Бунда санъат асари ижтимоийлашган бадиият, ундаги қаҳрамон ғоявий-бадиий яхлитлик тарзида тарбиявий рол ўйнайди.
Ижтимоий алоқачилик (коммуникативлик) фаолияти - санъатнинг ўзига хос вазифаси. Ҳақиқий санъат асари идрок этувчини муайян маконда ва замонда «бирга олиб юради», биз учун янги бўлган воқелик билан «таништиради», ҳозирги замон одамини бошқа бир замонга, бошқа тарихий воқеалар жойига, бошқа минталететга, бошқа минтақага «олиб боради», М., Шекспирнинг
«Ромео ва Жулетта» асари орқали Ўрта асрлар Италиясидаги воқеалар билан боғланамиз. Замонавий санъат асарида ҳам шундай ҳолатни кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, санъат ижодкор ва жамият, ижодкор ва асар, асар ва уни эстетик идрок этувчи орасидаги уч ёқлама алоқани ҳам амалга оширади. Ҳузурбахшлик - санъатнинг ижтимоий вазифаси. Биз юқорида санъатнинг келиб чиқишини ўйин билан боғлаган эдик. Шундай экан, ҳузурбахшлик вазифасини унинг табиий бурчи деб аташ мумкин. Чунки ўйин «бир маза қилиш», бир муддат завққа берилиб, ҳузур олиш учун керак. Санъатда ҳам, у илк бор бунёдга келган пайтидан бошлабоқ, ҳузурбахшлик асосий вазифа ҳисобланган. Бироқ, тараққиёт давомида инсоннинг, қўполроқ бўлса ҳам, Арасту таъбири билан айтганда, «ижтимоий ҳайвон»лиги устуворлик касб этиб боргани сайин, бу вазифага жуда кўп ҳолларда этарли эътибор берилмайди: ғоявийлик, мафкуравийлик, замонавийлик, долзарблик каби ижтимоий «юк»лар «санъат элкасига» меъёридан ортиқ юкланади. Натижада саъат бундай оғир юк остида эзилиб қолади ва ҳузурбахшлик вазифасини керакли даражада бажара олмайди. Бундан на замон, на мафкура, на ғоя, на санъаткор, на санъат асари фойда кўради. Чунки буларнинг ҳаммаси асарни идрок этувчига хузурбахшлик орқали этиб боради. Ҳузурбахшлик йўқолган жойда санъатнинг ўзи йўқолади. У бир марта ўқиладиган, бир марта кўриладиган, бир марта тингланадиган, ғоявийлиги билан бадиийлиги орасида Хитой девори кўтарилган сохталик намунасига айланади. Зеро, ҳузурбахшлик вазифаси санъатнинг ғоявий-бадиий яхлитлигини таъминлаши баробарида уни аждоддан авлодга асраб этказишни ҳам ўз бўйнига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |