“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий ва молиявий асосларини, унинг маҳаллий бюджетни тузиш ва ижро этиш ҳамда унинг ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этиш, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, ҳудуднинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, амалдаги қонунларга мувофиқ маҳаллий солиқлар, йиғимлар, бож миқдорини белгилаш, маҳаллий бюджетга тушадиган маҳаллий солиқлар, йиғимлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар бериш масалаларини ҳал қилиш бўйича ваколатларини мустаҳкамлайди. 1) Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий асосини (II боб) мулк ва уни бошқариш ҳуқуқлари (7, 8, 9-моддалар): маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк) ва вилоят, туман, шаҳарда мавжуд бўлган, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилаётган ўзга мулк ташкил этади. 2) Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг молиявий асосини (III боб), ҳудудларнинг молиявий ресурсларини бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари фондлар, аниқ мақсадга қаратилган фондлар, кредит ресурслари, шунингдек республика (вилоят, Тошкент шаҳри) бюджетидан ажратилган субвенциялар ва дотациялар ташкил этади. Вилоят, туман, шаҳарнинг молиявий ресурслари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан биргаликдаги дастурларни, шу жумладан ҳудудлараро дастурларни пул билан таъминлаш учун бошқа вилоятлар, туманлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг молия ресурслари билан шартнома асосида бирлаштирилиши мумкин (11-модда). 3) Қонунда маҳаллий ҳокимият органлари – халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимнинг ваколатлари (VI боб), шу жумладан маҳаллий бюджет ва унинг ижросига доир ҳисоботни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш; амалдаги қонунларга мувофиқ маҳаллий солиқлар, йиғимлар, бож миқдорини белгилаш, маҳаллий бюджетга тушадиган маҳаллий солиқлар, йиғимлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар бериш ва бошқа ваколатлари белгилаб қўйилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |