12-МАВЗУ. АРГУМЕНТЛАШ ВА БИЛИМЛАР ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МАНТИҚИЙ ШАКЛЛАРИ
РЕЖА:
Исботлаш ва рад этишнинг умумий тавсифи. Исботлаш ва рад этишнинг турлари. Фикрни асослашда учрайдиган хатолар. Билимлар тараққиётининг мантиқий шакллари: муаммо, гипотеза, назария.
Аргументлаш (далиллаш) асосланган фикрларни, чин билимларни ҳосил қилиш усули бўлиб ҳисобланади. Аргументлаш (далиллаш) лотинча «аргуметатио» сўзидан олинган бўлиб, фикрни асослаш учун қўлланадиган фикрларга нисбатан ишлатилади. Фикрлар чинлигини асослашнинг мантиқий усулларини ўрганувчи мантиқ фанининг махсус бўлими аргументлаш (далил келтириш) назарияси деб юритилади.
Аргументлаш (далиллаш) жараёни оламни билишда илмий тафаккурда, ижтимоий-сиёсий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга. Далиллаш жараёнида мантиқий фикрлашга бўлган энг муҳим талаблардан бири-етарли асосга эга бўлиш, асосли фикр юритишамалга ошади. Ҳаётда, илм-фан, билишнинг турли соҳаларида асослаш, далиллаш жараёни ўзига хос шаклларда кечади. Далиллаш ўзига хос тузилишга эга бўлиши, муайян мақсадларга хизмат қилиши мумкин. Лекин далиллаш мақсадлари, қўлланиши қанчалик хилма-хил бўлмасин, улар инсон тафаккурининг энг муҳим хислати бўлиб ҳисобланади ва мантиқ қоидаларига бўйсунади. Биз у ёки бу фикрни, назарияни, таълимотни ҳақиқий, чин билим сифатида шунчаки қабул қила олмаймиз. Унинг чин билим, ҳақиқатлигига ишонганимиз тақдирдагина, унинг асослари, далиллари бизда шубҳа қолдирмаган тақдирдагина тўғри фикр назария, деб ҳисоблаймиз. Инсоннинг олам ҳақидаги билимлари турли–туман бўлади. Уларни шаклланиш хусусиятлари ва англатган мазмунларига кўра назарий ва амалий билимларга бўлиш мумкин. Назарий билимлар илмий билиш натижалари ҳисобланади ва уларнинг ҳақиқий билим эканлиги мантиқий асосланганлигида намоён бўлади. Кундалик амалий фаолият жараёнида амалий билимлар шаклланади. Уларнинг қай даражада чинлиги. ҳаётдан олинган далиллар билан асосланади ёки инкор этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |