ҚАРАБ КЎРИНГ, боланинг оғзида яралар борми? Улар чуқур ва каттами?
Боланинг оғзида яралар борми, қараб кўринг. Яралар – бу оғиз, лаблар ёки тилда пайдо бўлиб, оғриб турадиган очиқ жароҳатлардир. Улар қизил рангда ёки оқ караш билан қопланган бўлиши мумкин. ОҒИР ҳолларда улар чуқур ва катта бўлади. Қизамиқ билан оғриган боланинг оғзида яралар бўлиши унинг еб-ичишига ҳалақит беради.
Оғизда бўладиган яралар Филатов-Kоплик доғлари деб аталмиш майда доғлардан фарқ қилади. Филатов-Kоплик доғлари қизамиқнинг илк босқичларида лунжларнинг ички юзасида пайдо бўлади. Булар - ўртасида оқ нуқта бўладиган, нотекис, оч қизил тусли майда-майда доғлардир. Боланинг еб-ичишига улар ҳалал бермайди. Уларни даволамаса ҳам бўлади.
ҚАРАБ КЎРИНГ, кўз йиринглашганми?
Kўзнинг йиринглашгани яъни ундан йирингли ажралма келиб туриши конъюктивит белгиси бўлиб ҳисобланади. Kонъюктивит – кўз қовоқлари ички юзаси ва кўз оқ қисмининг яллиғланиши, конъюктива инфекциясидир.
Kўз йиринглашгани маълум бўлмаса, конъюктива ва кўз қовоқларида йиринг бор-йўқлигини қараб кўринг. Йиринг бола ухлаб ётган пайтда кўпинча қотиб, кўзни “ёпиштириб” қўяди. Kўзни тоза қўл билан авайлаб очиш мумкин. Kўзи йиринглашган болани текшириб кўрганингиздан кейин қўлларни ювинг.
ҚАРАБ КЎРИНГ, шох парда хиралашганми?
Шох парда одатда тиниқ бўлади. Шох парда юзида ноаниқ (хира тортган) жойлар бўлса, шох парда хиралашган деб ҳисобланади.
Шох парда хиралашганми-йўқми, диққат билан қараб кўринг. У хиралашган бўлиб кўриниши ёки озгина сут қўшилган сувга ўхшаб тиниқлигини йўқотган бўлиши мумкин. Битта ёки иккала кўз шох пардаси хиралашиб қолган бўлиши мумкин.
Kўз шох пардасининг хиралашуви – хавфли ҳолат. Унга қизамиқ туфайли янада зўрайган витамин А етишмаслиги сабаб бўлиши мумкин. Kўз шох пардасининг хиралашувига даво қилинмаса, шох пардада яралар пайдо бўлиши мумкинки, бу – кўзнинг кўр бўлиб қолишига олиб келади. Кўзининг шох пардаси хиралашган бола витамин А дан фойдаланиб, тезлик билан даволанишга муҳтож бўлади.
Кўз шох пардаси хиралашган бола кўзига ёруғлик тушганида кўзларини қаттиқ юмиб олиши мумкин. Ёруғлик боланинг кўзларини таъсирлантириб, оғриққа сабаб бўла олади. Боланинг кўзларини кўриб чиқиш учун у кўзларини очишини кутиб туринг. Ёки пастки қовоғини оҳиста пастга тортиб туриб, кўз шох пардаси хирлашганми- йўқми, кўриб чиқинг.
Кўз шох пардаси хиралашган бўлса, бунинг қачон пайдо бўлганини боланинг онасидан сўранг. Агар онаси фалон вақтдан бери пайдо бўлиб қолди, деб ишонч билан айтадиган бўлса, буни касалхонада даво буюришганми-йўқми, деб сўраб кўринг. Агар шундай қилинган бўлса, бундай болани кўзининг шох пардаси хиралашмагани туфайли касалхонага яна юборишнинг зарурияти йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |