Эрманов Лазизжон Анварович Ўзбекистон ёшлари онгига салбий таъсир этувчи омиллар


Ёшларга салбий таъсир этувчи ташқи омилларни олдини олиш бўйича хориж тажрибаси


Download 0.56 Mb.
bet22/36
Sana26.02.2023
Hajmi0.56 Mb.
#1233458
TuriДиссертация
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   36
Bog'liq
24.05.2022МД чоп этишга тайёр

3.2. Ёшларга салбий таъсир этувчи ташқи омилларни олдини олиш бўйича хориж тажрибаси

Ёшлар — инновациялар, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаи. Бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучдир. Шу боис, айнан ёш авлод зиммасига ёрқин келажак барпо этиш вазифаси ишониб топширилган. Халқаро ҳамжамият ҳар қандай мамлакат тараққиётида соғлом ва баркамол, ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар ўта муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этади. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “тинчлик, фаол иқтисодий ривожланиш, ижтимоий адолат, бағрикенгликни таъминлаш — буларнинг барчаси ва яна кўп нарсалар ёшлар имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ” эканини таъкидлайди. Сўнгги йилларда биргина ёшлар масалаларига доир БМТ доирасида 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат қабул қилинди.


БМТ Бош Ассамблеясининг Жаҳон ёшларига тегишли Ҳаракат дастурида (1995 йил) ёшлар ҳаётини яхшилаш борасида миллий ҳаракатлар ва халқаро қўллаб-қувватлашга оид сиёсат асослари ҳамда амалий тавсиялар белгиланди. Ҳаракат дастури ёшлар билан боғлиқ ўн бешта устувор йўналишни қамраб олган бўлиб, уларнинг ҳар бири амалий ҳаракатлар бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган.1
БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича қабул қилинган қарорида (2015 йил) можаро ва зиддиятларнинг олдини олиш ва ҳал этиш, шунингдек, тинчликни таъминлашда ёшларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Жаҳон ёшларининг талаб-эҳтиёжларини қондириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун БМТнинг “Ёшлар 2030” ёшлар стратегияси қабул қилинган. Ҳужжатда “ёшлар сармоя киритилиши лозим бўлган ўта қимматли ва ниҳоятда муҳим манба ҳисобланади, зеро, киритилган сармоялар кўп маротаба ўзини оқлай олади”, деб таъкидланган.
Бугунги кунда ёшлар онгига салбий таъсир этувчи омилларни камайтириш юзасидан қатор илғор давлатлар томонидан бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ривожланган мамлакатларда ёшлар сиёсатининг ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқамиз.
АҚШда ёшлар тоифаси 13-29 ёшлар оралиғини қамраб олиб, умумий аҳоли сонининг 15-17 фоизини ташкил этади. АҚШда ёшларга оид сиёсатнинг аҳамияти шундан иборатки, федерал қонунчилигидан ташқари ҳар бир регион, ҳар бир штат ўзининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли демографиясидан келиб чиқиб ёшлар сиёсати бўйича алоҳида дастур қабул қилади. Ёшлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ёшлар сиёсати бўйича Федерал департамент ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги шуғулланади. Ёшлар бўйича дастурларни амалга оширишда давлат ташкилотларидан ташқари нодавлат ва хусусий компанияларнинг аҳамияти юқори. Давлат ушбу нодавлат ташкилотлар, фондлар, хусусий компанияларни молиялаштириш орқали ёшлар бўйича дастурларни (300 дан ортиқ) амалга оширади. АҚШда давлат ва жамоат тузилмаларининг ёшлар сиёсатига оид устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат: 18 ёшгача бўлган ёшлар саломатлиги, гиёҳвандлик ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, ёшларни иш билан таъминлаш.
Кўплаб нодавлат ёшлар ташкилотлари маълум бир мафкурага – скаут ташкилотларга, сиёсий ва диний ҳаракатларга асосланади. Инсонпарварлик ва диний характердаги кўплаб халқаро ташкилотлар АҚШда жойлашган бўлиб, уларнинг фаолияти бошқа мамлакатлардаги ёшлар ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратилган.
АҚШда йирик хусусий корпорациялар ёшларни таълим ва маданий соҳаларда ривожлантириш бўйича дастурларига ҳомийликни амалга ошириб келиб, улар томонидан киритилаётган маблағлар демографик ва ижтимоий таҳдидлар, болалар ва ўсмирларнинг нотўғри овқатланиши, ёшлар ўртасидаги ишсизлик, мактабни эрта тарк этиш, эрта ёшдаги ҳомиладорлик ва ОИТС инекциясини юқтириш ҳавфини камайтиришга йўналтирилган.1
Бундан ташқари, АҚШда 6000 дан ошиқ ННТлар ёшларни ёт ғоялардан сақлаш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширади. Миссионерлик, экстремистик ғояларини олдини олиш мақсадида фуқаро 14 ёшгача тўлгунига қадар ҳеч қандай чет тиллари ўқитилмайди ва фақатгина АҚШ буюк давлат эканлиги, дунёга гегемон, эканлигини, ўз байроғи ва ўз ғоялари билан фахрланиш ҳиссини мустаҳкамлаш ва америкача мафкура бутун дунёда бўлиши ҳақида уқтириб келинади.
АҚШда интернетни фойдаланувчи даражасида фильтрлаш учун махсус дастурлар ишлаб чиқарилган бўлиб, асосан ахлоқсизлик ва енгилтаклик, беҳаёлик, ножўя лексика бўлган, ноқонуний дастурлар, қуроллар ва гиёҳвандлик рекламаси, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этувчи сайтларга, ижтимоий тармоқларга, интернет-почта, интернет-дўконлар, тўлов тизимларига киришни тақиқлаб қўйиш мумкин. Буларнинг ҳаммасини ота-оналар томонидан белгилаб қўйилади ва махсус фильтрлаш дастурлари ёрдамида бошқарилади. Бола интернетда ишлаган вақтида ота-оналар назорати модули бола томонидан сўралаётган саҳифани текширади. Агар саҳифа кераксиз тоифалардан бирига тааллуқли бўлса, дастур уни тўсиб қўяди ва тақиқлаш сабаби тўғрисида маълумот беради. АҚШ қонунчилигида фильтрлаш дастурларини мактаб, кутубхона, Интернет - кафелар ва жамоатчилик фойдаланадиган жойларда мажбурий тарзда ўрнатилади.
Ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича Франция, Полша, Германия, Буюк Британия, Нидерландия каби Европа давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат даражасида комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётганлиги хамда юқори натижаларга эришилаётганлиги билан ажралиб туради.
Ушбу хорижий мамлакатлар томонидан ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган устувор йўналишлар қуйидагича:

  • Таълим сифати ва қулайлигини ошириш;

  • Ёшларни иш билан таъминлаш;

  • Ёшларнинг давлат сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш;

  • Маданият, спорт, туризм, маданий хордиқ чиқаришни, шунингдек, иқтидорли ёшлар фаолияти ва ёшлар ижодини қўллаб қувватлаш;

  • Ёш авлод саломатлигини таъминлаш.1

Ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ёшларнинг билим олиш ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Билим олиш ҳуқуқи ҳар бир ривожланган давлатлар конституцияларида акс этган. Шунингдек, ҳар бир давлат олдида турган долзарб вазифалардан бири ёшлар бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Бу соҳада ҳар бир давлат ўзининг дастурлари, лойиҳалари бўлиб, ижро этилиши давлат назоратида бўлади.
Ёшлар Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) ривожланишида асосий ресурс ҳисобланади. Хитойда ёшлар сиёсати ХХР Коммунистик партияси қарорлари асосида - давлат даражасида амалга оширилади. ХХРда ёшларни ижтимоий-иқтисодий таъминотига катта аҳамият берилиб, ўқиш ва яшаш шароитларини таъминлаш, хорижда ўқийдиган талабалар учун кенг имкониятлар бериш, ёш оилалар, ёш ишчиларни ижтимоий таъминоти йўлга қўйилган. Хитойда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш муҳим ҳисобланиб, хорижда ўқийдиган ва ишлайдиган хитой ёшлари ўз давлати манфаатларини кўзлаб иш кўради.
Хитойда ёшлар сиёсати ёшларни таълим олдириш билан бирга уларнинг бандлигини таъминлаш тадбирларининг устунлиги муҳим аҳамиятга эга. Ёшларни иш билан таъминлаш муаммоси давлат ҳукумати ва жамиятнинг диққат марказида туради. Улар олдида биринчи даражали вазифа олийгоҳларни битирган ёшларни ишга жойлаштириш вазифаси биринчи ўринда туради.
ХХР ҳукумати томонидан ёшлар бандлигини рағбатлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
1. Ишчи кучига нисбатан талабнинг ортиши. Бунда солиқларнинг бир қисмидан озод қилиш, кредит кафолатларини бериш, ижтимоий суғурта учун субсидиялар бериш орқали мамлакат ҳукумати илмий-тадқиқот ташкилотлари, ўрта ва кичик корхоналари ҳамда хусусий компанияларини олий ўқув юртлари битирувчиларини меҳнатга жалб қилишни рағбатлантиради. Мисол учун кичик корхона ишсиз битирувчиларнинг маълум қисмини иш билан таъминлаганлиги учун 2 млн юангача имтиёзли кредит олади.
2. Бандлик тармоқларини кенгайтириш – олий ўқув юртлари битирувчиларини қишлоқ ташкилотларида ишлашга рағбатлантириш ва жалб қилишни ўз ичига олади. Республиканинг иқтисодий жиҳатдан қолоқ ҳудудларида таълим, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аҳолининг кам таъминланган қисмларига ёрдам кўрсатиш киради.
3. Университетлар ва корхоналар ўртасида алоқаларни ўрнатиш. Бунинг учун олийгоҳ талабалари амалиёт ўташи учун база сифатида бир қатор иш берувчи корхоналар танлаб олиниб, 3 хафтадан 12 хафтагача амалиёт ўтайди. Иш берувчи корхона талаба иқтидорли бўлса кейинчалик уни ўзига ишга олиб қолиши мумкин.
4. Талабаларга уларнинг имкониятидан келиб чиқиб қўшимча касбий таълим олишига рухсат берилади. Талабаларга диплом ва касбий малака сертификати берилиб, бандлик ҳолатидан келиб чиқиб, меҳнат бозорида талаб катта бўлган мутахассислик бўйича ўқиган талабага 60-100 фоизлик субсидия ажратилади. Шунингдек, ёшлар бандлигини доимийлигини таъминлаш учун бошқа тадбирлар амалга оширилади.1
Бундан ташқари Хитойда деструктив ғояларни тарқалишини олдини олиш, ёшларга ташқи салбий таъсирларни олдини олиш мақсадида, Facebook, Twitter, Livejournal (маълумот учун: Facebook 2009 йилдан, Twitter 2011 йилдан, Livejournal 2012, Whatsapp 2017 йилдан) ва бошқа хорижий ижтимоий тармоқларга нисбатан тўсиқ қўйилган, шу сабабли, блоглар юритиладиган асосий ресурс Sina Weibo ҳисобланади.2
Бугунги кунда ХХРда Интернетдан келаётган хавфлардан ёшларни ҳимоялашнинг самарали тизими ишлаб чиқилган бўлиб, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда. Шу сабабли ушбу давлат ахборот хавфсизлиги тизимининг айрим жиҳатларидан Республикамиз ахборот хавфсизлигини таъминлаш жараёнида фойдаланиш мумкин.

Download 0.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   36




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling