Фанидан маърузалар матни


Илмий тадқиқотларнинг таснифланиши ва асосий босқичлари


Download 1.01 Mb.
bet8/37
Sana24.12.2022
Hajmi1.01 Mb.
#1055231
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   37
Bog'liq
ИТМ маруза матн

Илмий тадқиқотларнинг таснифланиши ва асосий босқичлари

Илмий тадқиқотлар ёки илмий - тадқиқот ишлари (ИТИ) ўзининг мақсад - вазифаси. табиат ёки саноат билан алоқаси, боғлиқлиги даражаси, илмий микёсига кўра учта асосий турга бўлинади: фундаменталь (назарий), амалий (тадбиқий) ва ишланмалар.


Фундаменталь тадқиқотлар - борлиқнинг янги қонунларини кашф этиш, воқеа-ҳодисалар орасидаги боғлиқликни аниқлаш, янги назария ва тамойилларни яратишга йўналтирилгандир. Улар жамиятнинг, инсонларнинг билимларини кенгайтириш, табиат қонунларини чуқурроқ тушуниш имконини беради. Бу тадқиқотлар фаннинг асоси (пойдевори) бўлиши билан биргаликда, ижтимоий ишлаб-чиқаришнинг ҳам асосини ташкил этади.
Амалий тадқиқотлар - янги ишлаб-чиқариш воситаларини яратиш, мавжудларини такомиллаштиришга хизмат қиладиган илмий базани ишлаб чиқишга йўналтирилгандир (ускуна - жиҳозлар, машина - механизмлар, материаллар, ишлаб-чиқариш усуллари, ишларни ташкил этиш ва б.). Бу тадқиқотлар жамиятнинг ишлаб чиқаришнинг конкрет соҳасини ривожлантиришга бўлган талабини қондириши керак.
Ишланмалар ёки тажриба - конструкторлик ишлари
(ТКИ)нинг мақсади - техника намуналарининг, ишлаб-чиқариш технологияларининг янги турларини яратиш ва ўзлаштириш, мавжудларини такомиллаштиришда амалий (ёки фундаменталь) тадқиқотлар натижаларидан фойдаланишдир. ТКИ жарёнида илмий тадқиқотлар техник таклифлар кўринишини олади. Бундай ўзгаришнинг фан - ишлаб-чиқариш интеграцияланган тизимидаги схемаси 2.1-расмда келтирилган.
Фундаменталь ва амалий ИТИ бажариш жараёни маълум мантиқий тартибда жойлашувчи қатор асосий босқичлардан ташкил топади.
1-босқич. Танланган мавзунинг долзарблигини асослаш ва номини шакллантириш (белгилаш):

  • мўлжалланган тадқиқот муаммосига оид бўлган, ўзимизда ва чет элларда чоп этилган манбааларда мавжуд илмий-техник маълумотлар билан танишиш, уларни ўрганиш, унинг долзарблигини асослаш;

  • муаммо бўйича энг муҳим тадқиқотлар йўналишларини аниқлаш ва таснифлаш;

  • мавзуни шакллантириш ва тадқиқот аннотациясини тузиш;

  • техник топшириқни ишлаб чиқиш ва ИТИнинг умумий санавий режасини тузиш;

  • кутилаётган иқтисодий ёки бошқа самарали фойдани бошланғич тарзда аниқлаш.

2-босқич. Тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини белгилаш:

  • танланган мавзуга оид илмий-техник ҳисоботлар, Ватанимиз ва чет элларда чоп этилган адабиётларни тўплаш ва библиографик рўйхатларини тузиш (монографиялар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар, патентлар ва ихтиролар ва б.);

  • мавзуга оид манбааларнинг аннотация ва рефератларини тузиш;

  • тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини белгилаш.



2.1-расм. Илмий-тадқиқотларнинг фан – ишлаб-чиқариш интеграцияланган тизимида техник таклифларга айланиши схемаси
3-босқич. Назарий тадқиқотлар:

  • тадқиқот объекти ва предметини танлаш, тадқиқот вазифаларига асосан физик моҳиятини ўрганиш ва ишчи гипотезани шакллантириш;

  • ишчи гипотезага асосан моделни аниқлаш ва уни тадқиқ этиш;

  • тадқиқот натижаларини таҳлил қилиш ва текширилаётган муаммонинг назариясини ишлаб чиқиш.

4-босқич. Эксперименталь тадқиқотлар (назарий тадқиқотларни тасдиқлаш, тузатиш ёки рад этиш учун ўтказилади):

  • эксперименталь тадқиқотларнинг мақсад ва вазифаларини аниқлаш;

  • экспериментни режалаштириш ва уни ўтказиш методикасини ишлаб чиқиш;

  • экспериментни ўтказиш учун зарур бўладиган қурилма ва бошқа воситаларни яратиш;

  • ўлчаш усулларини асослаш ва воситаларини танлаш;

  • эксперименталь тадқиқотларни ўтказиш ва уларнинг натижаларига ишлов бериш.

5-босқич Илмий тадқиқотларни анализ қилиш ва расмийлаштириш:

  • назарий ва эксперименталь тадқиқотлар натижаларини таққослаш, улар орасидаги фарқларни таҳлил қилиш;

  • тадқиқот объектининг назарий модели ва хулосаларни аниқлаштириш;

  • ишчи гипотезани назарияга айлантириш ёки уни рад этиш;

  • илмий ва амалий хулосаларни шакллантириш, тадқиқот натижаларини баҳолаш;

  • илмий-техник ҳисобот тузиш ва унинг тақриздан ўтказиш.

6-босқич. Амалиётга жорий этиш ва иқтисодий самарадорлик:

  • тадқиқот натижаларини ишлаб-чиқаришга жорий этиш;

  • иқтисодий самарадорликни аниқлаш.

ТКИни бажариш жараёни ҳам мантиқий тартибда жойлашувчи қатор асосий босқичлардан иборат бўлади.
1-босқич. ТКИ мавзусини шакллантириш, долзарблигини асослаш, мақсад ва вазифаларини белгилаш (ИТИнинг 1- ва 2- босқичлари ишлари бажарилади).
2-босқич. Техник топшириқ ва таклиф:

  • эксперименталь намунани лойихалашга техник топшириқ ишлаб чиқиш;

  • техник- иқтисодий асослаш;

  • патентга яроқлиликка текшириш.

3-босқич Техник лойиҳалаш:

  • техник лойиҳа вариантларини ишлаб чиқиш ва мақбулини танлаш;

  • алоҳида тугун ва блокларни яратиш ва уларнинг ишончлилик кўрсаткичларини текшириш;

  • намунанинг техник даражаси ва сифатини аниқлаш, техник-иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблаш;

  • техник лойиҳани келишиш.

  • ишчи лойихани ишлаб чиқиш;

  • зарурий конструкторлик хужжатларини

  • тайёрлаш.

5-босқич. Тажриба намунасини тайёрлаш:

  • ишлаб-чиқаришни технологик тайёрлаш: технологик жараёнларини ишлаб чиқиш, асбоб-анжомларни лойиҳалаш ва тайёрлаш;

  • тажриба намунасининг деталлари, тугунлари ва блокларини тайёрлаш, уларни йиғиш;

  • тажриба намунасини ишга тушириш, синаш, созлаш;

  • лаборатория ва ишлаб-чиқариш синовларини ўтказиш.

6-босқич. Тажриба намунасини сайқаллаш:

  • синовлардан сўнг тугунлар, блоклар ва яхлит тажриба намунасининг ишини таҳлил қилиш;

  • ишончлилик талабларига жавоб бермайдиган тугун, блок ва деталларни алмаштириш.

7-босқич. Давлат синовлари:

  • тажриба намунасини давлат синовларига тақдим этиш;

  • давлат синовларини ўтказиш ва сертификатлаш.

Илмий тадқиқотлар мавзуларини танлаш ва баҳолаш. Илмий билиш муаммоларни ҳал қилиш билан боғланган. Муаммоларнинг йўқлиги тадқиқотларнинг тўхтаб қолишига ва фандаги турғунликка олиб келган бўлар эди.
ИТИда илмий йўналишлар, муаммолар ва мавзулар тушунчалари мавжуд.
Илмий йўналиш - илмий жамоанинг фаннинг маълум тармоғидаги йирик, фундаменталь назарий-эксперименталь масалаларини ҳал этишга бағишланган илмий тадқиқотлари соҳасидир. Илмий йўналиш қуйидаги таркибий бирликларга бўлинади: комплекс муаммолар ва муаммолар, мавзулар ва масалалар.
Муаммо - бу мураккаб илмий масала бўлиб, ҳал этиш, ечиш ва тадқиқ этишни талаб этади. У муаммоли вазиятнинг натижаси бўлиб, мавжуд эски билим ва эмпирик ёки назарий тадқиқот воситасида аниқланган янги маълумотлар ўртасида пайдо бўладиган зиддиятлар оқибатида вужудга келади.
Комплекс муаммо – одатда, бир йўналишдаги бир қанча мураккаб масалаларни қамраб олувчи муаммоларнинг мажмуасидир.
Мавзу – муаммонинг маълум соҳасини қамраб олувчи, тадқиқ этилишини талаб этувчи илмий масаладир. У муаммонинг конкрет сохасига оид кўплаб тадқиқот масалаларига-кичикроқ илмий масалаларга асосланади. Мавзу ёки масалани ҳал этишда конкрет тадқиқот масаласи ишлаб чиқилади, масалан янги материал, конструкция, прогрессив технология ишлаб чиқиш ва ш.к. Бунда тадқиқот натижалари нафақат назарий, балки аксарият ҳолларда амалий аҳамиятга эга бўлади ва маълум иқтисодий самарадорликка эришиш имконини беради.
Муаммо ва мавзуларни танлаш мураккаб ва масъулиятли вазифа бўлиб, у бир неча босқичда бажарилади.
1-босқичда муаммоли вазиятдан келиб чиққан ҳолда, муаммо аниқланади, шаклантирилади ва умумий тарзда кутилажак натижа башорат қилинади.
2-босқичда муаммонинг долзарблиги, унинг фан ва техника учун аҳамияти аниқланади.
3-босқичда муаммонинг таркиби ишлаб чиқилади - мавзулар, тагмавзулар, масалалар ва улар орасидаги алоқалар ажратилади. Натижада муаммо дарахти тузилади.
Аксарият ҳолларда, тадқиқот ўтказишдан кўра мавзуни танлаш мураккаброқ бўлади.
Илмий тадқиқот мавзуларига бир қатор талаблар қўйилади.
1. Мавзу айни пайтда ечимини талаб этувчи, долзарб бўлиши керак. Фундаменталь тадқиқотлар билан боғлиқ бўлган мавзуларни долзарблик даражасини аниқлаш учун ҳозирча тегишли мезонлар мавжуд эмас. Шу сабабли, бундай ҳоллада мавзунинг долзарблигини йирик олим ёки илмий жамоа аниқлайди. Амалий йўналишдаги мавзуларнинг долзарблиги одатда, ишлаб чиқаришнинг конкрет тармоғининг талаб- эҳтиёжи ва иқтисодий самарадорлик миқиёси билан белгиланади.
2. Мавзу янги илмий масалани ҳал этиши ва илмий янгилиги билан характерланиши керак.
3. Илмий мавзу иқтисодий самарадорликка эришишга имкон бериши ва аҳамиятли бўлиши керак. Амалий йўналишдаги мавзулар иқтисодий самара бериши керак ва унинг ҳажми мавзуни танлаш босқичида тақрибан баҳоланади. Фундаменталь йўналишдаги мавзулар учун иқтисодий самарадорлик иккиламчи бўлиб, биринчи навбатда илмий аҳамият мезони ўрин эгаллайди.
4. Мавзу илмий жамоанинг йўналишига мос келиши керак. Бунда илмий жамоанинг салоҳияти ва имкониятидан тўлиқ фойдаланиш мумкин бўлади. Натижада ишланмаларнинг назарий даражаси ва сифати юқори, иқтисодий самара салмоқли, тадқиқот муддати қисқа бўлади.
5. Мавзунинг муҳим кўрсатқичларидан бири -жорий этилувчанлигидир. Тадқиқотчилар ишни белгиланган муддатида тугалланишини ва буюртмачининг ишлаб-чиқариш шароитларида амалиётга жорий этилишини аниқлашлари керак бўлади. Улар мазкур соҳани яхши билишлари, унинг ҳозирги кунги ва истиқболдаги талаб-эҳтиёжларни тўлиқ ҳисобга олишлари керак.
Мавзуни танлашдан аввал тадқиқотчилар ҳал қилиниши керак бўлган масалага оид Ватанимизда ва чет элларда мавжуд бўлган адабий манбааларни чуқур ўрганишлари талаб этилади. Бу нарса такрорланишдан сақланиш ва замонавий тадқиқотлардаги анъаларни аниқлаш учун зарурдир.
Сўнгги йилларда мавзуларни танлашда эксперт баҳолаш методлари кенг қўлланилмоқда. Бу методнинг моҳияти шундан иборатки, режалаштирилаётган мавзулар мутахассис - экспертлар томонидан баҳоланади. Ҳар бир эксперт мавзуларга қўйлувчи талабларни балларда баҳолайди. Баҳолаш натижалари турли усулларда ишлов берилиб, таҳлил қилинади. Максимал балл методи энг содда усул бўлиб, бунда энг юқори баллар йиғиндисига эга бўлган мавзу эътиборга молик ва долзарб ҳисобланади.



  1. Download 1.01 Mb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   37




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling