Дарслик тошкент – 2021 Юсупов С. Б., Исаева Ф. Б. Давлат хизмати


-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ


Download 309.88 Kb.
bet4/60
Sana28.12.2022
Hajmi309.88 Kb.
#1013541
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   60
Bog'liq
Дарслик тошкент – 2021 Юсупов С Б , Исаева Ф Б Давлат хизмати

1-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ


1-§. Давлат хизмати тушунчаси ва ўзига хос хусусиятлари

Замонавий ўзбек давлатчилигининг шаклланиш шароитида давлат ва маҳаллий органларни ва ундаги давлат хизматини шакллантириш ва ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилади. Шу сабабли давлатимизнинг тараққиёти, биринчи галда, давлат хизматини тўғри ташкил этишга боғлиқдир.


Давлат хизматини ўташнинг моҳиятини ва унинг асосий хусусиятларини аниқлашдан олдин давлат хизматининг ўзи қандай фаолият эканлиги ҳақида тушунча ҳосил қилишимиз керак. Давлатимиз танлаган тараққиёт йўли – демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамият қуришдир. Давлатнинг тараққий этиши энг аввало давлат хизматини тўғри ташкил этишга боғлиқдир. Ҳуқуқшунос олим Е.В.Охотский айтганидек, “Давлат қандай бўлса, давлат хизмати ва давлат хизматчилари ҳам шундай бўлади” ёки “Давлат хизматчилари, уларнинг интилиши ва қизиқишлари қандай бўлса, давлат ҳам шундай бўлади”1. Чунки давлат хизматини ўташ жараёни табиатан давлат хизматчилари таркибининг сифатига ва профессионаллик даражасига боғлиқдир. Давлат хизмати хизматнинг асосий тури ҳисобланади. Ҳуқуқшунос олими Д.Н.Бахрах хизматга таъриф бериб, “Инсонларнинг, шунингдек давлат ва жамиятнинг мақсадга мувофиқ фаолият йўналишларидан бири – бу хизматдир. Бу тушунча турли маъноларда: инсоннинг фаолият тури сифатида, ижтимоий-ҳуқуқий институт сифатида, давлат органларининг махсус тизими маъносида ишлатилиши мумкин.
Хизмат – бошқарувдан, давлат фаолиятини амалга оширишдан, бошқарувни таъминлашдан, шунингдек аҳолига ижтимоий-маданий хизмат кўрсатишдан иборат”2, деб кўрсатиб ўтган. Давлат хизмати деганда, давлат ташкилотлари органлари, бирлашма, корхона, муассасалар хизматчиларининг давлат функциялари ва вазифаларини амалга оширишга йўналтирилган ҳамда ҳақ тўланадиган меҳнат фаолиятини тушуниш мумкин. Давлат хизмати тушунчаси кенг маънода давлат органлари томонидан бошқарувнинг кадрлар функциясини амалга ошириш, давлат органлари аппаратида доимий ёки вақтинча мансабни эгаллаб турган ҳамда давлат бюджетидан маблағ билан таъминланувчи барча шахсларнинг фаолиятидир1.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида давлат хизмат муносабатларининг умумий томонларини тартибга солувчи қонуннинг йўқлиги ва ҳеч бир қонунчилик ҳужжатида давлат хизматига таъриф берилмаганлиги сабабли бу фаолиятнинг моҳияти ва ўзига хос хусусиятларини юридик адабиётлардан кўрамиз.
Кўпгина дарсликларда давлат хизмати давлат органлари ходимларининг давлат олдида турган вазифа ва функцияларини амалга оширишга қаратилган меҳнат фаолияти сифатида кўрсатиб ўтилади2.
В.М.Манохиннинг фикрича, “давлат хизматининг моҳиятини, ўзига хос хусусиятларини, давлат хизматининг вазифа ва функцияларини – давлат хизмати ва давлат вазифалари, функциялари, давлат фаолият шаклларининг ўзаро нисбати орқали аниқланиши мумкин”3.
Ҳуқуқшунос олим М.Козловнинг наздида, “давлат хизмати деганда, давлат органларида амалга ошириладиган ҳамда ишчилар меҳнатидан мазмуни ва шакли жиҳатидан фарқ қиладиган ҳар қандай фаолият тушунилади”4.
Давлат хизматига бундай ёндашиш инсонлар меҳнат фаолиятининг икки шаклига асосланади:
- биринчидан, моддий бойликларни, товарларни (ишларни) бевосита яратиш;
- иккинчидан, бошқарувни, раҳбарликни, контрол ва назоратни амалга ошириш. Бу маънавий бойликлар яратилиши ёки давлат органларининг функциялари амалга оширилиши мумкин бўлган фаолиятдир.
Инсонлар томонидан олиб бориладиган хизматлар ичида давлат ва маҳаллий органларда амалга ошириладиган хизмат асосий ўринни эгаллайди.
Давлат ва маҳаллий органлардаги хизматнинг зарурияти давлатнинг мавжуд бўлишидан, унинг вазифа ва функцияларидан, шунингдек давлат органларини ташкил этиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Айнан хизматчилар кўпгина давлат органлари тузилмасида, муассаса ва ташкилотларида, бошқарув ҳамда бошқарилувчи тизим ичида персонал сифатида ҳаракат қилади. Уларнинг ўз вазифаларини виждонан бажариши давлат ва жамиятда ҳуқуқий тартиботни ўрнатиш учун хизмат килади.
Давлат хизмати тушунчасини юридик адабиётларда бир неча маънода кўриб чикилган, жумладан, Д.Н.Бахрахнинг таъбири билан айтганда, “давлат хизмати – ижтимоий маънода, ижтимоий категория бўлиб, давлат ташкилотида маълум бир лавозимни эгаллаб турган шахс томонидан давлатнинг кўрсатмасига кўра ижтимоий фойдали фаолиятни амалга ошириш”1 ҳисобланади.
Давлат хизмати:
- cиёсий маънода – давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фаолият бўлиб, давлатнинг мақсад ва вазифаларига барча ишлаб чиқилган сиёсий куч орқали эришиш; жамиятдаги мувозанатнинг асосий кўринишидир;
- ҳуқуқий маънода давлат-хизмат муносабатларини ҳуқуқий ўрнатиш бўлиб, мансаб мажбуриятлари, хизматчиларнинг ваколатлари, давлат органларининг компетенцияси бажарилиши таъминланади. Давлат хизмати мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий институтлардан бири бўлиб, уни ўрганиш давлат хизматининг ижтимоий ва ҳуқуқий асосларини таҳлил қилишни талаб килади. Бу институт давлат-хизмат муносабатларини тартибга солувчи меъёрлар йиғиндисидан иборат бўлиб, у орқали хизматчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, уларга бериладиган чекловлар, жавобгарлик ҳамда давлат хизматини ўташ, хизмат муносабатларининг юзага келиши ва бекор бўлиши тартибга солинади. Демак, давлат хизмати ҳуқуқий институт бўлиб, турли ҳуқуқ соҳаларининг меъёрларидан ташкил топадиган кичик институтларни ўз ичига олади;
- ташкилий маънода – давлат аппаратининг ташкилий-функционал элементлари билан алоқада бўлади. У қуйидаги элементлардан ташкил топган тизим сифатида намоён бўлади: давлат аппарати фаолиятининг ташкилий процессуал асосларини ташкил этиш, лавозимларнинг қурилиши ва уларнинг ҳуқуқий кўриниши, ходимларни аниқлаш, баҳолаш. Давлат хизмати давлатни мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, давлат ҳокимиятини мустаҳкамлайди ва фуқаролик жамиятини нормал функцияланишини таъминлайди.
Хорижий давлатлар қонунчилигида давлат хизмати тушунчаси дерли бир-бирига яқин, яъни давлат хизмати деганда профессионал асосда давлат органларининг вақолатларини ижро этишни таъминлашга қаратилган фаолият деб белгиланган.
Ҳорижий мамлакатлар қонунчилигини ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг илмий ишларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг тизимига кириб, унинг бир тури ҳисобланади.
Жумладан, Арманистон Республикасининг қонунчилигида давлат хизмати тизими фуқаролик хизмати, суд, дипломатик хизмат, мудофаа бўйича махсус хизмат, миллий хавфсизлик, полиция, солиқ, божхона хизмати ва бир қатор давлат хизмати турларидан иборат.
Кирғизистон Республикаси давлат хизмати тизимига эса давлат фуқаролик хизмати, ҳарбий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва дипломатик хизмат турларини ўз ичига олади.
Россия давлат хизматининг тизими давлат фуқаролик, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизмати каби турлардан иборат.
Германия Федератив Республикасида давлат фуқаролик хизмати оммавий хизмат деб юритилади.
Давлат хизматининг бундай турларга бўлиниши ҳар бир давлатнинг қонунчилигида махсус қонунлар билан тартибга солинадиган давлат хизмати турлари мавжудлигини билдиради.
Бизнинг мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ҳарбий хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари, солиқ, божхона хизмати ва бошқа бир қатор давлат хизматининг турлари алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган, аммо давлат фуқаролик хизмати ва уни ташкил этиш механизмини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд эмас эди.
Айрим давлатларда давлат фуқаролик хизматига оид муносабатлар шу давлатнинг Давлат хизмати тўғрисидаги қонуни билан ёки алоҳида Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги ёхуд Оммавий хизмат тўғрисидаги қонунлар билан тартибга солинган ҳамда давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг тури эканлиги белгиланган.
Шунингдек, президент, бош вазир, губернаторларнинг, судьяларнинг ҳамда давлат сиёсий мансабларини эгалловчи бошқа шахсларнинг фаолияти давлат фуқаролик хизмати ҳисобланмаслиги таъкидлаб ўтилган .1
Бироқ мазкур давлатларнинг оммавий хизмат тизими билан танишиб чиққанда, баъзи бир қарама-қаршиликларни кўришимиз мумкин.
Масалан, давлат хизматига умрбод тайинланиш тамойили билан мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларини вақтинчалик бажариши ўртасидаги қарама-қаршилик.
Давлатнинг муҳим маъмурий функциялари давлат хизматига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган хусусий шахслар (масалан, хусусий нотариуслар) томонидан ҳам бажарилади”1.

Давлат хизмати тушунчаси кенг маънода давлат органлари томонидан бошқарувнинг кадрлар функциясини амалга ошириш бўлиб, у давлат органлари аппаратида доимий ёки вақтинча мансабни эгаллаб турган ҳамда давлат бюджетидан маблағ билан таъминланувчи барча шахсларнинг фаолиятидир.


Ҳуқуқшунос олим О.Т.Хусанов бу ҳақда шундай ёзади, давлат хизмати вакиллик, ижроия, суд ҳокимияти органларининг бошқарувидаги ва бошқа давлат органларидаги давлат номидан унинг вазифаларини бажарувчи хизматлардан иборат2.


Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, давлат хизматининг қуйидаги хусусиятларини кўрсатиб ўтишимиз мумкин:
1) давлат хизмати давлат хизматчисининг давлат олдида турган вазифа ва функцияларини амалга оширишга қаратилган профессионал фаолиятидир;
2) ушбу фаолиятни олиб бориш жараёнида давлат органларининг компетенцияси амалга оширилади;
3) бу фаолият давлат органларининг функцияланишини таъминлашга қаратилгандир;
4) бундай фаолият мансаб мажбуриятларининг ижро этилишини таъминлайди.
Давлат хизмати жараёнида юзага келадиган муносабатларнинг бир неча ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқамиз:
биринчидан, бу муносабатлар давлат-ҳуқуқий муносабатлар бўлиб ҳисобланади, яъни давлат-хизмат муносабатлари оммавий ҳуқуқ (давлат, маъмурий) меъёрлари билан тартибга солинади ва кўпгина ҳолатларда хусусий-ҳуқуқий тартибга cолинишдан холидир;
иккинчидан, давлат-хизмат муносабатлари алоҳида ҳуқуқий муносабатлар бўлиб, давлат хизматчиларининг мақомига боғлиқдир;
учинчидан, давлат-хизмат муносабаталари – давлат хизматчиларининг ишонч, хизмат ва садоқат муносабатларидир;
тўртинчидан, давлат-хизмат муносабатлари – давлат ҳокимият муносабатларидир;
бешинчидан, давлат-хизмат муносабатлари – давлат лавозимини бошқариш билан боғлиқ, яъни давлат хизматчиси давлатнинг функцияларини амалга ошириб, маълум бир давлат вазифаларини бажаради.
Демак, давлат хизматига давлат органлари томонидан бошқарувнинг кадрлар функциясини амалга ошириш бўлиб, давлат органлари аппаратида доимий ёки вақтинча мансабни эгаллаб турган ҳамда давлат бюджетидан маблағ билан таъминланувчи шахсларнинг фаолияти деб таъриф берсак бўлади.
Давлат хизмати давлат аппаратини бошқаришни ташкил этиш ва ҳуқуқий тартибга солиш бўйича давлат фаолиятининг асосий турларидан бири бўлиб, давлат олдида турган вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлайди.



Download 309.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   60




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling