Гидронефроз - болаларда энг кўп учрайдиган буйракнинг жарроҳлик касаллиги. Гидронефроз деб сийдикни ушланиб қолиши натижасида жом ва косачаларнинг турғун ва авж олувчи кенгайишига айтилади. Жом ичи босимининг ошиши ва қон томирларининг чўзилиши натижасида паренхимани озиқланиши бузилади ва у аста-секин атрофияга учрайди, натижада буйрак ингичка деворли сийдикка тўла халтага айланиб қолади.
Болаларда гидронефрозни кўпинча туғма сабаблар чақиради: сийдик найининг клапани, торайиши, букилиб қолиши, жом юқорисидан чиқиши, битишма ва аберант қон томирлар билан босиши (28-расм). Орттирилган сабабларга-тош, ўсма ва чандиқлар киради.
Агар тўсиқ сийдик найининг дистал қисмида ёки уретрада бўлса, бу ҳолларда уретерогидронефроз (сийдик найи ва буйра ғовак қисмини кенгайиб кетиши) ривожланади.
С.П.Федоров (1906) таснифи буйича гидронефрозни икки даври фарқланади. I. бошланғич даври - пиелоэктазия, ва II. кечки даври-гидронефроз ва пионефроз.
10-12% беморларда гидронефроз икки томонлама бўлади. Гидронефрознинг асосий клиник белгилари: бел ва қорин соҳада оғриқ ҳамда ўсмасимон ҳосилани пайпасланиши ва сийдикдаги ўзгаришлар (микрогематурия, лейкоцитурия). Икки томонлама гидронефрозда яна сурункали буйрак етишмовчилик белгилари (жисмоний ривожланишда орқада қолиш, кам қувватлик, иштаҳани пасайиши, чанқоқлик, полиурия, никтурия ) ҳам қўшилиши мумкин.
Диагноз эхография, экскретор урография, радиоизотоп сканерлаш ёрдамида аниқланади.
Урограммаларда дастлаб буйрак фаолияти сусайганлиги (контраст модданинг ажралиш муддати кечикканлиги ва сурат интевсивлигининг пастлиги), думалоқ контраст доғ пайдо бўлиши (кенгайган косачалар) кўринади. Кечиктирилган (1-3 соатдан кейин) рентген суратларда кенгайган жом ҳам кўриниши мумкин. Тўсиқ жойини ва узунлигини аниқлаш мақсадида ретроград уретеропиелография қилинади. Радиоизотоп текшириш буйрак фаолиятини бузулиш даражаси ҳақида муҳим маълумот беради.
Гидронефрозни давоси фақат оператив усулда. Буйрак фаолияти сақланган ҳолларда ҳозирги пайтда Хайнес-Андерсен-Кучере операцияси қилинади. Уни маъноси торайган пиелоуретерал сегменти кесиб олиб ташланади. Агар сийдик найи тўқима битишмалар билан босилган бўлса битишмаларни кесиб ташланади - уретеролизис операцияси қилинади. Агар сийдик найи аберант қон томир билан босилган бўлса қон томирни юқорига силжитиб, жомга маҳкамлаш операцияси (Хельстрем) қўлланилади. Бордию буйрак фаолияти бутунлай йўқолса нефруретерэктомия (буйрак ва сийдик найини олиб ташлаш) операцияси қилинади. Акс ҳолда оғир асоратлар (буйрак ёрилиши, пионефрозга айланиши) бўлиши мумкин.
Пластик операциялардан кейин беморлар диспансер кузатувда бўлишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |