив "боғланиш"ни киритиш зарурати билан изоҳланади, унинг мазмуни концептга қўшимча равишда ассоциатив мажозий баҳолар ва унинг ишлаб чиқарувчилари ва фойдаланувчиларининг фикрларини ўз ичига олади71. Концепт ҳақида юқорида айтилганларнинг барчасини умумлаштириб, шуни таъкидлаш керакки, концепт категорияси иккита янги парадигмада: лингвокогнитология ва лингвокултурологияда ишлатилганлиги сабабли фанлараро мақомга эга бўлади. Биринчи йўналиш вакиллари Е.С. Кубрякова, Н.А. Болдырев, И.А. Стернин, А.П. Бабушкин концептни воқелик ҳақиқатининг яхлит, бўлинмаган акс эттириш вазифасини бажарувчи операцион онгнинг бирлиги сифатида изоҳлайдилар. Дунё объектлари ва ҳодисаларини ақлий қуриш (концептуализация) жараёнида шаклланган тушунчалар билимларнинг мазмунини, тажрибасини, инсоннинг барча фаолияти натижаларини ва уларнинг дунёни билиш натижаларини маълум бирликлар шаклида, "билим квантаси"72 шаклида акс эттиради. Иккинчи, маданий йўналиш вакиллари А. Вежбицкая, Н.Д. Арутюнова, В.И. Карасик, Д.С. Лихачев, Ю.С. Степанов, Л.О. Чейненко, С.Х. Ляпин, В.И. Шаховский , С.Г. Воркачев тушунчани этно-семантик ўзига хослиги билан бир даражага ёки бошқасига белги қўйилган ақлий мавжудот сифатида кўриб чиқади.73 Шундай қилиб, концептни лингвистик тушунишда учта асосий ёндашув мавжуд: биринчидан, кенг маънода, сўз (лексема)лар миллий тил тафаккурнинг мазмунини ташкил этадиган ва она тилида сўзлашувчиларнинг "оламнинг содда тасвирини" ташкил этадиган тушунчалар сонига киритилган. Д.С. Лихачев бундай тушунчаларнинг умумийлиги миллатнинг маданияти жамланган тилнинг концептуал соҳасини ташкил қилади, деб таклиф қилади74. Ушбу ёндошишда ҳал қилувчи нарса дунёни лексик семантикада тушунчалаштириш усули ҳисобланади, асосий тадқиқот воситаси - концептуал модел, унинг ёрдамида тушунча семантикасининг асосий таркибий қисмлари аниқланиб, улар орасидаги барқарор алоқалар аниқланади. Иккинчидан, тор маънода, Ю.С. Степановнинг тушунчалар ва В.П. Нерознакнинг семантик шаклланиш атамаларини қўллашлари бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради ва маълум бир этник маданиятнинг ташувчиларини характерлайди.75 Учинчидан, С.Г.Воркачев тилшунослик концептини ҳисобга олиб, унинг учта таркибий қисмини аниқлайди: концептуал, акс эттирувчи атрибут ва аниқ тузилмани акс эттирувчи; мажозий, қўллаб-қувватловчи уни лисоний онгда; муҳим, концепт номи олинган муайян тилнинг лексик-грамматик тизими билан белгиланади. Олим учун энг муҳимларидан бири бу маданий концепт масаласидир. С.Г.Воркачевнинг концептига мувофиқ, акс эттирилган лингвистик ва маданий жиҳат концепт ташувчисининг шахсияти билан бир хилдир76. Шундай қилиб, концепт терминини ўрганиш баробарида, биз маданий ўзига хослик ва концепт ташувчиси кимлиги ҳақида ҳам маълумот оламиз. Маълумки, тил ва маданият бир-бирига зид равишда мавжуд бўлган иккита тушунчадир. Шу нуқтаи назардан, айниқса Ю.С.Степанов томонидан таклиф этилган концептнинг таърифи алоҳида қизиқиш уйғотади.Концепт инсоннинг ақлий дунёсида аниқ тушунчалар шаклида эмас, балки у инсон ақлий дунёсидаги ғоялар, тушунчалар, билимлар, уюшмалар, тажрибалар "тўплами" сифатида мавжуд деб ҳисоблайди77. Таъкидлаш жоизки, лингвомаданиятшунослик концепт таркибидаги тушунча когнитив тилшунослик таркибига ўхшашдир. Бу эса концептни маълум бир гуруҳга бириктиришда янада аниқроқ намоён бўлади. Она тили учун энг муҳим бўлган ассоциациялар концептнинг асоси (ядро)ни, кам аҳамиятли бўлганлар эса периферияни ташкил қилади. Ядродан узоқлашганда, ассоциацияларнинг пасайиши юз беради. Тил ёки нутқ концептнинг марказий нуқтаси янгиланган бирлик унинг номи сифатида хизмат қилади78. Биз концепт тўғрисида интеграл тушунчани С.Х. Ляпиннинг асарида топамиз, у ерда концепт“у ёки бу лингвистик шаклда эътироф этилган жамоавий онгда кўп қиррали маданий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-психик шаклланишсифатидакўриб чиқилади79. В.И.Карасик “концептуал ёндошув унга боғлиқлик рационал ва ҳиссий таркибий қисмларнинг кўп ўлчовлилигига боғлиқ”80деган ғояни илгари суради. В. А. Маслова концептлар остида оламнинг лисоний манзараси асосий элементларининг маданий хусусиятлари ётади, концепт инсон учун ҳам, тилшунослик ва маданий ҳамжамият учун муҳимдир деб таъкидлайди. Олимаўзининг илмий ишида асосий маданий тушунчалардан ирода, гуноҳ, ватан, виждон, тақдиркабиларга мурожаат қилади. Шунингдек, у ушбу сўзларни ўрганиш жуда долзарб эканлигини таъкидлайди, сабаби маданиятнинг асосий тушунчалари халқнинг луғавий онгида муҳим ўрин тутади81. В. А. Маслова концептни мураккаб тузилма сифатида таърифлаб, унинг мазмуни, баҳоси ва тасвирланган объектга муносабати билан бир қаторда қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олади: универсал (универсал); маълум маданий шароитларда яшаш шарти билан яратилган миллий-маданий; ижтимоий - бу компонент ҳар қандай ижтимоий қатламга тегишли эканлигини аниқлайди; муайян ёшга ёки жинсга мансублиги бўйича аниқланадиган гуруҳ; индивидуал-шахсий, унинг шаклланишига шахсий хусусиятлар (таълим, тарбия, индивидуал тажриба, психофизиологик хусусиятлар) таъсир қилади82. Замонавий тилшуносликда концепт тузилиши ҳам ядро, ядро зонаси ва перефериядан иборат айлана шаклида намоён бўлади. Муайян зонага тегишли бўлиш белгининг тилда қабул қилиниши билан белгиланади. Концепт- ядродан периферияга қараб пасайиб боради. Ушбу фикр кўплаб олимлар томонидан қўллаб-қувватланади. Масалан, В.И. Карасик ва Г. Г. Слышкинларнинг фикрига кўра, концепт онг атрофида пайдо бўлади, улар атрофида хаёлий векторлар жойлашади. Ушбу векторларнинг энг аҳамиятлиси концептнинг ўзагини белгилайди, атроф-муҳит эса унчалик аҳамият касб этмайди. Ядродан масофа ошиб борар экан, ассоциациялар камроқ равшан бўлади. Концепт номи марказий нуқтани янгилайдиган тил ёки нутқ бирлиги билан белгиланади83 Шундай қилиб, лингвомаданиятшуносликда тил асосий тушунчалар - инсон онгида тушунчаларни шакллантиришнинг асосий усулларидан бири ҳисобланади. Концепт орқали сўз оламнинг лисоний манзарасига кириб, унда бошқа лексик бирликлар билан ўзаро алоқада бўлади. Концепт дунёни лисоний акс эттиришнинг илмий ва лингвистик тавсифидаги марказий категориядир. Шахсий ва маданий тажриба асосида ишлаб чиқилган концептлар, одамлар онгида маънавий мерос бўлиб, дунёни билиш натижаси бўлиб, тил тасвирини ва миллий менталитетни акс эттиради84. Мана шундай хусусий ёки универсал бўлган семантик константалар когнитив тилшуносликва лингвомаданиятшунослик учун хос бўлган концептлар сифатида тавсифланиши мумкин, гарчи бу маънода умумий когнитив тилшунослик ёки умумий лингвомаданиятшунослик ҳакида сўз юритиш тўғрироқ бўларди, чунки, бир томондан, уларнинг таҳлил объекти бўлиб айнан ана шу универсал концептлар ва уларнинг вербал воқелантирувчилари хизмат қилса, иккинчи томондан, хусусий когнитив тилшунослик ва хусусий лингвомаданиятшунослик ҳақида гапириш ҳам жоиздир, ваҳоланки унда уларнинг таҳлил объекти бўлиб хусусий концептлар ва уларни воқелантирувчи хусусий вербал воситалар ҳисобланади. Шу боис когнитив ва маданий тилшуносликда шундай концептларнинг жами турлари ва миқдорини аниқлаш масаласи замонавий тилшуносликда унинг “концептология” деб ном олган янги йўналиши кун тартибининг бошида турибди85. Шундай экан, бизнинг ўрганиш объектимиз бўлган инглиз тилида “tongue” концепти ҳам хар қандай тил хусусан инглиз тилида концептосферасида умумий ва хусусий хусусиятларига эга эканлигига шак-шубҳа йўқ. Ушбу масалага яна кейинги бобларда хам фикр юритамиз. Download 1.73 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling