Эрманов Лазизжон Анварович Ўзбекистон ёшлари онгига салбий таъсир этувчи омиллар
Таълим тизимидаги муаммолар ёшларга таъсир этувчи омиллардан ҳисобланади
Download 0.56 Mb.
|
24.05.2022МД чоп этишга тайёр
- Bu sahifa navigatsiya:
- Халқ таълими бўлими мудири, мактаб директори, ўринбосарлари
Таълим тизимидаги муаммолар ёшларга таъсир этувчи омиллардан ҳисобланади. Таълим-тарбия ҳар қандай жамиятнинг барқарор тараққиётини белгиловчи, фуқароларнинг сиёсий онги ва маданиятини шакллантирувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугунги ёшлар Ўзбекистон келажаги ҳисобланиб, фарзандларни болалигидан бошлаб миллий тарбия, аҳлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш керак. Агар шу уч маконда маънавий муҳит кўнгилдагидек бўлса ҳамма иш яхши бўлади, агар таназзулга қараб кетса, бутун жамият ҳалокатга юз тутади.
Шу билан бирга халқ таълими соҳасида ёшлар сиёсатини амалга оширилишига таъсир кўрсатувчи бир қатор омиллар бўлиб, тизимда ечимини топмаётган муаммоларнинг бўлиши ёшларнинг таълим олишига, уларнинг онгига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Асосий омиллардан бири мактабларда таълим сифатининг пастлиги бўлиб, бунга кўплаб ўқитувчиларнинг профессионал даражаси юқори эмаслиги, уларни ўқитиш, қайта тайёрлаш, малака ошириш курсларининг юзакилиги, ёш педагоглар учун “устоз-шогирд” анъаналарининг камайиб кетганлигини келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.01.2021 йилдаги «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4963-сон қарори ижроси республиканинг барча ҳудудлари учун тўлиқ таъминланмаган. Шунингдек, ўқитувчилардаги ортиқча қоғозбозликка бирмунча барҳам берилган бўлсада, ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини ошириб бориши учун тўлақонли шароит яратилмаган. “Kundalik.com” ва бошқа интернет сайтларида турли ёзув ишларининг кўп берилиши натижасида ўқитувчилар асосий эътиборини таълимга эмас, ташкилий ишларига ажратишга мажбур бўлмоқда. Бу ўз-ўзидан таълим сифати тушиб кетишига олиб келади. 2021 йил январ ойи ҳолатига кўра, ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Сирдарё вилоятида 60,7 фоиз, Тошкент вилоятида 62,4 фоиз, Жиззах вилоятида 62,7 фоиз, Андижон вилоятида 64,2 фоиз, Наманган вилоятида 64,4 фоизни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан паст даража қайд этилган. 1 Халқ таълими тизимининг қуйи раҳбарлари (Халқ таълими бўлими мудири, мактаб директори, ўринбосарлари) тайинланишида ва иш фаолиятида асосан уларнинг ишчанлиги, топшириқларни тўғри бажариши, яхши ижрочилигига эътибор қаратилиб, малакаси, педагогик маҳорати, ўқиш самарадорлигини ошириш бўйича қобилиятига кам аҳамият берилади. Мисол учун, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари (ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари) томонидан ХТБ мудири, мактаб директорларига таълим сифатини ошириш бўйича талаб ёки топшириқ берилмайди. Маориф соҳасида асосий эътибор таълимга эмас, тарбияга қаратилган эскича ёндашувлар ҳозиргача амал қилиб келишини омил сифатида қайд этиш мумкин. Хусусан, ўқув йили давомида ўрта мактаблар фаолиятини текшириш, ўрганиш учун юқори турувчи туман (шаҳар), вилоят таълим бошқармалари ва вазирликдан 10-15 мартадан текширувчилар – “комиссия” келади. Текширувчилар асосан мактабларнинг умумий ҳолати, синф хоналарининг ўқишга яроқли-яроқсизлиги, озодалиги, дарсликлар билан таъминланганлик даражаси, ўқитувчиларнинг иш юритиш тартиби, ўқувчилар давомати, тартиб-интизоми яъни тартиб биринчи навбатда текширилади ва шу асосда хулоса қилинади. Кам ҳолатларда эса ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш даражаси, билим олиш савияси ўрганилади. Олдинги Халқ таълими вазири Ш.Шерматов тақдим этган маълумотларда қайд этилишича, мактабларда ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага камайтирилган, келадиган турли текширувлар сони эса 26 бараварга қисқартирилган. Шунингдек, 2021 йилнинг 15 декабр куни Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида ўқитувчилар томонидан фақат синф журнали юритилиши ва талаб қилиниши мумкинлиги, бошқа ҳужжатлар талаб қилиниши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш қайд этилган бўлиб, бу мактабларда ҳозиргача текширувлар ва қоғозбозликнинг кўплигини англатади. Олий таълим тизимида эҳтиёж ва талабни ўрганган ҳолда мутахассислар тайёрлаш масаласи яхши йўлга қўйилмаганлиги натижасида аксарият мактабларда физика, алгебра, кимё, биология ва бошқа асосий керакли биринчи даражали фанлар бўйича ўқитувчилар етишмайди. Бунинг ортидан ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари тушиб кетган. 2021 йил январь ҳолатига кўра, умумтаълим фанларидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси физика фанидан 54,6 фоиз, кимё фанидан 54 фоизни ташкил этган. Шу сабабли ушбу фанлар бўйича педагогларга бўлган талабнинг юқорилиги туфайли, мактаб маъмурияти бу фанларни нафақага чиққан ўқитувчилар ёки бошқа фан ўқитувчиларини жалб этиш орқали дарслар ўтилишини таъминлаб келади. Шу сабабли, энг керакли ҳисобланган ушбу фанлар ўқувчиларни қизиқтирмасдан зерикарли фанлардан бирига айланиб қолмоқда. Кўпчилик ёшлар фақатгина олийгоҳларга кириш имтиҳонларида бўлганлиги учун юқоридаги фанларни репетиторликка бориб ўрганади. Мутахассислар етишмаслиги туфайли ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобатнинг камлиги кузатилиб, бу ҳам ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига таъсир кўрсатади. Бугунги кунда Олий таълим муассасаларидаги 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Айрим йўналишлар бўйича тайёрланаётган кадрлар амалиётда ўз ўрнини топа олмай, бутунлай бошқа соҳаларда ишламоқда. Мактабларда ўқувчиларни фан, касб-ҳунар, спорт, маданият ва санъатга қизиқтирадиган турли фан, спорт хамда санъат тўгаракларнинг тўлақонли амалга оширилмайди ёки умуман мавжуд эмас. Кўплаб мактабларда шароит яратилмаганлиги ёки етарли аҳамият берилмаслиги сабабли «Беш муҳим ташаббус» фаолияти доимий йўлга қўйилмаган, фақат қоғозларда акс этмоқда. Маориф соҳасига таъсир кўрсатувчи яна бир муҳим омиллардан бири – ота-оналарнинг фарзандлар билим олиши ва тарбиясига етарли вақт ажратмаслиги ҳисобланади. Айрим фуқаролар болаларини таълим-тарбия олишида ўз бурчларини унутган ҳолда, уларнинг устозларини масъул жавобгар сифатида кўриб, боланинг ҳуқуқбузарлиги ва билимсизлиги учун мактаб маъмуриятини айблайди. Ота-оналар томонидан мактаб ва ўқитувчиларнинг обрўсизлантирилиши ҳолатлари учраб туриб, бу фарзандларининг келгусида мактабга нисбатан нотўғри муносабати шаклланишига олиб келиши мумкин. Халқ таълими соҳасида кузатилаётган юқоридаги муаммолар бевосита ёшларнинг етарли билим олиши, ривожланиши, дунёқарашининг шаклланиши, келгусида касб-ҳунар танлаши ва мақсади сари интилишига салбий таъсир этади. Натижада Ўзбекистон ёшлари учун асосий муаммо ҳисобланган ишсизлик сонининг ортиши, ўқиш ва ишлаш учун хорижга кетувчи ёшларнинг кўпайиши, ёшлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ортишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонда 2021 йилда 454,3 минг нафар ёшлар ўрта мактабларни 11 синфини битирган бўлиб, олий таълимга ўқишга кираётган битирувчилар сони йилдан-йилга ортаётган бўлса-да, уларнинг умумий улуши камлигича қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, 16-30 ёшгача бўлган иқтисодий фаол ёшлар орасида ишсизлик даражаси 14,9 фоизни ташкил этади. 2021 йил апрел ҳолатига кўра, 1 млн 600 минг нафар фуқаролар ҳозирда ишсиз бўлиб, уларнинг 805 мингдан ортиғи 16-30 ёшдаги меҳнатга фаол ёшлар ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда меҳнат бозорига жами 560 минг битирувчи кириб келиб, жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 миллион 365 мингдан ортиқни ташкил қилди.1 Халқ таълими вазирлиги тизимида коррупцияга оид жиноятлар бўйича 2020 йилда 249 та шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2019 йилда бу кўрсатгич 144 тани ташкил этган, яъни жавобгарликка тортилганлар сони 105 тага кўпайган. Ўсиш асосан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳисобига кузатилган. Етказилган зарар миқдори 2020 йилда 40,9 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 19 млрд сўм бўлган, яъни етказилган зарар миқдори қарийб 22 млрд сўмга ўсган.2 Мактабгача таълим ва олий таълим босқичларида ёшларнинг таълим билан қамрови реал эҳтиёжни қондирмаяпти. Хусусан, 3-6 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги қамрови 60 фоизни (2021 йил 1 январь ҳолатига), ёшларнинг олий таълим тизимидаги қамрови 25 фоизни ташкил қилмоқда. Ёшларни касбга йўналтириш ишлари тизимли ташкил этилмаган, олий ва ўрта махсус таълим тизимида мутахассисларни тайёрлаш меҳнат бозори талаблари асосида амалга оширилмаяпти, яъни профессионал таълим ишлаб чиқариш амалиётидан узилиб қолмоқда. Натижада олий таълимни тамомлаган ёшларнинг кўпчилик қисми мутахассислиги бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланмайди, хусусан, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти таҳлилларига кўра, битирувчиларнинг фақатгина 26,2 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаб кетишига тўлиқ ишонишини билдирган.3 Download 0.56 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling