Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
(Ўзимизда заводлар бўлиши лозимлиги ҳақида бойларимиз ўшандаёқ ўйлаган экан-да?!)
Ўзга тилдаги сўзларни таржимасиз бериш: Тургеневдан: “Это не только дурная книга, это – дурной поступок!” Бундан чиқди, чин ёзувчининг, асл адабиётнинг проблемасию «тили учида турган гапи» бошқача экан-да? Ҳа, ҳа! Ҳа! Вульгар сўзлардан фойдаланиш: “...ит эгасига боқмай қўйган «асов ғалаён»нлар замонида...”, “...ўзинг учун ўл,етим” кабилар. Ёки О.Норов мақоласидан: Эркин Аъзам айтмоқчи, “ўқиса ўқисин, ўқимаса – отасининг гўрига…” кабилар учрайди. Бундан ташқари баҳс композициясидан танқидчига, китобхонга маслаҳат тарзидаги мурожаатдан фойдаланиш хусусияти ўрин олганини кўриш мумкин: У.Норматовнинг “Адабий жараёндаги ғаройиб робиталар” мақоласидан: “ХХ аср ўзбек адабиёти босиб ўтган йўл, турли ижодий авлодлар, улар амал қилган мафкуравий ақидалар, ижодий принциплар орасидаги тафовут, яратилган асарларнинг даражаси, қиммати хусусида қатъий ҳукм-хулосалар чиқаришга шошилмайлик; йўлдаги хилма хил таъқиқ, тазйиқларга, ҳар хил оғишларга қарамай, сўз санъати ўз ички қонуниятларига, ворисийлик принципларига амал қилган ҳолда ривожланганлигини ҳамиша назарда тутайлик”. А.Раҳимовнинг “Солиҳ махдумда нима гуноҳ?” баҳс-мақоласидан : “Ҳеч бўлмаганда масалага ижодийроқ қарашга одатланайлик, адабий персонажларга бераётган баҳоларимизни бирёқламаликдан халос этайлик, ноўрин равишда қатъий фикр юритиб, узил – кесил хулосалар чиқаришдан ўзимизни тияйлик”. Н.Худойберганов: “Баён эмас, таҳлил керак” мақоласидан: “Диққат қилинг” (Буйруқ оҳанги). Поэтик хусусиятларини кузатган баҳсларимизнинг аксариятида эпиграф, тавсиялар, фикрни асослаш учун улуғларнинг фикридан фойдаланиш - иқтибослар, мулоҳазаларни рад этувчи далилларни келтириш, мурожаат қилиш каби воситалар ўрин олгани кўринади, шу билан бирга баъзиларида бу унсурлардан бир-иккитаси бўлмаслиги ҳам мумкин: эпиграфсиз ёки диалогларсиз, тавсияларсиз ёзилган мақолалар ҳам бўлиши мумкин. Келтирилган мисоллардан ҳам кўринадики, баҳсларнинг композицион қурилишидаги, поэтик ўзига хослик: уларда қўлланилган мақоллар, иқтибослар, риторик сўроқ ва мурожаатлар, халқ мақоллари, киноя, пичинг ва турли воситалардан фойдаланиш уларнинг бошқа жанрлардан фарқли жиҳатларини белгилашда муҳим ўрин тутади. Ушбу боб ҳақидаги мулоҳазаларимизни қуйидагича умумлаштириш мумкин: Адабий жараёндаги бирор бир муаммога бағишланган баҳсларда тортишув руҳи кучли бўлса-да, мунаққидларнинг бадиий матн ҳақидаги ранг-баранг мулоҳазалари, ҳукм-хулосалари, кузатишлари, аниқ позициялари муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга баҳс характеридаги адабий-танқидий асарда баҳс маданиятига риоя қилиш унинг зарур шартларидан ҳисобланадики, бу хусусият танқидчининг юксак маданиятга эга ёки эга эмаслигини баҳоловчи мезонлардан биридир. Ўзбек танқидчилари орасида баҳсталаб муаммоларни ўртага олиб чиқиш, кескин эътирозлар билдириш Н.Худойберганов, С.Содиқ танқидчилигига хос хусусиятлардан бири деб қараш мумкин. Ўзбек танқидчилигида баҳснинг баҳс-обзор, баҳс-мактуб, баҳс-суҳбат, баҳс-тақриз, полемик баҳс сингари ички хиллари учраши адабиёт ривожида, ёзувчилар ижоди такомилида ўзига хос ўрин тутишини кўрсатади. Ўзбек танқидчилигида таҳлил этганимиз баҳслар уларнинг композицион жиҳатдан бир хил эмаслиги, мунаққид услуби, илмий-эстетик ниятидан келиб чиқиб, турлича характерда эканлиги, шу билан бирга уларнинг аксариятида учрайдиган унсурлар борлиги ҳам кўзга ташланади. Ҳусайн Воиз Кошифий айтганидек, “агар сўзнинг қадр-қиммати бўлмаса, уни тилга олмасин, чунки улуғларнинг сўзи бамисоли уруғдир, агар уруғ пуч ёки чириган бўлса, уни қаерга экманг, униб чиқмайди”. Шу билан бирга баҳснинг поэтик, композицион яхлитлигини таъминлайдиган бир қанча воситалар (риторик сўроқлар, мурожаат, киноя, пичинг ва ҳ.к.) унинг ўзига хослигини таъминлашга ёрдам беради. Адабиётдаги баъзи муаммоларга бағишланган алоҳида - алоҳида тарзда ёзиладиган баҳсларнинг қайси мунаққидлар ва адиблар қаламига мансублиги, адабий жараёндаги ўрни ҳақида юқорида фикр юритдик. Адабий жараёндаги оғзаки ва ёзма баҳслар ёзувчи ижоди такомилида ҳам муҳим роль ўйнайди, айниқса, ёзма баҳс намунаси бўлган баҳслар бадиий адабиётни ривожлантириш, жонлантириш, муаммоли, баҳсли масалаларга адабий жамоатчилик диққатини қаратишда катта аҳамиятга эгалиги кўринади. Ўзбек танқидчилигида адабий баҳсларнинг жуда кўп турлари учрайди. Биз юқорида таҳлил этганимиз баҳслар билан чекландик. Албатта, битта диссертация доирасида ўзбек танқидчилигидаги мавжуд баҳсларнинг барчасини тадқиқ этиш мушкуллиги иш жараёнида янада яққол равшанлашди. Шунинг учун ҳар бир даврга тегишли газета ва журналлар саҳифаларидаги кўплаб баҳсларни тадқиқ этиш келгусидаги вазифалардан биридир. УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР 1. Ўзбек адабий танқидчилиги жанрларининг барчасида адабиётнинг ривожи, баркамоллиги, юксак бадиийлиги учун кураш, китобхоннинг эстетик онгини, тафаккурини юксалтириш мақсади асосий ўринда туради, бунинг устига уларнинг барчасида сўз санъатига бўлган самимий муҳаббат ифодаланади. Ана шунинг ўзиёқ уларни ягона мақсадга йўналтирилган илмий-бадиий тизимга бирлаштиради. Таҳлил этилган даврда адабий танқиднинг ана шу хусусиятларини ўзлаштириш кучайди. Ўзбек адабий танқидчилиги бу жараёнда, шубҳасиз, ана шу жиҳатларга диққат-эътибор қилди, бадиий матнни англаш, ўзига сингдириш, ўзининг жонли табиатига айлантиришни маҳорат мезони деб билди. 2. Адабий баҳслар адабиётдаги муҳим бир муаммони кўтариб чиқиши, бошқа мунаққид ва олимларнинг шу масалага диққатини тортиши, китобхоннинг илмий-эстетик тафаккурини ўстиришга кўмаклашиши жиҳатидан ҳам ўрганишга лойиқ. Генезиси фольклор, мумтоз адабиётга бориб тақаладиган баҳс ХХ асрга келиб фаоллашди. Баҳс ХХ асрнинг 20-йилларидан тараққий эта борди. 30-йилларга келиб адабий баҳслар кучайди. Вақтли матбуотнинг шаклланиши туфайли ўзбек танқидчилигида баҳс жанри ва унинг турли кўринишлари ривожлана бошлади. Бу жанрни ривожлантиришга А.Фитрат, Чўлпон, А.Қодирий каби ижодкорлар билан бирга А.Саъдий, О.Шарафиддинов, Вадуд Маҳмуд каби мунаққидлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар. 3. ХХ асрнинг 20-йиллари охирларидан бошлаб, бадиий асарга санъат, бадиият нуқтаи назаридан эмас, балки синфий нуқтаи назардан баҳо бериш адабий танқидчиликнинг, шу билан бирга тақриз, мақола, баҳсларнинг бош вазифасига айлана борди. Бундай ҳолат ўтган асрнинг 30-80 йилларидаги танқидчиликда ҳам кузатилди. Адабий-танқидий қарашларни, танқид тафаккурини янгилаб турадиган изланишлар шўро даврида ҳам бўлган. М.Қўшжонов, О. Шарафиддинов, Н.Худойберганов, И.Ғафуров, У.Норматов каби мунаққидларнинг шўро даврида яратган баҳсларида ҳам адабиётнинг долзарб муаммоларига эътибор қаратилди. Бироқ ўзбек адабий танқидчилигида том маънодаги янгиланиш мустақилликдан кейин амалга оширилганлигини таъкидлаш лозим. Ўтган асрнинг 80-йиллари ва мустақиллик даврида адабий танқид янгиланиш йўлидан борди. Бу янгиланиш, аввало, танқидчи тафаккуридаги ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда намоён бўлди. Таназзулга юз тутган ва синфийликка асосланган марксча-ленинча дунёқараш ўрнига эркин фикрлайдиган, бадиий асарнинг моҳиятини матндан келиб чиқиб талқин этадиган янгича танқид тафаккури шакллана борди. У ўзининг ёндашув ва усулларини, эстетик тамойилларини вужудга келтира бошладики, яратилган баҳсларда буни яққол кўриш мумкин. 4. Баҳснинг бошқа танқид жанрларидан фарқи шундаки, унда кўтарилган муаммога бирдан ортиқ ёки бир неча ўнлаб адабиётшунос, олимлар фикр билдириши мумкин. Уларнинг баъзи бирлари, табиийки, бир позицияда туриб, бир фикрни, бошқалари ундан фарқли фикрни ҳимоя қилиши мумкин. Китобхонда қандайдир даражада мулоҳаза уйғотишининг ўзи баҳс характеридаги асарларнинг маълум аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Адабий-танқидий баҳслар қўйилган муаммони ечиш нуқтаи назаридан ҳам, поэтик, композицион қурилиши томонидан ҳам жанр талабларига жавоб бера олиши билан диққатга сазовор. 5. Танқидий асар ҳам ёзувчига, ҳам китобхонга, ҳам адабиёт ҳақидаги фанга хизмат этиши лозим. Шу жиҳатдан қараганда, адабий баҳслар ҳам ана шундай уч томонлама таъсир кучига, катта аҳамиятга эга эканлиги намоён бўлади. Баҳснинг шаклланиши ва ривожида турли омиллар таъсир кўрсатиши аниқланди. Кўринадики, адабий баҳслар, айниқса, адабиётдаги муҳим бир муаммони кўтариб чиқиши, бошқа ижодкор ва олимларнинг шу масалага диққатини тортиши, китобхоннинг илмий-эстетик тафаккурини ўстиришга кўмаклашиши жиҳатидан ҳам муҳимлиги кўзга ташланади. 6. Адабий-танқидий баҳсларда ҳам танқидчилик истеъдоди баҳслашувда, баҳс маданиятига риоя қилишда кўринади, шу билан бирга танқидчининг диққати нимага қаратилиши, танқидчи талантининг йўналиши, мақсади, позицияси масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Баҳсга киришган танқидчи баҳсга сабаб бўлган муаммо ҳақида нима деяётганини аниқ билиши, китобхонни чалғитмаслиги лозим. Шу билан бирга ҳар бир мунаққид бадиий асар ҳақидаги баҳсга муносабат билдирар экан, ўзига хос услуб ва қарашларга эга сифатида муносабатини намоён этади. Шунга амин бўлдикки, адабий баҳслар ҳам миллатнинг қиёфасини кўрсата олар экан: ўзбек танқидчиларининг аксарият баҳсларида ўзбекона маданият, андиша, бир-бирига эҳтиром кўрсатиш фазилатлари устуворлиги қиёслашларда яққол кўринди. 7. Баҳсда адабиётдаги бирор бир муаммо ёки адабиётшуносликдаги ечилмаган, ечилмаётган бирор бир масала ўртага ташланади. Одатда долзарб муаммо ўртага ташланар экан, матбуот саҳифаларида унга муносабат билдирилади. Ўша муаммога ҳар қайси олим ўз нуқтаи назари, ўз концепциясидан келиб чиқиб баҳо беради, натижада фикрлар ранг-баранглиги вужудга келади.Бу эса адабий жараённинг жонланишига, китобхоннинг эстетик дидининг ўсишига ёрдам беради. 8. Мустақиллик йилларидаги баҳслар мунаққидларнинг фаоллиги ошганлиги, илмий таҳлиллар кучайганлиги, фикрлар “жанги”нинг миқёси кенгайиб бораётганлиги, мунозаралар одат тусига кириб бораётганлигини адабий танқидчиликдаги устувор тамойиллардан бири деб ҳисоблаш мумкин. Шу билан бирга талабчанлик, мавжуд нуқсонларни йўқотишга интилиш, ҳали адабиётни юксалтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўплиги ҳам аён бўлмоқда. Адабий-бадиий танқид савиясини кўтариш учун турли хил баҳслар уюштирилиши лозим ва бу баҳслар ҳақиқатни кашф этишга, китобхоннинг эстетик дидини тарбиялашга қаратилиши зарур. Бу жабҳада адабий танқид жанрларидан бири адабий-танқидий баҳснинг ўрни ва роли муҳимдир. 9.Танқидчи китобхонни ҳам, ёзувчини ҳам, ҳамкасаба дўстларини ҳам- илмий жамоатчиликни ҳам кўз олдига келтириб қалам тебратади. Шунинг учун адабий баҳсда тил масаласига ҳам катта эътибор қаратиш лозимлигини тушуниб, фикр – мулоҳазага чорлайди. Шундай экан, баҳсни ташкил этган танқидчи баҳсларнинг тилига, образлилигига, китобхон диққатини тортувчи жиҳатларига ҳам эътибор қаратиши лозим. Адабий-танқидий баҳс адабиётнинг ривожланишига, юксаклиги учун курашишга ёрдам беради. Адабий-танқидий баҳс ҳам танқидчининг қалби ва ижодий қиёфасини ҳам чуқурроқ англаб олиш учун китобхоннинг ёрдамчиси вазифасини ўтай олади. 10. Адабий-танқидий баҳслар, уларнинг турли кўринишлари ҳар томонлама етук, жанрларнинг ўзаро синтезлашуви асосидаги асарларнинг пайдо бўлишига замин яратаётир. Замон, талаб ўзгариши билан, адабиётнинг савияси ҳам ўзгармоқда. Бир сўз билан айтганда, адабий-танқидий жанрлар сингари, унинг жанрларидан бири баҳс - ҳам адабиётдаги ҳарорат кўрсаткичи. У адабиётнинг, умуман олганда, бадиий, маърифий-илмий асарларининг сифат даражаларини белгилаб берувчи меъёр мезонларидан биридир. Бу мезон янгиланди ва теранлашиб, кенгайиб бормоқда. Шу боис баҳс жанри адабий танқиднинг асосий, етакчи қисмларидан бирига айланишига шак-шубҳа йўқ. Адабий-танқидий баҳслар адабий танқидчиликнинг зарур ва катта аҳамиятга эга хилларидан бири экан, уларни ўрганиш ишлари давом этаверади. Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling