Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқИҚИ
Download 374 Kb.
|
Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқиқи
- Bu sahifa navigatsiya:
- III БОБ. ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИДА ҚЎЛЛАНИЛГАН ПАРЕМИОЛОГИК БИРЛИКЛАРИНИНГ ЛИНГВОКУЛЬТУРОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ 3.1. Паремиологик бирликларнинг умумий тавсифи
Боб бўйича хулосалар
1. Фразеологик бирликлар ўзбек халқининг табиати, тафаккури, дунёқараши, руҳияти ва менталитетининг лисоний акси бўлиб, улар миллатнинг нарса-ҳодиса, белги-хусусият ва ҳаракат-ҳолат хақидаги тушунчаларни образли аташ маҳсули ўлароқ ҳосил бўлган. Халқ достонларида бу бирликлардан фойдаланиш достон тилининг семантик имкониятлари ва услубий хусусиятларини очиб беришда муҳим манба саналади. 2. Халқ достонлари тилида миллатнинг лингвомаданий белгиси акс этади. Достонлар тилида қўлланилган фразеологик бирликлар маданият кодлари ҳисобланади. Халқ достонлари тилида халқнинг турмуш тарзи, орзу-умидлари ва қаҳрамонликларини, урф-одатларини ифодалайдиган лингвокультуремалар яшайди ва улар авлоддан-авлодга маданий код сифатида хизмат қилади. 3. Ибораларда қандай сўзлар қўлланилиши сўзловчи, достон ижрочиси, матнда ифодаланаётган ижтимоий-руҳий вазиятга бевосита алоқадор бўлиб, халқнинг тарихи, маданияти, ижтимоий тузум борасидаги дунёқараши, турмуш тарзи, урф-одатлари ҳақида ахборот беради. III БОБ. ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИДА ҚЎЛЛАНИЛГАН ПАРЕМИОЛОГИК БИРЛИКЛАРИНИНГ ЛИНГВОКУЛЬТУРОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ 3.1. Паремиологик бирликларнинг умумий тавсифи Мақол, матал ва афоризм каби ҳикматли иборалар тизими жаҳон тилшунослигида паремиологик бирликлар сифатида қаралади, улар инсон тафаккурининг энг сара дурдоналари саналади. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди паремиологик тизимидаги бундай бирликлар “коинот қонуниятларини кузатиш, турмуш тажрибаларига суяниш асосида чиқарилган хулосаларни ифодаловчи, халқнинг жамиятга муносабати, руҳий ҳолати, этик ва эстетик туйғулари, ижобий фазилатларини мужассамлаштирган, авлоддан-авлодга оғзаки формада кўчиб юрувчи, ихчам ва содда, қисқа ва мазмундор мантиқий умумлашма сифатида пайдо бўлган...”. Шунинг учун бундай ҳикматли иборалар жаҳон халқларида ўрганилганидек, ўзбек филологиясида ҳам алоҳида тўпланиб, махсус луғатлар шаклида нашр қилинган, уларнинг лисоний хусусиятлари илмий жиҳатдан таҳлил этилган . Кейинги йилларда улар антропоцентрик тадқиқ усули объектига айланиб, мақол ва маталларда оламнинг лисоний манзараси ифодаланиши борасида кўплаб қайдлар кузатилмоқда. Турли тилларда мақол ва маталларнинг қиёсий таҳлилига бағишланган ишлар салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Бундай тадқиқотлар халқлар маданиятини қиёсий ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Айрим луғатларда паремиологик бирликлар уч гуруҳ (мақол, матал, афоризм)га бўлиниб шарҳланган. Лексиканинг бир қисми ва лексикологиянинг ўрганиш объекти саналган бундай тил бирликлари ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди матнларида жуда кўплаб учрайди, тадқиқотчилар томонидан улар у ёки бу тарзда мақол-матал-афоризмларни махсус ўрганилди. “Ўзбек тилининг паремиологик луғати”да мақол-матал типидаги паремалар тузилишига ва семантик хусусиятига кўра тасниф этилган ва “Паремалар бадиий тасвирлаш воситаларига ҳам классификация қилинса ҳам бўлади, яъни қофиясига, эвфоник воситаларига кўра, ўхшатишни (метафора), таққослашни (антитеза), паралелизм, анафора, киноя, пичинг, кесатиқни ифодалашига кўра ҳам турларга ажратиш мумкин”, - деган хулосани берадилар. А.Ҳолиқов “Гўрўғлининг туғилиши” достонида учраган мақолларни уч гуруҳга: 1) адабий тилда, шунингдек, ўзбек халқ шеваларининг аксариятида ишлатиладиган мақоллар; 2) мақолларнинг достон тилидаги вариантлари ва уларнинг маъновий хусусиятлари; 3) достоннинг ўзидагина учрайдиган, оғзаки нутққа хос мақоллар тарзида тасниф қилади . Тадқиқотчи Д.Ашуров ўз тадқиқотида халқ достонларида берилган мақоллар тадқиқида бирмунча мураккабликлар юзага чиқини таъкидлаб қуйидаги мулоҳазаларни билдиради: “Биринчидан, достоннинг бадиий матн эканлиги мақол ва маталларнинг шакли ўзгартирилиб, мазмуни берилишини тақозо қилади, натижада мақолнинг мазмуни бутун бир гап, хатбоши билан ифодаланиши мумкин. Иккинчидан, достон куйловчи бахшилар бошқа-бошқа ҳудудлар маданиятига тегишли бўлгани учун турлича халқона ва муаллиф билан боғлиқ вариантлар юзага келади. Мақоллар асрлар, ҳудудлар оша сайқалланиб, мазмунан бойиб боради. Жумладан, «Ёлғиз отнинг чанги чиқмас» мақоли М.Кошғарийда «Ёлғиз ғоз утмас (овоз чиқармас)» тарихий шаклида учрайди. Худди шу каби бир вақтда икки ҳудудда мақоллар турли вариантларда қўлланиб, ҳудудий вариантларни юзага келтиради. Учинчидан, мақолларда ифодаланган мазмун бошқа паремик бирликларда ҳам учрайди. Шунинг учун мақолларни маданий жиҳатдан таҳлил қилганда, бошқа тиллардаги мақоллар билан биргаликда матал, топишмоқ, фразеологик бирликларни ҳам текшириб чиқиш лозим бўлади. Улар мазмуний тараққиёт давомида ўзаро алмашиниб туради. Мақол таркибидаги сўзлар тизмаси эса мақоллик ҳолатидан бошқа пайтларда айнан шу шаклда учрамайди” . Паремиологик бирликлар маълум бир даврнинг ҳаётий хулосалари натижаси сифатида юзага келади ва тилдан-тилга ўтиб сайқаллашиб боради. Маълум бир ўткинчи давр учун хос бўлган айрим мақол ва маталлар эскириши ва истеъмолдан чиқиб кетиши мумкин. Лекин мақол ва маталларнинг кўпчилиги даврлар ўтиши билан маълум қолипга тушиб, қуйма ҳолатда қўлланадиган бўлади, яъни тайёр ҳолдаги тил бирлигига айланади. Шу сабабли паремиологик бирликлар ҳам тилнинг бошқа бирликлари сингари тилдаги маълум унсурлари каби сўзлардан ташкил топади ва маълум фикр ифодалашга (кўчма ёки тўғри) хизмат қилади. Г.Жуманазарова анъанавий достонлардаги паремиологик бирликларларни қўлланишига кўра адабий тил доирасида ва шеваларда фаол ишлатиладиган паремиологик бирликларлар ҳамда шаклан достонлар тилида учрайдиган, лекин, мантиқан ҳозирги паремиологик бирликларларга тенг келадиган лисоний бирликлар шаклида ички турларга ажратиш мумкинлигини айтиб ўтади. Паремиология тилда турли характердаги қатор ибораларни ўрганади. Фразеология ҳам паремалар таркибига киради. Лекин улар ўртасида маълум фарқ мавжуд. Фразеология кўчма маънодаги турғун бирикмаларни ўрганиш билан чегараланади. Паремиология эса қуйма бирикмаларни ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода ўрганиши билан фразеологиядан фарқланади . Паремиологик бирликларларнинг ўрганиш объектлари жуда кенг бўлганлиги сабабли, уларнинг кўринишлари ҳам турли-тумандир. Нутқимизда энг кўп қўлланиладиган турлари мақол-матал типидагилари бўлиб, улар қуйидаги уч турга бўлиб ўрганилмоқда. 1. Мақoллар – грамматик жиҳатдан тугалланган фикрни билдирувчи, кичик, ихчам, ўткир мазмунли, кўчма маънoда ёки ҳам кўчма маънoда, ҳам ўз маънoсида қўлланадиган ҳикматли паремиoлoгик бирликлар: “Дарахт мевасидан, одам сўзидан билинур”, “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит”, “Олтин ўтда билинар, одам меҳнатда”, “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, “Болта тушгунча, кунда дам олар”, “Омонатга хиёнат қилма”, “Олтин чиримас (зангламас)”. 2. Маталлар – тарбиявий, панд-насиҳат мазмунини ифодаловчи, грамматик жиҳатдан тўлиқ гап шаклида бўлган, фақат ўз маъносида (кўчма эмас) қисқа, ихчам халқ ибораларидир Масалан: “Айтар сўзни айт, айтмас сўздан қайт”, “Яхшидан от қолади, ёмондан дод қолади”, “Одам оласи ичида, мол оласи ташида”, “Арслон оғзидан ов олинмас”, “Ҳунари йўқ кишидан, бигизи бор ямоқчи яхши” ва бошқалар. 3. Афоризмлар – умумлаштирувчи фикрни ифодаловчи қисқа, лўнда ҳикматли иборалар. Афоризмлар икки кўринишда бўлади: нутқий ва лисоний (тилга оид). Нутқ афоризмлари маълум шахсга тегишли бўлиб, унинг асарларида қўлланилган ҳикматли иборалардир. Тилга оид афоризмлар эса халқ томонидан яратилган бўлиб, барча учун тенг ва тушунарли бўлади, яъни бутун оммага тегишлидир. Навоийнинг қуйидаги афоризми нутқий афоризм ҳисобланади: “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами”. Лекин мутафаккир асарларида қўлланган шундай ҳикматли иборалар борки, улар даврлар ўтиши билан, қайта-қайта қўлланилиши натижасида бутун оммага етиб бориб, умумлашиб, тил афоризмига ўтиб кетган: “Билмаганни сўраб ўрганган – олим, орланиб сўрамаган ўзига – золим”, “Сиҳат тиласанг кўп ема, иззат тиласанг кўп дема” ва бошқалар. Паремиологик бирликларларда грамматик замoн, майл, нисбат, шахс-сон категориялари ва уларнинг интонацияси ҳам одатдаги гаплардан фарқланади. Чунки улар қайси замонни англатишига қарамасдан, мазмун жиҳатидан доимо умумий замонни ифодалайди, яъни иборанинг кесими қайси шахсни кўрсатишига қарамай, мазмун умумга қаратилган бўлади. Демак, улар мазмунан шахси умумлашган гапларни ҳосил қилади. Масалан: “Номарддан ёрдам сўрама, юзингга солар”, “Эгри иш қилиб сой билан юргунча, Тўғри иш қилиб қир билан юр”, “Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма”, “Туғмас товуқ кўп қақиллар”, “Бефойда кундадан ўтин яхши”, “Бош омон бўлса, дўппи топилар”, “Кўп отган билан мерган бўлмас, Кўп айтган билан чечан бўлмас” ва бошқалар. Паремаларнинг тил бирлиги эканлигининг бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳам мавжуд. Биринчидан, паремиологик бирликларлар маълум сўзлар (камида иккита) ёрдамида тузилади ва тугалланган мазмун ифодалайди. Уларнинг таркиби, тузилиши ҳам ҳар хил бўлади: содда, қўшма ёки мураккаб. Паремиологик бирликларлар ёки гап структурасини ўрганиш бевосита тилга оиддир. Шунингдек, мақоллар орқали шаклланган бирликлар, албатта, маълум мазмун ёки фикр ифодалайди. Шундай экан, улар семантик нуқтаи назардан ҳам таҳлилга тортилади. Паремиологик бирликларлар қайси маънони билдиришига қарамасдан, яъни ўз маъносидами ёки кўчма маънодами, албатта, уларнинг мазмуни изоҳни талаб қилади. Чунки уларда чуқур маъно ифодаланган бўлиб, қисқа ва ихчам кўринишларда шаклланган бўлади. Шу сабабли паремаларда ифодаланаётган фикр кенгайтирилган гаплар орқали очиб берилиши лозим. Масалан, қуйидаги мақол мазмунини изоҳлашга ҳаракат қилайлик: “Гап келганда отангни аяма”. Ушбу мақол мазмуни кўчма маънода иш, масала туғиладиган бўлса, ўз вақтида айтиш ўринли бўлади деган фикр ифодаланган. Лекин “отангни аяма” жумласи кўчма маънода қўлланилган бўлиб, ҳар қандай шароитда ҳам тўғри гапни айтиш ўринли бўлади деган фикр мужассамлашган. Бунда отага, катталарга нисбатан ҳурматсизлик қил, гап қайтар деган маъно ифодаланмаган. Фақат бунда тўғри сўзлашга бўлган мазмун акс этган. Мақолларни мазмуний таҳлил қилганда ана шу тагмаънога эътибор қаратиш лозим бўлади. Таҳлиллар давомида халқ достонлари матнида паремаларнинг асосан иккита: содда ва мураккаб намуналари фаол қўлланилганлиги кузатилди: Содда паремиологик бирикмалар. Ўзбек тилининг паремиологик луғати муаллифлари бундай бирикмалар ҳақида сўз юритганида тилшуносликда қўшма гап таркибига кирувчи нисбий содда гапларни “компонент” атамаси билан номлаш кенг тарқалганлигини ҳисобга олиб, ҳар бир компонентни ташкил этган гап бўлакларига нисбатан, шартли равишда, “элемент” атамасини қўллаган. Г.Жуманазарова ҳам халқ достонлари матнидаги бир компонентдан тузилган паремиологик бирликларларни неча элементдан (гап бўлагидан) ҳосил бўлишига қараб, а) уч ва тўрт элементли паремиологик бирликларлар; б) беш элементли паремиологик бирликларлар; в) олти ва ундан ортиқ элементли паремиологик бирликларлар тарзида гуруҳларга ажратади . Мураккаб паремиологик бирикмалар. Бундай бирикмалар икки ёки ундан ортиқ компонентдан тузилган бўлади, аслида ҳар бир компонент тузилиши жиҳатидан содда паремиологик бирликларларга ўхшайди, улар халқ достонлари матнида фаол қўлланилганлиги кузатилди. Масалан: а) икки компонентдан тузилган паремиологик бирликларлар: Ушбу дамнинг дамларини дам дема, / Шукур қилгин давлатингни кам дема (М.а.: 36) каби. б) уч-тўрт ва ундан ортиқ компонентдан тузилган паремиологик бирликларлар: Давлат қўнса, гар чибиннинг бошига, / Семурғ қушлар салом берар қошига (М.а.:67) каби. Мақол, матал, афоризм тизимидаги паремиологик бирликларларни семантик хусусиятига кўра тасниф қилишда, энг аввало, улардаги маънонинг кўчма маънога эга бўлиш – бўлмаслиги, яъни маъноларнинг қандай ифодаланиши асос сифатида мезон қилиб олинади. Ана шу хусусиятига кўра, таҳлилга жалб этилган халқ достонларида фаол қўлланилган паремиологик бирликларларни қуйидаги гуруҳларга ажратиб ўрганиш мақсадга мувофиқ: а) фақат кўчма маънода қўлланилган паремиологик бирликларлар. Бундай лисоний бирликлар синтактик жиҳатдан гап бўлакларига ажратилмайди. Агарда борди-ю, улар гап бўлакларига ажратилса, матнда ифодаланган кўчма маъно бутунлай йўқолади, оқибатда улар оддий гапга – эркин бирикмага айланиб қолади. Мисол учун “Балогардон” достонида қўлланилган “Индан чиқиб пишшак ҳазиллар, Магар ажал қамсаб келса сичқонга” паремасини олайлик, у матнда кўчма маънода қўлланилган. Бу пареманинг “Сичқон ўлгиси келса, мушук билан ўйнашар” варианти “Ўзбек тилининг паремиологик луғати”да берилган. Жонли сўзлашув нутқида, аксарият халқ шеваларида фаол ишлатиладиган пишак сўзига адабий тилидаги мушук сўзи синоним бўлганлиги боис таъкидланаётган пареманинг бошқа хил вариантлари халқ орасида кенг тарқалган: “Мушукка ўйин, сичқонга ўлим”, “Мушукнинг ўлими сичқонга тўй”, “Мушукнинг қасди сичқонда” (ЎХМ, I, 284-285). Зотан, уларнинг айрим вариантлари “Девону луғотит турк”да ҳам қайд этилган (I, 43). Демак, бу паремаларнинг ҳаммаси қадимги даврлардан буён кенг қамровда фаол қўлланиб келаётганлигидан далолат бера олади. Халқ орасида, айниқса, оғзаки сўзлашув нутқда фаол қўлланиладиган “Сичқоннинг ўлгиси келса мушук билан ўйнашади” мақоли “кундалик ҳаётда содир бўладиган балога, хавф-хатарга, аксарият ҳолларда инсоннинг ўзи сабабчи бўлади, ўзидан жисмоний, моддий ё мавқе жиҳатдан кучли бўлган, юқори турадиган инсон билан олишади, унинг жаҳлини чиқаради, “жиғига тегади”, деган маънони ифодалайди. Ш.Шомақсудов ва Ш.Шораҳмедов ушбу мақолнинг йигирмадан ортиқ хилма-хил вариантларини келтирган (ЎХМИЛ, 374-375). Бу луғатдаги маълумотлар ва бошқа манбалардаги намуналар таҳлил қилинган пареманинг вариантлари халқ орасида кенг қамровда тарқалганлиги ва кундалик ҳаётда самарали, мақсадли қўлланганлигини тасдиқлай олади. Айни ҳол Фозил шоир ижросида ўзига хос бадиий замин яратган: Булунғур аҳолиси ўртасида, айниқса, “ж”-ловчи қипчоқ шевасида фаол қўлланиладиган пишшак сўзини адабий тилдаги мушук сўзи ўрнида ишлатиб, достонлар тилига хос ва индивидуал – бадиий услубига мос «Индан чиқиб пишшак ҳазиллар, Магар ажал қамсаб келса сичқонга» паремасини ярата олган. “Балогардон” достонидаги эпик баёнда қўлланилган матнлар бу борадаги кузатишларимизни тасдиқлайди: Ажалли касратки тегар илонга, / Индан чиқиб пишшак билан ҳазиллар, / Магар ажал қамсаб келса сичқонга (Б.:34). б) ўз маъносида ҳам, кўчма маънода қўлланилган паремиологик бирликларлар. Бундай лисоний бирликлар матнда ўз маъносида қўлланганда, оддий гаплардек – эркин бирикмалар ҳисобланади, лекин, кўчма маънода қўлланганда, улар умуман гап бўлакларига ажратилмайди, матнда тўлиқ ҳолда қўлланади. Халқ достонлари матнидаги “Қўл югуриги ошга, тил югуриги бошга” (Ф.Ш.:232-233); “Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини” (М.а.:112); “Ақли бор чайнайди гапнинг тузини” (Ш.Ш.:121) каби йигирмадан ортиқ паремиологик бирликлар намуналари шулар жумласидандир. “Паремалар кўчма маънони билдириши ёки билдирмаслигидан қатъий назар уларнинг маъносини изоҳлаш зарур, – деб таъкидлаган эди Х.Бердиёров ва Р.Расулов, – чунки ҳар бир парема қандай вазиятда ва қандай ситуацияда қўлланишига қараб, умумий маънога эга бўлса ҳам, бирор маъноси фарқланади. Паремалар тугалланган гап шаклида бўлганлиги учун улар фақат кенгайтирилган гаплар орқали изоҳланади”. в) фақат ўз маъносида қўлланилган паремиологик бирликларлар. Бундай лисоний бирликлар таъкидланганидек, грамматик жиҳатдан эркин бирикмалардан фарқ қилмайди. Фозил шоирнинг достонларида фақат ўз маъносида фаол қўлланилган айрим паремиологик бирликлар намуналарини кўздан кечирамиз. “Элчига ўлим йўқ” паремиологик бирлиги махсус луғат ва тўпламлардан ўрин олган (ЎХМ, II, 170; ЎТПЛ, 232). У тарихан қадимдан қўлланилган, чунки элчини ўлдирмаслик шарти азалдан халқаро қонун ҳукмига кирганлиги унинг тарихийлиигини тасдиқлай олади. Мазкур парема билан ижодкор халқ “сулҳ тузиш, бирор масалада келишиб олиш ё бирор хабарни маълум қилиш мақсадида қурол-яроғсиз, аскар-лашкарларсиз келган элчини (ҳаттоки у энг ашаддий душман тарафидан келган, ҳар қанча оғир шартларни қўйган бўлса ҳам) ўлдириш – аввалом бор қонунга, қолаверса инсофга, виждонга, инсонийликка хилофдир”, демоқчи бўлганлар, энг муҳими, ҳамжиҳатликни ва ўзаро дўстлик алоқаларини кучайтириш мақсадида ҳаракат қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз элчиларга ва элчиликка доир бир қатор халқ мақолларини яратганки, буларнинг ҳаммаси таҳлилга жалб этилган паремиологик бирликларнинг навбатдаги янги вариантлардаги намуналари саналади: “Эллаштирмоқ – элчидан, Ёвлаштирмоқ - ёвчидан”, “Донадан элчи қил, чорвадан йўлчи қил”, “Элчиннинг кечикканидан суюн” каби. “Марднинг боши ерда қолмас” паремасининг бошқа вариантлари ҳам халқ орасида анчагина учрайди: “марднинг ҳар ерда манзили бор” (ЎТПЛ, 139; ЎХМИЛ, 245.). Бу парема достонлар матнида “мардлик кўрсатган, мардлик билан донг чиқазган одамни ҳамма танийдилар, ҳурмат эҳтиром билан қабул қиладилар. Мард қаерга ҳам борса, бир манзил топади, кўчада қолиб кетмайди”, - деган семантик маънони ифодалайди. “Малика айёр” достонида Гулқиз парининг Авазхонни хурсандчилик билан кутиб олиб, унга қарата айтган нутқида ҳам айни ҳолни кузатамиз: “Пастки кўшкига етиб, Авазжоннинг қадди-қоматини кўриб ошиқи беқарор бўлиб, «Марднинг боши ерда қолмасин», Авазжоннинг бошини тиззасига олиб «Қайси мамлакатдан келдинг?» — деб сўраб, бир сўз деди...” (51) каби. Кўрамизки, Фозил шоирнинг анъанавий достонларида қўлланилган ва таҳлилга жалб этилган паремаларнинг хилма-хил вариантлардаги намуналари адабий тил доирасида ҳам, шеваларда ҳам, кундалик жонли сўзлашув нутқида ҳам фаол қўлланилган. Биз бу ўринда олдимизга қўйилган муаммонинг яна бир жиҳатига эътиборни қаратмоқчимиз: бу – сўз заргарининг достонлари тилида қўлланилган паремалардаги вариантлилик масаласидир. Шу ўринда таъкидламоқчимизки, халқ бахшиси достонларнинг ижроси жараёнида қўлламоқчи бўлган муайян паремадаги бирор сўзнинг ўрнига ўшанга ўхшаш бошқа бир сўз билан ёки улардаги грамматик кўрсаткичларни вариантлари билан алмаштириш орқали янги-янги вариантларини ярата олганлигини кузатдик. Бундай усул орқали паремаларнинг хилма-хил вариантлари таҳлилга жалб этилган достонлар матнида ўз-ўзидан ҳосил бўлган. Улар: а) сўз алмаштириш натижасида ҳосил бўлган лексик вариантлар; б) сўз ясаш элементларини алмаштириш натижасида ҳосил бўлган вариантлар; в) грамматик кўрсатгичларни алмаштириш натижасида ҳосил бўлган вариантлар; г) шаклий-тузилишидаги вариантлар. Яна таъкидлаш лозимки, паремаларнинг янги вариантлардаги намуналари унинг аслиятидаги асосий мазмунидан фарқланмайди. Бу ўринда, айтилган фикрларни далиллаш учун халқ бахшисининг ижросидаги сўз алмаштириш орқали ҳосил қилган янги лексик вариантларидан биттасини олайлик: “Эгилган бошни қилич кесмайди” тарзидаги халқона паремани “Рустамхон” достонида она-бола ўртасидаги мулоқатда достонлар тилига хос “Эгилган бўйинни кесмайди ханжар” тарзидаги вариантда қўллаган (441). Демак, умумхалқ паремаси (эгилган бошни қилич кесмайди) билан индивидуал-хусусий парема (эгилган бўйинни кесмайди ханжар) вариантлари ўртасидаги асосий мазмун кескин фарқланмайди. Лекин, ижодкор бахшининг маҳорати шундаки, халқона вариантдан ижодий фойдаланиб, достонлар тилига хос ва фикр оқимига мос янги вариантдаги паремиологик бирликлар намуналарини ярата олган, бу далил унинг катта бадиҳагўйлик маҳоратга эгалигини тасдиқлайди. Паремаларнинг вариантлари ҳақида сўз юритилганда, албатта, уларнинг умумхалқ варианти ёки ўзгартирилган янги вариантини аниқлаш муаммосига эътиборни қаратиш лозим, деган фикрдамиз. Бу борада тилшуносликда эътироф этилган айрим мулоҳазаларга диққат қиламиз: “а) умумхалқ паремасидаги бирор сўз синоним бўлмаган бошқа сўз билан, шунингдек, унинг бир неча сўзи алмаштирилган бўлса, сўзларнинг ўринлари қисмлар орасида алмаштирилса ёки грамматик формалар, феъл замонлари алмаштирилган бўлса, бундай паремалар бахши томонидан ўзгартирилган вариант деб қараш керак; б) агарда умумхалқ паремасидаги бирор сўз синоними билан алмаштирилса, парема таркибидаги олмошлар алмаштирилган бўлса, баъзи грамматик формалар ўзгартирилса, паремадаги қисмлар орасида боғловчилар ишлатилса, сўзларнинг тартиби алмаштирилган бўлса, пареманинг бирор қисми эллиптик тушиш ёки экспрессив (ўзгаришга) қисқаришга учраган бўлса, бундай паремалар умумхалқ паремалар вариантлари бўлади” . Халқ мақоли ибратни ўргатади, ибратли фикрни ифодалаб келади. Бу фикр паремиологик бирликлар тизимига кирувчи халқ афоризмларига ҳам тааллуқлидир. Чунки, афоризмлар ўзбек халқ оғзаки поэтик ижодининг фалсафий-маърифий ва дидактик тизимидаги жанри бўлганлиги учун унда ижодкор халқнинг ҳаёт, инсонлар, табиат ва турмуш ҳақидаги ибратли, асосли ва доно хулосаларини ўта умумлашган ҳолда ифодалаши билан характерланади. З.Тошпўлатовнинг таъкидлашича, афоризмларда ифодаланган доно, ибратли фикр бир кишига эмас, балки барчага тенг бўлиши керак. Демак, афоризмга хос иккинчи хусусият шуки, ундаги ҳар қандай фикр-хулоса ҳеч қандай истисносиз умумбашариятга тааллуқли бўлади. Афоризмга хос учинчи хусусият доно, ибратли фикрнинг қисқа, аммо, тугал бўлишида кўзга ташланади. . Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди намуналарида, хусусан, таҳлилга жалб этилган анъанавий достонлар тилидаги бундай лисоний бирликларга нисбатан шартли равишда афористик паремалар атамасини қўллашни маъқул топдик. Ғоявий мазмуни, маънавий-ахлоқий хулосасига кўра хилма-хил, ранг-баранг бўлган афористик паремалар услубий вазифаси жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Улардаги кенг ва теран маърифий ғояни қисқа, ихчам шаклларда ифодалаш ҳар бир инсонни нутққа алоҳида эътибор бериш ва талабчан бўлишга ўргатади, тўғри ва мантиқий фикрлашига ёрдам беради. Энг муҳими, ҳар бир ижодкорнинг сўз бойлигини орттиришга, унинг нутқини ўткир ва таъсирли қилишга, унга бадиий жиҳатдан сайқал беришга хизмат қилади. Шу маънода, Фозил Йўлдош ўғли достонларидаги афористик паремаларга эътибор берсак, улар умумлаштирувчи фикрни ифодаловчи ва дидактик характерга эга бўлган халқона намуналар эканлигини кузатамиз. Халқ орзу-умидларини мужассамлаштирган, ҳаётий тажрибаларни ифодаловчи афористик паремалар эпик тасвирнинг янада ёрқинроқ чиқишига, достонлар ижросида айтилган фикр чуқур ва равон ифодаланишига хизмат қилган, уларнинг ҳар бири матнда маълум мақсадни кўзлаб ишлатилган. Бундай лисоний бирликлар ҳаётий асосга, бадиий заминга асосланган ҳолда ўринли қўлланилган, деган фикрга келдик. Таҳлилга жалб этилган халқ достонлари тилидаги афористик паремаларни эпик қаҳрамонга қаратилган нутқий афоризмлар ва ҳамма учун тушунарли, оммавий тарзда кенг қўлланиладиган лисоний афоризмлар тарзида икки гуруҳга ажратиш мумкин. а) эпик қаҳрамонга қаратилган нутқий афоризмлар. Ҳар нечук номардга кўнгил бермагин, / Яхшилик кўр, ёмонликни кўрмагин, / Узоқ яша кўп йилгача ўлмагин (М.а.:12) каби. Бу мисолда Гўрўғлининг Зебит чўлидаги Шакаркўлдан сўна-суқсур овлаб кела олмай қолганидаги, Ғиротини Соқибулбулга бериб, қирқ эшикли чиллахонага кириб, кўкрагини нам ерга бериб ётганида Авазхон отасининг аҳволини кўриб, унга мурожаат қилганидан сўнг, Гўрўғлининг ўз ўғлига қарата айтган нутқига алоқадор. б) ҳамма учун тушунарли, оммавий тарзда кенг қўлланиладиган лисоний афоризмлар: Эр тилаган ерда азиз (М.а.:184); Йўли бўлган йигитнинг янгаси олдидан чиқади (М.а.:184) каби. Халқ дидактикаси ва достонларида учрайдиган бундай халқона паремиологик бирликларларнинг яратилишига, кенгроқ тарқалиши ва кўпроқ яшашига муайян омиллар сабаб бўлган. Фикримизча, бундай омиллар иккита: биринчиси – таълим-тарбия мавзуси, умуман, дидактик йўналиш ҳар доим инсон ҳаётининг туб моҳиятини ташкил этганлиги учун ҳам паремиологик бирликларлар тарихида ва ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди намуналари орасида энг етакчи ўринни эгаллайди. Иккинчиси - инсон бутун ҳаёти давомида доимо ўзига керакли нарсани мукаммал эгаллаб олиши, ўз шахсий фаолиятида ундан унумли ва самарали фойдаланишга ҳаракат қилганлиги учун ҳам паремиологик бирликларларда таълим-тарбиянинг инсон ҳаётида, жамиятнинг тарихий тараққиётида тутган ўрни алоҳида талқин қилинади. Ушбу фикр-мулоҳазалар биз тадқиқ этаёган достонлар тилида фаол қўлланилган халқона паремаларга ҳам бевосита тегишлидир. Download 374 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling