Тупроқнинг оғир металлар билан ифлосланиши. Тупроқнинг оғир металлар билан ифлосланиш манбаларини асосан, металл ишлаб чиқариш саноати чиқиндилари, турли ёқилғиларнинг ёниш махсулотлари, автомобил дудлари ва чиқинди газлар, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган химикатлар ва бошқалар ташкил этади. Оғир металларга қўрғошин, ванадий, хром, марганец, кобальт, никель, мис, рух, висмут, молибден, сурьма, кадмий, темир ва бошқалар киради. Атроф-муҳит учун хавфлиларига симоб, қўрғошин, кадмий, мишьяқ селен, фтор кирса, улар ичида ўта хавфлилари симоб, қўрғошин ва кадмий ҳисобланади. Кўмир, нефт, газ ва бошқа бир қатор ёқилғилардан фойдаланиш шу даражада ошиб кетганки, атроф-муҳитни металл ишлаб чиқариш саноатига нисбатан бир неча бор ортиқ ифлослантирмоқда. Автомобил дудлари ва ташландиқ газлари орқали тупроққа хар йили 200-250 минг т. қўрғошин тушади. Шунингдек, оғир металлар биоцидлар ва минерал ўғитлар билан ҳам тупроққа тушади. Оғир металлар тупроқдан ўсимликка, ўсимликдан эса ҳайвон организмига ўтади ва тирик организмга зарарли таъсир кўрсатади. Симоб – энг хавфли кимёвий элемент бўлиб, унинг метил симоб бирикмаси табиатдаги анорганик бирикмаларнинг анаэроб шароитда, органик моддалар билан таъсирлашиши натижасида ҳосил бўлади. Метилсимоб ўта хавфли захарли модда бўлиб, сув, тупроқ, ўсимлик ва бошқа озиқланиш занжирлари орқали инсон организмига тушиши мумкин. - Одам организмига ўтган симоб буйрақ жигар, ҳатто мияга жуда катта таъсир этиб, асаб касаллигини келтириб чиқариши ёки ўлимга олиб келиши мумкин.
- Қўрғошин – ем-хашак таркибидаги 100мг/кг қўрғошин хайвонларни ўлимга олиб келиши мумкин. Тупроқ таркибидаги қўрғошин бирикмаларининг организмда сақланиш давомийлиги, метилсимоб бирикмасига қараганда узоқ бўлиб, у ўз таъсир кучини бир неча йилларгача сақлаб тура олиши мумкин.
- Автомашиналарнинг детонациясини камайтириш учун бензинга қўшиладиган тетраэтил қўрғошин ўта захарли қўрғошин бирикмаси бўлиб, бу каби бензиннинг 1 л ёнганда, ҳавога 200-400 мг гача қўрғошин ажралиб чиқади.
- Тупроқда қўрғошиннинг кўпайиши микроорга-низмларнинг камайишига олиб келади. Масалан, тупроққа 0,1-0,5% қўрғошин қўшилганда бактериялар колониясининг ривожланиши 50-75% гача камаяди.
- Катта йўл ёқаларида етиштириладиган сабзавот экинлари таркибида қўрғошин миқдори нормал шароитда етиштирилган сабзавотникига қараганда 5-10 марта кўп бўлади. Ҳар соатда, ўрта ҳисобда 2000 дан кўп автомашина ўтадиган магистрал йўл ёқасидаги тупроқ таркибида қўрғошин 7000 мг/кг гача етган. Шу сабабли ҳам экин майдони автомашиналар серқатнов йўллардан 300 метр узоқликда бўлиб, оралиқ масофанинг ихоталаштирилиши мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |