Билимли, маърифатли қилиш - санъатнинг муҳим вазифаси. Инсонни билимли, маърифатли қилиш ҳам санътнинг асосий вазифаларидан. Уни, одатда маърифий – эвристик вазифа деб аташади. Ҳар қандай ҳақиқий санъат асари инсонга турли хил билим беради, уни бирваракай кўп соҳалар бўйича маърифатли қилади. М., Жюл Верннинг «Ўн беш ёшли капитан» романини ўқир экансиз, сиз денгиз ҳақида, кемалар, қайиқлар, элканлар, кит ови, Африка қитъасининг ўзига хосликлари у эрдаги қабилалаларнинг одатлари, қул савдоси в.б. тўғрисида маълумот оласиз. Яъни бир асар орқали бир йўла географик, навигацион, этнографик, тарихий в.ҳ. илмлардан хабардор бўласиз. Тўғри, бу билимларингиз мазкур фанларни махсус ўрганганлик – мутахассислик даражасида бўлмаса ҳам, лекин сиз бундан буён ўзингизга ва минтақангизга хос бўлмаган ижтимоий ҳодисалар тўғрисида яхшигина маърифатли киши ҳисобланасиз. Агар борди-ю Жюл Верннинг асосий асарларининг барчасини ўқиб чиқсангиз, сиз ҳар қандай географ олим билан баҳслаша оласиз. Умрида бирор-бир мамлакатга саёҳат қилмаган бу ёзувчининг бадиий асарлари унинг кўпгина мамлакатлар география жамиятлари фахрий аъзоси этиб сайланишига, ҳатто ўзининг ҳам географиядан илмий ишлар қилишига сабаб бўлди, кўпдан- кўп олимларнинг илмий кашфиётларига туртки берди. Тарбиявийлик - санъат учун устувор вазифа. Тарбиячи сифатида санъат инсон ҳиссиётларига таъсир қилади, эстетик кечинмалар уйғотади ва шу орқали бизда эзгуликдан ёвузликни фарқлай билиш кўникмасини шакллантиради. Бу жараён икки ёқлама таъсир туфайли рўй беради. Биринчиси – бевосита, иккинчиси– билвосита. Биринчиси – тўғридан-тўғри дидактик усул орқали амалга ошириладиган тарбия. Бунда санъат асарининг ўзи, шакли ва мазмуни билан, бутунисича насиҳат руҳидаги тарбияга қаратилган бўлади. Мисол тариқасида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Аҳмад Югнакийнинг «Ҳиббат ул-ҳақойиқ» пандномаларини, Махтумқулининг шеърларини, Эзопнинг масалларини келтириш мумкин. Санъат тарбиявийлигининг иккинчи, билвосита томони реал ҳаёт тажрибаси сифатида асардан идрок этувчи ўзига «юқтирган», яъни қалб призмасидан ўтказиб, ўзи учун зарур деб қабул қилган ахлоқий-эстетик қадриятлар билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |