Iv qism. Qishloq xo‘jalik korxonalarida buxgalteriya hisobining xususiyatlari


Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида тутган ўрнига кўра


Download 170.27 Kb.
bet14/67
Sana17.06.2023
Hajmi170.27 Kb.
#1543515
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   67
Bog'liq
4 қисм

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида тутган ўрнига кўра қишлоқ хўжалик корхоналарининг ишлаб чиқариш заҳиралари асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш заҳираларига бўлинади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида асосий ишлаб чиқариш заҳираларига деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларни этиштиришда ишлатиладиган уруғликлар, минерал ўғитлар, ем-хашак, дори-дармонлар ва шу каби бошқа материаллар киради. Ушбу ишлаб чиқариш заҳираларисиз деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини этиштириб бўлмайди.
Ёрдамчи ишлаб чиқариш заҳираларига деҳқончилик ва чорвачиликда ишлатиладиган турли хўжалик материаллари, эҳтиёт қисмлар, ёқилғи, мойлаш материаллари, идиш ва идишбоп материаллар, пленкалар, ўров материаллари ва шу кабилар киради.
Сақлаш усулига кўра қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлатиладиган ишлаб чиқариш заҳиралари очиқ ва ёпиқ усулларда сақланадиган материалларга бўлинади. Уруғликлар, минерал ўғитлар, дориланган дон, дори-дармонлар махсус жойларида ва мосламаларда сақланади. Ёнтоқ, каррак, сомон, беда ва шу каби ем-хашаклар очиқ жойларда, усти ёпиқ айвонларда, шунингдек омборларда сақланади.
Келиб тушиш манбаларига кўра қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлатиладиган ишлаб чиқариш заҳиралари уларнинг ўзлари томонидан этиштирилган ҳамда четдан сотиб олинган гуруҳларга ажратилади. Ёрдамчи ишлаб чиқариш бўлинмалари томонидан ўз мақсадларида ишлаб чиқилган кўк масса, маккапоя, сомон, арпа, буғдой, уруғликлар ўз ишлаб чиқаришидан олинган материаллар ҳисобланади. Таъминотчилардан, таъсисчилардан ва бошқа ташқи манбалар келиб тушган ишлаб чиқариш заҳиралари ўзи ишлаб чиқмаган материаллар ҳисобланади.
Ишлаб чиқилган мамлакатига кўра деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида қўлланиладиган ишлаб чиқариш заҳиралари маҳаллий ва хориждан келтирилган ишлаб чиқариш заҳираларига бўлинади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлатиладиган ҳар бир ишлаб чиқариш заҳирасини номи, нави, ҳосилдорлиги ва бошқа жиҳатлари бўйича таснифлаш ҳамда ҳисобга олиш зарурати ҳам мавжуд. Бу, чунончи, уруғлик ва ўғитларга бевосита тегишли. Олинадиган маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ушбу ишлаб чиқариш заҳираларининг аниқ навларига, сепилган минерал ўғитларнинг турига бевосита боғлиқдир. Масалан, ғаллачиликда ишлатиладиган уруғликнинг «Элита» нави бошқа навларга нисбатан ҳосилдорликни кўпроқ беради. Картошканинг айрим маҳаллий навлари 60-70 центнергача ҳосил берса, унинг голландия нави республикамизнинг иқлим шароитида гектарига 400 центнергача ҳосил бериши мумкин. Худди шундай чигитнинг турли навлари пахтани тез ёки кеч пишишига, шунингдек ҳар чаноқдан турлича миқдорда ҳосил олинишига олиб келади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқариш заҳираларига турли мақсадларда ишлатиладиган хўжалик инвентарлари ва анжомлари ҳам киради. Бундай ишлаб чиқариш заҳиралари бўлиб, чунончи деҳқончилик ва чорвачиликда кўп ишлатиладиган кетмон, курак, паншаха, тирнагичлар, халатлар, қўлқоплар, фартуклар, самавар, қозон, ўчоқ, коса ва товоқлар, бидонлар, флягалар, халталар, ип, арқон, тўл, брезент ва шу каби кўплаб бошқа турдаги хўжалик инвентарлари ва анжомлари ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқариш заҳираларининг муҳим турларидан бири – бу ўстиришдаги ва боқувдаги моллардир. Чорвачилик ишлаб чиқаришида ушбу ишлаб чиқариш заҳиралари, бир томондан ишлаб чиқариш натижаси, иккинчи томондан эса, бевосита унинг махсус йўналиши ҳисобланади. Шу боис ҳам қишлоқ хўжалик корхоналарида ўстиришдаги ва боқувдаги моллар ҳисобининг хусусиятларига дарсликнинг кейинги қисмларида алоҳида тўхталамиз.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида бухгалтерия ҳисобининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ишлаб чиқариш заҳиралари қийматини тўғри баҳолаш ҳисобланади. Республикамизнинг 4-сон БҲМС «Товар-моддий заҳиралар»га мувофиқ ишлаб чиқариш заҳираларининг ҳисоб баҳоси бўлиб уларнинг таннархи ҳисобланади. Ишлаб чиқариш заҳираларининг таннархи уларнинг келиб тушиш манбасига кўра турли элементлардан ташкил топади. Чунончи, сотиб олинган ишлаб чиқариш заҳираларининг таннархи ўз ичига уларнинг сотиб олиш баҳоларидаги қийматини ҳамда сотиб олишга доир барча қўшимча харажатлар (ташиб келтириш, божхона тўловлари, сертикатлаш, брокерларнинг хизмат ҳақлари ва бошқалар)ни олади. Сотиб олишда таъминотчиларга тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси ҳам қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқариш заҳиралари қийматига қўшилади. Чунки, улар этиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш бўйича қўшилган қиймат солиғини тўловчилари бўлиб ҳисобланмайдилар. Ўз ишлаб чиқаришидан олинган ишлаб чиқариш заҳираларининг таннархи уларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча моддий, меҳнат ва бошқа харажатлардан ташкил топади. Бунда ишлаб чиқариш заҳиралари бир бирлигининг ўртача таннархи калькуляция қилиш йўли билан топилади.
Таъсисчилардан, шунингдек бепул олинган ишлаб чиқариш заҳираларининг таннархи уларнинг шартномаларда кўрсатилган баҳолардаги қийматидан ташкил топади.
Турли манбалардан келиб тушган ишлаб чиқариш заҳиралари қишлоқ хўжалик корхоналарида, бошқа тармоқ корхоналаридагидек, ФИФО ёки АВЭКО усуллардан бири асосида ҳисобланган қиймати (таннархи) бўйича ҳисобдан чиқариб борилади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқариш заҳираларини таъминотчилардан сотиб олиниши, таъсисчилардан таъсис бадали сифатида кирим қилиниши, бошқа юридик ва жисмоний шахслардан бепул олиниши халқ хўжалигининг бошқа тармоқ корхоналаридагидек счёт-фактуралар, шунингдек уларга илова қилинадиган турли ҳужжатлар (ТТН, вагон спецификацияси, сифат сертификати, ўлчов-таҳлил қайдномалари, далолатномалар ва бошқалар) билан расмийлаштирилади.
Ишлаб чиқариш заҳираларини аҳолидан нақд пулга сотиб олиниши ҳисобдор шахсларнинг бўнак ҳисоботларига киритилган турли квитанциялар, далолатномалар, чеклар, бозорлар маъмуриятлари томонидан берилган маълумотномалар билан тасдиқланади.
Ишлаб чиқариш заҳираларини чиқими қуйидаги ҳужжатлар билан расмийлаштирилади:
- счёт-фактура – ишлаб чиқариш заҳираларининг турли бошқа корхоналарга ва ходимларга сотилишида;
- лимит – забор картаси, талабнома, накладной – ишлаб чиқариш заҳираларининг сарфланишида.
- минерал, органик ва бактериологик ўғитлар, захарли химикатлар ва гербицидларни хисобдан чиқариш далолатномаси – минерал ва бошқа ўғитлар, захарли химикатлар ва гербицидларнинг сарфланишида.
-товар-транспорт накладнойи – ўсимликчилик маҳсулотлари тайёрлов ташкилотига жунатиш (сотиш)да;
- накладной – ишлаб чиқариш заҳираларининг ички хўжалик эҳтиёжи учун фойдаланишда;
- ем-хашак сарфлаш қайдномаси – чорва молларини озуқлантириш учун ем-хашак сарфлаш вақтида;
- уруғлик ва экиш материалларини сарфлаш далолатномаси –уруғлик ва кўчат материалларини сарфлашда.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқариш заҳираларининг сақланишини таъминлаш учун омбор хўжалиги ташкил этилади. Омборлар умумий ва махсус омборларга бўлинади. Умумий омборларда корхона эхтиёжи учун зарур бўлган инвентарлар, қоп-қанорлар, идишлар ва бошқа материал бойликлар сақланади. Махсус омборлар маълум турдаги заҳираларни саклаш учун ташкил этилади, масалан, ёқилғи омбори, уғитлар омбори ва х.к.
Омбор хўжалигини ташкил этилиши, тегишли ускуналар билан жиҳозланиши учун корхона раҳбари масъул ҳисобланади. Омборда сақланадиган заҳиралар учун омбор мудири моддий-жавобгар шахс ҳисобланади. Омбор мудири омбор хўжалиги ҳисобини юритади. Бундай ҳисоб регистрлари бўлиб “Омбор ҳисоби дафтари” ёки “Омбор ҳисоби карточкаси” ҳисобланади. Ушбу ҳисоботлар ишлаб чиқариш заҳиралари кирими ва чиқимини акс эттирувчи ҳужжатлар асосида юритилади.



Download 170.27 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   67




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling