Этнопсихология фанининг предмети, мақсади ва вазифалари бобнинг қисқача мазмуни
Индивид ва миллий тил ҳамда унинг миллий ўзликни англашдаги ўрни
Download 0.99 Mb.
|
Этнопсихология дарслик Умаров Б 3
3.2. Индивид ва миллий тил ҳамда унинг миллий ўзликни англашдаги ўрни
Ҳар бир авлод вакиллари аждодларинг турмуш тажрибаларини, тил ва маданий хусусиятларини ўзлаштириб, миллат учун умумий бўлган шарт-шароитлар остида ўсиб, тарбияланиб бориши натижасида уларнинг барчасида шу миллатга хос бўлган умумий психологик хислатлар шаклланади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ижтимоий информацияларни ёш авлод томонидан ўзлаштириб борилиши, фақат онгли равишда, таълим-тарбия бериш жараёнидагина бўлиб қолмасдан, шунингдек, индивиднинг ўзи билмаган ва ўзлаштириш жараёнини англаб етмаган ҳолда ҳам юз беради. Бу тақлид ва таъсирланиш орқали амалга ошади. Индивиднинг тараққиёти, - у бевосита ёки бавосита муносабатга киришган бошқа индивидларнинг тараққиёти билан белгиланган бўлади ва бир-бири билан муносабатга киришадиган турли авлод вакиллари ўзаро боғланган, кейинги авлодларнинг жисмоний мавжудлиги эса ўтмишдошлари томонидан белгиланган бўлади. Абу Наср Форобийнинг (873-950) таъкидлашича, кишиларнинг дастлабки этник гуруҳларининг шакиллинишида тил ҳал қилувчи роль ўйнаган. Бирлашиш учун кишилар бир ҳудудда қўшни бўлиб яшаши, битта тилда гаплашиши керак эди. Шунинг учун ҳам тил ва ҳудуднинг бирлиги одамлар тирикчилигининг асосий шарти ва табиий зарурати бўлиб, айни пайтда этнос (миллат)нинг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳам муҳим омил ҳисобланган. Турмуш тарзи ва этноснинг ўзига хослиги сабабли у ёки бу тил мавжуд нарсаларни ифодалашга мослашган. Агар мазкур соҳа миллатнинг турмуш тарзида мавжуд бўлмаса, у тилда ҳам ифодаланмаган. Турли миллий тилларда фикрни тегишли тарзда ифодалашга турлича талаблар қўйилган. Шунинг учун ҳам бошқа-бошқа тилларда сўзлашадиган кишилар бир-бирлари билан алоқа қила олмаганлар ва биргаликдаги ҳаракатнинг амалга оширилиши амри маҳол бўлган. Тилдаги ахборот айирбошлаш воситаси сифатида қўлланиладиган белгилар, жумладан, сўз, имо-ишора, иероглиф ва ҳоказолар замиридаги моҳият муносабатда иштирок этаётган шахсларга таниш бўлган тақдирдагина ахборот айирбошлаш мумкин бўлади. Моҳият белгининг теварак-атрофдаги воқеликни ифода этадиган қисми сифатидаги мазмунга эга бўлган жиҳатдир. Белгилар инсоннинг билиш фаолияти ва муносабатини намоён қилади. Жумладан, сўзлар воқеликдаги муайян бир нарса ёки ҳодисанинг моҳиятини ифода этади. Одам у ёки бу сўзни ишлатганда унинг ўзи ҳам, уни тинглаётган кишилар ҳам айни бир нарса ёки ҳодисани назарда тутиши керак, акс ҳолда англашилмовчилик юз беради. Сўзлар-белгилар тизими сифатида ҳаёт мазмунини, ижтимоий-тарихий тажрибани ўзлаштириш ва узатиш воситаси бўлиб, тилни таркиб топтиради. Тил ёрдамида муносабатга киришиш туфайли борлиқнинг алоҳида бир кишининг миясидаги инъикоси бошқа одамларнинг миясида акс этмаслиги билан доимий равишда тўлдирилиб туради ва натижада фикр айрбошлаш ёки ахборот алмашиш жараёни рўй беради. Ана шу тарзда нутқ ёрдамида алоқага киришиш орқали моҳиятлар системаси кишининг бутун ҳаёти давомида ривожланиб ва бойиб боради. Беруний таъбири билан айтганда, “...Қадимги одамларда турли хоҳишларини ифодалаш учун зарур бўлган сўз ва ибораларга эҳтиёж туғилган. Замонлар ўтиши билан сўз ва иборалар кўпайиб, ёдда сақланган ва такрорланиши натижасида таркиб топиб, тартибга тушган”. Тил ёрдамида одамларнинг ўзаро муносабатга киришиш жараёнининг, яъни нутқнинг юзага келиши кишилик жамияти тараққиёти тарихида сифат бурилиши бўлган. Ёзма нутқ оғзаки нутқдан кейин шаклланган. У бир-биридан макон ва замон билан ажралиб турувчи одамлар ўртасида муносабат қилиш эҳтиёжи-нинг натижаси сифатида пайдо бўлган ва кишилар фикри шартли схематик суратлар ёрдамида ифода этилаётган ҳозирги замон ёзувига қадар ривожланган. Ёзув туфайли одамлар тўпланган тажрибани авлоддан-авлодга етказиш имкониятига эга бўлдилар. Инсонга хос психик жараёнлар ва психологик хусусиятлар каби, нутқни эгаллаш ва ундан фойдаланиш маҳорати ҳам одамни туғилганидан сўнг фақат ижтимоий муҳитда, одамлар билан бўлади-ган ўзаро мулоқотлар жараёнида, машаққатли таълим-тарбиянинг таъсири остида шаклланиб ривож топадиган мураккаб ақлий фаолиятдир. Нутқни эгаллаш ва ундан фойдаланиш жараёнида шаклланадиган нутқ маҳорати эса бир қатор нерв-физиологик ва психологик қонуниятларга мувофиқ рўй беради. Нутқдан фойдаланиш маҳорати шахснинг нафақат сўз бойлигига, балки ушбу сўз бойлигидан фойдалана олиш услубига, одобига, малака ва маҳоратига ҳам боғлиқдир. Булар, ўз навбатида, шахснинг психик жараёнлари: сезгилар, идрок, хотира, тафаккур, хаёл; эмоционал-иродавий томонлари: ҳис-туйғу, ирода ва ҳар бир шахсда мустаҳкам қарор топган индивидуал психологик хусусиятлар: феъл-атвор хислатлари, темперамент турлари ва қобилиятларнинг тараққиёт даражаси билан белгиланади. Нутқни тинглай олиш, шунга биноан фикр юритиш ва сўз танлаб, фикрни ифодалаш, суҳбатдошнинг кимлигини ҳисобга олиш, нутқ оҳангини танлаш, қисқа, тўла, аниқ ва асосли гапириш, гавдани, гавда ҳаракатларини ва юз ифодасини нутққа мослаш, ўрнида кулиш ёки хафа бўлиш, ўзининг ҳис-ҳаяжонларини ифодаловчи воситаларни меъёрида қўллаш ва улардан ўринли фойдаланиш шахсдаги мавжуд психологик имкониятларга асосланган ҳолда юз беради. Шу боис болаларга сўзлашиш қоидаларини тушунтиришда ва ўргатишда, уларда нутқий кўникмаларни шакиллантиришда оилада ота-оналар, боғчада мураббийлар, ўқув масканларида эса ўқитувчилар юқоридагиларга алоҳида эътибор билан қарашлари лозим. Хулоса қилиб шуни аётиш мумкунки, тил этносининг энг муҳим белгиси ва у этнос маданиятининг бир қисми ҳисобланади. Тафаккур билан бевосита боғлиқ бўлган тил ўзининг тузилиши жиҳатидан мураккаблиги туфайли ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида ҳамгавдаланади. Кенг маънода эса психиканинг белгилилиги унинг ижтимоий мавжудлигини билдириб, фанда миллатнинг ўрганиш чегарасини анча кенгайтиради. Академик И.П.Павловнинг олий нерв фаолияти ҳақидаги таълимотига кўра, ҳамма халқлар ижтимоий тараққиётнинг қандий даражасида бўлишларидан қатъий назар, олий нерв фаолиятининг бир хил бўлган аппаратига - биринчи ва иккичи сигнал тизимидан ташкил топган аппаратга эга. Агар олий нерв фаолиятининг ривожланиши юз минг йиллар давом этганлигини, синфий жамиятнинг вужудга келганлиги эса бир неча минг йил бўлганлигини назарга оладиган бўлсак, инсон олий нерв фаолияти механизми синфий жамият барпо бўлмасдан анча илгарироқ шаклланганлиги равшан бўлиб қолади. Инсон руҳиёти фақат уни ўраб турган ташқи муҳит шароитларига мослашиб ва унинг хусусиятларини акс эттириб қолмасдан, шунингдек, доимий тараққий этиб туриш характерига эга бўлган иқтисодий - ижтимоий ходисаларнинг ўзгариб туришига ҳам мослашиб туради. Социал - иқтисодий укладнинг яшаш шароитларининг ўзгариши билан ва янги амалий фаолият шаклларининг вужудга келиши билан инсоннинг билиш билан боғлиқ бўлган руҳий жараёнларида ҳам ўзгариш юз беради. Бунда руҳий жараёнларда қайта қурилиш содир бўлиб, аввал мавжуд бўлмаган янги руҳий фаолият турлари вужудга келади. Маънавияти ривожланган халқ ўз-ўзини ва ўзгаларни қадрлайди. Қаддини тик тутади, мағрур яшайди, рўй берадиган ҳар бир воқеа ва ҳодисага ақл кўзи билан қарайди, илм-фан ва тафаккурга асосланиб қийинчиликлар олдида довдираб қолмайди, олий мақсад сари интилишдан асло тўхтамайди, халқи, миллати, давлатининг келажаги буюклигига қатъиян ишонади. Агар дунёда бирон-бир муқаддас, абадий ва ҳаётий туйғу бўлса-бу ҳар бир халқ ва миллатнинг миллий онгидир, миллий ўзлигини англашидир. Миллий ўзлигини англашнинг биринчи белгиси, миллий тилдир. Тил бирлиги миллатнинг миллат бўлиб шаклланишида энг муҳим шартлардан бири. Тил бўлмаса эл ҳам, миллат ҳам бўлмайди. Эл бўлмаса, миллат бўлмаса, турган гапки, тил ҳам йўқолиб кетади. Тил-миллат тириклигининг, унинг яшаб турганлиги ва фаолият кўрсатаётганлигининг асосидир. Ҳар бир миллатнинг тили миллат вакилларига ўзликларини англашга катта таъсир кўрсатиб, у асрлар мобайнида турли авлодлар ўртасидаги маънавий ва руҳий боғлиқликларни таъминлаб келган. Собиқ Совет жамияти ҳукмронлиги даврида миллий чекка ўлка халқлари, жумладан, ўзбекларинг миллий тили, тарихи ва маданияти ривожланишига тўғоноқ бўлиш мақсадида ишлатилмаган ҳийлаю найранг қолмади! Шахсга сиғиниш йилларида миллатларнинг бир-бирига қўшилиб, ягона совет халқига айланиши ҳақида “назариялар” пайдо бўлди. “Миллий тиллар йўқолади, битта тил қолади”, деб “башорат” қилинди. Бундай сохта назария Сталин томонидан ўртага ташланган эди. 1930 йилдан бошлаб қарийб олтмиш йил давомида миллатлар ва миллий тилларни қўшиб юбориш сиёсати зўр бериб ҳаётга жорий этилди. Байналмилаллик байроғи остида миллий тиллар ривожланиши чеклаб қўйилди. Ўзбек тилига нисбатан қилган ижтимоий адолатсизлик айниқса даҳшатлироқ тус олди. Бу нарса давлат сиёсати даражасига кўтарилиб амалга оширилди. Ўзбек тилини бузиш ва айнитиш унинг луғат таркибига русча “байналмилал” сўзларни сунъий равишда тиқиштиришдан бошланди. Ўзбек тили учун унчалик мақбул, табиий бўлмаган, ўзбек тилига мутлақо ёндошмайдиган сўзларни, ибораларни кундалик ҳаётда, бадиий, сиёсий адабиётлар, газета ва журналларда, ўзаро муомалада ишлатиш одат тусига кирди, байналмилаллик белгиси сифатида юқори баҳоланиб ҳар томонлама маъқулланди. Натижада оғзаки ва ёзма нутқимиз ортиқ даражада булғанди. Кундалик ижтимоий ҳаётда ўзбек тилидан фойдаланиш аста-секинлик билан ўз ахамиятини йўқота бошлади. Одамлар мурожат қиладиган барча идораларда ўзбек тилида фойдаланишда тўсиқлар пайдо бўлди, хатоликларга йўл қўйилди. Давлат аҳамиятига эга бўлган идораларда ўзбек тилида иш юритиш умуман мумкин эмас эди. Ўзбек тилига бўлган тайзиқлар хатто таълим даргохларида хам сезилар эди, бу жойларда ўзбек тили ва адабиёти учун ажратилган соатлар йилдан йилга камайиб борди. Маҳаллий миллатлар тилларини ахамиятини тушириш, рус тилининг мавқейини ошириш давлат сиёсатида алохида аҳамиятга эга эди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, барча йиғинлар, мажлислар, ёзишмалар рус тилида олиб бориладиган, диссертациялар, китоблар, рисолалар, мақолалар, ариза, шикоят ва илтимосномалар шу тилда ёзиладиган бўлди. Ўзбек тили четга суриб ташланди, унинг мавқеи бениҳоя пасайиб кетди. Айрим одамлар миясида, ўзбек мактабида ўқиган бола юқори лавозимларга кўтарила олмайди, болани ёшлигиданоқ рус тилидаги боғча ва мактабга бериш керак, деган тушунчалар пайдо бўла бошлади. Аслида ҳам аҳвол шундай эди. Бизда рус тилини билмаган одам на олий ўқув юртига кира оларди, на бирор масъул ишда ишлай оларди. Ҳаёт ва иш шароитимиз фақат рус тилини билишни талаб қиларди. Бунинг оқибатида ўзбеклар орасида ўзбек тилини билмайдиганлар, ўзбекча ёзаолмайдиганлар, ўз она тилида фикрлай олмайдиганлар кўпайиб кетди. Ўз она тилини билмаслик айб саналмайдиган аксинча. “маданиятлилик”, “байналми-лалчилик” белгиси сифатида қараладиган ва баҳоланадиган бўлди. Маъмурий - буйруқбозлик иш усуллари авжига минган, ҳамма нарса, ҳар бир каттаю кичик масала марказнинг кўрсатмаси, розилиги билан ҳал қилинадиган йилларда ўзбек тили ўрнини рус тили эгаллай бошлади. Ўзбек тилига нисбатан олиб борилган бундай ноодилона сиёсат халқимизнинг руҳига, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсата бошлади. Баъзи бир ўзбек раҳбарлари бутунлай ерли аҳоли одамларидан иборат мажлисларда русча сўзлайдиган, буни ўзлари учун маданиятлилик аломати, фахр-ифтихор деб биладиган бўлиб қолдилар. Халқ орасида овруполашган, ўзини ўта маданиятли инсон деб ҳисоблайдиган, лекин кўпчилик ўртасида тўрт оғиз сўзни ўз она тилида гапиришга қийналадиган кишилар пайдо бўлди. Ўз она тилини билмаса ҳам рус тилини мукаммал билиш, шу тилда чиройли сўзлаш, илмий, адабий асарлар ёзиш маънавий камолотнинг чўққиси, маданиятлилик белгиси, деб баҳоланадиган бўлди. Ўз она тилида халқ олдида чиқиб сўзлай олмайдиган, лекин рус тилини яхши биладиганлар раҳбарлик лавозимларига кўтарила бошладилар. Охир-оқибатда ўз миллий маданиятини, анъаналарини билмайдиган, ўз она тилига менсимай қарайдиган кишилар шакллана бошланди. Бу - жамиятнинг энг катта фожиаси эди. Мустабид тузум сиёсати талаби ва зўрма-зўравонлиги асосида имломиз кетма-кетига икки марта ўзгартирилди. 1929 йилда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилди. Орадан ўн икки йил ўтгач, кирил алифбоси қабул қилинди. Шу тариқа халқимиз ўзининг 1000-1200 йиллик кўҳна тарихидан, ўтмишидан, маданий меросидан маҳрум бўлди. Ота-боболаримиздан қолган китоблар, асосан араб, форс тилларида ёзилган. Энди ўша китобларни, ўша китобларни ўқий олмайдиган бўлиб қолдик. Бу китоблар орасида туркчалари ҳам бор эди, тил билмаганимиз учун улар ҳам бизга ёт бўлиб қолди. Яқин ўтмишнинг риёкор сиёсати натижасида мўғул босқини келтирган йўқотишдан ҳам кўра каттароқ маънавий фалокатга учрадик. Бу ҳам юқорида айтилгандай, ўз қўл остидаги халқларни қул ўрнида кўриш наьмунаси, тарихимизни, маданиятимизни, миллий бойликларимизни, миллий қадрия-тимизни йўқотишга уринишнинг янгича йўли эди. XIII аср давомида қўлланиб келинган араб алифбосидан ўзбек халқи жудо қилинганлиги туфайли ёш авлоднинг ўтмишдан қолган бой маданий меросни ўқиб-ўрганиш имкониятлари чеклаб қўйилди. Инсофу диёнатини йўқотган коммунистик мафкура яловбардорлари, араб ва лотин алифболарини йўқотиб мақсадларига эришиб бўлгач, ўзбек халқи инқилобга қадар саводсиз эди, ёзуви ҳам, мактаби ҳам, китоби ҳам, олиму уламолари ҳам бўлган эмас, уларнинг тили ҳам жуда оддий ва ривожланмаган эди, деган сафсатани бутун дунёга ёйдилар. Бу ўзбек халқи учун ғирт туҳматдан бошқа нарса эмасдир. Шу нарсани алоҳида қайд этиб ўтмоғимиз керакки, Туркистон, айниқса, ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, туркман ва қирғизлар истиқомат қилиб келаётган Марказий Осиё ҳамма даврларда ҳам жаҳоннинг йирик илм-фан ва маданият ўчоқларидан бўлиб келган. Бизнинг ўлкамизда Хоразмий, Ал-Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Машраб каби машҳур алломалар ва мутафаккирларнинг яшаганлиги, ижод қилганлигини, мана шу заминда олим ва шоир сифатида танилиб, дунёга донг таратган-ликларини тасодифий бир ҳол деб айта олмаймиз. Бинобарин, биз ўлкамизда зулмат нимаю зиё нима эканлиги тўғрисида гапирганимизда, мана шу нарсани эътибордан четда қолдира олмаймиз. Ўлкамизда жуда катта маърифат, маданият ва фан илгари ҳам бўлган. Марказий Осиёдан Буюк Ипак йўлининг ўтиши, Шарқ билан Ғарбнинг боғланиши ўлканинг маданий камолотига ҳам таъсир этган эди, албатта. Абдурауф Фитрат ўзининг “Ҳинд сайёҳининг қиссаси” асарида инқилобдан олдин биргина Бухоронинг ўзига икки юздан ортиқ мадраса бор эди, - деб маълумот беради. Марказий Осиёдаги мадрасаларда таҳсил олиш учун турли мамлакатлардан кўплаб талабалар келишган. Улар бу ернинг ғаройибатлари-ю, унинг табиати учунгина келганлари йўқ. Балки Марказий Осиёда билим олиш мумкинлиги, ўлкамизда ҳам диний, ҳам илмий, ҳам барча фанлар бўйича дунёга танилган алломалар бор бўлганлиги учун ҳам бу ерга келиб ўқиганлар. Чунки, баъзи олимлар “исботламоқчи” бўлганларидек. Самарқанд, Бухоро, Хива мадрасаларида фақат диний таълимот ўргатилган эмас. Қолаверса, диний таълимотнинг ўзини ҳам қанақадир қуруқ сафсата, деб аташ мутлақо нотўғри. Диний маълумотлар ҳам ўзида инсониятнинг илмий, маданий, маънавий, ахлоқий, руҳий камолоти билан боғлиқ бўлган кўпгина қадриятларни ўзида мужассамлаштирган. Шунинг учун мадрасалар-да нафақат диний таълим, балки ўша даврлардаги замонавий фан ва маданият билан боғлиқ бўлган жуда кўплаб илмлар ҳам ўргатилган. Эндиликда мадрасалар хусусида гап борганда, уларни диний таълимот ва тарғибот манбаигина эмас, балки ўша давр учун хос бўлган фанлар тарғибот қилинадиган даргоҳ, деб қарамоқ лозим. Юқорида айтиб ўтилган фикрлар Марказий Осиё халқларининг узоқ ўтмишда ҳам, инқилобдан олдин ҳам саводсиз, жоҳил бўлмаганлигини очиқ-ойдин кўрсатиб ва исботлаб турибди. Яна шу нарсани таъкидлашга тўғри келадики, инсониятга маълум бўлган тиллар ва маданиятларнинг ҳар бири ўз тарихига эга бўлиб, тараққиётнинг кўпгина босқичларидан ўтган. Ҳар бир миллий тилнинг ва маданиятнинг ўзига хос муайян хислат ва фазилатлари бор. Ўзбек тили ҳам шундай тиллар сирасига киради. Ўзбек тили - Марказий Осиёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири. “Умуман, туркий тиллар йирик икки оқимда ривожланди, - дейди Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси Иристой Қўчқортоев Ўзбекистон давлат тили ҳақидаги қонуннинг бажарилиши ва она тилимиз аҳволига бағишланган давра суҳбатида. –Унинг бири турк тили бўлса, иккинчиси ўзбек тилидир. Роман тилларини ривожлантиришда лотин тили қандай роль ўйнаган бўлса, Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасидаги туркий тилларни ривожлантиришда ўзбек тили шундай роль ўйнади. Демак, ўзбек тили кенг миқиёсда қўллашга муносиб ва эътиборга сазовар тилдир. Унда барча туркий лисонларга хос фазилатлар мужассам. Муҳими, тил учун катта бойлик ҳисобланган шевалари кўп. Қарлуқ, ўғиз, қипчоқ каби шевалар ўзбек тилига ўзига хос фазилатлар бахш этади. Айни пайтда бу шевалар тилнинг табиий этник илдизи ҳамдир. Қисқаси, ўзбек тафаккур олами турк дунёсининг катта ва муҳим қисмини ташкил этади”. Тарихимизнинг сўнгги 74 йили мобайнида, яъни мустақилликка эришганимизга қадар ўзбек тили эски коммунистик мафкура юргизган сиёсатнинг бирёқламалиги сабабли кейинги ўринларга суриб ташланди, унинг амал қилиш доираси йилдан-йил қисқариб борди. Ўзбек тили жумҳурият аҳолиси 70 фоизидан ортиғини ташкил қиладиган миллатнинг тили бўлишига қарамай, унга бўлган эътибор ва қизиқиш ўз-ўзидан камайиб кетди. Ўзбек тилининг ҳаётда қўлланилиши ва истиқболининг хавф остида қолиши халқимизни қаттиқ ташвишга солди. Бу нарса халқнинг кучли норозилигига ва ҳаққоний эътирозига сабаб бўлди. Ўзбек тилини астойдил муҳофаза қилиш, унга давлат тили мақомини бериш, бу тилни аслидагидай қилиб тиклаш ва тобора ривожлантириш, уни жаҳондаги етук миллатлар тиллари даражасига кўтариш зарурияти туғилиб, етилиб қолган эди. Тил давлат ҳимоясига олинмаса ривожлана олмайди. Тил ҳокимият билан тирик. Агар тил давлат ҳимоясида бўлса, у чинакамига равнақ топади, шу тилда гаплашувчи халқнинг маданияти ва адабиёти ҳам тез ривожланади. Аслида-ку ўзбек тилига давлат мақоми берилиши керакми-йўқми, деб тортишиб, мунозара қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат мақоми берилиши, бу, ниҳоятда, табиий, қонуний бир жараёндир. Табиийлиги шундаки, ҳар бир республикада иш юритилиши унинг ҳудудида яшовчи, шу республикага ўз номини берган асосий халқ тили билан юритилиши лозим. Модомики, Ўзбекистоннинг ўз байроғи, мадҳияси, герби, муҳри бор экан, хўш, нима учун унинг ўз давлат тили бўлмаслиги керак, Модомики, тил миллатни милллат қилувчи асосий белгилардан бири, миллатни бирлаштирувчи куч, миллий тараққиётнинг кўзгуси, авлодларнинг авлодларга қолдирган олтин калити экан, демак, ўзбек тилига давлат мақоми берилишига қандайдир фавқулодда ҳодиса деб қарамаслик керак эди. Шу нарсани очиқ-ойдин айтишимиз керакки, ўзбек тилига давлат мақоми берилиши оппа-осон, сип-силлиқ бўлмади. Ўзбекистон Республикаси ўзбек тили ва маданиятини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилишини таъминлайди. Бу ҳақда Қонунда айтиб ўтилган. Ўзбек тилини қўлланиш соҳаларининг кенгайиши бошқа тилларнинг ривожланиш имкониятларини чекламайди. Бу нарса Қонуннинг бош қисмида алоҳида таъкидланган, бошқа кўпгина моддаларда ҳам яна бир бор қайд этилган. Бошқа элатлар ва миллатларнинг тилини ҳурмат қилиш, уларни камситмаслик миллий-маънавий тикланиш жараёнида катта роль ўйнайди. Мустақиллик Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллатлар ўз она тили ривожи ҳақида қайғуриш имконларини кенгайтирди. Таълим, керакли маълумотлар олиш хуқуқларини кафолатлаб берди. Президентимиз бу хақда гапириб, “Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан химоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган”. Давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилиниб, мустақилликка эришганимизга қадар, Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида, анжуман, пленум, қутултой, сессия, конференция, мажлис ва кенгашлар ўзбек тилида эмас, рус тилида олиб бориларди, қонун, қарор ва бошқа ҳужжатлар шу тилда тайёрланарди, ўзбек тилига кейин таржима қилинарди. Бирорта одам, нима учун шундай, деб сўрай олмасди. Ҳозир ана шундай изтиробли даврлар биз учун ўтмиш бўлиб қолди. Занжирбанд қилиб ташланган тилимиз истибдод кишанларидан қутулди, эркин бўлди. Тил ҳақида Қонун қабул қилиниши натижасида корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари республика давлат тилида олиб бориладиган, нотариал ишлар, гражданлик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар ҳамда турли шаҳодатномалар ўзбек тилида ёзиладиган бўлди. Яқин-яқинларгача ҳам ана шу масалалар бўйича ўзбек тилига менсимасдан қараш одат тусига кириб қолганди. Бу ҳақда И.Каримов шундай фикрларни билдирдилар: ”Холбуки, бундан йигирма йил олдим оддийгина ариза ёки маълумотномани ҳам ўзбек тилида ёзишни имкони йўқ эди. Бугун бу хақда гапирсангиз, кўпчилик ёшларнинг ишониши қийин”. Мустақиллик йилларида ўзбек тилини қўлланиш доирасининг кенгайтириб бориш имконлари янада ортиб бормоқда. Истиқлол йилларида илмий тадқиқот ишларини ўзбек тилида тақдим этиш, илмий ишларни химоя қилиш ва нашр қилиш ҳуқуқи таъминланди. Ўзбекистонда чиқадиган китоблар, газета ва журналлар, даврий хабарномалар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларнинг асосан давлат тилида нашр этилиши, телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришлар ўзбек тилида олиб борилиши халқимизнинг маданий-маънавий савиясини юксалтириш, миллий онгини ўстиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Миллий ғуруримизни ўстиришда ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат билан қарашни таъминлашда тил ҳақидаги Қонуннинг, Ўзбекистонда давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади, деган қатъий талаби муҳим аҳамият касб этади. Қонунда белгилаб қўйилганидек, мансабдор шахсларнинг республика давлат тилини билмасликни рўкач қилиб, таклифлар, аризалар ва шикоятларни олишдан ёки кўриб чиқишдан бош тортишлари манъ этилади, амалдаги қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Ўзбекистон тили ўз ривожланишининг бир неча минг йиллик тарихи давомида ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлган эмас. Унинг ривожланиши, бир томондан, тилимизнинг ўз луғат фонди, ўзига хос имкониятлари ва миллий хусусиятлари, тараққиёт қонунлари билан белгиланса, иккинчи томондан, бошқа халқларнинг тили ва маданияти билан ўзаро яқинлашиш, ўзаро бир-бирини бойитиш асосида ривожланиб, бойиб боришига ҳам бевосита боғлиқир. Бошқа миллий тиллар сингари ўзбек тили ривожланишининг ҳам асосий йўлларидан бири-ўзаро яқинлашиш ва бири-бирини бойитишдир. Бу унинг ривожланиши учун янада кенг имкониятлар яратади. Ўзбек тилининг бошқа халқлар тиллар ва маданиятлари билан ўзаро алоқадорлиги учун тил ҳақидаги Қонун қабул қилингандан ва Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришилгандан кейин янги имкониятлар очилди. Кўриниб турганидек давлат тили ҳақидаги Қонун ўзбек тили ва маданиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариши, унинг ҳуқуқий, ижтимоий, сиёсий, маданий, маънавий, ғоявий асосларини мустаҳкамлашни кўзда тутади. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг асосий мақсадларидан бири шахснинг ҳар томонлама камолоти учун барча имкониятларни яратиб беришдир. Бу эса, авваламбор, ҳозирги замон фани, техникаси ва маданиятининг ҳамма ютуқларини эгаллашни тақозо этади. Бу вазифани ҳал этишда биргина она тилини билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Дунёдаги бошқа халқлар ва миллатлар тилларини ҳам билиш ҳозир шахс камолоти, жамиятимиз тараққиётининг зурур омилига айланиб бормоқда. Бошқа тилларни билиш-ҳар бир маълумотли кишининг кўркидир. Бу ўзга миллатлар тарихини, маънавий бойликларини, маданияти ва психологиясини янада чуқурроқ эгаллаб олиш учун хизмат қиладиган муҳим омилдир. Тил билган тақдирдагина миллатнинг руҳини, уни қадр-қимматини тушуниш ва баҳолаш мумкин. Кимки бошқа миллат ва халқлар тилини билса, у шу халқнинг дилини ҳам англайди. Халқлар ўртасида бирлик, аҳилллик, меҳр-оқибат ва ҳурмат тил ва маданиятни билиш билан бошланади. Ғафур Ғуломнинг “Кўп тилни билишнинг хосияти” мақоласида айтилишича, “Ҳаётда биттагина тилни билган киши биттагина бўлиб қолаверади. Икки тилни билган киши икки киши, уч тилни билган киши уч киши ва ҳоказо дейиш мумкин... Кўп тилни билиш ўзини маданий киши деб ҳисоблашни орзу қиладиган ҳар бир хушфаҳм ёш киши учун фарз. Ингилизча, немисча, французча ёки италянча билиш дунё маданияти хазинасига йўл очади. Шу тиллларни билмаслик илғор фан, техникани ўрганишда анча мушкуллик туғдиради. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling