Фалсафа жамиятнинг фалсафий таҳлили
Download 87.38 Kb.
|
Жамиятнинг фалсафий тахлили (2)
Цивилизация. Цивилизация (лот. civilis – фуқаролик, давлатга доир) атамаси ҳар хил маънода ишлатилади. Биринчидан, цивилизация – инсоният ривожланишида варварликдан кейин бошланган ва синфлар, давлат вужудга келиши, урбанизация ва ёзув пайдо бўлиши билан тавсифланадиган тарихий босқич. Мазкур талқинда «цивилизация» атамаси «жамият» тушунчаси билан қисман мос келади ва жамият ҳаётини ташкил этишнинг ижтимоий шаклини табиий вужудга келган уруғдошлик шаклларига қарама-қарши қўйишга хизмат қилади. Ҳозирги адабиётларда «цивилизация» атамаси ўзининг варварликка қарама-қарши сифатидаги дастлабки маъносини сақлаб қолмоқда.
Иккинчидан, цивилизация – барча маданиятлар яхлитлигининг тавсифи, уларнинг умуминсоний бирлиги сифатида («жаҳон цивилизацияси», «маърифатли ҳаёт тарзи» ва ш.к.)намоён бўлади. Учинчидан, цивилизация – «моддий маданият» атамасининг синоними сифатида: қулай нарса, техника яратадиган қулайлик (турар жой, рўзғор техникаси, транспорт ва алоқа, хизматлар кўрсатиш ва ш.к.)ни ифодалайди. Тўртинчидан, цивилизация – тарихий жараён бирлигининг тавсифи сифатида характерланади. Бу тушунча ижтимоий бойлик ривожланиши муносабати билан тарихнинг муайян босқичларига қиёсий баҳо бериш мезони бўлиб хизмат қилади. Айни ҳолда жамиятнинг ривожланиши «маърифатлилик», «цивилизация ривожланишининг қуйи босқичи», «цивилизациянинг умумий даражаси», «цивилизациянинг оралиқ босқичлари» тушунчалари билан тавсифланади. Аммо цивилизациянинг мазкур талқини тўлиқ эмас, чунки унинг ривожланиш даражаси ёки босқичини аниқлаш имконини берадиган мезон йўқ. Ибн Халдун (1332-1406) ўз даврида биринчи бўлиб, цивилизацияларнинг юзага келиши, ривожланиши ва таназзули ҳақида илмий асоссланган ғояларни илгари суради. Жумладан маданиятлар ва давлатларнинг пайдо бўлиши, яшаши ва инқирози муайян тарихий қонуният эканлигини, унга табиий географик ва иқтисодий омиллар, турмуш тарзи ва дунёқарашлар жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтади. XVIII аср ўрталарида цивилизация тушунчасидан инсон «табиий» ҳолатининг зидди сифатида фойдаланилган, цивилизация тараққиётининг мезони сифатида эса ижтимоий фаровонлик ғояси турли кўринишларда илгари сурилган. Кант цивилизация ва маданият ўртасида фарқ мавжудлигини қайд этган. Шпенглер цивилизацияни маданиятнинг ривожланишидаги бир босқич сифатида тавсифлаб, бу фарқни мутлақлаштирган. Унинг (кейинчалик П.Сорокин, А.Тойнби ва бошқа мутафаккирларнинг) концепциясида цивилизация маданиятнинг завол топиш босқичи сифатида, маданиятда мужассамлашган табиий-ҳаётий асосни сиқиб чиқарадиган техник-механик элементлар салтанати сифатида тавсифланади. XIX-XX асрларда амалга оширилган этнографик тадқиқотлар цивилизациянинг мазмунини тушунишга муҳим ҳисса қўшди. Улар турли халқлар маънавий дунёси, ҳаёти, одатлари, иқтисодиёти ва маданиятининг улкан бойлиги ва ранг-баранглигини ёритиб берди. XIX асрнинг машҳур этнографларидан бири Ч.Тэйлор маданият ва цивилизация одамлар тарих жараёнида ўзлаштирадиган билимлар, эътиқодлар, маънавий-ахлоқий концепциялар, юридик қоидалар, одатлар ва амалий кўникмалар мажмуини ифодалайди деб ҳисоблаб, бу тушунчалар айнийдир деган хулосага келди. И.А. Каримов “Ҳар қандай цивилизация кўпдан кўп халқлар, миллатлар, элатлар фаолиятининг ва самарали таръсирининг маҳсулидир. Бир сўз билан айтганда кўчманчилар, босқинчилар келиб кетаверади, лекин халқ боқий қолади, унинг маданияти абадий яшайди”1 деб таъкидлайди. Цивилизация одамлар мавжудлиги ва ижтимоийлигининг хусусияти ва йўналишини белгилайди. Ижтимоий нормаларнинг муҳимлиги уларни узатишнинг тегишли усуллари (коммуникация воситалари)ни ва уларни мустаҳкамловчи институтларни шакллантиришни тақозо этган. Ҳар бир цивилизация ижтимоий нормаларда ўзига хос ифодасини топган ижтимоий тажрибани аниқлаш, сақлаш ва авлоддан-авлодга қолдириш алоҳида тизимини яратган. Жазолар тизими, шунингдек жамоа, оммавий онг шакли сифатида дин ва унинг номидан иш кўрувчи ижтимоий институтлар ижтимоий нормаларни сақлаш ва ижро этиш кафили ҳисобланган. Дин ва черков таъсирида цивилизация қиёфа касб этган. Ҳуқуқий нормаларнинг тармоқланган тизимини ўз ичига олган давлатдан иборат олий ҳокимият цивилизациянинг уни сақлашни кафолатлайдиган олий бирлаштирувчи асос сифатида амал қилган. Турли цивилизациялар давлат ҳокимиятининг турли: теократик, табақавий, ҳуқуқий, сиёсий тизимларини яратган. Марказий Осиёда цивилизация ахлоқ шаклида юзага келган. У ўзида яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат ўртасидаги курашда яхшилик ва муҳаббат ғалабаси билан боғлиқ маънавий ахлоқий меъёрларни мужассамлаштирган. Инсон моҳиятида акс этувчи бу меъёрлар шарқ цивилизациясининг асосини ташкил қилган. Ижтимоий муносабатлар, одамлар фаолияти ва хулқ-атворини тартибга солувчи нормалар универсал тизимининг таъсирини ўрганиш цивилизацияларнинг ранг-баранглигини тушунтириш имконини беради. Улар, биринчидан, ҳукмрон диний ва дунёқарашга доир мўлжалларнинг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий жараёндаги ўрни билан; иккинчидан, уларнинг техник-иқтисодий ривожланиш даражаси билан; учинчидан, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар суръати, шунингдек уларнинг манбалари, механизмлари хусусияти ва уйғунлик даражаси билан фарқ қилади. Цивилизациянинг ҳар бир типи сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ва ўз ҳуқуқий қоидаларининг хусусияти билан тавсифланади. Цивилизациялар ахборотни кодлаштириш, сақлаш ва авлоддан-авлодга қолдириш усуллари билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Жамиятнинг цивилизацион асослари цивилизациялар типологиясида айниқса бўртиб намоён бўлади. Бунда цивилизацияларнинг европача ва ноевропача типларини фарқлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу фарқлар шу даражада каттаки, европача цивилизация қадриятлари узоқ вақт олий қадриятлар сифатида тавсифланган. Хўш, европача ва ноевропача цивилизациялар ўртасидаги фарқ нимада? Download 87.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling