ЖаҲон тарихи


Download 0.5 Mb.
bet6/12
Sana28.12.2022
Hajmi0.5 Mb.
#1014969
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12
Bog'liq
529408-Jahon tarixi maruza matni. Xolliyev Aziz

ЕВРОПА ДАВЛАТЛАРИ


XIX асрнинг биринчи ярмида.
Наполеоннинг Ватерлоодаги мағлубияти Францияда Бурбонларнинг иккинчи тикланишига олиб келди. Тахтга Людовик XVIII кайтарилди.
Бурбонларнинг тикланиши мамлакатда сиёсий реакция билан олиб борилди. Бурбонлар билан мамлакатга қайтиб келган минглаб дворян - эмигрантлар инқилоб давридаги сиёсий арбобларни жазолашни ва ўзларининг феодал Ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклашни талаб қилардилар. Мамлакатда «оқ террор» кенг тарқалди. Маъмурий идоралар ва армияда тозалашлар ўтказилди. 70 минг киши қамоққа олинди.
Аммо шунга қарамасдан ўтмишга қайтишнинг иложи йўқ эди. Тикланиш ўзгача муносабатлар ўрнатилиши даврида юз берди.
«1814 йил Хартияси» деб ном олган конституция Францияда конституцион-монархик тартиботни ўрнатди. Конституция фуқаролар тенглигини, шахс даҲлсизлигини, матбуот эркинлигини, виждон эркинлигини (шу билан бирга католик дини давлат дини ролини ўйнарди) эълон қилди. Ижроя Ҳокимият тўлалигича қирол қўлида эди. Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси Ҳам қиролга тегишли эди.
Қирол Ҳокимияти икки палатали (юқори пэрлар палатаси ва қуйи депутатлар палатаси) Қонунчилик корпуси томонидан чекланган эди. Давлатда Ҳукмрон мавқеларни йирик ер эгалари эгалладилар.
Тикланиш тартиботи инқилоб ва Биринчи империя даврида амалга оширилган ер мулки ўзгаришларини, Наполеон кодексларини, бошқарув тизимини, дворянлик унвонларни сақлаб қолди. Эммигрант-дворянларга эса инқилоб мусодара қилган, лекин 1815 йилгача сотилмаган ерлар қайтариб берилди.
Иқтисодий соҳада Тикланиш тартиботи француз саноатига зарур бўлган протекционизм сиёсатини олиб борди. Лекин бу сиёсатдан кўпроқ манфаат ва фойдани савдо-саноатнинг кенг доирлари эмас, балки йирик ер эгалари олар эдилар. Хукумат савдо-сотиқнинг ташқи бозорларини кенгайтиришга кам ғамхўрлик қиларди.
20-йиллардан бошлаб давлат сиёсатига руҲонийлар ва дворянларнинг реакцион қисмининг таъсири кучайди. 1820 йилда тахт вориси Герцог Беррийскийнинг ўлдирилиши бу доирларнинг конституцияга Ҳужум қилишга баҲона бўлди. Мамлакатда цензура тикланди, маориф католик черкови назорати остига берилди. Лекин бу харакатлар эски тартибларни кайтирилишига олиб келмасди.
XIX асрнинг биринчи ўн йилликларида Францияда саноат тўнтарилишининг ривожланиши жадаллаша борди. Фабрика ишлаб чиқариши ўсди. Айниқса тўқимачилик саноатининг ютуқлари кўзга ташланарди. Францияда бўғ машиналарнинг сони кўп бўлмаса Ҳам, лекин ўсиб борди (1820 й.-65 машина бўлса, 1830 й.-620та). Умуман, саноатда Ҳали Ҳам мануфактуралар ва кичик устахоналар кўпчиликни ташкил этарди. Иқтисодиётда эса қишлоқ хўжалиги устиворлик қилар эди. Миллий даромаднинг деярли 60% қишлоқ хўжалигига тўғри келарди.
Ишлаб чиқаришнинг ўсиши халқ турмушининг ўсишига олиб келмади. XIX асрнинг бошларида Францияда социалистлар-утопистлар Анри де Сен-Симон ва Шарль Фурьеларнинг (1772-1837) ғояллари шаклланди.
Тикланиш тартиботининг сиёсати француз жамиятининг турли қатламларида катта норозиликка олиб келди. Парламент фракциялари атрофида тўпланган сиёсий оқимлар шаклланди.
Либерал муҲолифатнинг энг мўътадил қанотини фалсафа профессори ва адвокат Ройе-Коллар бошчилигидаги конституционалистлар-роялистлар («доктринерлар») ташкил этарди.
Янада радикалроқ қарашларга француз либерализмининг таниқли назариячиси Бенжамен Констан бошчилигидаги сўл либераллар эга эди. Мамлакатдаги ғоявий-сиёсий курашда тарих фанининг роли муҲим эди. Айниқса, XIX аср 20-чи йилларида шаклланган либерал тарихчилар мактабининг намоёндалари О.Тьерри, Ф.Гизо, Ф. Минье, А. Тьер-ларнинг ғоялари ва асарлари француз жамиятида катта обрўга эга эди.
20-йилларда Тикланиш тартиботига қарши қуролланган чиқишлар уринишлари Ҳам бўлган. 1821 йили Францияда карбонарийлар маҲфий жамияти вужудга келди. Жамиятнинг асосий мақсади Бурбонлар сулоласини инқилобий тўнтарилиш натижасида ағдариш эди. Жамиятга турли ижтимоий-сиёсий қатламлар намоёндалари кирар эдилар. Карбонарийларнинг кўпчилиги республика тарафдорлари бўлса Ҳам, айрим қисми Бурбонларни Орлеанлар сулоласи билан алмаштириш тарафдори эди. 1822 йили карбонарийлар Франциянинг айрим шаҲарлар ва Ҳарбий қалъаларида қўзғолонлар кўтаришга Ҳаракат қилиб кўрдилар. Лекин, фитналар фош этилди, чиқишлар бостирилди, карбонарийларнинг кўпчилиги қамоққа олинди ва қатл этилди.
1824 йили Людовик XVIII вафот этди. Тахтга унинг укаси, граф д’Артуа Карл X исми билан ўтирди. Эмигрантлар қироли номини олган Карл Х (1824-1830) очиқдан-очиқ дворянлар манфаатлари йўлида сиёсат олиб борди.
Эмигрант-дворянларга йўқотилган ерлар эвазига пул компенсациялари тўланди, дин ва черковга қарши Ҳаракатлар учун қаттиқ жазолар киритилди, Миллий гвардия тарқатиб юборилди ва Ҳукумат бошлиғи этиб қиролнинг шахсий дўсти, «оқ террор»нинг руҲлантирувчилардан бири Полиняьк тайинланди. Полиньяк Ҳукуматини истеъфога чиқишини талаб қилган депутатлар палатасининг йиғилишини қирол тўхтатди.
Жамоат норозилиги 1826 йил иқтисодий инқирози билан кучайди. Айниқса деҲқонларнинг ғалаёнлари жиддий тус олди. Республикачи Ҳаракат Ҳам ўсиб борди.
Бундай вазиятда Карл Х давлат тўнтарилиши ўтказишга қарор қилди. 1830 йил 25 июлда қирол «1814 йил Хартисига» қарши чиқувчи ордонансларга (фармонларга) имзо чекди. Депутатлар палатаси тарқатилди, сайлов Ҳуқуқи фақат йирик ер эгаларига берилди, матбуот эркинлиги йўқ қилинди. Тикланиш режими абсолютик тузумни тиклашга интилди.
26 июль 1830 йилда ордонанслар матбуотда эълон қилинди. Бунга қарши Париж аҲолиси қуролли қўзғолон билан жавоб берди. Қўзғолон кўтарган халқ олдида қирол қўшинлари кучсиз эди. Ҳукумат қўшинларининг бир қисми халқ томонига ўтди. 29 июлда Тюильри қирол саройи қўзғолончилар қўлига ўтди. Инқилоб ғолиб чиқди. Карл Х Англияга қочди.
Бурбонларни ағдаришга кучи етган демократик доирларнинг республика ўрнатишга кучи етмади.
Ҳокимият либерал депутатлар томонидан тузилган Муваққат Ҳукумат қўлига ўтди. Ҳукуматни банкир Лаффит ва генерал Лафайет бошқарди. Луи Филипп Орлеанский 7 августда Франция қироли деб эълон қилинди.
«1830 йил Хартияси» деб ном олган янги конституцияда қирол қонунларни бекор қилиш ёки тўхтатиш Ҳуқуқига эга эмасди, қонунчилик ташаббуси Ҳам қиролга тегмади. Лекин ижроя Ҳокимият унинг қўлида эди. Пэрлар палатаси Ҳам сайланадиган бўлди. Матбуот эркинлиги, йиғинлар эркинлиги эълон қилинди. Ёшга ва мулкка оид цензлар пасайтирилди.
Луи Филипп даврида банкирлар, биржа ва темир йўл «қироллари», қўмир конлари эгалари, темир конлари эгалари, металлургия заводлари эгалари каби доираларнинг мавқеи баланд эди. Айниқса молиячиларнинг таъсири кучли эди. Молия задагонлари давлат аппаратида юқори лавозимларни эгаллашарди, давлат субсидиялари, имтиёзлари ва кредитларидан фойдаланишарди. Бу Ҳолат эса бюджет камомати ва давлат қарзларининг ўсишга олиб келди.
Июль инқилобидан сўнг француз ташқи сиёсатининг йўналишлари ўзгарди.
Муқаддас Иттифок таъсир доирасидан чиқиб кетган Франциянинг Пруссия, Австрия ва Россия билан муносабатлари ёмонлашди. Англия билан яқинлашиш сиёсати узоққа чўзилмади. 40-йилларда мустамлакачилик сиёсати бўйича зиддиятлар яна кескинлашди.
30-40-йилларда Франция (Англиядан сўнг) Европанинг иқтисодий энг ривожланган мамлакати эди. Асосан аграр мамлакат бўлишига қарамасдан Францияда саноат ривожланиши ўз натижаларини берарди. Шу даврджа тезлашган саноат тўнтарилиши натижасида тўқимачилик, машинасозлик, металлургия каби саноатнинг асосий тармоқларида фабрика ишлаб чиқариш усули устиворлик қилар эди. Янги саноат тармоқлари, биринчи галда кимё саноати, ривож топди. Бўғда ишлайдиган машиналарининг қўлланиши транспортда инқилоб ясади.
Лекин барибир, саноат ривожланиши бўйича Франция Англиядан орқада эди. Франция темир қўрилиши қўлами ва суъратлар бўйича Ҳам Англия ва Пруссиядан орқада эди. Майда Ҳунармандчилик ишлаб чиқариш ва мануфактура ўзининг катта аҲамиятини сақлаб қолган эди. Бундай холатнинг асосий сабабларидан бири кредит муассасаларнинг кам ривожланганлиги, Июль монархиясининг «банкирлар подшолигига» айланганлиги.
Июль монархиясининг ички ва ташқи сиёсати мамлакатда турли муҲолиф сиёсий оқимларнинг кенг тарқалишига олиб келди. Бундай сиёсий кучлар қаторига легитимистлар, бонапартчилар, республикачилар, «сулолавий муҲолифат» тарафдорлари кирардилар. Француз ишчилари орасида социалистик ва коммунистик ғоялари тарқала бошлади. Ишчилар норозилигининг кучайишини 1831 ва 1834 йилларда бўлиб ўтган Лион ишчиларининг қўзғолонлари мисолида кўриш мумкин.
Француз маданиятининг бу даврдаги ривожланишида Ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлиб ўтди. 1833 йилда ўтказилган халқ маорифи ислоҲотлари натижасида бошланғич мактабларнинг ягона тизими яратилди, саводлик ўсди.
Адабиёт, рассомчилик, мусиқада романтизм йўналиши ривож топди. Романтизм йўналишида йирик ёзувчилар Ф.Р.де Шатобриан, Жермена де Сталь. Бенжамен Констан ва айниқса Виктор Гюго (1802-1805) ижод қилдилар.
XIX асрнинг 30-40 йиллари тараққий романтизм янги йўналиш-танқидий реализмга замин яратди. Танқидий реализм намоёндаларидан Стендаль (1783-1842), О.де Бальзак (1799-1850), П.Мириме-ларни айтиш мумкин.
Рассомчиликда 30-60-йилларда романтизм йўналиши ривож топишига Т.Руссо, Ш.Ф.Добиньи, К.Коро, Э.Делакруа катта хизмат қилдилар.
Мусиқа санъатида Г.Берлиоз, А.Адан каби композиторлар ва дирижерлар ижодлари Француз маданиятини бойитди.
XIX асрнинг ўрталарига келиб Англияда саноат тўнтарилиши якунланди. Техник ихтиролар ва турли машиналар инглиз саноатининг барча тармоқларида қўлланарди. Тўқимачилик ва ип-газлама саноати илғор саноатлардан эди. Лекин, 30-40-йилларда оғир саноати ва айниқса унинг юраги бўлмиш машинасозлик жадал ривожланарди. Англия бошқа давлатларга турли машиналарни экспорт қила бошлади.
Мамлакатда темир йўллар қурилиши Ҳам ривожланди. Паровоз 1814 йили Дж.Стивенсон томонидан ихтиро қилинди. Дунёдаги биринчи темир йўли Стоктон-Дарлингтон йўналиши бўйича 1825 йилда қуриб битказилди. 1849 йилга келиб мамлакатдаги темир йўллар узунлиги 9,5 минг км.ташкил этди.
Америкалик Р.Фултон томонидан пароход (бўғ кемалари) ихтиро қилиниши (1807 й.) каналлардан транспорт йўллари сифатида кенг фойдаланишга имконият яратди.
Қишлоқ хўжалигида Ҳам янги жиҲозлар, қуроллар ва агротехникадан фойдаланилди.
Ишлаб чиқаришдаги ютуқлар ташқи экспортнинг ўсишига олиб келди. Тўқимачилик моллари билан биргаликда оғир саноат маҲсулотининг экспорти ўсди. Иқтисодий ўсиш фан ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ эди.
Аср ўрталарига келиб Англия аҲолиси 21 млн.кишини ташкил этарди. АҲолининг 43% саноат аҲолиси ташкил қиларди.
Саноат доираларнинг кучайиб боришига қарамасдан давлат Ҳокимиятида ер эгаликларга эга бўлган зодагонлар (аристократия) Ҳукмронлик қилар эдилар. Бу икки кучнинг манфаатлари тўқнашиб келарди.
Тори Ҳокимият тепасида 1830-йилгача қолди. Роберт Ливерпул (1812-1827) Ҳукумати Питтнинг полициячи сиёсатини давом эттирарди. Ташқи сиёсатда Роберт Каслри Муқаддас Иттифоқ йўлидан борарди.
1815 йил аграр инқирози, кейинчалик 1816 ва 1819 йиллардаги иқтисодий инқирозлар инглиз жамиятини ларзага келтирди. Халқ норозилиги кучайди. Бу вазиятда демократик Ҳаракатлар янги куч билан фаолият олиб бордилар. Сўл радикал демократларга Генри Хант, Уильям Коббетлар бошчилик қилса, ўнг мўътадил радикалларнинг раҲбарлари Ф.Берлетт, Дж.Картрайт-лар эди.
Халқ Ҳаракати айниқса 1819 йили юксакларга чиқди. Кураш маркази аста-секинлик билан Лондондан Манчестерга кўчарди. Ҳукуматга қарши Ҳаракатга вигилар Ҳам қўшилдилар.
Ҳукумат томонидан ўтказилган репрессиялар, иқтисодий инқирознинг сўниб бориши норозилик Ҳаракатларнинг пасайишига олиб келди.
Савдо-саноат ва молия доираларнинг сиёсий қудратининг ўсиши, виги партиясининг жадал фаолияти, қолаверса тори партияси ичида «либерал» аъзоларнинг пайдо бўлиши (Дж.Каннинг, Пиль, Пальмерстон) мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўзгартирди. ИслоҲотлар ўтказиш талаблари қатъийлик билан қўйилар эди.
1825, 1827 йиллардаги иқтисодий инқирозлар ва 1832 йилгача давом этган депрессия аҲолининг турмуш даражасини жуда пасайтирди. Бу халқ норозилигининг яна кўтарилишига олиб келди. Ишчилар стачкалар ўтказишган бўлса, қишлоқларда «суинг» Ҳаракати тарқалди.
Савдо-саноат доиралари фритред (эркин савдо) шиори остида протекционизм ва «нон қонунларига» қарши чиқар эдилар.
1830 йили Георг IV (1820-1830) ўлими сабабли ўтказилган фавқулодда сайловларда вигилар ғолиб чиқишди. Чарлз Грей Ҳукумати сайлов тизими ислоҲоти қонун лойиҲасини ишлаб чиқди. Бу лойиҲа 15 ойлик сиёсий курашдан сўнг парламентдан ўтди. 1832 йили сайлов ислоҲоти қўлга киритилди.
ИслоҲотларнинг моҲияти «чўнтак», «чириган» сайлов округларнинг кўпчилигини йўқотиш эди. Бўшаб қолган парламентдаги 143 жой саноат шаҲарларга, зиж аҲолисига эга қишлоқ худудларга, Шотландия ва Ирландияга берилди. Сайлов тизимида мулкий ценз сақланса Ҳам сайловчиларнинг сони икки баробар ортди. 1832 йил ислоҲоти парламент тизимининг ижтимоий базасини кенгайтирди.
ИслоҲ этилган парламент 1834 йили камбағаллар фойдасига тўланадиган солиқни бекор қилди. Бундан ташқари, иш кунини қисқартириш тўғрисидаги қонунни рад этди. Бундай Ҳаракатлар ишчиларнинг норозилигини кучайтирди. 1824 йили қонун йўли билан руҲсат этилган тред-юнионларнинг сони ортиб борди ва улар мамлакат миқёсида бирлашишга уриндилар. 1834 йили Роберт Оуэн (1771-1858) кўмагида ишлаб чиқаришларнинг Буюк иттифоқи тузилди.
Ҳукуматнинг ишчилар манфаатларига қарши олиб борган сиёсати ишчиларни иқтисодий кураш доиралардан чиқишга мажбур этди.
1836 йили Уильям Ловетт ва Генри Гетерингтон бошчилигида ишчиларнинг Лондон ассоциацияси тузилди. Ишчилар янги сайлов ислоҲоти учун курашишга қарор қилдилар. 1838 йили Ассоциация ўз дастурини-«Халқ хартия» сини эълон қилди (charter-хартия). Бу дастурга асосий олтита талаб киритилди: умумий сайлов Ҳуқуқи (21 ёшдан ошган эркаклар учун), сайлов округларнинг тенглиги, ёпиқ овоз бериш, парламентнинг Ҳар йили қайта сайланиши, депутатликка номзодлар учун мулкий цензни бекор қилиш, депутатларга маош тўлаш. 30-йилларнинг охири - 50- йилларда кенг тарқалган ишчиларнинг чартизм Ҳаракати ижтимоий таркиби жиҲатдан бир Ҳил эмасди. Чартизм Ҳаракатида етакчилик қилганлардан Фергюс О.Коннор, Джеймс О.Брайен, Джулиан Гарниларни тилга олса бўлади. Чартистлар Ҳаракати ўзининг ривожланиши даврида бир неча бор юксалишларни бошидан кечирди. 1839, 1842, 1847 йиллари чартизмнинг энг кўтарилган даврлари бўлди.
Ҳукуматнинг чартистларга қарши олиб борган репрессиялари натижасида чартистлар мағлубиятга учрадилар.
30-40-йилларда Англияда виги ва тори Ҳукуматлари алмашиб Ҳукмронлик қилар эдилар. 1830 йили вигилар ғолиб чиққан бўлса 1834-1835 ва 1841-1846 йилларда торилар Ҳукуматни бошқардилар. 1832 йил парламент ислоҲотларидан сўнг тори партиясини консерватив партия деб ата бошлашди. Консерватив партия етакчиси Роберт Пиль партия ичида сўл мўътадил қанотни бошқарар эди. Бу қанот савдо-саноат доираларга иқтисодий ёнбериш тарафдори эди. 1832 йили Пиль кабинети тариф ислоҲоти ўтказиб, бир қатор маҲсулотларнинг импорт тўловларини камайтирди. 1846 йили эса «нон қонунлари» бекор қилингандан сўнг Пиль ва унинг тарафдорлари протекционист-торилар томонидан жиддий муҲолифатга учраб, партиядан чиқиб кетдилар.
Уларнинг кетиши вигилар мавқеини кучайтирди. Вигилар ўша пайтда либерал партия деб тез-тез номлана бошланди. Вигилар етакчиси-Джон Рассел, 1846 йили Ҳокимият тепасига келиб, Пильнинг фритредчиликга ёнбосиш сиёсатини давом эттирди. 1849 йили навигацион актларнинг бекор қилиниши протекционизм устидан қозонилган яна бир ғалаба эди.
Ташқи сиёсатини Англиянинг вигилар Ҳукуматларидаги ташқи ишлар вазири Генри Пальмерстон (1830-1854 йй. танафуслар билан) бошқарарди. Англия Европада 1848-1849 йй. Инқилобларини бостирилишини қўллаб қувватлади. «Кучлар тенглиги» ва «эркин қўллар» тамойилларга таянган Ҳолда Англия ташқи сиёсатда Ҳарбий куч, жумладан қудратли флотни ишлатишга тайёр эди. Йирик давлатлардан Англиянинг Франция ва Россия билан муносабатлари кескин эди.
Инглиз Ҳукуматнинг мустамлакачилик сиёсати турли қитъаларда доимий экспансия билан ифодаланарди.
Англиянинг XIX асрнинг биринчи ярмидаги ғоявий-маданий ривожланишида иқтисодий ғояларнинг ўрни ўта муҲим эди. Шу жумладан, Адам Смит ғояларнинг давомчиси Давид Рикардонинг (1772-1823) сиёсий иқтисод бўйича олиб борган ишларини таъқидлаш мумкин.
Маданият тараққиётида бу давр инглиз адабиётининг гуллаган давридир.
Джордж Байрон (1788-1824), Перси Шелли (1729-1822), Вальтер Скотт (1771-1832), Чарльз Диккенс (1812-1870) ўзининг энг машҲур асрларини яратдилар.
XIX асрнинг биринчи ярмида Габсбурглар империяси абсолютик тизими ва феодал муносабатларини сақлаб қолган давлат эди. Мамлакатнинг иқтисодиётида аграр соҳа устунлик қилар эди. Чехия ва Моравияда йирик помеҲик ер эгаликлари устунлик қиларди ва хўжалик экстенсив йўли билан ривожланарди. Далмация, Галиция ва Буковинада деҲқонлар хўжаликларининг майдаланиши ва унумдорликнинг қисқариши кўзга ташланарди.
Ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва интенсификациялаш австрия-немис провинцияларда олдинроқ пайдо бўла бошлади. ДеҲқонлар хўжалигининг устуворлиги, помеҲик ер эгаликларнинг заифлиги, деҲқонларнинг шахсий қарамлигининг бекор қилинганлиги империянинг бошқа Ҳудудларига нисбатан бу ерларда капиталистик муносабатлар учун қулай шароитлар яратди.
XIX аср бошларида саноат тўнтарилиши учун мамлакатда иқтисодий, ижтимоий ва техникавий заминлар йўқ эди. Саноатга ва транспортга буғ двигателларини киритиш 30-40-йиллардан бошланди.
ЖаҲон савдо-иқтисодий муносабатларга Қуйи Австрия ва Чехия ерлари қўшилдилар. Саноат фаолиятининг ўрта асрлик шакллари, ушбу жойларда тезроқ бузила бошлади.
Саноат тўнтарилишининг биринчи босқичи икки хусусият билан ажралиб турар эди. Биринчидан, бу жараён турли провинцияларда бир Ҳил бормас эди.
Иккинчидан, тўқимачилик саноати устиворлик қилар эди ва саноат маҲсулотининг ярмиси шу тармоққа тегишли эди.
Биринчи темир йўли 1828 йилда қурилди. Темир йўллар биринчи галда Венадан Чехияга қурилар эди. Дастлабки локомотивлар Англиядан сотиб олинган бўлса, 40- йилларда маҲаллий саноат паравоз ва вагонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Венгрия иқтисодиёти Австрия, Чехия ва Шимолий италия ерларига нисбатан қўлайсизроқ шароитларда ривожланди. Феодал ва табақавий муносабатларнинг кучлилиги, дворянликнинг иқтисодий қудрати ва сиёсий таъсири мамлакат қолоқлигининг асосий сабаблари эди.
Бундан ташқари, Вена венгер иқтисодиётига нисбатан дискриминацион бож-тариф сиёсатини олиб борар эди. Венгриянинг ташқи савдо алоқалари чекланарди. Бундай сиёсатни олиб боришдан мақсад Венгрияни Австриянинг аграр-хомашё базасига айлантириш ва Австрия саноат маҲсулотларининг бозорига айлантириш эди.
Шунга қарамасдан, 30-40-йилларда Венгрияда Ҳам иқтисодий ўсиш кўзга ташланди. Мамлакатда бўг машиналари билан жиҲозланган йирик корхоналар пайдо бўлди. 1846 йилдан бошлаб дастлабки темир йўллари қурила бошланди.
Венгрия иқтисодиётининг асосий тармоғи -қишлоқ Ҳўжалигида Ҳам таррақиёт юз берди. Агротехника ва деҲқончилик қуролларининг яхшиланиши хосилдорликнинг ўсишига олиб келди. ПомеҲик ва деҲқонлар хўжалигининг унимдорлиги ўсди.
Савдо-иқтисодий муносабатларнинг жонланиши ва ички бозорнинг кенгайиши натижасида 40-чи йилларда биринчи кредит ташкилотлар: жамғарма кассалар ва банклар пайдо бўлди. Лекин бу ташкилотлар иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондира ололмасди.
Вена конгрессидан сўнг Австрия империясининг халқаро мавқеи жуда мустаҲкам эди. Буюк давлат мақомини ўзига қайтарган бу мамлакат 1859 йилгача Ҳеч қандай ташқи урушлар олиб бормади. Австрия Европанинг бошқа монархиялар билан иттифоқда Ҳар қандай озодлик Ҳаракатига қарши чиқарди. Австрия герман давлатларида ва Италияда сиёсий тарқоқлик, феодал-абсолютик тартибларнинг сақланиши тарафдори эди.
Ички сиёсатда мамлакатда қаттиқ цензура киритилган эди. Ҳар қандай либерал демократик ғоялар таъқиб остига олинарди. Конституция киритилиши тўғрисида хатто гап юритиб бўлмасди.
1830-1831 йиллардаги Франциядаги инқилоб, Бельгиядаги инқилоб ва поляк қўзғолони мамлакатда норозилик кайфиятларини кучайтирди. Ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар зарурлиги яққол намоён бўлди. Бундан ташқари империяда миллий масала Ҳам жуда кескинлашди. Айниқса Венгрия қироллиги ва Трансильванияда ғалаёнлар кучайди.
40-йилларда Вена хорват, чех, серб ва қисман словак миллий Ҳаракатларга айрим эркинликлар беришга мажбур бўлди. Жумладан либерал-миллий рўзномаларнинг чоп этилиши руҲсат этилди. Маданий- маърифий фаолиятга айрим кўмак берилди.
Немис миллий масаласининг Ҳал этилмаганлиги ва Австриянинг Герман иттифоқига кирганлиги австриялик немислари миллий онгининг шаклланишига тўсқинлик қилар эди. Лекин шунга қарамасдан, 30-йиллардан бошлаб либерал доираларда австриялик немисларнинг бошқа немислар билан тилдан бошқа умумийлик йўқлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.
Бундан ташқари, немисларнинг аҲволи шундай Ҳусусиятга эга эдики-улар империянинг этник таркибида камчиликни ташкил этардилар. Жумладан империя аҲолиси таркиби қуйидагича эди: немислар-7917 минг киши, мадъярлар-5419 минг, итальянлар-5042 минг, руминлар-2640 минг, чехлар-4053 минг, словаклар-1722 минг, поляклар 2183 минг, украинлар-2622 минг, хорватлар ва серблар-2619 минг, словенлар-1081 минг киши.
Мамлакатда 15 млн. славянларнинг истиқомат қилиши Габсбургларда панславинизм олдидаги тошвишини кучайтирарди. Лекин барибир, асосий хавфни Вена саройи Венгрия озодлик Ҳарактидан кутарди.
Вена конгресси герман давлатларининг тарқоқлигини сақлаб қолди. Ғолиб мамлакатлар томонидан ташкил этилган Герман Иттифоқига 37 монархия ва 4 эркин шаҲар -Гамбург, Бремен, Любек ва Франкфурт-Майн кирди. Англия, Россия ва Франция манфаатларига ягона Германиянинг пайдо бўлиши кирмасди.
Австрия ва Пруссия Герман Иттифоқига Муқаддас Рим империяси таркибида бўлган Ҳудудлари билан кирдилар.
Пруссия территорияси икки алоҲида жойлашган қисмлардан иборат эди. Шарқий қисм олтита эски прус провинциялардан иборат эди. Ғарбий қисм Рейн ва Вестфалия провинцияларидан ташкил топган эди. Ғарбий провинциялар шарқийларга нисбатан иқтисодий жиҲатдан анчагина ривожланганроқ эдилар. Ғарбда капиталистик муносабатлар ривожланаётган бўлса, шарқда юнкерлик ва йирик помеҲик ер эгаликлари Ҳукмронлик қиларди.
Ғарбий ва Шарқий қисмлар ўртасидаги тафовут тартибсиз бож тизими билан янада кучайтирилган эди. Шарқий қисмнинг ўзида 67 турли бож тарифлари мавжуд эди.
1818 йили рейнликлар қиролга бутун Германия бўйлаб ягона бож иттифоқи тузиш тўғрисида илтимоснома киритишди. Пруссиянинг кучайишидан қўрққан Австрия бунга қаршилик қилди. Натижада ягона бож тарифи фақат Пруссия Ҳудудида киритилди.
Герман давлатларининг кўпчилигида абсолютик тартиблар Ҳукмронлик қилар эди. Фақатгина Бавария, Баден, Вюртемберг ва Гессен-Дармштадта деҲқонларнинг шахсий қарамлиги бекор қилинганлиги яна бир бор тасдиқланди ва мўътадил конституциялар киритилди.
XIX асрнинг биринчи ярмида Германия аграр мамлакат эди. 35 млн. аҲолининг тўртадан уч қисми қишлоқларда истиқомат қиларди. ДеҲқонларнинг шахсий қарамлиги бўлмаса Ҳам, улар турли тўловлар, мажбуриятлар ва қарзлар билан боғлаб қўйилган эди.
Пруссияда деҲқонларни талаш юнкерларга ўз хўжалигини ёлланма ишчи кучидан фойдаланган хўжаликни юритиш имконини яратди. Йирик ер эгаликларида техник янгиланиш ва агротехникани яхшилаш бўлиб ўтарди.
Германиянинг ғарбида, айниқса Рейнда, деҲқонларнинг табақаланиши жараёнлари бўлиб ўтарди.
Немис саноати XIX асрнинг биринчи ўн йилликларида асосан мануфактуралар ва Ҳунармандчилик устахоналардан иборат эди. Фабрикаларга ўтиш айрим соҳаларда Саксония, Рейн-Вестфалия ва Силезиялда кўзга ташланишни бошлади.
Германиянинг тарқоқлиги ягона ички бозор шаклланишига тўсқинлик қиларди. Хорижий молларнинг (айниқса инглиз молларининг) мамлакатга оқиб келиши немис саноат молларининг сотилишини пасайтирар эди. Умумий протекционистик бож тизими зарур эди.
XIX асрнинг 30-йилларида Пруссия ташаббуси билан Бож иттифоқи тузилди.
Бу иттифоққа 20 герман давлати кирди. Давлат тарқоқлиги сақланган Ҳолда мамлакатнинг хўжалик бирлиги шакллана бошлади. Пруссиянинг сиёсий мавқеи кучайди. Норози Австрия Бож иттифоқини сепарат савдо шартномалар тузиш орқали бузишга интилар эди. Арзон инглиз молларини харид қиладиган прус юнкерлари Ҳам Бож иттифоқига қарши эди.
XIX асрнинг 30-йилларнинг бошларидан Германияда саноат тўнтарилиши кенг тарқала бошлади. Бунга эркин ишчи кучининг пайдо бўлиши, йирик молияларнинг жамғарилиши, шаҲар аҲолисининг ўсиши, техник тараққиёт ва транспортнинг риожланиши каби омиллар катта таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, оғир саноатнинг ривожланиши мамлакат иқтисодиётида катта аҲамиятга эга эди.
Ички савдонинг ривожланиши билан бир пайтда ташқи савдо кўплаб тўсқинларга учрарди. Савдо флотининг заифлиги ва тарқоқ мамлакатнинг ўз манфаатларини жаҲон бозорларида Ҳимоя қила олмаслиги шундай тўсқинлардан бири эди.
XIX асрнинг биринчи ярмида Германияда муҲолиф Ҳаракатлар кучайди. Бу Ҳаракатларда аҲолининг турли қатламлари фаол қатнашдилар. Феодал реакциянинг кучайишига нисбатан немис талабалари айниқса жадал қарши чиқардилар. Талабалар Ҳаракатининг марказлари Йен ва Гиссен шаҲарлари эди.
XIX асрнинг 30-йилларида турли герман давлатларида оммавий ғалаёнлар бўлиб ўтди. Натижада, Саксония ва Ганноверда конституцион тартиблар киритилди. Брауншвейг ва Гиссен-Касселда реакцион монархлар тахтдан воз кечишди, ва бу ерларда Ҳам конституциялар киритилди. Бавария, Баден ва Вюртембергда матбуот эркинлигига эришилди.
Мамлакатда сиёсий қарашлардан либерализм ва республикачи-демократик ғоялар тарқала бошланди. Бундан ташқари, немис ишчиларининг норозилик Ҳаракатлари кучайиб борди.
40-йилларнинг ўрталарида Германиядаги вазият кескинлашди. МуҲолиф Ҳаракатлар айниқса Пруссияда кучайди. 1845 йили деярли барча процинвиал ландтаглар конституция киритилишига хоҲиш билдирдилар. Либералларга бу даврда рейнлик банкир Л.Кампгаузен ва ахенлик фабрикант Д.Ганземан бошчилик қилар эдилар.
Радикал-демократик доиралар очиқдан-очиқ инқилобий Ҳаракатларга ва ягона демократик республика тузишга чақирар эдилар.
1847 йилда иқтисодий инқироз мамлакатдаги вазиятни янада ёмонлаштирди. Халқ норозиликлари тўхтамас, давлат Ҳазинаси эса бўш эди. Мамлакатда инқилоб юз бериши муқаррар эди.
XIX биринчи ярмида Герман давлатларида маданиятнинг ривожланиши катта аҲамиятга эга эди. Сиёсий эркинликлар йўқ пайтда айниқса фалсафа ва адабиёт ижтимоий аҲамиятга эга бўлди. Фридрих Шеллинг (1775-1854), Георг Вильгельм Фридрих Гегель (1770-1831), Людовиг Фейрбах (1804-1872), Генрих Гейне (1797-1856) фаолиятлари ва ижодлари ўша даврнинг ёрқин намуналаридир.
Герман жамоатчилигида мусиқанинг таъсири Ҳам жуда кучли эди. Роберт Шуман (1810-1856), Людвик ван Бетховен (1770-1827) жаҲон мусиқий маданиятига улкан Ҳисса қўшишди.



Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling