281-модда. Зиённи ундириш асослари, шарт-шароити , ҳажмива усули тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланилиши. Даъвомуддати
Фуқаровий даъво бўйича иш юритишда зиённи ундириш асослари, шарт-шароити, ҳажми ва усули фуқаровий, меҳнат ва бошқа соҳа қонун ҳужжатлари қоидаларига мувофиқ аниқланади.
Бошқа соҳа қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати жиноят процессидаги фуқаровий даъвога нисбатан қўлланилмайди.
1. Жиноят оқибатида моддий зарар етказилган ҳар бир иш юзасидан ҳукм чиқаришда суд фуқаровий даъвони ҳал этиши, моддий зарарни ундириш ҳақидаги масалани ўз ташаббусига кўра муҳокама қилиши лозим. Суд муҳокамасида даъво ҳажмини аниқлаш имконияти бўлмаган ва зарар миқдори жиноятнинг тавсифига, судланувчига тайинланадиган жазо миқдорига ҳамда ҳукм чиқаришга таъсири бўлмаган ҳолларда суд, фуқаровий даъвогарнинг фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво аризаси бериш ҳуқуқини эътироф этиши мумкин.
2.Фуқаровий даъво бўйича иш юритишда зиённи ундиришнинг моддий-ҳуқуқий асослари, яъни жиноят натижасида келтирилган зарар, қилмиш ва юз берган зарарнинг ўзаро сабабий боғланиши мавжудлиги, жиноятни содир этган шахснинг қилган ҳаракатларига нисбатан субъектив муносабати ушбу ҳолатларни тегишли далиллар билан тасдиқланиши лозим.
3. Зиённинг ҳажми, ундириш усули, меҳнат ва бошқа соҳа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади. Жумладан, зиённинг ҳажми ва қиймати суд муҳокамаси пайтида бўлган бозор нарх-навосига мос ўлчамда белгиланади.
4. Фуқаровий даъвогар бир неча кишининг жиноий қилмишлари оқибатида ўзига етказилган зарарнинг қопланишини уларнинг барчасидан ёки ҳар биридан, ҳиссали тартибда ёки тўла қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда зиённи қоплаган шахс бошқа фуқаровий жавобгарлардан ўзидан ундириб олинган зиён миқдорининг маълум бир қисмини талаб қилиб олишга ҳақли.
5. Бошқа соҳа қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати жиноят процессидаги фуқаровий даъвога нисбатан қўлланилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |