Мисол. Юқоридаги ҳолатнинг акси бўлсачи яъни ходимнинг асосий иш жойидаги таътили 30 календарь кун, ўриндошлик асосидаги ишида эса 36 календарь кун. Бу ҳолатда асосий иш жойи ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур эмас. Ушбу вазиятда агар ходим МК 242-моддасидаги ҳолатларга тушмаса, у ҳолда асосий иш жойидаги иш берувчи билан келишиб иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкин.
Ходим исталган вақтда иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкинми ёки 6 ой ўтиши керакми?
Ходим иш берувчи билан келишиб, исталган вақтда, ҳаттоки бугун ишга кириб эртадан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкин. Агар ходим 242-модда кўрсатилган тоифага кирса, иш берувчи ходимнинг талабига кўра, мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши керак.
МК 227-моддасидаги биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган 6 ой ўтганидан кейин юзага келади деган қоида ҳар йилги меҳнат таътилига тааллуқли.
Иш ҳақи сақланмаган таътил даврида ходим касал бўлиб қолса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланадими?
“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом 22-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик иш ҳақи сақланмаган таътил даврига тўғри келганда нафақа тўланмайди. Ушбу даврларда бошланиб, давом этаётган меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходим ишга чиқиши (лавозимга тикланиши) лозим бўлган кундан бошлаб берилади.
Мисол: Ходим 2023 йилнинг 1 майидан 10 кунга иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқди. Ишга чиқиш санаси 11 май эди, лекин касаллик давом этиб ходим 19 май санасидан ишга чиқди. Демак, бу ҳолатда 5-10 май кунлари учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайди, чунки касаллик даври иш ҳақи сақланмаган таътилга тўғри келмоқда. Бироқ 11-18 май даври учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади, чунки ходимнинг иш ҳақи сақланмаган таътил даври 10-май санасида тугаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |