Келиб чиқиши. Гилли жинслар бирламчи тоғ жинсларнинг нураган зарралари ва коллоид-кимёвий маҳсулотларининг кристалланиши натижасида ҳосил бўлади.
Ишлатилиши. Каолинитли гиллар муҳим фойдали қазилма ҳисобланади. Улар иссиқбардош ғиштлар – шамот ишлаб чиқаришда, фарфор ва фаянс саноатида, юқори вольтли электр изоляторлари ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Қоғоз ва резина саноатларида тўлдирувчи сифатида ҳамда совун, қалам ва бошқалар ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Монтмориллонитли гиллар озиқ-овқат саноатида ёғ, вино ва шарбатларни, нефт маҳсулотларини тозалашда, бурғилаш эритмаларини тайёрлашда, совун ва атир-упа маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланилади. Тоза, юқори сифатли монтмориллонитли гиллардан дорилар тайёрланади.
Ўзининг адсорбцион ва коллоидал хоссалари туфайли палигорскит гиллари нефтни қайта ишлаш саноатида, медицинада, фармакологияда, тузли қатламларни бурғилашда кенг қўлланилади.
Карбонатли жинслар. Уларга оҳактошлар, доломитлар, бўр киради.
Оҳактошлар терриген, биоген ва хемоген йўллар билан ҳосил бўлиши мумкин. Уларнинг тузилиши қатламли ёки ноқатламли бўлади. Қатламли оҳактошлар чўкинди ҳосил бўлиш жараёнларининг ўзгарувчанлиги туфайли ҳосил бўлади. Ноқатламий оҳактошлар эса асосан риф қурувчи организмлар фаолияти туфайли вужудга келади.
Биоген оҳактошларни колониал ёки якка ҳолда ҳаёт кечирувчи скелети ёки чиғаноғи кальций карбонатдан иборат бўлган ҳайвон ва сувўтлари қолдиқлари тўплами ташкил этади (30, 31-расмлар).
30- расм. Риф қурувчи колониал маржонлар.
|
31- расм. Риф қурувчи колониал маржонлар.
|
Биоген оҳактошларга оқ ёзув бўри – юқори ғовакликка эга бўлган юмшоқ жинс ҳам киради. У қуруқ ҳолда нисбатан мустаҳкам бўлади. Шлифда ва электрон микроскопда уларнинг оҳакли сувўтлари – кокколитофоридлар (70-85%), майда фораминифералар, иноцерамлар, денгиз типратиконлари ва чувалчангларнинг қолдиқларидан таркиб топганлиги кузатилади.
Кимёвий оҳактошлар микрозаррали ва пелитоморфли, оолитли ва псевдооолитли турлардан иборат. Пелитоморф оҳактошлар диаметри > 0,005 мм бўлган кальцит зарраларидан ташкил топган бўлади. Пелитоморф оҳактошларнинг микроскопик намуналари зич, чиғаноқсимон синишли, оқишдан қорамтиргача ўзгарувчи рангда бўлади.
Доломитлар. Доломитлар доломит минералидан ташкил топган бўлади. Уларда одатда кальцит, баъзан пирит, халцедон, кварц ва органик қўшимчалар кузатилади. Баъзи доломитларда ангидрит, гипс, қўрғошин ва рух сульфидларининг кристаллари учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |