289-модда. Жабрланувчи ва бошқа шахсларнинг мол-мулкини
реквизиция қилиш ва мусодара этиш
Хусусий эгаликда бўлиши ман қилинган мол-мулк иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган бўлса, мулкдор тўғри ёки ғайриҳуқуқий равишда қўлга киритганига қараб, у реквизиция қилинади ёки мусодара этилади, яъни мол-мулк ҳақини тўлаш ёки тўламаслик шарти билан суд томонидан бундай мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган тегишли давлат органига ёки юридик шахсга берилади.
1. Агарда иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулк хусусий эгаликда бўлиши ман қилинган бўлса ва мулкдор уни асосли равишда қўлга киритган бўлса, у реквизиция қилинади, яъни мол-мулк қиймати тўланиб мажбурий равишда давлат ихтиёрига олинади.
2. Агарда иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулк ғайриҳуқуқий равишда қўлга киритилган бўлса, қиймати тўланмасдан давлат ихтиёрига мусодара этилади.
3.Мол-мулк қийматини тўлаш ёки тўламаслик шарти билан бундай мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган тегишли давлат органига ёки юридик шахсга суд томониданберилади.
35-БОБ. ҲУКМНИНГ МУЛКИЙ УНДИРИШЛАР
ТЎҒРИСИДАГИ ҚИСМИ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ
290-модда. Мол-мулкни хатлаш
Ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт. (ЎзР 29.08.2001 й. 254-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди.
Турар жойлар ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, мулк шаклидан қатъи назар, давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик жиноятлари содир этиш учун фойдаланилган ёхуд бу жиноятлар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик ёки бошқа оғир, ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда - бу жойлар хатланади. (ЎзР 15.04.1999 й. 772-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Хатлаш мулкдорга ёки мол-мулкнинг эгасига мол-мулкни тасарруф қилиш, зарур ҳолларда эса, ундан фойдаланиш ман этилганлигини эълон қилишдан ёхуд мол-мулкни тортиб олишдан ва уни сақлаб туриш учун бошқа шахсларга топширишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |