158-модда. Тинтув ўтказиш учун асослар
Суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида ёки ўзга жойда ёхуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир.
Тинтув қидирилаётган шахсни, шунингдек, мурдани топиш учун ҳам ўтказилиши мумкин.
1. Тинтув – турар-жойларда ёки бошқа жой ёхуд хизмат, ишлаб чиқариш биноларида жиноят ишига алоқадор бўлган, иш учун аҳамиятли нарса ва ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун асослар етарли бўлганида ва бу ҳақда бирор маълумотларга эга бўлинганида, уларни излаш, топиш ва ишга қўшиш учун амалга ошириладиган ҳаракат ҳисобланади.
2. Тинтув ўтказиш олиб борилаётган жиноят иши учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни, шу жумладан жиноят изларини, жиноят қуролларини, жиноий ҳатти-ҳаракат натижасида юз берган ўзгаришларни процессуал тартибда қайд қилиш учун ҳам ўтказилади.
3. Тинтув натижасида сақлашлик ёки олиб юришлик қонун билан тақиқланган буюмлар, масалан, ўқ отар қурол, ўқ дорилар, портловчи, наркотик ёки заҳарли моддалар ва ҳоказолар топилиши мумкин.
Қонун бўйича тинтув шахсга хизмат ёки бошқача тарзда қонуний алоқаси бўлмаган ёки унинг ҳуқуқи бўлмаган, шу жумладан,давлат ёки ҳарбий сири деб ҳисобланган ҳужжатлар ва ҳоказоларни, қидирилаётган шахсларни ва мурдаларни топиш мақсадида ҳам амалга оширилади.
4. Тинтув жиноят иши қўзғатилганидан кейин амалга ошириладиган ва амалдаги қонун бўйича прокурорнинг махсус рухсати орқали амалга ошириладиган тергов ҳаракатлари жумласига киради. Суриштирувчи, терговчи чиқарган қарор албатта прокурор томонидан тасдиқланиши керак.
5. Тинтув процессуал тартибда, тинтув ўтказилаётган шахснинг ихтиёридан қатъи назар, мажбурий ўтказиладиган ҳаракат ҳисобланади.
У мажбурий равишда тинтув ўтказилаётган шахснинг уй-жойи, ишлаш хонаси ёхуд бошқа ишлаб чиқариш ҳамда бошқа биноларига кирилиши мунособати билан фуқароларнинг шахсий эркинлиги, уй-жойининг дахлсизлигига оид ҳуқуқларига таъсир этиши билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |