284-модда. Жиноят нарсаларини давлат эгалигига ўтказиш
Жиноят нарсаси бўлган мол-мулк, башарти аввалги эгасига қайтариб берилиши лозим бўлмаса, суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади. Бу мол-мулк топилмаган бўлса, суд ҳукми билан, жиноят иши тугатилган бўлса, суднинг фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида чиқарган ҳал қилув қарорига кўра унинг қиймати давлат фойдасига ундирилади.
1. Жиноят натижасида етказилган зиённи қоплаш учун жиноят нарсаларини давлат эгалигига ўтказиш суд ҳукми асосида амалга оширилади. Жиноят предмети, хусусан, жиноят содир этиш қуроллари ва жиноят орқали эришилган мол-мулк эгасига қайтарилиши, агарда бу мумкин бўлмаса давлат эгалигига ўтказилиши лозим.
2. Жиноят нарсаси бўлган мол-мулк башарти топилмаган, жиноят иши эса суд ҳукми билан тугатилган бўлса, ушбу мол-мулкнинг қиймати давлат фойдасига ундирилади.
285-модда. Жиноий йўл билан орттирилган мол-мулкнинг бунданбуён кимга тегишли бўлишини белгилаш
Айбланувчи томонидан жиноий йўл билан орттирилган пуллар, буюмлар ва бошқа бойликлар суд ҳукми билан етказилган мулкий зиённи қоплаш учун сарфланади, зиённи қоплашдан ортган сумма эса, давлат фойдасига ўтказилади.
Жиноят нарсаси бўлмиш мол-мулк учинчи шахсларда топилиб, улардан тортиб олинган ва тегишлигига қараб, қайтарилган бўлса, судланувчи томонидан ушбу мол-мулкни сотиш йўли билан орттирилган пуллар, буюмлар ва бошқа бойликлар суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади. Мол-мулкни ҳалол йўл билан топган пулига сотиб олган шахсга бу мол-мулк эгасига қайтарилиши натижасида етказилган зиённи ундириш ҳақида маҳкумга нисбатан фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқи тушунтирилади.
1. Жиноий йўл билан орттирилган мол-мулк пулдан, буюмлар ва бошқа бойликлардан иборат бўлиши мумкин.
2. Шарҳланаётган моддада жиноий йўл билан орттирилган мол-мулк суднинг ҳукмига биноан биринчи галда жиноят натижасида етказилган мулкий ва маънавий зарарни ундиришга қаратилиши ва ундан ортиб қолгани эса давлат фойдасига ўтказилиши зарурлиги белгиланган.
3. Жиноят нарсаси бўлмиш мол-мулк учинчи шахс томонидан арзон нархда сотиб олинган бўлиб, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси жараёнида бу шахсдан қайтариб олинганда, ушбу мол-мулкни сотиш йўли билан орттирилган пул, буюмлар ва бошқа бойликлар суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади.
4. Жиноят нарсаси бўлган мол-мулкни ҳалол йўл билан сотиб олган шахс, уни эгасига қайтарилиши натижасида ўзига етказилган зиённи ундириш ҳақида маҳкумга нисбатан фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга. Унга бу ҳуқуқ тушунтирилиши керак (ЖПКнинг 64-моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |