Бухоро давлат университети тарих ва маданий мерос факультети


Ўрта Осиёда инглиз-рус рақобатининг кучайиши ва унинг Каспийортига таъсири


Download 283.5 Kb.
bet4/7
Sana07.02.2023
Hajmi283.5 Kb.
#1174178
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
Инглиз рус рақобатчилигида “Каспийорти масаласи”

1.2 Ўрта Осиёда инглиз-рус рақобатининг кучайиши ва унинг Каспийортига таъсири
XIX аср биринчи ярмида Марказий Осиё давлатлари билан Англия ўртасида муносабатларнинг ўрнатилишида XVII аср бошида юзага келиб, XIX аср ўрталаригача фаолият юритган, Буюк Британия ташқи сиёсатини белгилашда жуда катта таъсирга эга бўлган Ост-Индия компаниясининг ўрни эътиборга моликдир. Ост-Индия компанияси Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларига ўз ходимларини минтақанинг иқтисодий ва сиёсий ҳолатини ўрганиш, карвон йўлларини тадқиқ этиш, керакли жойларнинг географик кенгликларини аниқлаш ва, шунингдек, ушбу мамлакатлар ҳукмдорларини Англия билан сиёсий алоқалар ўрнатишга, инглиз товарлари учун ўз бозорларини очиб қўйишга кўндириш вазифалари билан юборди. Шундай ходимлардан бири ҳинд сайёҳи Мир Иззатуллоҳ бўлиб, у ўз эсдаликларини “Мир Иззатуллоҳнинг 1812—1813 йилларда Марказий Осиёга қилган саёҳати” асарида ёзиб қолдирган. Асарда ёзилишича, Ост-Индия компанияси раҳбариятининг бошлиғи Уилям Муркрофтнинг топшириғига биноан Сайид Мир Иззатуллоҳ Бухоро амири билан яқин муносабатлар ўрнатиши лозим эди. 1825 йили Марказий Осиёга келган Муркрофт ҳам, 1832 йилда Бухорога ташриф буюрган Александр Бёрнс ҳам аслида Ост-Индия компанияси ходимлари эди. Бу экспедициялардан кўзланган асосий мақсад бажарилди: хонликларда инглизларга тарафдор гуруҳ вужудга келтирилди.
Ўрта Осиё билан Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий-савдо алоқалари тўғрисида XIX асрнинг 30-йиллари бошларида махфий топшириқ билан Бухорога сафар қилган инглиз агенти Александр Бёрнс кўп характерли маълумотлар беради. А.Бёрнс Астробод билан Хива савдо алоқалари йўлнинг нотинчлиги ва доимий ҳужум хавфи туфайли унчалик тараққий этмаганлигини баён қилади. Астрободга бир йилда битта ёки иккита Хива карвони келган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 80 ёки 100 туя юк келтирилган. Бёрнс хабарига кўра, Хива билан Астробод оралиғи карвон учун хатарли бўлганлиги сабабли савдо карвонлари Каспий денгизининг шарқий қирғоқлари бўйлаб юрган.
Жаҳон тарихида рус империяси нисбатан анча ёш империя ҳисобланади. Подшо Петр Биринчи 1721 йилда Россияни империя деб эълон қилган эди, Шу даврдан бошлаб руслар босқинчилик сиёсатини юргизиб, дуч келган томонга - ғарбу шарққа, жанубу шимолга ҳарбий юриш қила бошладилар.
Империя гўёки ўзининг «табиий чегараларига чиқиш»га интиларди, бу чегаралар эса ғарбда Болтиқ денгизини, шарқда Тинч океанини ўз ичига олиши лозим эди. Россия дунё уммонининг дилтортар кенгликларига чиқиш имконини берувчи жанубий денгизларга ҳам йўл излай бошлади. хусусан, Россия Волга, Сибир, Марказий Осиё ва Кавказдаги халқларини бўйсундиришга киришди.
Рус империяси ислоҳотчи, тадбиркор ҳарбий тактик ва стратег Петр I нинг Шарқни эгаллаш мўлжали, энг аввало Марказий Осиё ўлкаларини забт этиш режалари асосида иш кўрган Россия империясининг ҳукмдорлари ҳарбий куч билан босиб олиш мумкин бўлган ҳудудларда зудлик билан катта-кичик ҳарбий истеҳкомлар ва таянч пунктларини бунёд қилишга киришдилар. Шарқдан, Марказий Осиёдан эртаю кеч кўзини узмаган, иложи бўлса, Туркияни тор-мор этиб, Ҳиндистонни ҳам забт этишга ҳозиру нозир турган подшо Петр I бу узоқни кўзлаган режаларини энг аввало тезда яқин-атрофдаги қўшниларнинг ерларини босиб олишдан бошлаб юбормоқ зарур, деб билди. Россия ҳукмдори шу мақсадда Марказий Осиёдаги мавжуд хонликларга турли қиёфадаги жосуслар, айғоқчиларни юбориб, турли-туман катта-кичик экспедицияларни йўллаб турди. Бу ёвуз ниятни амалга ошириш мақсадида император Петр I ўз ҳукмронлиги даврида, 18 асрда биргина Қозоғистоннинг ўзида 140 дан ортиқ катта-кичик истеҳкомлар, ҳарбий қалъа ва таянч пунктларини қурдирди. Жуда катта маблағлар эвазига барпо этилган бу истеҳкомларда уруш учун зарур бўлган қурол-аслаҳа, озиқ-овқат захиралари, босқинчилик юришларида қўл келадиган барча зарурий ашёлар тайёрлаб қўйилади. Айни вақтда Оренбург ҳарбий округи Марказий Осиё ерларини назорат қилиб туради. Ҳарбий қисмлар тайёргарлиги ва ҳарбий-тактик машқлар олиб борилади. Айни бир пайтда туркум ҳарбий экспедициялар уюштириб турилади.
Россия Шарқ мамлакатларига, биринчи навбатда Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Эрон, Марказий Осиё, Кавказ ўлкаларига яқинлашишга уринди. Бу мақсадларига эришиш учун турли баҳоналар билан аввало Кавказ, Кавказорти ўлкаларига суқилиб кириб, сўнгра уларни тўлиқ забт этмоқ лозим эди.
Пётрнинг шахсан ўзи ўзбек хонликлари ҳудудига кириб бориш режасини ишлаб чиқади. Шу режага асосланган тажовузкор сиёсатни бевосита амалга оширишга киришиб, у Марказий Осиёга 1714 йилда Преображенский полкининг поручиги княз Алекеандр Бекович-Черкасский бошчилигида. 1715 йилда капитан Иван Бухголс раҳбарлигида Хивага ва Ёркентга бир неча минг кишилик ҳарбий отрядлар юборади. Жамоатчилик фикрини чалғитиш учун отрядларнинг мақсади Марказий Осиё, Афғонистон орқали Ҳиндистон билан савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтириш ҳамда Хива хонлиги билан тотув муносабат ўрнатишдан иборат деб белгиланади. Бухголтс бошчилигидаги отряд Балхаш кўлига етиб келиб, у ерда ҳарбий истеҳком қуради. Аммо отряд қийинчиликларга дуч келиб, тезда изига қайтади. Княз Бекович-Черкасский бошлиқ ҳарбий экспедиция отряди эса 3727 пиёда, 617 та отлиқ, 2000 казак аскарлар, 230 денгизчи ва 22 та тўп-замбарак (ҳаммаси бўлиб 6 мингдан зиёд аскар) билан Хоразм томон йўл олади. Ҳарбий отряд икки ой машаққатли йўл босиб, йўл-йўлакай қишлоқ ва овулларни вайрон қилиб, 1717 йилнинг кузида Хоразм чегараларига етиб келади. Чор аскарлари чақирилмаган меҳмон бўлиб, ёвуз ният билан келганликларини сезган Хива хони ватанпарвар инсон Шерғозихон бу ҳарбий отрядни юқотиш пайида бўлади. Шундай хушёрлик натижаси ўлароқ у отрядни турли туманларга бўлиб жойлаштиришга Бекович-Черкасскийни кўндиради. Шу йўл билан хиваликлар рус отрядини мақсадига етказмасданоқ тезда қириб ташлайдилар. Бекович-Черкасский ҳамда унинг ёрдамчиси булган Замоновскийнинг кесилган каллалари Хива бозори дарвозасига илиб қўйилади. Отряднинг ўлимдан қочиб қолишга муваффақ бўлган аъзолари бу кутилмаган: фожиа тафсилотини подшо Петр I га маълум қиладилар. Дастлабки юришлар муваффақиятсиз тугаганига қарамай, Петр I ҳукумати Марказий Осиёга таҳдид солишдан, уни тўлиқ эгаллаб, Россия куч-қудратини оширишга хизмат қилдириш мақсадидан воз кечмайди.
Абулхайрхон 1730 йилда Жузни рус фуқаролигига қабул қилишларини сўраб, Уфага элчи юборади. Россия ҳукумати Марказий Осиёга ҳужум қилиш учун ишончли истеҳкомга эга бўлиш ҳамда ўз мустақиллиги йўлида курашаётган бошқирдларнинг қозоқлар билан иттифоқ тузншининг олдини олиш мақсадида хоннинг илтимосини кечиктирмай қондиради. Кўпчилик қозоқ оқсоқолларининг қаршилигига қарамай, 1730 йилда Кичик жуз билан бирга Семекхон бошчилигида Ўрта жузнинг бир қисми ҳам Россия империясига тобе бўлади. Қозоқларнинг Россия фуқаролигига ўтиши чор ҳукуматининг Марказий Осиёга бундан кейинги юришлари учун катта имкониятлар яратиб беради. Петр I таъбири билан айтганда, Шарқ билан алоқада Қозоғистон калит, дарвоза ролини ўйнайди.
Аслида бу ишга император Николай I ҳукмронлиги даврида-ўтган асрнинг 1830-40-йилларидан бошлаб киришилади. Россия империяси турли йўллар, баҳоналар билан Оренбург ва Урал орқали аста-секин Қозоғистон ва Марказий Осиё ўлкаларига кириб кела бошлайди.
Россия Қозоғистон ерларида ҳарбий истеҳкомлар қуришга маблағни аямай сарфлайди. 1734 йилда Оренбург губерниясининг котиби И. Кириловнинг зиммасига қалъалар қуриш, аввал Бухорога, кейинчалик Ҳиндистонга савдо карвони олиб бориш баҳонасида теварак-атроф ва йўллар харитасини чизиш, руда ва олтин қидиришни йўлга қўйиш каби қатор вазифалар юкланади. 1742 йилда қурилган Оренбург шаҳри ўзбек хонликлари ҳудудига кириб келиш йўлида ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий истеҳком бўлиб хизмат қилади. Туркистонни ҳарбий куч билан босиб олиш ниятида Россия империяси фақат 18 асрнинг ўзида Қозоғистон ҳудудида юздан ортиқ катта-кичик ҳарбий истеҳкомлар, таянч даргоҳлари қурдиради. Шимоли-шарқий Каспийбўйи ерларида ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Ново-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) ҳарбий истеҳкомини барпо этади. Оренбург томондан турли ҳужум ва босқинларга чек қўйиш ва турли йўллар билан асирга тушган дайди, қочоқ русларни озод қилиш баҳонасида генерал Перовскийнинг тўп-замбараклар билан қуролланган 51 минг 217 кишилик қўшини Хива томон юриш қилади. Лекин бу юриш ҳам руслар мағлубияти билан тугайди. Бироқ Россия империяси Англия, Хитой ҳужумидан хавфсираган ҳолда Марказий Осиё ўлкаларини тезроқ босиб олиб, ўз мустамлакасига айлантириш ниятидан қайтмай, ҳарбий изланишларини тинимсиз давом эттиради.
XIX асрнинг 30-йиллари бошларида Ўрта Осиё бозорларида инглиз ва рус товарлари ўртасидаги рақобат тобора кучая боради. Шу даврларда инглиз товарлари Афғонистон орқали Ўрта Осиё хонликларига, рус товарлари эса Ўрта Осиё хонликлари орқали Афғонистонга кўпроқ кириб кела бошлайди. Натижада афғон савдогарлари халқаро савдо муносабатларига тобора кенг жалб қилина бошланган. А.Бёрнс хабарига кўра, афғон савдогарлари рус ярмаркаларига ҳам ташриф буюришган. Бухоро савдогарлари афғон савдогарларининг инглиз товарларини Ўрта Осиё бозорларига олиб келаётганлигидан нарози бўлишган.
Оренбург генерал-губернатори Перовский ҳам афғон савдогарларининг Бухоро ва Хивага кўплаб инглиз товарларини олиб келаётганлигини эътироф қилиб, уларни рус товарларига нисбатан анча паст нархларда сотаётганлигидан мамнун бўлган. Бироқ, шунга қарамасдан инглиз товарларининг харидорлари кам. Бунинг сабаби афғонлар инглиз товарларини Бухоро ва Хива товарларига айирбош қилмасдан, фақат нақд пулга сотишади, деб таъкидлаган эди.
Афғонистоннинг ички ва ташқи транзит савдо алоқаларида мамлакатда яшовчи афғон савдогарлари каби тожиклар, ҳиндлар ва эронлик савдогарлар катта рол ўйнаган. Кўчманчи афғон қабилалари ҳисобланган повинда воситачи ролини бажарган. Эльфинстон маълумотига кўра, повинда орасида XIX аср бошларида 3000 ф.стерл. бойликка эга бўлган бир нечта савдогарлар бўлган. Улар Ўрта Осиё билан Ҳиндистон ўртасида ҳамкорлик қилган.
Г.И.Данилевскийнинг «Описание Хивинского ханства” асаридаги маълумотлар орасида Хиванинг Қўқон каби Ҳирот ва Машҳад билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларига эга эмаслиги, ваҳоланки, савдо карвонлари Эрондан тўғри Марв орқали ўтиб, Хива хонлигининг ҳеч қаерида тўхтамай тўғри Бухорога ўтиб кетиши қайд этилган. У Хива хонлиги ҳақидаги барча маълумотларни таҳлил қилиб, Хива учун ягона ва мумкин бўлган савдо Россия билан савдодир, деган хулосага келган. Хиваликлар ўзининг карвонлирини рус товарлари билан тўлдириб Хивага олиб кетиши мумкин, деб ҳисоблаган. Бошқа муаллифлар каби, Г.И.Данилевский Хивада мусулмон савдогарлардан 2%, рус савдогарларидан 5% бож солиғи олинганлигини таъкидлайди.
Хиванинг Астробод билан савдо алоқаларида туркманларнинг ёвмут туркман қабиласи фаол иштирок этган бўлса, чўл орқали Машҳад Бухоро савдосида эса текке туркман қабилалари қатнашганлиги ҳикоя қилинади.
Хива ва чўл худудлари орқали савдо айтайлик асрлар давомида давом этиб келмаганда эди, XIX асрнинг 70-йилларида бу даражадаги савдо ҳақида гап бўлиши эҳтимол эди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Хива ва туркманлар юрти ўртасидаги савдо ўзига хос хусусиятга эга бўлганки, буни сотиладиган товарлар рўйхати ҳам тасдиклайди. Хиванинг  Астробод билан савдоси эса туркманларнинг ёвмут қабилалари орқали амалга оширилган бўлиб, туркманларнинг ёвмут туркманлари Каспийортидаги жараёнларда катта роль ўйнаган.
Қрим уруши туфайли Чор Россиясининг Қора денгиздаги ва Болқондаги таъсири анча сусайди, шу боис Россиянинг Марказий Осиё давлатларига бўлган қизиқиши янада кучайди. 19 асрнинг иккинчи ярмида (1853-1856) бўлиб ўтган Россия билан Қрим уруши Россиясининг Марказий Осиёга ҳарбий юришига, мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишига маълум муддат тўсқинлик қилиб турди. Бироқ Россия империяси подшо Петр I белгилаб кетган режа асосида Марказий Осиёга ҳарбий юришни ҳеч тўхтатмай, шиддат билан амалга оширишни мақсад қилиб қўяди.
Ўз навбатида, 1857—1859 йилларда бўлиб ўтган Ҳиндистондаги миллий-озодлик қўзғолонидан қаттиқ чўчиб қолган Англия ҳукумати XIX асрнинг 60 йилларида Чор Россиясининг Марказий Осиёдаги фаол ҳаракатига қаршилик кўрсата олмади. Лекин 1865 йили Тошкент, 1868 йили Самарқанд руслар томонидан босиб олингач, айниқса, инглиз сайёҳи Г.Роулинсоннинг 1868 йилда инглиз парламентига йўллаган, руслар Ҳиротни эгаллаб, Қандаҳоргача юриш қилиб бориши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлари ўрин олган мактубидан сўнг инглиз ҳукумати шошилинч равишда Чор Россияси билан Британия Ҳиндистони ўртасида “буфер зона” яратиш борасида Россия давлати билан музокаралар олиб борди. Ушбу “буфер зона” Афғонистон бўлиши керак эди.
Марказий Осиёда русларнинг йўналишига чегара қўйишга ҳаракат қилган Англия, 1869 йилдаёқ Марказий Осиёда таъсир доирасини тақсимлаб олиш ва мазкур ҳудудларда Россия империяси ва Буюк Британия ҳукуматлари ўртасида қалқон минтақани барпо этиш тўғрисида Россия билан музокараларни бошлаш ташаббуси билан чиқди. Музокаралар бир неча ой давом этиб, унинг охирги босқичларида Ҳиндистон генерал-губернатори ҳузуридаги Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат қўмитаси раиси Дуглас Форсайт ҳам иштирок этди. Горчаков ва Форсайт 1869 йилнинг 1 агустида илк маротаба Баден-Баденда учрашдилар. Иккиси ҳам Россия ва Англия ўртасидаги чегарага оид масалани тинчлик йўли билан бартараф этиш тўғрисида якдил фикрга келдилар. Шу билан бирга Горчаков, Россия Ҳирот ва Афғонистон ишларига ҳам аралашмайди деган мазмунда ўзининг қатъий фикрини билдирди. У Афғон амири Шер Алихон ўзининг диққат-эътиборини фавқулодда ҳукумат ишларига қаратишини ва ҳеч ким унинг ишига халақит қилмаслиги ҳақидаги истагини таъкидлади.
Аввал бошида Афғонистонни қалқон минтақаси ҳудуди этишни тахмин қилишди. Афғонистон жанубий Амударёнинг барча ҳудудига даъво қилгани каби ва ўша вақтда Бухоро ҳам ўз навбатида жанубий Амударёнинг айрим ҳудудларини ўзиники деб ҳисоблагани учун бу нуқтаи назар Россия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланмади. Бухоронинг айрим ҳудудлари Россия таъсир доирасига киргани туфайли Афғонистон даъвосини қўллаб-қувватлай олмади. Буюк Британия Ташқи ишлари вазирлигида мавжуд бўлган маълумотлар Россиянинг позициясини тасдиқлади.
Рус ҳукуматини Афғонистоннинг қўшни Балх, Қундуз в Бадахшон ўлкалаларига силжиши имконияти ташвишга солди. Шу муносабат билан Буюк Британиядан Афғонистон чегараси 1869 йилда, яъни музокаралар олиб борилган вақтда қандай бўлган бўлса, ўша кўринишда сақлаш кафолати талаб қилинди. Охир-оқибатда, бу босқичда томонлар бир битимга кела олмадилар.
1869 йилнинг 3 сентябрида Англия ҳукумати вакили лорд Кларендон билан бўлган иккинчи музокарада ҳам канцлер Горчаков яна ўзининг илгари айтган фикрини тасдиқлади ва британ ҳукумати ўз навбатида Шер Алихонни қўшни ўлкаларга ҳар қандай ҳужум ҳаракатларидан тийиб туриши умидини ифодалади.
Кейинчалик, 1869 йил 20 октябрда Петербургда ҳарбий вазир Д. Милютин ва Д. Форсайтлар ўртасида, шунингдек Осиё депертаменти директори иштирок этган йиғилишда иккала томон қуйидаги қарорга келишди: “1) Ҳозирги вақтда ҳақиқатда Шер Алихон ҳукмронлик қилаётган ҳудудлар Афғонистоннинг чагараси этиб ҳисобланади. Ўзининг чегарасини шимолга томон кенгайишиги йўл қўймаслиги учун Англия барча чораларни тадбиқ этади. 2) Ўз навбатида Россия Бухоро ўзининг чегарасини Афғонистон ҳудуди ҳисобига кенгайтиришига йўл қўймаслик учун ўзининг таъсиридан фойдаланади. 3) Агарда кейинчалик Россия Бухорога қарши душманларча ҳаракат қилишга мажбур бўлса ва барча хонлик ёки унинг бир қисмини эгаллаб олиш ҳохишидан қатъи назар, Афғонистонга нисбатан босиб олиш ҳаракатларини амалга оширмайди. Англия эса ўз навбатида, афғон подшоҳи ўзининг шимолий қўшниларини ташвишга қўйишига йўл қўймайди”11.
Англия Россияга иккала империянинг таъсир доирасини ажратувчи оралиқ сифатида Афғонистоннинг шимолий чегарасига аниқлик киритишни таклиф қилди. Россия бу таклифга рози бўлди. Буюк Британия ва Россия ҳукуматлари ўртасида қалқон минтақани барпо этиш тўғрисидаги музокаралар яна қайтадан бошланди. Қобул амири чегараси шимолда Амударёнинг Хўжа Солиҳ кечувидан ва Панж юқори оқими, сўнг бу нуқтадан чегара Бадахшоннинг шарқий чегараси бўйлаб ва Кофиристон ҳамда Читролнинг шимолий чегарасидан жанубий-ғарбий томонга йўналиб жанубга қайрилади. Кўриниб турибдики, на Шуғнон ва на Вохан Қобул амири ҳудуди чегарасига кирмаган.
Афғонистон Бадахшон ва Воханни ўз ичига қамраб оладими, ёки Окс билан Кўкчининг бирлашуви унинг шимолий чегарасини ҳосил қиладими деган саволлар қайтадан бошланган музокараларнинг мунозарали масалаларидан бўлди.
Бу хусусда Британ ҳукуматининг позицияси 1872 йил 17 октябрда Буюк Британия ташқи ишлари вазири граф Жорж Левисон-Гоувер Гранвилнинг (1815-1891 й.й.), А. Лофтусга ёзган хатида шундай баён қилинган. Қобул амири ҳукумати афғон провинциясининг барча кўлами зикр қилинган, шимолий чегарани ташкил қилувчи, Шарқда Сарикўлдан бошлаб то Кўкчи дарёси билан Оксус дарёсининг тутушган жойи яъни Панж дарёси, Вохан округи қарам бўлган Бадахшон ҳисобига кенгайиши зарур. Афғон Туркистони қуйидаги округларни ўз ичига олади: Қундуз, Хулм ва Балх, Окус дарёси оқимига қуйилувчи Кўкчидан то Хўжа Солиҳ нуқтасигача яъни Бухородан Балхга катта йўл бўйлаб, шимолий чегара бўлиб хизмат қилиши мумкин. Афғон амири Хожа Солиҳнинг қуйи, Амударёнинг чап қирғоғига ҳеч қандай даъво қила олмайди12.
Баён қилинган бу фикр-мулоҳазалар, афғон амирига Бадахшон ва Воханни ўзининг ҳукумати таркибига қўшиб олиш ҳуқуқини бермасликни қаттиқ маъқуллаган фон Кауфманнинг қарашлари билан тўғри келмади13.
Граф Гранвилнинг топшириғига биноан 1872 йил 17 октябрдаги хатнинг нусхаси Россия ташқи ишлари вазири граф А.М. Горчаковга (1798-1883 й.й.) юборилди. 1872 йил 7 декабрда британ ҳамкасбига ёзган жавоб хатида эса шундай қайд қилади: “Афғон давлатининг асосчиси Дўст Муҳаммадхон ўзидан кейин, ҳукмронлигининг айрим вақтларида Афғонистон томонидан қўшиб олинган ҳудудларни асос сифатида қабул қилишга имкон бермайдиган чигал вазиятни қолдириб кетди.
Шунинг учун Шер Алихон ҳукмронлиги вақтидаёқ ўлкага кирган ва кейинчалик Дўст Муҳаммад ҳукумати томонидан тан олинган ўша ҳудудларнигина эътиборга олиш лозимлигини мувофиқлаштириш даркор” 14.
Россия ҳукумати ўзининг Лондондаги вакили орқали инглиз ҳукуматини юзага келган қарама-қаршиликка эътибор қаратишини талаб қилди. Кейин Рус ҳокимияти босиб олинган ўлкаларда ўзининг идора қилиш механизмини ўрнатиши баробарида, Ўрта Осиёда иккала давлат ўртасидаги муносабатларни вақтинча барқарорлаштириш мақсадида лорд Гранвилнинг Афғонистон чегарасига дахлдор бўлган таклифини қабул қилиш заруррияти тўғрисида хулосага келди15.
1872-1873 йилларда имзоланган битим бир томондан иккала буюк давлат манфаатларининг натижаси бўлди. Иккинчи томондан эса инглизларга руслар билан камроқ ҳисоблашиш имкониятини берди. Иккала буюк давлат заиф халқларни босиб олиш мақсадида ўзларининг босқинчилик ҳаракатларини амалга оширишда, асосан ўзининг вассал мамлакатларига таяндилар; инглиз истилочилари учун бундай мамлакат Афғонистон, чор Россияси учун эса Бухоро бўлди.
Афғонистон ва Бухорони “ҳимоя қилиш” сиёсатини олиб борган иккала буюк давлат ўша вақтда ҳақиқатда ўзларининг таъсир доирасини тақсимладилар ва охир-оқибатда эса бир мунча заиф халқларни босиб олиш ҳисобига ўзларининг мустамлака ерларини кенгайтиришга ҳаракат қилдилар. Ҳужжатларнинг бирида мазкур битимларнинг ҳақиқий мақсадидан дарак беради: “улар ўртасида (Англия ва Россия. - муаллиф) яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун Ўрта Осиёда уларнинг бевосита туташ эгаликларини олдиндан белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мазкур вазиятда иккала мустамлакачи давлат ўртасида бетараф ҳудудни барпо этиш энг яхши воситалардан бири бўлиб, дахлсизлик иккала буюк давлат учун ҳам амал қилиниши бир хил шарт бўлар эди” 16.
Ўрта Осиёда ўзининг келажакдаги ҳолатини мустаҳкамлаш билан банд бўлган ва Болқонда мураккабликларга дуч келган Россия империяси Англияга фойдали бўлган вақтинча битим имзолашга рози бўлди. Аввал бошида у битимлар шартини бажаришни эътиборсиз қолдирди. Бу хусусан, Гладстон инглиз ҳукумати бошлиғининг қуйидаги баёнида ўз аксини топган. Инглиз парламентида берилган савол: “Англия узоқ вақт Россия ва Афғонистон ўртасида тинчликни ушлаб туриш мажбуриятини ушлаб турадими ва қўшнилари билан тинчлик ҳолатида бўлишда амирни (Афғонистон - муаллиф) ушлаб туриш учун Англия қуролни ишга солиши зарурми? Гладстон шундай жавоб берди: давлат бундай масъулиятни ўз зимммасига олмайди ва фақатгина дўстлик маслаҳатини бериш билан чекланиши мумкин, холос”17. Бундай жавоб рус ҳукуматини нафақат қониқтирмади. Балки инглиз ҳукумати битим тузилгандан кейин ҳам қандай бўлмасин битим шартларини бажаришни рад қилгани сабабли уни мушкул аҳволга ҳам солиб қўйди.
Шак-шубҳасизки, Россия империяси ҳукумати тузилган битимнинг асосий бандларини эътиборсиз қолдиришларига тинч қараб тура олмадилар. Бу ҳолат шунга олиб келдики, иккала буюк давлатлар илгаригидек ўзларининг таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилдилар. Шу мақсадда инглизлар Ҳиндистоннинг шимолий қисмида жойлашган Ҳиндиқуш ўлкасидан ярим мустақил бўлган ҳудудларни батамом босиб олишни бошладидар. Бир вақтнинг ўзида улар Афғонистонда ўзларининг вазиятини мустаҳкамлаб олишга ҳам киришдилар. Натижада 1878-1880 йиллардаги икинчи инглиз-афғон урушида инглизлар Афғонистонни Британ Ҳиндистонидан ташқари, бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларни олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уни қарам давлатга айлантиришга муваффақ бўлдилар. Шу билан бир қаторда инглизлар шимолий районлар ҳисобига ўзининг эгалигини кенгайтиришга ҳаракат қилаётган Абдурахмонхонга турли хил (молиявий, ҳарбий ва бошқа) ёрдам кўрсатдилар.
1872-1873 йилларда тузилган битимнинг асосий шартлари эътиборсиз қолдирилиши, Англия билан бир қаторда Россия ҳам кейинчалик унинг асосий тамойилларини бузишга олиб келди. Инглизлар Россиянинг ҳар бир қадамидан ўзларининг фойдасига фойдаланишга ҳаракат қилдилар.
Мавжуд манбалар, элчи ва савдогарларнинг кўрсатмалари, фундаментал асарлар, ҳамда рус ахборотида эълон қилинган мақолалар бизга Каспийорти ҳудуди ҳақида, қолаверса унинг ташқи иқтисодий алоқалари тўғрисида муҳим маълумотларни бериши билан ҳанузгача ўз қадрини сақлаб қолмоқда. Кўриб ўтганимиздек, Каспийорти ҳудуди XIX асрда Россия билан жуда яқин савдо-иқтисодий муносабатларига киришган. У анъанавий савдо алоқаларини давом эттирган ҳолда Бухоро, Эрон ва Ҳиндистон билан ҳам муносабатларни жадаллаштирган. Ҳаттоки, хива хонлиги, Россия ва шарқ давлатлари ўртасидаги савдо муносабатларида воситачи вазифасини ҳам бажарган.



Download 283.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling