Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
Баҳс жанрининг поэтик хусусиятлари
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
3.3. Баҳс жанрининг поэтик хусусиятлари
Адабий танқид ўзига хос хусусиятларига эга. Бу ўзига хослик устида юз йиллар, агар антик дунё адабий танқиди кўзда тутиладиган бўлса, ҳаттоки минг йиллардан бери сўз юритилади. Лекин ҳамон унинг жумбоқлари, таҳлил ва талқин этишга муҳтож муаммолари бор. Ҳар бир давр бу муаммоларга ўз муҳрини босади, уларнинг бирини ёритса, бошқа бирини унинг ёнига тиркаб қўяди. Лекин бир нарса аён: адабий танқид - ўз мазмуни ва моҳиятига кўра доимо ривожланиб борувчи илмий-бадиий фан. У илм билан санъат оралиғида яшайди, бир томондан илмга, иккинчи томондан санъатга суяниб, ҳаёт кечиради. Санъат сўзини мантиқ тилига, мантиқ кучини санъат соҳасига кўчиради. Санъат асаридан янги-янги нафосатлар излайди, уларни кашф этиб, тасдиқлаб, умумга шоён эътибор қилади. Адабиётда бўлгани каби адабий танқидда ҳам шакл ва мазмун уйғунлиги муҳим роль ўйнайди. Адабий-танқидий баҳснинг поэтик хусусиятлари, композицияси, шакл жиҳатдан ранг-баранглиги унинг мазмунига таъсир этмай қолмайди. Шунинг учун ҳар бир муаллиф танқидий асарининг ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан тўлиқлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Рус олими Б.Бурсов “адабий-танқидий мақолаларнинг композицион қурилиши, энг аввало, танқиднинг баён этиш принципи ва аниқ мазмундаги уч элементига боғлиқ”лигини таъкидларкан, ижтимоий-сиёсий муаммонинг қўйилиши, асарнинг бадиий фазилатлари таҳлили ва жамият олдида турган вазифалар билан алоқадор тарзда китобхонларга мурожаат қилинишида деб кўрсатади189. Шу фикрдан келиб чиқиб, адабий-танқидий баҳснинг композицион қурилиши, биринчи навбатда, танқиднинг учта элементини бирлаштириш тамойили ва ўзига хос таркибига боғлиқлиги кўринади: 1) баҳсли назарий, адабий-танқидий муаммоларни қўйиш (адабий танқид табиати билан, футуризм, шеъриятнинг ўзига хослиги ва ҳ.к.билан боғлиқ баҳслар). 2) асарнинг бадиий хусусиятларини таҳлил қилиш (“Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Қутлуғ қон” ва бошқа романлар устида бўлиб ўтган баҳсларда бу хусусият устуворлиги кўринади. 3) ўқувчиларга адабиётнинг жамият олдида турган вазифалари билан боғлиқ ҳолда мурожаат қилиш. Бунга Ш.Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?”, У.Норматовнинг “Адабий жараёндаги ғаройиб робиталар” сингари баҳс-мақолаларини киритиш мумкин. Композиция асарнинг тузилиши эканлигини биламиз. А.Толстой композиция “Бу энг аввало марказни, санъаткорнинг нуқтаи назарини белгилаб олишдир...Асарнинг маркази унинг ғояси, мафкурасидир”190,-деган эди. Кўпинча композиция деганда йирик эпик асарлар назарда тутилади. Бундай асарларда композиция ва унинг бўлаклари аниқ кўзга ташланиб туради. Кичик лирик ҳамда насрий асарларнинг тузилишига назар солганимизда гўё бундай асарлар адабиёт назариясида эътироф этилган одатдаги композиция қонунларига бўйсунмаётгандай бўлиб туюлади. Адабий-танқидий баҳс ҳам дастлаб худди шундай таассурот қолдиради. Баҳс композицияси ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бошқа танқидий жанрларнинг композициясидан фарқ қилади. Лев Толстой ўз кундаликларидан бирида мақола ёзиш, фикр ва ҳис-туйғуни эркин изҳор қилишга эътибор қаратиш керак, маълум план асосида мақола тузиш нақадар зарарли иш эканлигини уқтирган экан. Бу ерда Л.Толстой олдиндан тузилган маълум режа асосида ёзиладиган мақолани хуш кўрмаслигини, фикр ва туйғу қандай қуйилиб келса, шундайлигича эркин ифодалашнинг афзаллигини назарда тутади. Тадқиқ этаётганимиз баҳсда буюк ёзувчининг фикрларини қўллаш мумкин. Тўғри, баҳсда ҳам бирор бир муаммо қўйилади, аммо унинг асосида кўпроқ баҳсли масалалар туради. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида баҳсларнинг композицион тузилиши бир хил эмаслигини кўрамиз. Бу эса ҳар бир мунаққиднинг ўз ижодий услуби ва овозига эга эканлигини, эркин фикр юритишини кўрсатади. Шунинг учун баъзи баҳслар ҳажман қисқа, лўнда бўлса, баъзилари бир неча бўлимлардан ташкил топади. Масалан, юқорида кўриб ўтганимиз “Адабиёт ўладими?” баҳси 10 қисмдан ташкил топган, ҳар бир қисм мантиқан баҳснинг бутун моҳиятини ўзида жамлайди.Ҳар бир қисмда адиб китобхон диққатини асосий масала- адабиётнинг абадийлигига эътиборни қаратадики, бу мақола композицион жиҳатдан ҳам, мантиқан ҳам пухта қурилганлигини кўрсатади. Мазкур баҳсдаги барча қисмларни адибнинг “Адабиёт ўладими” деган саволга ўзига хос жавоблари ташкил этади. Ёки лирикада конфликт масаласига бағишланган баҳс композициясига диққат қаратадиган бўлсак, унинг ички қурилиши қуйидагича: лирик шеърият ҳақидаги кириш сўз, асосий муаммо таҳлили, яъни лирик конфликтнинг ўзига хослигини аниқ далиллар воситасида ечиш, нуқсонларни кўрсатиш ва умумий хулоса чиқариш. Бундай аниқлик ва ихчамлик, адабий-танқидий фикрни ўқувчининг тез ва осон тушуниб, қабул қилиши ва муайян хулосага келишига ёрдам беради. В.Крылов: Мақола тузилишига қўйиладиган асосий талаб - бу тузилманинг яхлитлиги ва бирлиги, уни мақоланинг бошиданоқ амалга ошириш керак. Журналистик танқидда бошланишда кўпинча клише бўлади: китобнинг дастлабки маълумотлари ҳақида маълумот берилади. Аммо танқидчининг вазифаси ўқувчининг эътиборини мунозара мавзусига жалб қилишдир. Корней Чуковский ёш танқидчиларга ўқувчи “тузоқ” тузиши, уни “илгак” билан ушлаши кераклигини ўргатди. Биринчи ҳолда, танқидий фикрнинг ҳаракати умумий муаммодан адабий материалга, иккинчидан - алоҳида, алоҳида кузатувлардан умумий хулосалар ва муаммоларга ўтади. Баҳсда қурилишнинг иккала принципи бирлаштирилиши мумкин. Ички мазмун тузилишига кўра, эстетик доминантга кўра, адабий-танқидий баҳс таркиби мантиқий, субъектив-лирик ва фактографик бўлиши мумкин. Мантиқий композициянинг марказида, биринчи навбатда, субъектив-лирик композицияга эга бўлган фикрнинг устунлиги, муаллифнинг ҳис-туйғуларининг марказида, материални ассоциацияга кўра жойлаштириш, фактик композиция материалнинг талабларга мувофиқ алоҳида блокларда оддий рўйхатга олиш принципи ташкил этилишини назарда тутади191,-деб ёзади. Амалда, танланган композициянинг барча турларини битта асар ичида бирлаштириш мумкин, доминантни ажратиб кўрсатишни ўрганиш муҳимдир. Мунозара табиатига кўра, композиция марказдан қочма бўлиб, бошланғич тезисдан ва уни ишлаб чиқадиган мавзулардан тобора узоқлашиб бормоқда, битта чизиқ чизилганида ва ўйлаш асослаш ва баҳслашгандан сўнг спиралнинг янги бурилишига қайтганда, қиёсий, фикр тенг ҳодисаларни солиштириш ҳисобига ривожланганда. Танқидий фикр ҳаракатининг мантиғи, унинг механизмлари баҳс сюжетида ифодаланган.Шу билан бирга уларнинг композицион хусусиятлари ҳар хил қурилгани кўринади. Баҳсларнинг композицион қурилиши марказида баҳс, тортишув, қарашларни рад этиш хусусияти устуворлик қилиши нуқтаи назаридан улар бир майдонга бирлашади, шундай бўлса-да, ҳар бир баҳс ўзига хос қурилиши билан ажралиб туради. У.Норматовнинг “Роман ва замон” мақоласи “Адабий-танқидий баҳс” рукни остида берилган бўлиб, композицион хусусиятлари ўзига хос қурилган. “Адабиётчи дўстим роман ҳақидаги бу галги баҳсни тўғридан-тўғри конфликт масаласидан бошлаб қолди”- деган сўзлари билан бошланган баҳс мунаққиднинг адабиётчи дўсти (кимлиги номаълум) билан суҳбат, кўпроқ мунозара тарзида қурилганлиги билан ажралиб туради. Ёки У.Норматовнинг “Ҳикоя устида баҳс” деб номланган баҳси тузилишидаги ўзига хослик қуйидагича: дастлаб танқидчи маълум даврда яратилган ҳикояларни таҳлил қилади, баҳолайди, мақола якунини адабиётчи дўсти билан диалоги тарзида қуради, М.Қўшжонов талқинларига муносабат билдиришади ва шу йўл билан танқидчи баҳсли масалаларга икки хил нуқтаи назарни ифодалашга эришади. “Адабиётчи дўстим баҳсга киришдими, уни гапдан тўхтатиш қийин. Янги-янги муаммоларни қалаштириб ташлайверади. У билан ҳикоя устидаги баҳсимиз яна давом этади”192. У.Норматовнинг “Роман ҳақида диалог” мақоласи ҳам адабиётчи дўсти билан савол-жавоб тарзида қурилганки, бу ҳам унинг композициясидаги ўзига хосликни белгилашга ёрдам беради. Юқорида тилга олганимиз Нусрат Раҳматнинг “Бефарқ қаролмайман” деб номланган баҳс характеридаги мақоласи қурилишига қарайдиган бўлсак, ундан олимнинг бир нечта тавсиялари ҳам ўрин олгани кўринади: 1. Китобхонларни адабиётга, китоб мутолаасига қайтариш (тўғри, мақола ёзилгандан кейин анча вақт ўтди, бугунги кунда китобхонлик даражаси анча ортганини, ҳатто китоб ўқиганга машина берилаётганлигининг гувоҳимиз) 2. Спорт каби адабиётга ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, нашриётлар харажатларини қоплаш, қалам аҳлини моддий манфаатдор қилиш. 3. Адабий танқиднинг ўзгача иш тутиши зарурлиги, адабий танқид билан шоир ва ёзувчиларнинг ўзлари ҳам жиддий шуғулланишлари Графоманликнинг кучайиши ҳам адабиётнинг ривожига, китобхонларнинг эстетик диди пасайишига олиб келаётганлигига салбий муносабат билдирган муаллиф адабий жараёнда яратилаётган яхши асарларни ҳам тилга олиб ўтади. Шу билан бирга унинг адабиётдек муқаддас меросни келажак авлодга қай аҳволда топширамиз, деган хитоблари ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Демак, баҳс қурилишида адабиёт ҳақидаги мулоҳазалардан ташқари тавсиялар, хитоблар ҳам ўрин олгани кўринади. Кейинги йилларда турли мавзудаги баҳсларнинг кўпайиши унга эътиборнинг ошаётгани ва олимларнинг адабиётнинг тадқиқ этилмаган ёки баҳсли муаммоларини очишга интилаётганларининг белгисидир. “Адабиёт бозорга мослашади...ми?” деб номланган баҳс ҳам “Адабиёт ўладими” мақоласининг узвий давоми сифатида намоён бўлади. Унга Б.Пастернакнинг “Буюк китобхонлар пайдо бўлгандагина буюк адабиёт яратилади” деган сўзлари эпиграф сифатида танланган ва у баҳс моҳиятини ўзида мужассам этган калит вазифасини бажара олган. Баҳснинг ёзилишига муаллифнинг бир ижодкор билан мунозараси сабаб бўлади. Шу сабаб муаллиф бугунги кунда адабиётимиздаги энг оғриқли нуқтага эътибор қаратади. Адабиётнинг ўзак масаласи: гап нимани ёзишда эмас. Ўша “нимани” қандай ёзишда, бугун ҳам бу муаммо энг долзарб. Лекин барча ижодкорлар шу масалага масъулият билан қараяптиларми? Муаллиф шу жиҳатдан бугунги адабий жараёнга баҳо беради. Бозорга мослашиш баҳонасида юзакилик, саёзлик санъатнинг бошқа турларида ҳам кузатилаётганлиги мақола муаллифини ташвишга солади. Шу ўринда яна бир масала ўртага ташланади: “халтура экани шундоқ кўриниб турган, танқиддан тубан “асар”ларни очиқдан очиқ қўллаб, уларга сўзбоши” ёзаётган номдор ижодкорлар танқид остига олинади. Баҳсда А.Қаҳҳорнинг адабиётнинг софлиги учун кураши эсга олиниб, унинг ибратли ўгитларидан бири мисол сифатида келтирилади. Буни муаллиф бугунги кун адабий жараёнига боғлаб, Н.Эшонқулнинг “Адабиёт инсон қалби учун кураш” деб номланган суҳбатига диққатини қаратадики, бу мулоҳазалар баҳсда кўтарилган муамммонинг ечимини топишга йўналтирилганлиги билан асосий ғояни тўлдиришга хизмат қилади. Мазкур баҳснинг композицион қурилиши қуйидагича: Эпиграф. Кириш. Адабиётга муносабатнинг ўзгарганлиги ҳақидаги мунозара. Олимнинг баҳсда А.Қаҳҳор, А.Қодирий асарларига мурожааат қилиши. 2.Баҳсли муаммонинг ўртага ташланиши.3. Муаллифнинг вилоятдаги ўз маблағи ҳисобига китоб чиқараётган ижодкор билан мулоқоти.4. Андижондаги хотира.5.Абдулла Қаҳҳор фикрлари.6.Н. Эшонқул суҳбатидан парча.7. Хулоса. Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” асаридан парча. Демак, баҳсда муаллифнинг муносабати, турли мулоқотлардан фойдаланиш, кўчирмалар келтириш унинг ўқишлилигини оширишга ёрдам беради, шу билан бирга у илмий - бадиий тафаккур намунаси эканлигини ҳам унутмаслик керак. Шу жиҳатдан қараганда, баҳс композицияси унсурлари тўғри танланган. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, моҳиятидан адабиёт бозорга ҳеч қачон мослашмайди, деган хулоса келиб чиқадиган бундай баҳслар ижодкорларни ҳам, китобхонни ҳам, адабиётни севадиган ҳар бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Ўзбек адабий танқидчилигида баҳсларнинг ички хиллари ривожланиб бораётган бўлса-да, ҳали бу соҳада шаклий жиҳатдан ранг-баранглик сезилмайди. Буни бошқа халқлар адабиётига назар солиш асосида кўрсатиш мумкин. Масалан, немис шоири Иоганн Ҳёте адабий-танқидий қарашларини Шекспир ижодига бағишланган мақолаларида ифодалаган, улар “эмоционал лирик монолог” шаклида ёзилган. Шекспир Ҳётенинг бутун ҳаёти давомида ўзига мафтун этиб келганлигини худди шу мақолаларда кўриш мумкин. Шунинг учун адабиётшунос О.Тоғаевнинг ўзбек танқидчилиги “шакл жиҳатдан ҳали анча камбағал” деган мулоҳазалари вақтида тўғри айтилган”193. Рус адиби Д.И. Писарев “Обломов” асарида асарни бир бутун сифатида талқин қилиш, тушуниш ва талқин қилишга интилади. Бу ҳолда, Писарев, бир томондан, муаллифнинг ғоясини тушуниш ва талқин қилишга, уларнинг ахлоқий-психологик моҳияти ва сюжет алоқаларидаги белгилар тизимига, бошқа томондан, буларнинг ўзаро боғлиқлигига таянади, ҳақиқат билан компонентлар уйғунлигига эътибор қаратади. Дизайн, тушунча ва композициянинг бирлиги билан бирлаштирилган баҳслар ўзбек танқидчилигида ҳам учрайди. Адабий танқидда фақат билим, заковат ёрдамида далилларни ҳаққоний талқин этиш мумкин. Булар учун фантазия ҳам даркор. Матн ва манбалардаги далиллар тош ва ғишт мисоли. Ҳақиқий санъаткор, шу материалдан хушбичим иморат қуради,- деб ёзади. В.Г.Белинский, баҳсларда ҳам илмий манбалар, бадиий асарлардан иқтибослар кўп учрайди. Иқтибос - ҳаққонийлик далили, илмий хулосани тасдиқловчи восита. Аммо иқтисобни кўпайтириш олимнинг ўз илмий олами изчил эмаслигидан далолат беради. О.Тоғаев баҳс-мақолаларида асосий мавзудан четга чиқиш, иқтибосларни кўплаб келтириш ҳолатлари учрайди. Масалан, “Севги ва садоқат” баҳсида француз философи Голбах фикрлари, Лев Толстойнинг “Ҳазрат Сергей” қиссаси таҳлили, “Философия луғати”, Ленин, Горький, очеркист А. Аграновский, физтк олим Богдан Войцеховский кабилардан иқтибослар келтириш мақолани ўқиган ўқувчини асосий масаладан бироз узоқлаштиради. Тўғри, Туроб Тўла, Шукрулло асарларига мурожаат қилиш мавзу моҳиятидан келиб чиқади. Аммо кичик бир баҳс-мақолада бунчалик иқтибосни кўп келтириш унинг илмий савиясига таъсир қилади. Танқидий баҳс сарлавҳаси таҳлил, умумлаштириш, баҳолаш, талқин қилиш ва санъат билан ҳаёт ўртасидаги боғлиқликни очишга қаратилган танқидий асарларнинг кенг майдонини билдиради. Баҳснинг композициясида сарлавҳа ҳам муҳим роль ўйнайдики, танқидчи аввало, унга эътибор қаратиши лозим. Сарлавҳа мақоланинг моҳиятини ўзида акс эттириши ва ихчам бўлиши керак. Сарлавҳани жуда кенг қилиш шарт эмас. Акс ҳолда барча моҳиятни талқин қилиб бўлмайди. Сарлавҳани баҳсни ёзиб бўлгандан кейин ҳам таҳрир қилиб ўзгартириш мумкин. Илмий-назарий баҳсларнинг типологик умумийлиги уларнинг номларида ёрқин кўринади. Танқидчининг эстетик муносабати сарлавҳа турига таъсир қилади: сарлавҳа-иқтибослар ( “Ўзбек шоирлари. “Чўлпон”, Эргаш Очил “Шоир кўп, аммо шеър-чи”"); метафора (“Ҳаёт тажрибалари ва хаёл чиғириқлари”, “Фикр қаҳатчилиги”); рамзийлик (“Схематизм иллат”, “Эртани деган, кечани қўймас”, “Фақат нур, фақат соялар”); Риторик сўроқ: (“Адабиёт ўладими?”, “Адабиёт бозорга мослашади...ми?”, “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми”, “Япроқлар бор, илдизлар-чи?”, “Санъат халқ учунми?”), “Шоир бўлиш шартми?” каби калит сўзлари бўлган унвонларни кўрсатиш мумкин. Баъзан танқидчилар бир хил сарлавҳа билан баҳс-мақолани эълон қилишади. Профессор И.Абдуллаевнинг “Ҳар сўзнинг ўз ўрни бор” мақоласи 1987 йилда ёзилган бўлса, Э.Очилов ҳам худди шу сарлавҳа билан 2004 йил мақола эълон қилади. Гарчанд уларнинг мазмуни бошқа-бошқа бўлса-да, сарлавҳаси бир хил. Кўпинча баҳсларнинг сарлавҳасига эътибор қаратадиган бўлсак, улар баҳснинг мазмун-моҳиятини ўзида жамлагани кўринади. Масалан, “Профессор билмасдан сўзламаган”, “Бефарқ қаролмайман”, “Эртани деган кечани қўймас”, “Фикр қаҳатчилиги” ва ҳ.к. Баъзи баҳс-мақолаларнинг сарлавҳаси риторик сўроқ шаклида берилади. Ш.Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими”, И.Ҳаққулнинг “Аҳмад Югнакий имоми Аъзамга муносабати замондош бўлганми”, “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми”, “Савоб гуноҳ фарқланадими ?” каби. Ш.Холмирзаев баҳсларида сарлавҳа код бўлиб келади, айниқса, “Кечирасиз, жаноб Карпентер, вақтим зиқроқ!” баҳси сарлавҳасиданоқ китобхон диққатини тортиш хусусиятига эга. О.Тоғаев мақолаларининг сарлавҳасиданоқ баҳсга хос хусусиятлар намоён бўлади: “Ҳақиқат баҳсда туғилади”, “Ҳалоллик ва илмий холислик учун”, “Характерни англаш санъати (Танқидчи У.Норматов билан баҳс)” кабилар. Демак, баҳс сарлавҳаси унинг мазмуни ва композициясининг пишиқлигига таъсир кўрсатади деб хулоса қилишимиз мумкин. Баҳснинг композицияси янада пишиқ ва пухта бўлиши учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим бўлади: Баҳснинг умумий режасини тузиш ва унинг структурасини танлаш, ўйлаб кўриш керак. Баҳс мавзуси бўйича алоҳида фикрларни, асосий тезисларни тахминан ёзиб қўйиш мумкин. 3. Баҳсда ҳам бошқа жанрларда бўлгани сингари бошқа муаллифларнинг ишларига иқтибос бериш шарт ( бунинг учун таниқли, ўз қарашларига эга муаллифларни танлаш яхшироқ). Айниқса, баҳсларда далилни исботлаш учун бу усул муҳимдир. 4. Баҳсда ҳам тадқиқ этилаётган масаланинг аҳамиятини кўрсатиш жуда муҳимдир. 5. Баҳс илмий услубда, бадиий асарлар ҳақида бўлса, илмий-адабий услубда ёзилиши керак (шунинг учун мақолада “жуда”, “ҳаддан зўр”, “даҳшат” каби сўзлардан фойдаланиш мумкин эмас). 6. Баҳснинг асосини ташкил этувчи компонентларга эътибор қаратиш шарт194. Баҳсларнинг тилига эътибор қаратсак, улар шу жиҳати билан ҳам бошқа йўналишдаги жанрлардан кескин фарқ қилиб туради.Чунки уларда баҳслашувчи (мубориз) рақибига турли хил киноя, пичинг қилишдан ўзини тия олмагани, ўз фикрини ўтказиш мақсадида аччиқ кесатиқлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳатто ХХ асрнинг 20-йилларида танқидчилар бир-бирларини ҳақорат қилиш, қўпол гаплар айтишдан тийилмаганлари кўринади. Масалан, қизғин мунозараларга сабаб бўлган ўзбек пролетар адабиёти, унинг гегемонлиги масаласидаги баҳсларда “К.Триғулов Элбекка: “Қаламингни синдириб ташла”, Ойбекка: “...сизга нажот, бўлмаса - ҳалокат!”-деб дўқ урса, Олтой Н.Раҳимийга: “Ҳақиқатан бизнинг шоиримиз эмас ва бўла олмайди”,- деб бонг уради. Ботир ўз навбатида Олтойга қарата: “Эҳтимол, шоир бўлса, шоирдир. Бунга қаршилигим йўқ. Лекин Олтойнинг футуристча ёзилган шеърини ўқуб бир маъно чиқариш, ошқовоқни ёриб, тарвуз ейман дейиш ёки сувсиз чўлдан балиқ излаш билан баравар...бемаза валдирашдан бошқа нарса эмас”, деб оддий одоб доирасидан ҳам четга чиқиб кетади”195. Бундай жараён кейинги даврларда ҳам давом этди. Масалан, бу хусусият кўпроқ адабий жараёнда кескин фикр юритадиган Н.Худойберганов баҳсларида яққол кўринади. “Тоғлар қаҳқаҳа уради-ю, аммо...” мақоласини раддия тарзида ёзилган жавоб баҳс-мақола десак адашмаймиз. Чунки унда олим С.Мамажонов, И.Ғафуров, О.Шарафиддинов каби йирик танқидчилар билан баҳсга киришиб, уларнинг қатор мулоҳазаларини рад этади.”Норбой Худойбергановнинг битта эмас, ўнта, ўн бешта мақоласини тафаккур “микроскопи”дан ўтказсангиз ҳам, мавзуни чегаралаб қўйиш деган гапни тополмайсиз. Мавзунинг нималигини у сал-пал билади, мактабда, олий ўқув юртида бу ҳақда оз-моз таълим олган”196 (Пичинг). Ёки танқидчи И.Ғафуров фикрларига муносабат билдириш жараёнида:” Майли, буни қўя турайлик, бироқ Иброҳим Ғафуров бизни ўзига доира ёки тоғора ясаб олган, ўша доира ёки тоғорага нима сиғса, ўшани яхши, нима сиғмаса ўшани ёмон деб баҳолайди, дейди. Марҳаматли танқидчимизнинг ўзлари-чи? Ўзлари доира ёки тоғора ясаб, бизнинг мулоҳазаларимизни ўша доира ёки тоғорасига солиб ўлчайдилар-ку!”197 (Кесатиқ). Айни шу мақола бу хилдаги пичинг, киноя оҳанги билан тўлалиги кўринади. Шу билан бирга мунаққид сўроқ сўзлардан (Нима учун?, Нега энди?), пичинг оҳангидаги “Қаранг-а” (бир мақолада 3 марта ишлатилган) сўзидан фойдаланганки, булар мақоланинг кескинлик руҳини оширган. Адабиётшунос А.Расулов С.Содиқ мақолалари ҳақида гапирар экан, шундай ёзади: “Унинг танқидий мақолалари тишли-тирноқли: уларда камчиликларни бўрттириб кўрсатиш, хатоликка йўл қўйган муаллифни узиб-узиб олиш хусусияти кўриниб туради... Санжар Содиқ мақолаларида пичинг, кесатиқ, адибу мунаққидларни менсимасдан гапириш хусусияти кучаймоқда. “Достонми ё башорат?”, “Романми ё рисола”, “Маърифий романми ё тадқиқот?”, “Жазава”, “Таажжуб” сингари мақолаларида бундай руҳ аниқ сезилади”198. Ҳақиқатан ҳам олимнинг номи кўрсатилган мақолаларини ўқиган китобхон А.Расуловнинг фикрларида жон борлигини сезади. Баҳсларнинг композицион тузилиши ҳар хил, баъзи баҳсларда бошдан-оёқ танқидий руҳ устуворлиги кўринади. А.Улуғовнинг “Фикр қаҳатчилиги” баҳс-мақоласи 1990 йилда “ЎзАС”да босилган (27 июль, №30). Рус тилида чиқарилаётган беш жилдлик “Ўзбек совет адабиёти тарихи” ҳақида айрим қайдларлардан иборат. Аммо танқидчи “Тарих”ни жиддий ва асосли танқид қилади199. Баҳслар ҳам кенг оммага мўлжалланиб, ҳаммага тушунарли тил ва мароқли услубда ёзилиши керак. Баҳсларда ҳам, ҳатто риторик сўроқда ҳам нуқтаи назар аниқ акс этиши, фикр рўй-рост ифодаланиши лозим. Муаллиф мавзуга доир хилма хил атамалар қўллаши ва уни оммага тушунарли қилиш учун изоҳ ва луғатлар бериб бориши керак ва улар меъёрида бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ўзбек танқидчилигида кўпчилик мунаққидлар бу меъёрга риоя қилишгани кўринади. Баҳс муаллифлари тортишув руҳидаги халқ мақолларидан фойдаланишга ҳам эътибор қаратадилар: “Қаловини топсанг, қор ёғади”, Санамай саккиз деманг”, “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” (Н.Худойберганов), Биргина Ш.Холмирзаев баҳсларининг тилига эътибор қаратсак, шундай ҳолат кўзга ташланади: Илло, Шарқ халқлари, ў-ў, бошқачамиз; Начора? “Йўқ, йўқ!”, “Ҳа, ҳа, Ҳа”. “Адабиёт ўладими?” баҳсидаги мақоллар: “Онангни отангга пардозсиз кўрсатма, дейдилар”; Ҳикмат: “камбағални урма-сўкма, кўйлагини йирт!” каби; Ундов сўзлар: Қандай риёкорлик! Риторик саволлар: Балки бу ҳолни оқловчи, буни “фазилат” дегувчи мухбирлар ҳам топилар? Топилади! Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling