Фалсафа ва ҳуқуқ 018/2 фалсафа ва ҲУҚУҚ Ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, фалсафий-ҳуқуқий журнал 2018/2 (№12)
Download 1.35 Mb. Pdf ko'rish
|
5e10401c8d8bc
Фалсафа ва ҳуқуқ 2018/2
87 Навкарлар ярадор бўлиб қолган тақдирда, даволаниш учун уларга зарур миқдорда пул берилган. Отлари ярадор бўлган навкарларга ҳам пул берилган. Ўлдирилган навкарнинг бева қолган хотинига нафақа, баъзан пул ўрнига бир хизматкор берилган. Агар уруш хоннинг исён кўтарган фуқароларига (қозоқ ва туркманлар ҳам хонлик фуқароси эди) қарши олиб борилаётган бўлса, бутун хизмат даврида навкарларга маош тўлаб турилган. Гарнизонлардаги навкарлар, айниқса, беками-кўст таъминланган. Хонлар аксари деҳқончилик ҳудудлардан олинган навкарларга кўпрок ишонган ва жанг сафарларида уларга таянган. Манбалардан маълум бўлишича, саркардалар, қоида бўйича ўз уруғларидан тайинланмаган. Хонлар буни эҳтиёткорлик деб ҳисоблаган бўлсалар керак. Навкарларнинг махсус ҳарбий кийимлари, нишонлари ва медаллари бўлмаган. Хизмат кўрсатган ҳарбийлар ёки амалдорлар пул, ер-сув, мол ёки қимматбаҳо буюмлар билан мукофотланган. Турли-туман чопон кийгизиш жуда кенг тусолган, айрим ҳолларда эса пичоқ ҳам инъом қилинган. Хон сулоласининг намояндалари, атоқли амалдорлар фаҳрий мукофот тариқасида олтин ва қимматбаҳо тошлар қадалган камар билан тақдирланган. Амирул-умародан кейинги юқори расмий лавозим ясовулбошилар эди. Хонликда улар икки нафар бўлиб, бири ёвмудтуркманларга, иккинчиси эса човдурларга қўмондонлик қилган. Ясовулбошининг вазифаси хон фармонига мувофиқ урушлар, ғалаёнлар ва талончиликларни бостириш учун аскарни бошлаб боришдан иборат бўлган. Махфий фармонлар ҳам унинг қўлида бўлган. Ясовулбошиларнинг ясовуллар деб аталган бир неча ёрдамчиси бўлиб, тинчлик вақтида улар фуқароларнинг хонларга берган арзларини қабул қилишган. Арзномани текшириш учун хондан фармон олгач, ясовулбоши ўз ёрдамчиларидан бирини шикоятчига қўшиб, воқеа жойига жўнатган. Текшириш ишлари тамом бўлгандан кейин ясовул саройдан бошлаб босилган ҳарбир тош (18 чақирим) масофа учун арзчидан ўз фойдасига 3,5 тилло ундириб олган. Ясовулнинг кумуш қалқони унинг унвони ва ваколатини тасдиқлаш учун асос бўлган. Хон ҳузуридаги расмий қабул маросимларида ясовулбошиларнинг доимий ўрни бўлмаган, лекин улар хон ҳузурида бўладиган тор кенгашда меҳтар, қушбеги ва девонбоши билан бир қаторда қатнашар эдилар. Сарой ҳужжатлари ёзилган маълумотдан кўринишича, ясовулбошилардан кейин келадиган мингбошилар тузуккина иньомлар олганлар. Юзбошилар рўйхатида сарангларни учратамиз. Булар қалъа атрофида мудофаа истеҳкомлари қуришга жавобгар бўлган амалдор ҳисобланган. Юзбошилар рўйхати орасида қатовул мансаби ҳам учрайди. Қатовул калъанинг шикаст-рехтлари учун жавобгар бўлган шахсдир. Саркардалик мансаби қўшин уруш сафарига чиққан даврда тасдиқланган. Мингбоши ва юзбошилар сингари саркардалар ҳам бевосита хоннинг ёрлиғи билан тайинланар эди. Эътиборли жиҳати, саркарда ҳарбий маҳкама таркибидаги кишилардан бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Масалан, агар салоҳияти бўлса, оддий мироблар саркарда бўлиши ҳам мумкин бўлган. Гарчи Хива хонлигида қўшинбош штаби бўлмаса-да, лекин вазифаси жиҳатидан штаб бошлиғига ўхшаш мансаб бор эди - бу вазифани юқорида айтиб ўтилган иноқ босар эди. Нақиб хўжа саййидлар ва хўжалар учун юқори фахрий унвон эди. У хоннинг энг яқин маслаҳатчилардан бири бўлиб, сафарда унга ҳамроҳ бўлган. Нақиб хўжа унвонига тайинланадиган шахс албатта мадраса таълимини олган бўлиши шарт эди. Расмий қабул маросимларида нақиб хўжа хоннинг чап томонидан биринчи ўринда ўтирган. Хонликда дехкончилик ва чорвачилик асосий ўрин тутган. Ўша даврларда ҳам Хоразм қовунлари маълум ва машҳур бўлган. Ўз навбатида ирригация иншоотлари қурилишига ҳам катта эътибор каратилган. XVI аср ўрталарида Янгиариқ ваТошли Ёрмиш, 1602 йилда эса Араб Муҳаммадхон каналлари қазилган. XVII асрнинг 60-80-йилларида Шоҳобод ва Ёрмиш каналлари, кейинрок Ғозиобод каналлари қазилган. Ички ва ташқи савдо хон хазинасига даромадлар келтириб турган. Бозорлардаги савдо жойларидан фойдаланганлик учун «тагжой» деб аталган алоҳида солиқ тури мавжуд бўлган. Асосан қоракўл тери, ҳунармандчилик маҳсулотлари, гиламлар Эрон, Хитой, Ҳиндистон ҳамда Туркия каби мамлакатларга экспорт килинган. Россия билан ҳам XVI аср охиридан савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилган бўлиб, Россияга газлама ва тўқилган матолар чиқариб турилган. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling