Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Асосий кутубхонасида танишиш мумкин


Download 116.21 Kb.
bet5/14
Sana18.01.2023
Hajmi116.21 Kb.
#1099291
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14
Bog'liq
taom

Натижаларнинг жорий қилиниши. Диссертациянинг асосий мазмуни «Қарақалпақстан» (Нукус, 2004), «Педагогик маҳорат» (Бухоро, 2004), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг хабарномаси (Нукус, 2005), «Педагогик таълим» (Тошкент, 2005), «Жайхун» (Термиз, 2007), «Ўзбек тили ва адабиёти» (Тошкент, 2007) илмий журналларида, «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» (Тошкент, 2004, 2007), «Йигирма биринчи асрда ўзбек тили таълими масалалари» (Тошкент, 2007) Республика илмий-амалий анжумани материалларида эълон қилинган.

Ишнинг синовдан ўтиши (апробацияси). Тадқиқотнинг асосий илмий натижалари юзасидан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Республика таълим марказларида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда ҳамда Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, Тошкент вилоят давлат педагогика институтларида ташкил этилган илмий семинарларда маърузалар қилинган.

Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Тадқиқот мавзуси бўйича жами 10 та илмий иш эълон қилинган. Шу жумладан, илмий журналларда 6 та мақола чоп этилган.

Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса, адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг умумий ҳажми 135 бет, шундан матн қисми 125 бет. Матнда 2 та картосхема ва 1 та жадвал берилган. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 115 та манбани ўз ичига олади.


ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Диссертациянинг кириш қисмида термин ва терминология тушунчасига ойдинлик киритиш юзасидан фикрлар билдирилган ва мавзунинг долзарблиги асосланган.

Диссертациянинг биринчи боби “Таом номларининг тарихий қатламлари” деб номланган. Бу бобда таом номларининг тарихига доир мулоҳазалар, лексик қатламлари ва ўзбек тили лексикасида тутган ўрни тадқиқ этилди.

Таом номларининг пайдо бўлиши, тараққиёти, қўлланилиш доираси ва истеъмолда бўлиш даври тарихан ўзгарувчандир. Ижтимоий ҳаётнинг, халқ турмуши тарзи ва ишлаб чиқариш қуроллари, ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши билан тармоқ лексикалари ҳам ўзгариб боради. Айримлари бутунлай истеъмолдан чиқади, баъзилари тарихий сўзларга айланади, айримлари маълум фонетик ва маъно ўзгаришлари билан қўлланишда давом этиши мумкин.

Ёзма ёдгорликларда келтирилган таом номларини ўрганар эканмиз, баъзи номлар жуда қадим даврларга хос бўлиб, улар ўрнига янги номлар пайдо бўлган. Лекин эскирган таом номлари ўша даврлар колоритини бериш учун бадиий адабиётларда қўлланилиши, тарихий солномаларда ишлатилиши мумкин. Масалан, Абу Ҳайённинг «Китоб-ал-идрок ли-лисон ал-атрак» асари луғатида турақ сўзи берилган бўлиб, у ачиган қуюқ сут маъносини билдирган1Турақ лексемасининг маъноси эскириб, ҳозирги кунда Қорақалпоғистондаги қипчоқ лаҳжасида (Хўжайли, Қўнғирот туманлари) турақ//торақ шаклида қўлланади ва сузмадан тайёрланадиган сут маҳсулотининг бир турини англатади.

Қорақалпоғистон ўзбек шеваларида қўлланадиган айрим таом номлари узоқ тарихга эга. Масалан, чурәк//чөрәк – кичик нонни билдиради. Бу нон тури Маҳмуд Кошғарий луғатида чÿрäк2, “Аттуҳфатуз закияту филлуғатит туркия”да шöрäк3, «Келурнома»да чүрәк, чөрәк – уй нони4 тарзида берилган. Ёзма ёдгорликларда қайд этилган бу нон турининг номи ўзбек адабий тилида учрамаса ҳам, бошқа умумтуркий тиллар: қорақалпоқ тилида шөрек5, туркман тилида чөрек, қирғиз тилида чурек шаклида қўлланади.

Ёзма ёдгорликларда келтирилган ва ҳозирги кунда ҳам қўлланиш фаоллигини йўқотмаган таом номларига қуйидагилар киради: аш, қавурмач//қувырмач, нан, пәтир, чурәк//чөрәк, бавурсақ, қатлама, көмәч, гөджә, йавған аш//джавған аш, йарма//джарма, быламық, бәрәк//бөрәк, айран, қатық, қаймақ, қымыз, талқан, ҳалва ва ҳ.к.лар.

Ўзбек халқи, маълумки, энг қадимги туркий уруғ ва қабилалардан ўсиб чиққан, демак, унинг тили ҳам шу уруғ ва қабилалар тили негизида ривож топган. Марказий Осиёдаги турли тарихий ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар, хусусан, араблар, мўғуллар ва руслар истилоси, қардош қозоқ, қирғиз, туркман, тожик халқлари билан қўшничилик муносабатлари ҳам ўзбек тили тараққиётига жиддий таъсир ўтказган, бунда айниқса, туркий-араб, ўзбек-араб, ўзбек-тожик, ўзбек-қозоқ, ўзбек-қирғиз ва ўзбек-туркман билингвизми каби омилларнинг роли катта бўлган6. Ана шу тарихий жараёнлар нуқтаи назаридан қаралганда, Қорақалпоғистон ўзбек шеваларидаги таом номларини қуйидаги қатламларга бўлиб ўрганиш мумкин: 1. Умумтуркий таом номлари: чөрәк, қази, гөджә, талқан, қымыз, қаймақ, әтәлә, чәлпәк, көмәч, турақ, қурт, төш, қайыш, бавурсақ, гөммә, қырмыч, поссық, быламық, қатлама, доғрама//туврама, қувырдақ, қуймақ, қарма, йарма//джарма, пытырақ, иримчик, вағлама, дымләмә, салма, қувырмач, қатырмач, джайман, сарыйағ, майсөк, ачыған гөджә, қақ балық, балық қарма каби; 2. Форс-тожик тилидан ўзлашган таом номлари: нан, сомса, палав, аш, шорва//шорпа, йахна, мәстәвә, мәшәвә, бәрәк//бөрәк//бөрек, кәди шорпа, кәди бәрәк каби; 3. Араб тилидан ўзлашган таом номлари: пәтир, ҳалва, мърабба, пәтрәк каби; 4. Уйғур тили орқали хитой тилидан ўзлашган таом номлари: манти, лағман каби; 5. Рус тили ва рус тили орқали ғарб тилларидан ўзлашган таом номлари: печенье (русча), пельмень (фин-угор), уха (ҳинд-европа), котлет (французча), торт (итальянча), кекс (инглизча), вафли (немисча), повидло (полякча) ва шу каби.

Таом номлари орасида умумтуркий, араб, форс-тожик, рус тили ва рус тили орқали бошқа тиллардан ўзлашган номлардан ташқари, уларнинг бўлакларидан бири ёки ясовчиси бошқа-бошқа тиллар материаллари бўлган номлар ҳам анчагина қисмни ташкил қилади. Уларнинг тузилиши қуйидаги қатламлардан иборат: умумтуркийча+форс-тожикча: чалап, төшәп, алмақант, асма шорпа, балық шорпа, сөк шәвлә, көк сомса, қавақ сомса, гөк бәрәк, айранлы мәшәвә каби; умумтуркийча+арабча: көк пәтир, қавун мърабба, алма мърабба каби; умумтуркийча+хитойча: қавақ манти, ичәк-қарынлы манти каби; форс-тожикча+умумтуркийча: кәди гөммә, кәди қувырдақ, нан талқан, гөш қувырдақ, йахна қой, кәди джарма, чәкийдә қайыш каби; форс-тожикча+ясовчиси умумтуркийча+умумтуркийча: пьйазлы қатлама, гөшлы гөммә, шалғамлы джарма, шорпалы қувырдақ каби; русча+умумтуркийча: кәртишкә қувырдақ, кәртишкә гөммә, капуста қувырдақ, макарон қувырдақ каби; русча+форс-тожикча: памидор нан, кәртишкә сомса, капуста шорпа, духовка нан, духовка сомса каби.

Шуни ҳам қайд қилиш керакки, бундай сўзлар, ўзбек тили қонун-қоидаларига фонетик ва грамматик жиҳатдан ўзлашиб, ўзбек тилининг ўз сўзлари каби таассурот қолдиради. Уларнинг келиб чиқиши илдизларини билиш учун махсус этимологик изланишлар олиб боришга тўғри келади. Халқ эса, бу сўзларни аниқ тушунади ва уларни ўзларининг тил алоқаларида фаол қўллайди.

Ўрганилаётган ҳудуд ўзбек шеваларидаги таом номларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу номлар адабий тил элементлари ёрдамида ҳам, умумхалқ тили ва диалектал тил бирикмалари иштирокида ҳам тузилиши мумкин. Шу маънода улар ўзбек тилининг барча соҳалари лисоний материали иштирокида майдонга келади ва ўзбек тилининг турли жабҳалари билан алоқаси яққол сезилиб туради.

Қорақалпоғистон ўзбек шеваларидаги таом номларининг ўзбек адабий тили, ўзбек умумхалқ тили доирасидаги ўрни ва мавқеини аниқлаш, унинг адабий тилдаги вариантларига муносабати ёки фақат диалектал вариантларини таҳлил қилиш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этадики, у лексикология, фразеология, тил тарихининг кўпгина масалаларини ечиш имконини туғдиради.

Иккинчи боб “Таом номларининг лексик-семантик хусусиятлари” деб номланган. Бу бобда таом номларининг лексик-семантик гуруҳлари ва номинатив ўзига хослиги, услубий хусусиятларининг ҳудудий жиҳатлари таҳлил қилинган.

Тилнинг луғат бойлигини тизим (система) сифатида ўрганишда лексемаларнинг гипо-гиперономик муносабатларига таяниш муҳим аҳамиятга эга: у табиат ва жамиятдаги нарса-предметларнинг, воқеа-ҳодисаларнинг тилдаги номлари бўлган лексемаларнинг маъноларини ва шу маънолар орқали борлиқдаги нарса-ҳодисалар ҳақидаги тушунча-тасаввурларни умумлаштириш ва фарқлаш имконини беради1.

Таом номларининг қандай масаллиқлардан тайёрланиши ва шунга мос ҳолда, улар турларининг ҳар хил номлар билан аталиши, ўзига хосликлари, ҳар бир ҳудуд аҳолиси тилида катта фарқларга эга. Бу ўша ҳудуд аҳолиси турмуш тарзининг, ҳудудда етиштириладиган ўсимлик ва ҳайвонот, зироат турларининг халқ маиший ҳаётига таъсирининг ва пировардида уларнинг тилига, хусусан, таом номларига таъсирининг натижаси сифатида юзага чиқади.

Қорақалпоғистондаги ўзбек шеваларидан тўпланган материалларга асосланиб, таом номларини қуйидаги лексик-семантик гуруҳларга бўлиб ўргандик:




  1. Қандай маҳсулотлардан тайёрланишига кўра аталган таом номлари;


  2. Ширинлик ва қандолат маҳсулотлари номлари;


  3. Халқ маросимлари билан боғлиқ бўлган таом номлари.


Бу кўрсатилган таом номлари гуруҳлари ўз ичида хилма-хил турларга ва кичик гуруҳларга бўлиниши мумкинки, булар ўша таом номларининг тайёрланиши, бирор маросимга мўлжалланиши кабилардан келиб чиқади.




Download 116.21 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling