Экология соҳасидаги жиноятлар
Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик жиноятининг юридик таҳлили
Download 30.73 Kb.
|
Экология соҳасидаги жиноятлар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Атроф табиий муҳитни ифлослантириш жиноятининг юридик таҳлили.
Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик жиноятининг юридик таҳлили.
(ЎзР ЖК 195-моддаси) Жиноят объекти Ўзбекистон Республикасида экологик барқарорликни таъминлаш соҳасида юзага келадиган ва шаклланадиган ижтимоий муносабатлардир. Бевосита объекти атроф табиий муҳит, экологик хавфсизлик ҳисобланади. Инсон ҳаёти ёки соғлиғи, давлатимизнинг иқтисодий манфаатлари факультатив объект бўлиши мумкин. Объектив томондан экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёки бошқача тарзда тиклаш чораларини кўришдан бўйин товлаш ёхуд бундай ишларни етарли даражада бажармаслик одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлган жиноий ҳаракатларда ифодаланади. Таҳлил қилинаётган жиноят фаол ҳаракат ва ҳаракатсизлик орқали содир этилиши мумкин. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин (масалан, қасддан хизмат вазифасини бажаришдан бўйин товлаш, ўзининг мажбуриятига бепарво ёки ўзига ўзи ишонган ҳолда муносабатда бўлиш, ёхуд ҳаракатга нисбатан қасддан, келиб чиққан оқибатга нисбатан эса эҳтиётсизликдан – айбнинг мураккаб шакли). Жиноятнинг субъекти махсус бўлиб – ўн саккиз ёшга тўлган, хизмат, профессионал ёки бошқа функцияларни бажариш муносабати билан экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёхуд бошқача тарзда тиклаш чораларини кўриш вазифаси юклатилган шахс. Уларга корхона, муассаса раҳбарлари, бош муҳандислар, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоказолар киради. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида бир ёки ундан ортиқ шахснинг ўлими келиб чиққанлиги учун жавобгарлик белгиланади. Атроф табиий муҳитни ифлослантириш жиноятининг юридик таҳлили. (ЎзР ЖК 196-моддаси) Жиноятнинг бевосита объекти – ер, сув ва атмосфера ҳавосини ифлосланишдан муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган ижтимоий муносабатлар. Жиноятнинг қўшимча бевосита объекти инсон ҳаёти ва соғлиғини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар. Таҳлил қилинаётган модданинг предмети, ер, сув ва атмосфера ҳавоси бўлиши мумкин. (ер – Ўзбекистон Республикасининг ягона ер фондига кирувчи ер участкасининг ҳар қандай тури; ер усти (дарё, кўл, сув омборлари) ёки ер ости сувлари, музлик ҳамда ичимлик суви таъминоти манбалари; атмосфера, ҳаво, унинг табиий хоссалари.) Жиноятнинг объектив томондан жиноят ер, сув ёки атмосфера ҳавосининг бузилиши, ифлосланиши ва табиий хусусиятларининг бошқача тарзда ўзгаришидан иборат ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, жиноий оқибат, ҳаракат билан келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғланишда ифодаланади. Жиноят кўрсатилган ҳар қандай оқибат (инсон соғлигига зарар етказиш, шунингдек, инсон ўлими, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатлар) юзага келган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади ва шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англайди, уларнинг юз беришига йўл қўяди ва бунга бепарво ҳолатда муносабатда бўлади. Келиб чиққан оқибатларга қараб айбдор шахс ҳаракатларида эҳтиётсизлик бўлиши мумкин. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан атроф муҳитга зарарли моддаларни ташлаш ёки стационар ва кўчма манбалар, иншоотлар ва бошқа объектлардан, шу жумладан транспорт воситаларидан фойдаланиш устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган шахс ҳисобланади. Таҳлил қилинаётган модданинг 2-қисми инсон ўлими кўринишидаги ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини назарда тутади. Download 30.73 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling