КЎРИНГ, ҚИЗАМИҚҚА ишора қиладиган белгилар борми?
Иситмалаб турган боланинг аҳволига баҳо беринг ва қизамиққа ишора қиладиган белгилар борми, аниқланг. Баданда ялпи тошма ва қуйидаги белгилардан бирортаси: йўтал, тумов ёки кўзларннг қизариши бор-йўқлигини излаб кўринг.
Бадандаги ялпи тошмалар. Қизамиқда баданга қизил тошма тошиши қулоқлар орқаси ва бўйиндан бошланади. У юзга тарқалади. Эртаси кун давомида у бутун тана бўйлаб, қўл ва оёқларга тарқалиб боради. 4 – 5 кундан кейин тошма йўқола бошлайди ва бадан териси пўст ташлай бошлаши мумкин. Kасалликнинг оғир кечишида тошма баданнинг кўп қисмга тарқалиши мумкин. Тошманинг ранги ўзгаради (тўқ жигарранг ёки қорамтир бўлиб қолади) ва терининг пўст ташлаши кўпаяди.
Қизамиқ тошмаси везикулалар (ичида сувсимон суюқлик бўладиган пуфакчалар, қаварчиқлар) ёки пустулалар пайдо қилмайди. Қизамиқ тошмасини сув чечак, қўтир ва иссиқлик сингари болаларда кўп учрайдиган бошқа тошмалар билан адаштирманг. Сув чечакда баданга везикулали тошма тошади. Қўтир қўлларда, оёқ панжалари, тўпиқлар, тирсақлар, думба ва қўлтиқ ости чуқурчалари соҳасида бўлади. Қўтир тошмаси қичиштиради. Иссиқлик тошмаси майда бўртмалар ва везикулалар ҳолида, тарқоқ ва қичиштирадиган бўлиши мумкин. Иссиқлик тошган бола касал ҳисобланмайди. Сиз яшаб турган жойда қизамиқ чиқиб қолган бошқа ҳоллар учраётган бўлса, қизамиқни аниқлаб олишингиз осонроқ бўлиши мумкин.
Йўтал, Тумов ва Kўзларнинг қизариши.
Иситмалаб турган болани қизамиқ билан оғриган деб таснифлаш учун унинг баданида ялпи тошма ва: йўтал, тумов ва кўзларнинг қизаргани сингари белгиларнинг биттаси бўлиши керак. Kўз оқлари, яъни склералар қизариб турган бўлса, бу касаллик белгиси бўлиб ҳисобланади. Соғлом кўз склералари беғубор тиниқ оқ тусда бўлади.
Бола қизамиқ билан ҳозир оғриб турган ёки сўнгги 3 ой давомида оғриб ўтган бўлса: боланинг оғзи ёки кўзларида касаллик асоратлари борми, қараб кўринг. Бола тинч турганида сезиладиган стридор, пневмония ва диарея сингари қизамиқнинг бошқа асоратлари олдинроқ, озиқланишининг бузилиши, томоқ оғриғи ва қулоққа алоқадор муаммолар эса кейинроқ баҳоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |