Ўйин назариясининг ХХ асрда энг йирик намояндаси нидерландлик файласуф – нафосатшунос Ёхон Ҳуйзинга ўзининг «Ҳомо луденс» (Ўйнаётган одам) асарида ўйин умумбашарий маданият вужудга келишининг ва тараққий топишининг шарти деган ғояни илгари суради. Шопенҳауер учун «ихтиёр атамаси қандай аҳамиятга эга бўлса, Ҳуйзинга учун «ўйин» тушунчаси шундай қамровли, ўйин ҳайвонот оламида ҳам, инсоният жамиятида ҳам ибтидолар ибтидоси: «Ҳуқуқ, гўзаллик, ҳақиқат, эзгулик, руҳ, Худо сингари деярли барча мавҳум тушунчаларни инкор этиш мумкин, - деб ёзади файласуф. – Жиддийликни инкор этса бўлади. Ўйинни эса – йўқ». Бошқа бир ўринда тўғридан-тўғри «ўйин эркиндир, ўйин эркинликдир», деган фикрини билдиради. Шуни айтиш керакки, ҳайвонот оламидаги ўйиннинг инсоният жамиятидаги ўйиндан фарқи бор. Инсоннинг ўйини эса, маънавий ҳодиса, тўғрироғи, ижтимоийлашган маънавият, у энг аввало эстетик эҳтиёжни қондиришга қаратилган.Ўйиннинг инсон ҳаётидаги барча соҳаларда иштирок этишини, унинг ранг-баранглиги, қамровлиги, универсаллигини ва эркинлик билан боғлиқлигини ўзбек тилидаги «ўйини ўзагидан ясалган сўзларининг кўпмаънолилигида, ҳам кўришимиз мумкин. Шу ўзакдан ясалган сўз ва иборалардан бир нечасини келтирамиз: шахмат ўйини; сўз ўйини; «сиёсатчининг» ўйини, актёр ўйини; «ўртага, чиқиб ўйнаб кетди», «юраги ўйнаб кетди», «кўзи ўйнаб кетди»; «дорбозлар яхши ўйин кўрсатади»; «Салим кечаги тўйда тоза ўйин кўрсатди». в.ҳ. Маълумки, ҳеч қандай ўйин жараёни бир киши иштирокида маънога эга бўлмайди, у ўйин эмас. Ўйиннинг, ўйин бўлиши учун камида икки одам керак. Чунки унда инсон ўзини, бирор бир соҳадаги маҳоратини бошқаларга кўрсатади, ўз имкониятларини ўзгаларга намойиш этади. Демак, ўйин-жамоавийлик билан ўйин; бир ўзи учун ўйнаган одам эса, одатда ақлдан озган ҳисобланади. Санъат ҳам шундай: у ё ўқувчига, ё тингловчига, ё томошабинга мўлжалланган бўлади, бу – санъатнинг яшаш шарти. Ўйин беғаразликни талаб қилади, ғаразли манфаат аралашдими, демак, ўйин – йўққа чиқади, ҳатто, юзаки қараганда, мақсадга йўналтирилган спорт ўйинларида ҳам муҳими ҳисоб эмас, ўйин кўрсатиш. Масалан, «Пахтакор» ютқазса ҳам, лекин яхши ўйин кўрсатди, йигитлар барака топишсин!» ёки «Ҳисоб 3 : 1 бўлгани билан, афсуски, ўйин яхши бўлмади», деган томошабинларнинг гапларига эътибор қилинг. Унда ўйиндаги ҳисобдан эмас, ўйиннинг ўйинлигидан қониқиш ҳосил қилиш, яъни манфаат эмас, беғаразлик биринчи ўринда турганини кўрамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |