Фалсафанинг предмети, мазмуни ва жамиятдаги роли
Download 68.94 Kb.
|
doston
- Bu sahifa navigatsiya:
- Фан дунёқараш шакли.
- XVI-XVII асрлар – илмий инқилоб даври бўлиб, у классик фан даври деб номланади.
- XVIII-XIX асрлар фани
- ХХ асрдан фан ривожланишида янги босқич бошланади
Фаннинг моҳияти. Фанни тушунишга нисбатан икки асосий ёндашув, унинг кенг ва тор талқинлари шаклланган.
Кенг (йиғма) маънодаги фан – бу бутун инсон фаолияти жабҳаси бўлиб, унинг вазифаси борлиқ ҳақидаги объектив билимларни ўрганиш ва илмий назарий тизимга солишдан иборатдир. Бу ерда «фан», «олим» тушунчалари муайянлаштирилмайди ва умумий, йиғма тушунчалар сифатида талқин қилинади. «Фан» тушунчаси фалсафага татбиқан кўпинча айни шу контекстда қўлланилади, файласуфлар эса олимлар деб аталадики, бу қисман ўринлидир. Муайян илмий фанлар, масалан, физика, кимё, биология, тарих, математикани ифодалаш учун «фан» тушунчасига торроқ, бинобарин, изчилроқ маъно юкланади. Бу ерда фанга аниқ таъриф берилган, олим эса тор мутахассис, муайян билим ифодачиси ҳисобланади. У шунчаки олим эмас, балки доим ва албатта ё физик, ё химик, ё тарихчи, ё бошқа фан вакилидир. Айни ҳолда фан муқаррар тарзда табиат, жамият, тафаккурнинг у ёки бу объекти (ҳодисаси) ҳақидаги илмий билимларнинг қатъий тартибга солинган, изчил тизимидан ташкил топади. Фан дунёқараш шакли. Билимларнинг ўсишига қараб ҳар хил муаммолар ва масалалар сони ҳам тинимсиз кўпайиб борди. Бу жараён фаннинг ривожланиш суръати янада жадаллашувига ва у фалсафадан янада кўпроқ ажралишига сабаб бўлди. Бироқ фан билимнинг мустақил соҳаси, дунёқарашнинг алоҳида шакли сифатида фақат XVII-XVIII асрларда тўла шаклланди. Муайян даражада шартлилик билан шуни айтиш мумкинки, бу И.Ньютон классик механиканинг асосий қонунларини таърифлаб, шу тариқа табиатшуносликнинг асосий бўлими – асослари асрлар мобайнида шаклланган, бош тамойиллари эса бундан юз йилча муқаддам, аввало Галилео Галилей томонидан таърифланган классик механиканинг шаклланишига якун ясаганидан кейин юз берди. 2. XVI-XVII асрлар – илмий инқилоб даври бўлиб, у классик фан даври деб номланади. У Коперник ва Галилей тадқиқотларидан бошланиб, Ньютон ва Лейбницнинг физика ва математика соҳасидаги фундаментал асарлари билан ўз чўққисига кўтарилган. Галилей вафоти (1642 йил 8 январь)дан сўнг орадан бир йил ўтгач Ньютон туғилгани (1643 йил 4 январь) рамзийдир. Фаннинг бу буюк ижодкорлари яшаган давр – новаторлик кашфиётлари ҳамда янги илмий ғояларнинг муаллифлари схоластика ва диний дунёқараш догматизмига қарши қаттиқ кураш олиб борган романтик даврдир. Бу даврда ҳозирги замон табиатшунослигининг асослари яратилган. Ҳунармандлар, табиблар, алхимиклар томонидан қўлга киритилган айрим далиллар тизимли таҳлил қилиниб, умумлаштирила бошлаган. Илмий билим тузишнинг табиат қонунларини математик таърифлаш, назарияларни тажрибада синаш, тажрибада асосланмаган диний ва натурфалсафий догмаларга танқидий қараш билан боғлиқ бўлган янги меъёрлари ва идеаллари вужудга келган. Фан ўз методологиясини яратган ва амалий фаолият эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган масалаларни ечишга тобора фаолроқ йўналтирилган. Бироқ фан ўзининг янги методологиясини яратиб, амалиёт руҳи билан суғорилгани сари у ўз тарихий ватани – фалсафа қирғоқларидан узоқлаша бошлайди. Кўриб чиқилаётган давр охирига келиб у фалсафий, диний, теологик ақидалардан қатъий назар ривожланиши мумкин бўлган билимлар тизими сифатида тушунила бошлайди. Натижада фан фаолиятнинг алоҳида, мустақил соҳасига айланади. Профессионал олимлар пайдо бўлади, уларни тайёрлаш амалга оширилувчи университет таълими тизими ривожланади. Ўз фаолияти, мулоқот ва ахборот айирбошлашнинг алоҳида шакллари ва қоидаларига эга бўлган илмий ҳамжамият вужуд келади. 3. XVIII-XIX асрлар фани ноклассик фан даври деб аталади. Бу даврда кўплаб айрим илмий фанлар вужудга келади, уларда улкан фактик материал тўпланади ва тизимга солинади. Математика, физика, кимё, геология, биология, психология ва бошқа фанларда фундаментал назариялар яратилади. Техника фанлари вужудга келади ва моддий ишлаб чиқаришда янада сезиларлироқ рол ўйнай бошлайди. Фаннинг ижтимоий роли ортади, унинг ривожланиши ўша давр мутафаккирлари томонидан ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили сифатида эътироф этилади. 4. ХХ асрдан фан ривожланишида янги босқич бошланади. Бу давр фани постноклассик деб аталади, чунки мазкур аср бўсағасида фанда инқилоб юз беради ва бунинг натижасида у олдинги даврнинг классик фанидан сезиларли даражада фарқ қила бошлайди. XIX-ХХ асрлар чегарасида амалга оширилган инқилобий кашфиётлар бир қанча фанларнинг асосларини ларзага солади. Математикада тўпламлар назарияси ва математик тафаккурнинг мантиқий асослари танқидий таҳлил қилинади, бир қанча янги фанлар вужудга келади. Физикада классик физиканинг фалсафий асосларини қайта кўришга мажбур қилган фундаментал назариялар – нисбийлик назарияси ва квант механикаси яратилади. Биологияда генетика ривожланади. Тиббиёт, психология ҳамда инсон ҳақидаги бошқа фанларда янги фундаментал назариялар пайдо бўлади. Илмий билимнинг шакл-шамойилида, фан методологиясида, илмий фаолиятнинг шакл ва мазмунида, унинг меъёрлари ва идеалларида оламшумул ўзгаришлар юз беради. ХХ асрнинг сўнгги ўн йилликларида ФТТ ахборот (компьютер) инқилоби босқичига қадам қўйди. Бу босқичнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ахборот жамият ривожланишининг муҳим ресурсларидан бирига айланди. Шу тариқа фан билан боғлиқ юксак технологиялар, улар билан муштарак таълим эндиликда ҳар қандай жамиятнинг цивилизацион ривожланиш даражасини белгиламоқда. Илмий кашфиётлар ва уларнинг амалга татбиқ этилиши ўртасидаги масофа мумкин қадар қисқаради. Илгари фан ютуқларидан амалда фойдаланиш усулларини топиш учун 50-100 йил вақт сарфланган бўлса, эндиликда бунга 2-3 йилда ёки ҳатто бундан ҳам қисқароқ вақт ичида муваффақ бўлинмоқда. Download 68.94 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling