Дарслик тошкент – 2021 Юсупов С. Б., Исаева Ф. Б. Давлат хизмати


-§. Давлат хизматини ҳуқуқий тартибга солиш


Download 309.88 Kb.
bet5/60
Sana28.12.2022
Hajmi309.88 Kb.
#1013541
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   60
Bog'liq
Дарслик тошкент – 2021 Юсупов С Б , Исаева Ф Б Давлат хизмати

2-§. Давлат хизматини ҳуқуқий тартибга солиш

Ўзбекистон Республикасида давлат хизматини ҳуқуқий тартибга солиш масаласига тўхталадиган бўлсак, комплекс равишда турли қонунчилик ҳужжатлари асосида тартибга солинади. Жумладан, давлат хизмати соҳасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар конституциявий, маъмурий, молиявий, меҳнат, жиноят ва бошқа қонунчилик соҳалари билан тартибга солинади.


Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятини ташкил этиш асосларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси белгилаб берса, уни амалга ошириш эса, давлат хизматини ўташ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида тартибга солинади. Лекин юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ҳозирги кунга қадар давлат хизматининг умумий томонларини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул килинмаган.
Юқорида айтганимиздек, давлат хизматини ташкил этиш асосларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси белгилаб беради. Конституцияни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, миллий давлатчилигимизни ташкил этиш ва ривожлантиришда “давлат хизмати институти” катта аҳамиятга эгадир. Давлат хизматини тўғри ташкил этиш орқали ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишимиз мумкин. Чунки давлат хизмати ижтимоий мувозанатни, ички ва ташқи хавфсизликни ҳамда иқтисодиётни ривожлантиришда барча тузилмаларнинг функцияланишини таъминлашда хизмат килади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси белгилаб берган асосий вазифаларни бажаришда давлат хизмати катта роль уйнайди. У демократик мувозанатни, ҳуқуқий давлатнинг асосий томойилларига риоя қилишни ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг муҳофазасини таъминлайди. Давлат хизмати орқали давлат сиёсати олиб борилаётган ислоҳотлар демократик тарзда ҳаётга татбиқ қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир неча моддалари бевосита давлат хизматини ўташнинг асосий тамойилларини мустаҳкамлайди. Жумладан, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги. Давлат халк иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат килади. Бу ҳолат ҳуқуқий демократик давлат куришнинг асосий белгисидир.
Ўзбекистон Республикаси давлат хизматини ташкил этишнинг асосий тамойилларидан бири бу - давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллигидир. Мазкур конституциявий нормани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг пировард натижаси сифатида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш вазифаси қўйилди.
Давлат қонунчилигига биноан фуқаролар давлат хизматида бевосита иштирок этишлари мумкин. Бундай иштирок давлат хизматида маълум бир фаолиятни амалга ошириши мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига биноан, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Конституциянинг 35-моддасига биноан эса ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органлари муассасаларига ёки халк вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш хуқуқига эгадир. Шу ҳолатни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, давлат бошқарувида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларигина эга бўладилар.
Давлат хизматига киришда ва уни ўташда барча фуқаролар бир хилдаги ҳуқуқларга эга бўлиб, миллати, жинси, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа белгиларидан каътий назар қонун олдида тенгдирлар. Давлат хизматида фуқароларнинг фаолият кўрсатишида, мансаб ёки лавозим бўйича ҳаракатланишида давлат томонидан тенг шароитлар яратиб берилади. Барча давлат хизматчилари бу соҳада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини умумийлигини таъминлаш мақсадида ўз фаолиятларини Конституция ва амалдаги қонунлар асосида, Конституция ва қонунлардан келиб чиқадиган талабларни хаётга тадбиқ қилган ҳолда ташкил қилишлари лозим. Давлатимиз олдига қўйилган мақсадларнинг руёбга чиқиши кўп жиҳатдан давлат органларини ва уларнинг фаолиятини, яъни давлат хизматини ўташни тўғри ташкил этишга боғлиқдир. Қонунийлик тамойили - давлат хизматини ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши ҳуқуқ меъёрларига асосланиши ҳамда жамият ва фуқароларнинг манфаатларини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши; давлат хизматчилари амалдаги қонунчилик ҳужжатларига таяниб, фақатгина давлат органларининг ваколат доирасида ўз фаолиятларини амалга оширишлари, қонунчилик билан уларга юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажаришлари, белгиланган ҳуқуқлардан тўғри фойдаланишлари, белгиланган тартибга риоя қилишлари лозим.
Демак, Ўзбекистон Республикасида давлат хизмати Конституциясида кўрсатиб ўтилган тамойиллар ва бошқа ҳолатлар асосида (яъни халк ҳокимиятчилиги (7–14 моддалар), инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари (18–52 моддалар), давлат тузилиши (68–75 – модда), суд ҳокимияти (106–116 модда), маҳаллий давлат ҳокимият органлари (99–105 модда) ва бошқалар) асосида ташкил этилиши ва ривожланиши лозим.
Давлат хизматини асосий томонларини, унинг ташкилий асосларини ва функцияланишини таъминлаш бевосита унинг тамойилларига бориб тақалади. Давлат хизматининг тамойиллари нафақат давлат хизматининг, балки бутун давлат органларининг тизимининг функцияланишини, уни ташкил этишнинг муҳим томонларини белгилаб беради. Давлат хизматининг тамойиллари - бу давлат хизмати тизимидаги давлат органлари, давлат хизматчиларининг вазифа ва функцияларини ўзида ифода этувчи қатъий коидалардир. Давлат хизматининг тамойиллари давлат хизматчилари фаолиятининг асосий йуналишлари умумий кўринишини очиб беради ва уларни давлат хизмати ҳуқуқий институтининг нормаларида мустаҳкамлайди.
Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кўрсатиб ўтилган давлат ҳокимиятининг тизими асосида, яъни ҳокимиятнинг қонун чикарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши асосида ташкил қилинади. Ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг муҳим белгиларидан бири - бу давлат ваколатларини ҳокимият органлари ўртасида бўлинишидир. Ҳокимият органлари бир-биридан мустақил бўлиб, уларнинг ҳар бири давлат олдида турган маълум бир вазифа ва функцияларни амалга оширадилар.
Давлат хизматини ҳуқуқий таритибига солишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қабул қилинган жорий қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳам катта аҳамиятга эгадир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президети ва Ҳукумати қабул қилган ҳужжатлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари, марказий ижро органлар томонидан қабул қилинган ҳужжатлари киради.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси давлат хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларини умумий асосларини белгилаб беради. Давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, иш вақти, дам олиш вақти, меҳнатига ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари тўлаш, меҳнат интизоми, моддий жавобгарлик, иш берувчининг жавобгарлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш, қўшимча кафолат ва имтиёзлар бериш, ижтимоий суғурта қоидалари, нафақалар билан таъминлаш, қонун ҳужжатларида бошқача тартиблар белгиланмаган бўлса, Меҳнат Кодексидаги қоидалар асосида амалга оширилади. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 18-моддасига асосан давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари қонун билан белгиланади.
Давлат хизматини ўташни тартибга солувчи бир неча қонунлар билан танишиб чиқсак. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Ўзбекистон Республикаси Хукумати ҳисобланган Вазирлар Махкамасида давлат хизматини ўташнинг умумий асослари белгилаб беради. Жумладан қонунда: Вазирлар Махкамаси фаолиятининг асосий тамойиллари; Вазирлар Махкамасининг таркиби ва уни тузиш; Вазирлар Махкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва давлат ҳокимиятининг бошқа органалари билан муносабатлари; Вазирлар Махкамасининг асосий ваколатлари; Вазирлар Махкамаси фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби ҳамда бошқа масалалар ҳуқуқий тартибга солингандир.
Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимият тўғрисида”ги қонунда маҳаллий ҳокимият органлари вакилик ва ижро ҳокимияти органларида хизматни ўташнинг ҳуқуқий асослари ўрнатилгандир. Мазкур қонун орқали Маҳаллий вакилик ва ижроия ҳокимияти; маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимият бошлиғини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш; ҳокимият вакиллик органлари ва хокимларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари; халқ депутаталари кенгаши ва хоким қабул қиладиган ҳужжатлар; маҳаллий давлат фаолиятининг иқтисодий асоси ва молиявий асослари; маҳаллий давлат ҳокимияти вакилик органаларининг структураси ва улар фаолиятининг ташкилий асослари; халк депутатлари кенгашлари ва хокимларнинг ваколатлари; халк депутатлари кенгаши ва хокимнинг фаолиятида қонунийликнинг кафолатлари ўрнатилгандир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида давлат хизматини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг “Марказий банки тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонун, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа қонунлар ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Давлат органларида хизматни ташкил этиш, хизматчиларнинг ҳуқуқий мақоми, давлат хизматини ўташ тартиби ва бошқа масалалар давлат органларининг Низом ва Уставлари билан ҳам тартибга солинади. Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низом шулар жумласидандир.
Юқорида айтиб утганимиздек, давлат хизматини тартибга солишда конституциявий ҳуқуқ меъёрларидан ташқари, маъмурий, меҳнат, молиявий, жиноят ва бошқа ҳуқуқ меъёрлари ҳам иштирок этади. Давлат хизмати маъмурий ҳуқуқнинг асосий ва ривожланиб келаётган институтларидан бири ҳисобланиб, давлат хизматини ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи маъмурий-ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборатдир.
Давлат хизмати – маъмурий ҳуқуқнинг асосий қисмларидан бири бўлиб, давлат хизматини ташкил этиш босқичида, шунингдек унинг функцияланишида деярли барча маъмурий-ҳуқуқий институтларни ижро ҳокимияти, давлат бошқаруви, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш, маъмурий ҳуқуқ субъектлари, давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, маъмурий-ҳуқуқий усул ва шакллар, давлат мажбурлов чоралари, маъмурий жавобгарлик, ижро ҳокимияти тизимида контрол, назорат ва бошқаларни бирлаштиради. Шунингдек, мансабдор шахс тушунчаси айнан шу қонунчиликда берилгандир.
Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилиги меъёрлари давлат хизмати учун маълум бир кафолатларни ўрнатиб беради. Меҳнат хуқуқи меъёлари давлат хизматчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларини тузишни, танлов асосида лавозим ёки мансабни эгаллашни, хизматчиларнинг мансаб окладларини ўрнатишни, хизматчиларга нисбатан қўлланиладиган интизомий жавобгарликни ва уни қўллаш тартибини белгилаб беради. Бундан ташқари, меҳнат фаолиятидаги асосий ҳолатлар, яъни хизматчилар меҳнат фаолиятининг давомийлигини, дам олиши, меҳнат таътили, ижтимоий таъминот масалалари ҳам меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади.
Давлат хизматини тартибга солишда жиноят қонунчилиги меъёрлари ҳам алоҳида бир ўринни эгаллайди. Жумладан, мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарлиги, давлат хизматидаги коррупцияга қарши курашишда жиноят қонунчилиги меъёрларининг тутган ўрни каттадир. бюджет, солиқ, банк ва бошқа молиявий муносабатларининг ривожланиши давлат хизматини тартибга солишда молия қонунчилигининг аҳамиятини янада оширди. Давлатнинг молиявий фаолияти давлат бошқарувининг бир кўриниши бўлганлиги сабабли ҳам, давлатнинг молиявий фаолияти давлат хизматчилари томонидан амалга оширилади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, давлат хизматининг ҳуқуқий асослари давлат хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжжатларини такомиллаштиришда ривожланган давлатларнинг куп йиллик тажрибасига ҳам таянилади.
Д.М.Овсянконнинг фикрича: давлат хизматини ўташ икки турдаги ҳуқуқий актлар билан тартибга солинади. Бу ҳуқуқий актлар бир-биридан юридик оқибатларни юзага келтириши билан фарқланади.
Биринчи ҳуқуқий акт - бу норматив ҳуқуқий актлар бўлиб, улар орқали барча фуқаролар томонидан ўталадиган давлат хизматининг умумий тартиби ўрнатилади. Норматив актлар орқали давлат хизматига қабул қилиш тартиби, синов муддатини ўташ, аттестация ўтказиш тартиби, давлат хизмати шароитларининг хусусиятлари, лавозимларни эгаллаш, малака разрядлари, илмий унвонларни бериш ва бошқа масалалар белгилаб берилади.
Иккинчи ҳуқуқий акт - бу индивидуал актлар. Индивидуал актлар конкрет фуқаро учун давлат хизмати ҳуқуқий муносабатларини юзага келтиришда, ўзгартиришда ва бекор қилишда юридик факт сифатида хизмат килади1.

Демак, Ўзбекистонда давлат хизматини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари турли даражадаги меъёрий ҳужжатлардан иборат бўлиб:


1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Конституция давлат хизматининг вужудга келиши учун асос бўлади, зеро унда умумий қоидалардан ташқари, айрим тоифадаги давлат хизматчиларига тааллуқли махсус норма ҳам ўрин олган;
2. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси. Бу меъёрий ҳужжатда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий тамойиллар ва давлат хизматчиларига ҳам тааллуқли умумий қоидалар мавжуд;
3. давлат хизмати ва давлат хизматчисига тааллуқли нормалар амалдаги қонунлар, масалан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда ифодаланган;
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан қабул қилинган ҳамда тасдиқланган давлат хизматига оид ҳужжатлар. Бу ҳужжатлар умуммиқёсда ёки муайян бир ташкилот, муассасага тегишли бўлиши мумкин;
5. идораларда давлат хизматини ташкил этишга доир ички меъёрий ҳужжатларда (низом ва йўриқномалар) давлат хизматини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари акс эттирилиши мумкин1;
Умуман олганда, давлат хизматини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нормаларда давлат хизматини ташкил этиш учун самарали механизм яратилган бўлиши, давлат органлари ва хизматчилари томонидан хизматни ўташ жараёнида бу қонун хужжатларига тўла амал қилиниши, давлат хизматчисининг касбий маҳоратини, малакасини, билим даражасини, ундаги ўз ишига бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилиб, давлат хизмати олдига қўйилган мақсадга эришишнинг асосий кафолатларини белгилайди.


3-§. Давлат хизматини ўташнинг ўзига хос хусусиятлари

Давлат хизмати ҳуқуқий институтида давлат хизматини ўташ асосий элемент бўлиб ҳисобланади. Бу давлат-хизмат муносабатларининг юзага келиши билан, яъни хизматчининг тегишли мансабни эгаллаши, мансаб бўйича ҳаракатланиши, хизматчиларнинг аттестацияси, улар фаолиятини рағбатлантириш ва уларнинг жавобгарлиги ҳамда давлат хизмат муносабатларининг тугаши билан бекор бўлувчи жараёндир. Давлат хизматини ўташнинг назарий асослари бўлган юридик адабиётларда берилган тушунчаларга тўхталиб ўтамиз.


Жумладан, “давлат хизматини ўташ институти бошқарув аппаратига ходимларни танлашдан, хизмат бўйича ҳаракатланишдан, давлат хизматидан бўшатишнинг усулларини ўрнатиш ва амалга оширишдан бошланади”1.
Ҳуқуқшунос олим Д.Н.Бахрахнинг таъкидлашича, “давлат хизматини ўташ – хизматнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ўз ичига хизматнинг амалга оширилишини, танлаш тизимини, кадрлар тайёрлаш, уларнинг моддий таъминоти ва бошқа кичик соҳаларни қамраб олади. Амалдаги қонунчиликда давлат хизматини ўташ негизида хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомига таъсир кўрсатувчи ижро ҳокимияти органлари субъектларининг чиқарган индувидуал актларини тўлдирувчи юридик фактлар тизими назарда тутилган. Ўташ – давлат лавозимини эгалловчи шахснинг хизмат мақоми динамикасидир”2.
Ю.М.Козловнинг фикрича, “Давлат хизматини ўташ – бу “Б” ва “В” категория лавозимини эгалловчи давлат хизматчилари учун узоқ давом этувчи жараён бўлиб, бу хизматчиларнинг хизматга қабул қилиш вақтидан бошлаб, то хизматдан бўшашгача бўлган кетма-кет алмашинувини ифода этади. Бу вақтинчалик давр мобайнида хизматчиларнинг маъмурий-ҳуқуқий мақоми амалга киритилади. Уларнинг ҳуқуқий ҳолати нафақат лавозимни эгаллашлари билан, балки уларга малакавий даража, илмий унвон ҳамда фахрий унвон берилиши билан тавсифланади.
Юқоридаги таърифда келтирилган “Б” ва “В” категория лавозимлари Россия Федерацияси қонунчилигида келтирилган бўлиб, бунда “Б” категория хизматчилари “А” категория (яъни Россия Федерациясининг меъёрий-ҳуқуқий актлари билан ёки Россия Федерацияси субъектларининг меъёрий-ҳуқуқий актларига мувофиқ тегишли орган ёки мансабдор шахс томонидан лавозимга тайинланадиган) шахсларининг ёхуд улар ваколат берган шахслар ёки давлат органи томонидан ташкил этилади.
“В” категория давлат лавозимлари давлат органларининг ўзлари томонидан ўз ваколатларини ижро этиш ва таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
Б.Ш.Мирбобоевнинг фикрича, “Давлат хизматини ўташ узоқ давом этувчи жараён бўлиб, давлат-хизмат муносабатлари вужудга келиши билан бошланади, яъни хизматчини давлат аҳамиятига молик лавозимга тайинлаш вақтидан бошланади ва бир қатор жараёнларни ўз ичига олади. Fарб мамлакатларида хизматни ўташни кўп ҳолларда “хизмат карьерасини амалга ошириш” деб аташади. Хизмат бўйича ўсиш, яъни карьера қилиш, биринчи навбатда, хизматчининг шахсий фазилатлари, унинг тажрибаси, касб маҳорати, малакаси ва тегишли хизмат турига яроқлилигига қараб белгиланади. Аммо у кўп ҳолларда объектив ҳолатларга ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, давлат хизматчилар томонидан хизматни ўташ қонун ҳужжатлари асосида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши механизмининг яратилганлиги шулар жумласидандир. Шундай қилиб, давлат хизматини ўташ – давлат хизматчисининг ҳуқуқий ҳолатига таъсир кўрсатувчи юридик фактлар ва ҳокимият субъектлари индивидуал актларининг тизимидар. У давлат лавозимини эгаллаб турган шахснинг хизмат динамикаси (ўсиши)дир”1.

Фикримизча, давлат хизматини ўташ давлат хизмати ҳуқуқий институтининг ички институти бўлиб, қуйидагиларни тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборатдир:


- давлат мансабини эгаллаш;
- давлат органлари ходимларининг махсус пофессионал тайёргарлиги;
- ўриндошлик;
- хизматчилар томонидан ўзларининг мансаб мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларини амалгa ошириш;
- малака даражалари махсус унвонларни бериш тартиби;
- хизматчиларни рағбатлантириш ва уларни жавобгарликка тортиш;
- давлат хизматчиларининг аттестацияси;
- хизмат бўйича ҳаракатланиш;
- хизматнинг шароитлари;
- давлат хизматчиларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш (кафолат, имтиёз компенсация);
- давлат хизматининг тугаш асослари ва усуллари.
Мазкур ички институтлар Б.Ш.Мирбобоев томонидан қуйидагича кўрсатиб ўтилган:

  1. Мажбурий босқич – хизматга қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш, малака даражалари ва махсус унвонларни бериш, хизматни тугатиш.

  2. Факультетив босқич – бошқа лавозимга ўтказиш, рағбатлантириш, жавобгарликка тортиш2.

Биринчи босқич, мажбурий ҳисобланиб, давлат хизматига қабул қилинган ҳар бир давлат хизматчисининг ўташи шарт ҳисобланади.
Иккинчи босқич эса, ихтиёрий, яъни давлат хизматчисининг ўзига боғлиқдир. Агар, хизматчи хоҳласа бошқа лавозимга ўтиши мумкин, яхши ишласа рағбатлантирилиши, ғайриқонуний хатти-ҳаракат содир этса жавобгарликка тортилиши мумкин.
Хизмат бўйича ўсиш, биринчи навбатда, хизматчининг шахсий фазилатлари, унинг тажрибаси, касб маҳорати, малакаси ва тегишли хизмат турига яроқлилигига қараб белгиланади. Аммо кўп ҳолларда объектив ҳолатларга ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, давлат хизматчилари томонидан хизматни ўташ қонун ҳужжатлари асосида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмининг яратилганлигидир.
Давлат хизматини ўташ давлат хизмати институтининг асосий элементи бўлиб, унда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий ҳолати амалга оширилади. Давлат хизматини ўташ – сиёсий ва маъмурий давлат мансабларини тўлдириш фаолияти – давлат маъмуриятида мансабларнинг давлат хизматчилари томонидан кетма-кетликда алмашинувини, хизматчиларнинг давлат-хизмат ҳуқуқий муносабатлари ўзгаришини ўз ичига олади. Ҳар бир давлат хизматчиси индивидуал мансаб хизмат йуналишига эгадир. Шунинг учун ҳам амалда давлат хизматини ўташ ҳам индивидуалдир.
Билдирилган фикрларни таҳлил қилган ҳолда давлат хизматини ўташни қуйидагича таърифлашимиз мумкин. Давлат хизматини ўташ - бу давлат хизматининг асосий элементи бўлиб, ходимларни давлат хизматига қабул қилиш, давлат хизматчиларининг аттестацияси, уларнинг хизмат бўйича ҳаракатланиши, хизматчилар фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг жавобгарлиги, шунингдек, давлат хизмати муносабатларининг бекор бўлиши асосларини ўз ичига олувчи жараёндир. Яъни давлат хизматини ўташ давлат хизмат муносабатларининг юзага келишидан, то бу муносабатларнинг тугашигача бўлган жараённи ўз ичига олади.
Юқоридагиларга асосланиб, давлат хизматини ўташнинг ташкил этилишига кўра қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиб ўтишимиз мумкин:
- давлат хизматини ўташ профессионал, яъни давлат олдида турган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган фаолиятдир;
- мазкур фаолиятни олиб бориш жараёнида давлат органларининг ваколатлари амалга оширилади;
- бу фаолият давлат органларининг функцияларини таъминлашга қаратилгандир;
- бундай фаолият мансаб мажбуриятларининг ижро этилишини таъминлайди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мансаб мажбуриятлари давлат хизматига эмас, балки давлат хизматчисига тегишли бўлади.
Давлат хизматини ўташнинг ўзига хос қуйидаги хусусиятларини ҳам санаб ўтишимиз мумкин:
- давлат хизматини ўташ жараёни давлат хизмат муносабатлари юзага келиши билан бошланиб, бу муносабатларнинг бекор бўлиши билан тугайди;
- давлат хизматини ўташ жараёнида муҳим юридик оқибатлар келиб чиқади, чунки бу жараёнда давлат хизмати муносабатлари юзага келади, ўзгаради ҳамда бекор бўлади.
- давлат хизматини ўташ жараёнида бошқарув тизимида ҳуқуқнинг турли субъектларига нисбатан ҳуқуқий ҳокимият кўрсатмалари амалга оширилади. Масалан, фармойиш, буйруқлар ва кўрсатмалар берилади ва ҳоказо;
- бу жараёнда юрисдикациявий ҳаракатлар амалга оширилади, яъни юридик ва жисмоний шахслар ҳамда ҳуқуқнинг бошқа субъектларига нисбатан давлат мажбурлов чоралари қўлланилади, масалан, маъмурий, интизомий ва бошқалар;
- ташкилий ишлар, моддий-техник операциялар амалга оширилади. Масалан, мажлислар, йиғилишлар, конференциялар ўтказилади;
- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилади;
- бу жараёнда давлат хизматчилари хизмат лавозими бўйича ҳаракатланадилар, рағбатлантирилади ҳамда маълум малака разрядига эга бўладилар.
Баъзи юридик адабиётларда давлат хизматини ўташнинг қуйидаги асосий шартлари кўрсатиб ўтилган:
биринчидан, давлат хизматини ўташ жараёнида хизматчилар давлат хизматини давлат органида назарда тутилган штат жадвали асосида олиб боришлари лозим;
иккинчидан, давлат хизматини ўташ жараёнида давлат хизматчиларининг белгиланган пул мукофоти эвазига давлат органи ваколатларини, мансаб мажбуриятларини амалга оширишлари шарт.
Демак, давлат хизмати фаолияти давлат хизматини ўташ жараёнида амалга оширилади. Бошқача қилиб айтганда, давлат хизматчиларининг давлат хизматини амалга оширишлари учун тегишли мансабни эгаллашлари, уларни мансаб бўйича ҳаракталаниши, хизматчиларнинг фаолиятини баҳоланиши ва аттестациядан ўтказилиши, уларни жавобгарликка тортиш ҳамда рағбатлантириш, яъни давлат хизматчилари давлат-хизмат муносабатларига киришдан бошлаб, то бу муносабатларнинг бекор бўлишигача бўлган жараёнларни босиб ўтишлари керак.
Бу жараёнда юзага келадиган муносабатлар давлат органларининг фаолият турига караб, қуйидаги муносабатларга бўлинади:

  • давлат вакиллик органларида амалга ошириладиган давлат хизматини ўташ жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • давлат ижро ҳокимияти органларида амалга ошириладиган давлат хизматини ўташ жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • суд органларида амалга оширалидиган давлат хизматини ўташ жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • прокуратура органларида амалга ошириладиган давлат хизматини ўташ жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

Давлат хизматини ўташ жараёнида юзага келадиган муносабатларни институтларига хослигига қараб, қуйидагича таснифлаш мумкин:

  • давлат лавозимини эгаллаш жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • турли давлат органлари ходимларининг махсус профессионал тайёргарлиги жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • ўриндошлик жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • хизматчиларни рағбатлантириш ва уларни жавобгарликка тортиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • давлат хизматчиларининг аттестацияси жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • хизмат бўйича ҳаракатланиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар;

  • давлат хизматчиларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси (кафолатлар, имтиёзлар, компенсациялар) жараёнида юзага келадиган муносабатлар.

Профессор Б.В.Лытов давлат хизматини ўташнинг турли томонларини кўрсатиб ўтган: жамоавий, ташкилий, ҳуқуқий, шахсий ва технологик. Бу томонларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга.
Жамоавий шакл ўзида кўпрок ижтимоий жиҳатларни акс эттириб, ўзида давлат хизматчилари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат ва конституциявий меъёрларнинг бажарилиши таъминланишини ифодалайди.
Ташкилий шакли ўз ичига давлат хизматини ўташнинг бошланғич даври ва унинг ташкилий жиҳатларини қамраб олади.
Ҳуқуқий шакли давлат хизматини ўташнинг ҳуқуқий таъминланганлигини ифодалайди.
Шахсий шакли хизматчининг хизмат жараёнида ўз қобилиятини амалга ошириш ва унинг шунга яраша баҳоланиш имкониятларини ўзида ифодалайди.1
Россия Федерацияси қонунчилигида яқин вақтлардан буён давлат хизматини категорияси хизматнинг алоҳида соҳаларига, жумладан, ички ишлар, мудофаа соҳасига нисбатан кўлланилмоқда. Россия Федерациясининг давлат хизмати тизими давлат хизматининг қуйидаги шаклларини ўз ичига олади:

  • давлат фуқаролик хизмати;

  • ҳарбий хизмат;

  • ҳуқуқни мухофаза қилиш хизмати.

Ўзбекистон Республикасида давлат хизматини тартибга солувчи қонун қабул қилинганда, албатта бу ҳолатни эътиборга олинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Давлат бошқарув органи хизматчиларининг малакаси, унинг хизмат фаолияти давомидаги тўплаган тажрибаси, ўз олдида турган муаммоларни тўғри ҳал қилишдаги қобилиятига қараб давлат хизматини ўташ турли босқичларга ажратилади:
- Адаптация (кўникиш) босқичи – бу босқичнинг мазмунини хизматга янги келган ходимнинг ишга кўникиш жараёни, раҳбар ходимлар ва тажрибали хизматчиларнинг уларга кўмаклашуви, янги хизматчи томонидан билдирилган таклиф ёки фикрларга эътиборсиз қарамаслик, уларни рағбатлантириш, бир сўз билан айтганда янги иш жойига кўникма хосил қилишига ёрдамлашиш кабилар ташкил килади.
- Хизмат лавозимини юқори даражада бажариш босқичи учун хизматчига юклатилган лавозимнинг ўзига хос хусусиятлари, функциялари, бажариш технологиялари, хизмат бурчини бажаришдаги юкори маҳорат борасида чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлиши характерлидир. Ходимлар жамоасининг асосини ташкил қилувчи давлат хизматчиларининг бу гуруҳига алоҳида эътибор каратиш керак. Яъни уларнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш, ўз вақтида вертикал ёки горизонтал жойлаштириш, уларнинг тайёргарлиги ва малакасини ошириш учун етарли шароитлар яратиб бериш, энг асосийси, айнан, шу ходимлар ҳисобига кадрлар заҳирасини шакллантириш, уларнинг хизмат бўйича ўсишига ёрдамлашиш лозим. Бу эса ўз навбатида улар томонидан ўз хизмат вазифаларини виждонан ва ҳалол бажаришларига туртки бўлади.
- Инновация босқичи ўз ичига давлат хизматчиларининг алоҳида гуруҳини қамраб олиб, бу гуруҳга мансуб шахслар юқори интеллектуал қобилиятлари, хизмат давомида юзага келадиган муаммоларни хал қилишда ўзига хос ёндашиш ёки фикрга эга бўлишлари, бошқарув фаолиятига ўзгартириш киритиш йўлида изланишлари, янгиликка интитилишлари, бошқарув соҳасида туб ўзгаришларни амалга оширувчи таклифлар беришлари билан ажралиб турадилар.
- Давлат хизматини ўташнинг якунловчи босқичи. Бу босқич давлат хизматини тугаш асосларини ва бошқа масалаларни ўз ичига олади1.
Шундай қилиб, давлат хизматини ўташ давлат хизматчисини лавозимга тайинлаш, хизмат вазифаларини бажариш, бўш иш жойларини танлов асосида тўлдириш ёки кадрлар заҳирасига кўйиш, хизмат ёки мансаб бўйича кўтарилиш, кадрларни янгилаш ёки ротация қилиш, кадрлар малакасини баҳолаш, уларни рағбатлантириш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, хизмат вазифасидан озод қилиш ёки бўшатиш ва бошқа ҳолатлари билан характерланади.



Download 309.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   60




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling